“ЗАМ СУРА” БУТУН БИР СУРАМИ?

melodrama_rebenok_ot_ly7САВОЛ:

Ассалому алайкум. Намоздаги “зам сура” амали ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз, у қандай амал? Ҳукми нима? Зам сура бутун бир сура бўлиши керакми, ёки битта суранинг маълум қисми бўлса ҳам жоизми? Баъзи намозхонлар китобларда “зам сура” дейилган, шундай экан бутун бир сура бўлиши керак демоқда. Уларнинг гапи қай даражада тўғри?

ЖАВОБ:

Ва алайкум ассалом. Тўрт ракатли ва уч ракатли фарз намозларнинг аввалги икки ракатида, шунингдек, нафл намозларнинг ҳамма ракатида Фотиҳа сурасига битта қисқа бутун сурани ёки битта қисқа бутун сурага тенг келадиган учта қисқа оятни қўшиб ўқишликка “зам сура” деб айтилади.

Намозда зам сура қилиш ҳанафий мазҳабимизда вожиб, қолган уч мазҳабда эса суннат даражасидаги амалдир.

Фотиҳага битта бутун энг қисқа сурани (масалан Кавсар сурасини) қўшиб ўқиса ҳам, ёки учта қисқа оятни қўшиб ўқиса ҳам “зам сура” вожибини адо қилган бўлади.

Фотиҳага фақат бутун сура қўшиб ўқиш керак, чунки “Мухтасар”да (ضم سورة)  “битта сурани зам қилиш” деб айтилган. Битта сурадан маълум оятларни ажратиб зам қилиш жоиз эмас, ёки яхши эмас, ёки макруҳ бўлади, ёки бидъат бўлади, ёки бутун сура зам қилмаган ваҳҳобий бўлади – деганга ўхшаш гапларнинг ҳаммаси нотўғри гаплардир! Бу гаплар ҳанафий мазҳабимизни яхши билмаслик оқибатида пайдо бўлган ёки атайин пайдо қилинган уйдирмалардир! Буни яхши билиб олиш керак!

Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳабимиз доирасида битилган бир қанча матнларда намознинг вожиблари баён қилинган бобда (ضم سورة) “битта сурани қўшиш”   маъносидаги иборалар келтирилган. Шундан баъзилар “фақат битта бутун сурани зам қилиш керак, бир сурани бўлиб, ёки узун суранинг баъзи оятларини зам қилиб ўқиса бўлмайди” деганга ўхшаш масалани тушуниб олган. Лекин бу тушунча тўғри эмас. Зайнулобидин Ибн Нужайм Мисрий худди шу нуқтага урғу бериб айтган:

اطلق السورة و اراد بها ثلاث ايات لأن اقل سورة فى كتاب الله ثلاث ايات قصار كسورة «إنا أعطيناك الكوثر» و لم يرد السورة بتمامها بدليل ما سيأتى صريحا فى كلامه

Абулбаракот ан-Насафий “Канз”да “сура” иборасини мутлақ келтирди-ю лекин у билан учта оятни кўзда тутган. Чунки Аллоҳнинг китобида энг қисқа сура учта қисқа оятдан иборатдир. Кавсар сураси мисол. Қуйироқда (546 бетда) ўзининг иборасида бу ҳақда очиқ-ойдин зикр қилганига таяниб айтаманки, у билан бутун бир сурани ирода қилмаган. (Қаранг: Баҳр ар-роиқ. 1 –Ж. 516 –Б. Ибн Нужайм Мисрий).

Имом Абулбаракот ан-Насафий ҳазратлари «Канз»нинг матнида, «намознинг сифатлари» бобида «و قرا الفاتحة او سورة او ثلاث ايات» деган. Яъни, Фотиҳани ва битта сура ёки учта оятни ўқийди… (Қаранг: Баҳр ар-роиқ. 1 –Ж. 546 –Б. Ибн Нужайм Мисрий). (Маълумот ўрнида: Имом Насафийнинг Канзуд дақоиқ асари ҳанафий мазҳабимизда энг мўътабар тўртта матннинг бири ҳисобланади. Қаранг: Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. 173 –Б. Ҳамидулла Аминов. Соатмурод Примов).

