Аҳмад ас-Сирҳиндий (Имом Раббоний)

Lotin alifbosida

 (ҳ.971-1034 / м.1564-1624)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аҳмад ибн Абдулаҳад ибн Зайн ал-обидийн ас-Сирҳиндий ал-Форуқий ан-Нақшбандий 971 йил 14 шаввол (1564 йил 26 май)да Сирҳинд шаҳрида таваллуд топган. Туғилган йилини “Хошиъ” (Қўрқувчи) сўзининг абжад ҳисобидан чиқарганлар. Хайриддин аз-Зириклий (1893-1976)нинг фикрича, у Деҳли ва Лоҳур шаҳарлари оралиғида жойлашган Сиҳринд (Шерлар ўрмони) деб номланган шаҳардандир. У чаҳорёрлардан бири Умар ибн ал-Хаттоб ал-Форуқ (585-644) авлодидан бўлгани учун ал-Форуқий нисбасини ҳам олган.

Ёшлигида бошланғич таълимни отаси Абдулаҳад ал-Форуқий (1521-1599)дан олган. Қуръонни ёд олган, бир қанча матн китобларини ҳифз қилган. Ўз юртининг таниқли уламоларидан, сўнг ҳажга борганида Маккалик олимлар олдида тафсир, ҳадис, усул китобларидан ўқиб, ижозатномалар қўлга киритади. Хуллас, 17 яшарлигида жами дарслик китобларини ўқиб тугатган эди.

Аҳмад ас-Сирҳиндий таҳсил жараёнида чиштийа ва қодирийа тариқатларидан ҳам ижоза олиб улгуради. Отаси ҳаётлигидаёқ талабаларга диний фанлардан сабоқ беради, тариқатдан ҳам муридлар тарбиялайди. У “Рисолат ат-таҳлилийа” (Таҳлил, яъни ла илоҳа иллаллоҳ ҳақида рисола), “Рисола фий радди равофиз” (Рофизийларга раддия ҳақида рисола), “Рисола исбот ан-нубувва” (Пайғамбарлик исботи ҳақида рисола) каби рисолаларини ўсмирлик пайтида ёзган эди. У ёшликда адабиётга қизиққан, фасоҳатли, ҳозиржавоб сифатида танилган.

Аҳмад ас-Сирҳиндий нақшбандия тариқатига ихлосманд, нақшбандийларнинг китоб ва рисолаларини кўп мутолаа қилар эди. Отаси вафот этгандан сўнг Аҳмад ас-Сирҳиндий ҳажга бориш ниятида йўлга чиқади ва Деҳлида Муҳаммад Боқий Биллоҳ ад-Деҳлавий (1565-1603)га йўлиқади. Дўстларининг маслаҳати билан икки кун ўтар-ўтмас унга байъат қилиб, нақшбандия тариқатига киради.

Муҳаммад Боқий Биллоҳ билан Аҳмад ас-Сирҳиндий икки ойдан кўпроқ мулоқатда бўлади, шайх унинг иқтидор ва салоҳиятини кўриб, нақшбандия тариқати бўйича “мутлақ иршоднома” ёзиб беради ва ватанига қайтиб соликларни тарбиялашни, халқни, толибларни тўғри йўлга йўллашни буюради. Шундай қилиб, Аҳмад ас-Сирҳиндийнинг шуҳрати ортиб, бутун ҳинд диёрларидан толиблар, соликлар, ихлосманд кишилар унинг ҳузурига оқиб кела бошлайди, мактублар ёзиб, саволларига жавоблар оладилар.

Аҳмад ас-Сирҳиндийнинг давригача тўрт юз йилдан бери тасаввуф аҳли Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг (1165-1240) “ваҳдати вужуд” ёки “тавҳиди вужудий” деб аталган таълимоти гирдобида қолиб кетган эди. Аҳмад ас-Сирҳиндий эса уни инкор қилиб, “ваҳдати шуҳуд” ёки “тавҳиди шуҳудий” таълимотини таклиф қилган. Ибн ал-Арабийни зоҳир уламоларига ўхшаб, мутлақо инкор қилмади, балки “ваҳдати шуҳуд”ни “ваҳдати вужуд” мақомидан юқори мақом дея, халқни ҳақиқий суннат йўлига бошлади ва ўзининг мужаддидия тариқат йўналишига асос солди. Шунинг учун ҳам Аҳмад ас-Сирҳиндий Имом Раббоний сифатида улуғланади.

Аҳмад ас-Сирҳиндий Бобурийлар сулоласида энг кўп тахтда ўтирган Жалолиддин Акбар I (1556-1605) ўйлаб топган, бутун ҳинд диёрида мавжуд динларни умумлаштирувчи “дини илоҳий” таълимотига кескин қарши чиқди. Оқибатда янги қоришиқ дин ҳинд диёрида мутлақо жорий бўлгани йўқ. Аҳмад ас-Сирҳиндий яна бир ҳукмдор Нуриддин Жаҳонгир (1605-1627) олдида тиз чўкмагани, пойига бош қўймагани сабабли унинг қаҳрига учради ва бир баҳонаи сабаб билан уч йил давомида ҳибс қилинди.

Ҳинднинг таниқли олимларидан Абдулҳаким ас-Сиёлкутий (вафоти 1067/1656) биринчилардан бўлиб Аҳмад ас-Сирҳиндийни иккинчи минг йилликнинг мужаддиди деб эътироф қилди ва шахсиятини ҳурмат қилиб улуғлади. Натижада бутун дунёда уни “Мужаддиди алфи соний” дея ҳурмат билан тилга олинадиган бўлди.

Аҳмад ас-Сирҳиндий 1034 йил 27 сафар (1624 йил 9 декабрь)да ўз шаҳрида вафот этган.

Аҳмад ас-Сирҳиндийнинг қуйида баъзи асарларини келтирамиз:

1.“Рисолат ат-таҳлилийа” (Таҳлилий рисола). Калимаи таййиба ҳисобланган “Ло илоҳа иллаллоҳ”ни зикр қилиш фазилати, унинг маънолари ҳақида сўз юритилган рисола.

2.“Рисола фий радди равофиз” (Рофизийларга раддия ҳақида рисола). Шиаларнинг бир тоифаси бўлган рофизийларнинг ақидаларига раддиялар берилган.

3.“Рисола исбот ан-нубувва” (Пайғамбарлик исботи ҳақида рисола). Пайғамбарликнинг зарурати, Пайғамбар бўлиб келган зотнинг шарт-шароитлари борасида сўз юритилган.

4.“ал-Маориф ал-ладунийа” (Ўзига хос маърифатлар). Тасаввуфий истилоҳларнинг маъноларини ечишга бағишланган муҳим рисолаларидан бири.

5.“ал-Мабдаъ ва-л-маод” (Бошланиш ва қайтиш). Тасаввуфга бағишланган муҳим рисолалардан бири. Унда шайх ва мурид одоблари, шайх бўлиш шартлари ҳақида сўз юритилади.

6.“Мактубот” (Мактублар). Муаллифга савол тариқасида юборилган мактубларга жавоб мактублари. Муаллиф пайтида икки жилди, сўнг бир жилди тўпланган. Жами 313+99+123 мактубдан иборат бўлиб, нақшбандия тариқатининг назарий ва амалий қарашларини ўрганишда, хусусан, мужаддидия йўналиши таълимотларини билишда жуда аҳамиятлидир.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...