ЗУЛМ ҲАҚИДА

41697633cfeda6c9b5bcf43f7940c46e_543Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иззат ва буюклик соҳиби бўлган Раббиси Аллоҳдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «эй қулларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Баски, сизлар ҳам бир-бирингизга зулм қилмангиз!…», деган (Ушбу сўзлар Абу Зарр ал-Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадиснинг бир қисми бўлиб, уни имом Муслим ўз «саҳиҳи»да келтирган).

Зулм сўзи луғатда «бирор нарсани ўз ўрнига қўймаслик» англамига келади. Ояти каримада ширк энг катта зулм эканлиги айтилган. Зеро, у ибодатни ўз ўрнига қўймасликдир.

Истилоҳда эса зулм — ҳаддан ошиш, ўзганинг ҳаққига тажовуз қилиш, ўзганинг моли, жони ва обрўсига ноҳақ равишда дахл қилиш маъноларини англатади.

Ушбу қудсий ҳадис доим кўз ўнгимизда бўлиши мақсадга мувофиқдир. Унда Зулм — ўзининг барча турлари билан — нақадар ёмон нарса эканлиги ўз ифодасини топган.

Афсуски, баъзи одамлар кўпинча, зулмга учрагандагина зулм нималигини билиб қолишади. Ваҳоланки, ишлари юришиб, обрўлари осмонга парвоз қилиб турганда ўзлари ҳам золимлик шаробидан бемалол сипқориб юраверишади.

Бошқалар эса ўзи ҳам мазлум бўлгани ҳолда ўзгаларга зулм қилади.

Ҳа!.. Зулмнинг тури кўп. Зулм бу фақат кимнингдир молини олиб қўйиш эмас. Кимнидир ноҳақ дўппослаб майиб қилиш ҳам эмас. Булар ҳам албатта зулм. Аммо, зулмнинг тури кўп ва кўзга кўринмас турлари ҳам бор.

Киши зулм балосига жуда кўп ҳолатда дучор бўлади ва ундан ўз машъум насибасини олади. Оддий бир мажлисда ҳамсуҳбатларидан бирига ҳурматсизлик қилиш, эзиб-янчиб кетиш, истеҳзо қилиш, менсимаслик, ўзи билан ҳамфикр бўлмаган бирор кимсани ўта шиддат билан ерга уриш каби ишлар ҳам зулмнинг бир туридир.

Баъзи аёлларнинг собиқ эрига ўз боласини хоҳлаган пайтида кўришига тўсқинлик қилиши, ёхуд фарзандни ўртада гаров буюми каби ўз дунёвий манфаатларига етиш учун қурол қилиши ҳам зулмнинг хунук кўринишларидандир.

Бировдан қарз олиб чўзиб юриш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз сўзлари билан зулм деб аталган.

Кимга нисбатан содир этилиши жиҳатидан зулм икки турга бўлинади: кишининг ўз нафсига яъни ўзига ўзи зулм қилиши ҳамда ўзгаларга зулм қилиш.

Ўз нафсига нисбатан содир этилувчи зулмнинг энг каттаси ширкка тушиш ҳисобланади. Чунки, ширк агар тавба қилинмаса, кишини абадий шақоватга дучор этади.

Ўзгаларга зулм қилиш эса юқорида айтилганидек, ўзгаларнинг молу мулки, жисми ва обрўсига тажовуз этмоқдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ва сўнги ҳажлари бўлмиш видолашув ҳажида Арафа куни, қуёш ботиш тараддудини кўрар экан, Қасво отли туяларига миниб, Батнул Водий деган жойга келдилар ва одамларга ваъз қилдилар. Сўзлари орасида: «шак-шубҳасиз, қонларингиз (жонларингиз), молларингиз ва обрўларингиз бамисли ушбу ҳурматли шаҳар, ушбу ҳурматли ой ва ундаги ушбу ҳурматли куннинг ҳурмати каби бирбирингизга ҳаром (ва дахлсиз)дир!!!», дедилар.

Имом Нававий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига изоҳ берар экан, яъни нима учун мусулмонларнинг жонлари, моллари ва обрўлари дахлсиз, поймол этилмайдиган ва ўзаро бир-бирлари учун ҳурматли ва ҳаром эканлигини айтар эканлар, бу нарсалар айнан Макканинг ҳурмати, Зулҳижжа ойининг ҳурмати ва ундаги Арафа кунининг ҳурмати каби ўта ҳурматли ва дахлсиз эканлигини урғулаганлари мазкур нарсалар яъни мусулмонларнинг жонлари, моллари ҳамда обрўлари бир-бирлари учун ўта ҳурматли ва унга дахл этиш, поймол қилиш ўта шиддатли даражада ҳаром эканлигини англатишини айтиб ўтдилар. Акс ҳолда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макканинг ҳурмати, Зулҳижжанинг ҳурмати ва Арафа кунининг ҳурматини мисол қилиб келтирмас эдилар.

Имом Нававийга кўра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонлар учун ғоят улуғ бўлган ҳарами шариф, шаҳри ҳаром ва ундаги Арафа кунини бу шаклда зарбул масал қилишлари ўхшаш нарсаларни ўхшаш нарсаларга қиёслаш бор нарса эканлигига ҳам далилдир.

Яъни, бу иш бир тарафдан мусулмонларнинг молу жонлари бир-бирлари учун ғоят муқаддас нарсалар эканлигини англатса, иккинчи тарафдан фақиҳ уламоларнинг ўхшаш ҳолатларни бир-бирига қиёслаб ҳукм чиқаришдаги тутган йўллари машруъ эканлигига ҳам далилдир.

Зеро, ўз сўзларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг молу жонлари бир-бирлари учун нечоғли ҳурматли ва муқаддас эканлигини англатиш учун Макка шаҳрининг, зулҳижжа ойининг ва Арафа кунининг ҳурматини мисол қилиб келтирдилар.

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон учун ҳурматли (дахлсиз)дир: жони, моли ва обрўси», дедилар. Ушбу ҳадисни Ибн Можа ўз сунанида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтиради.

Мазкур ҳадисда ҳам мусулмоннинг моли ва обрўси унинг жони қадар ҳурматли эканлиги айтилган. Аксинча бўлса, улар бирга зикр қилинмаган бўларди. Бинобарин, мусулмоннинг жонига тажовуз қилиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, унинг моли ва обрўсига тажовуз қилиш ҳам шунчалик оғир гуноҳдир.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...