Ва яна ҳанафий мазҳабимизнинг энг машҳур тўртта фиқҳий матнларидан бири, имом Абулҳусайн Аҳмад бин Муҳаммад бин Аҳмад ал-Қудурий қаламига мансуб “Мухтасари Қудурий”да ҳам Канздагига маънодош қуйидаги матн бор:

ثم يقرأ فاتحة الكتاب و سورة معها او ثلاث ايات من اى سورة شاء

Кейин Фотиҳа сурасини ва у билан бирга битта бутун сура ёки хоҳлаган сурасидан учта оят ўқийди. (Қаранг: Мухтасару қудурий. 71 –Б. Имом Қудурий). (Маълумот ўрнида: Қудурийнинг Мухтасарул Қудурий асари ҳанафий мазҳабимизда энг мўътабар тўртта матннинг бири ҳисобланади. Қаранг: Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. 173 –Б. Ҳамидулла Аминов. Соатмурод Примов).

Ва яна ҳанафий мазҳабимизда машҳури жаҳон мўтабару мўътамад матнлардан  “Бидоятул-мубтадий” асарида ҳам имом Бурҳонуддин Марғилоний ҳазратлари худди Мухтасарул қудурийдаги иборани келтиради.  (Қаранг: ал-Ҳидоя. 1 –Ж. 318 –Б. Бурҳонуддин Марғилоний).

Ундан ташқари айнан «Мухтасар виқоя»га битилган машҳур шарҳлар ва бошқа ҳанафий манбаларида ҳам фотиҳага битта бутун сура ёки битта бутун сурага тенг келадиган учта оятни зам қилиш жоизлиги (!) ҳақида ўқишингиз мумкин!

Эътибор беринг:

1-) Ҳанафий мазҳабимизнинг кўзга кўринган олимларидан мавлоно Мулла Али раҳимаҳуллоҳ Мухтасарнинг шарҳига ёзган асарида:

و واجبها قراءة الفاتحة و ضم سورة او ثلاث ايات) لمواظبته عليه الصلاة و السلام عليه و لما روى ابو داود و ابن حبان عن ابي سعيد قال «امرنا ان نقراء بفاتحة الكتاب و ما تيسر»

و لقوله عليه الصلاة و السلام «لا تجزىء المكتوبة الا بفاتحة الكتاب و ثلاث ايات فصاعدا»

Ва намознинг вожиблари: Фотиҳани ўқишлик ва битта сурани ёки учта оятни қўшишлик…Пайғамбаримиз алайҳис-солату вассалом бу амални давомий қилгани учун ва ҳамда имом Абу Довуд ва Ибн Ҳиббонларнинг Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ушбу ривояти учун, у айтган: “(намозда) Фотиҳа сураси ва ўзимиз муяссар бўлганча қироъат қилишга буюрилганмиз”.

Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадиси учун: “Фарз намоз Фотиҳа сураси ва учта оят ё ундан кўпроғини қироъат қилиш билангина дуруст бўлади”. (Қаранг: Фатҳу боб ал-иноя. 1 – Ж. 231 —  Б. Мулла Али ал-Қори).

2-) Мухтасар виқоянинг машҳур шарҳларидан бири Жомеъур румузда:

و واجبها قراءة الفاتحة و ضم) مقدار (سورة) من اية طويلة او ثلاث ايات)

Ва намознинг вожиби Фотиҳани ўқишлик ва битта узун ёки учта қисқа оятдан иборат бир сура миқдорини қўшишлик… (Қаранг: Жомеъур румуз. 1 – Ж. 86 – Б. Шамсуддин Муҳаммад Хуросоний).

3-) Мухтасар виқоянинг шарҳларидан яна бири «Шарҳи Илёс»да:

 و واجبها قراءة الفاتحة و ضم سورة او ما يقوم مقامها

Ва намознинг вожиби Фотиҳани ўқишлик ва битта узун ёки унинг ўрнига ўтадиган оятларни ўқишлик — дейилган. (Қаранг: Шарҳи Илёс 1- Ж. 46 — Б. Мулла Фахруддин).

4-) Шайҳ Иброҳим Ҳалабий қаламига мансуб Муният ул-мусоллийнинг «аш-Шарҳ ул-кабир» номли шарҳида:

و ضم السورة أو ما يقوم مقامها من الايات التى تعدل سورة

Намознинг вожибларидан яна бири Фотиҳага бир сурани ёки бир сурага тенг келар миқдорда оятларни қўшишлик — дейилган. (Қаранг: Ҳалабий Кабир. 296 -Б. Шайҳ Иброҳим Ҳалабий).

5-) Аллома Аҳмад Таҳтавийнинг Аллома Шурунбалолийнинг “Мароқий ал-фалоҳ”ига ёзган ҳошиясида:

و هو (اى الواجب) ثمانية عشر شياء. (الأول) قراءة الفاتحة و (الثانى) ضم سورة (قصيرة) او ثلاث ايات (قصار)

Намознинг вожиблари ўн саккизтадир: Фотиҳа сурасини ўқишлик; битта қисқа сурани ёки учта қисқа оятни фотиҳага қўшишлик… (Қаранг: Ҳошияту Таҳтавий.  1 – Ж. 462 – Б).

6-) Ҳанафий мазҳабимизда “Фатовои ҳиндия” номи билан шуҳрат топган энг машҳур фатво тўпламларидан “Фатовои Оламгирия”да:

و تجب قراءة الفاتحة و ضم السورة أو ما يقوم مقامها من ثلاث ايات قصار أو اية طويلة فى الأوليين بعد الفاتحة كذا فى النهر الفاءق

 Фотиҳани ўқишлик ва аввалги икки ракатда Фотиҳадан кейин битта бутун сурани ёки унинг ўрнига ўтадиган учта қисқа ё битта узун оятни зам қилиш вожиб бўлади. Наҳр ал-фоиқда шундай келган. (Қаранг: Фатовои Оламгирия. 1 –Ж. 71 – Б).

Эътибор қилган бўлсангиз, учта матн (Канз, Мухтасарул Қудурий, Бидоятул мубтадий), бешта шарҳ ва битта фатво тўпламида  зам қилинадиган сура бир бутун сура бўлиши шарт эмаслиги, балки битта энг қисқа сурага тенг келадиган учта оят ёки битта узун оятни зам қилиш ҳам Ислом шариатида жорий амаллигига, бидъат эмаслигига очиқ-ойдин далиллар келтирилди.

Энди инсоф билан ўйлаб айтингчи, агар Фотиҳага битта бутун суранинг маълум қисмини зам қилиш бидъат ёки ножоиз бўлса, ёки бундай қилганлар ваҳҳобий деб аталса, юқорида келтирилган манба муаллифлари: Абулбаракот Ан-насафий, имом Қудурий, Бурҳонуддин марғилоний, Ибн Нужайм Мисрий, Шайҳ Мулла Али, Шамсуддин Хуросоний, Мулла Фахруддин, Аллома Таҳтавий, Фатовои ҳиндиянинг муаллифларидек олимлар ким бўлади?! Улар бидъатчи ваҳҳобийми, ёки соф ҳанафийларми?

Мухтасарда битта сурани зам қилинади, дейилган, шунга биноан бир бутун сурани зам қилмаган одам Мухтасару виқояга зид иш қилган ваҳҳобий бўлади, деганларчи?!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиби

ТИИ сиртқи бўлим, иккинчи босқич талабаси

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...