Завжангиз олима бўлса…

Lotin alifbosida

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади:

Бир куни Абу Рофеънинг хотини Салмо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келди. Салмонинг эри Абу Рофеъ уни ургани учун, ундан кетишга Расулуллоҳдан изн сўраб келганди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Рофеъдан: “Эй Абу Рофеъ ораларингда нима бўлдики, сен уни урибсан?”, деб сўрадилар.

Абу Рофеъ: «Эй Расулуллоҳ бу аёл менга озор беряпти», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Салмо нима сабаб унга озор беряпсан”, деб сўрадилар.

Салмо: “Мен унга ҳеч озор бермадим. Аммо у намоз ўқиб турган ҳолида ел чиқарганди, шунда унга: “Эй Абу Рофеъ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга ел чиқаргач қайта таҳорат олишни амр қилганлар”, дедим. У бўлса мени ура кетди”, деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар ва “Ҳой Абу Рофеъ, аёлинг сени ёмонликка буюрмапти”, дедилар.

Қиссадан ҳисса шуки, эркак киши оилада бошлиқ бўлсада, ўзидан кўра олимароқ аёлининг таълимига қулоқ солмоғи керак. Мусулмон эркакка “сени ақлинг етмайди, нимани ҳам билардинг, мен билан ишинг бўлмасин”, деб аёлларни камситиш ярамайди. Илмсиз эр лозим бўлса, ўз аёлидан ҳам илм олиши шарт. Халқ орасида “Эр хотинидан, ота фарзандидан илм олиши мумкинмас. Чунки улар устоз бўлиб қолади, устозга эса қаттиқ гапириб бўлмайди”, деган гаплар юради. Юқоридаги қиссага суянсак бу қоидани айланиб ўтиб, керак бўлса аёлимиздан ҳам илм олишимиз лозимлиги келиб чиқади.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *