Устозга тобеликда ҳам чегара бор

Lotin alifbosida

 МУҚАДДИМА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Яратган Эгамга чексиз мақтовлар, Расулим, Ҳазратим, Муҳаммад Мустафо жаноби олийларига битмас-туганмас салот-у саломлар, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимиз ва охиратда зафар топишимиз учун қимматли вақтларини аямасдан таълим берган барча устоз-у муаллимларимизга Аллоҳдан ғуфрон-у марҳаматлар бўлсин!

Бундан тахминан икки йилча муқаддам бир толиби илм билан баҳслашиб қолгандим. Баҳсимизга сабаб эса қуйидагича бўлган: камина айрим ақидавий масалаларда бир икки нафар устозларимнинг фикрига қўшила олмаслигимни айтиб узр баён қилдим. Бундан хабар топган ўша йигит ортимдан “катта устозларга оқ бўлди”, деб ножўя гап тарқатиб юборган экан. Бу ишининг нотўғри эканини айтиш мақсадида у билан суҳбатлашишга мажбур бўлган эдим. Унинг устозларга нисбатан фидойилиги беҳад юқори эди. Унга: ҳар бир ишда аниқ ҳад бор, шу жумладан устозларга садоқатда ҳам ҳаддан ошмаслик керак. Мўмин учун энг авало шариатнинг риояси устун туради—деб тушунча беришга ҳарчанд уриндим-у, бироқ ҳаракатларим зое кетди. Аксинча, у: “мен устозим жаннатга етакласа жаннатга, жаҳаннамга етакласа жаҳаннамга ҳам кетавераман, устозга муҳаббатим шу даражада чексиз, сиз эса ундай эмас, аксинча устозларга бемуҳаббат экансиз..”—деб каминани қаттиқ камситган эди. Аллоҳ ўша йигитни ҳам, мени ҳам кечирсин!

Руҳиятимга қаттиқ таъсир қилган ўша ҳодисадан кейин “устозга садоқат ва унинг меъёри” ҳақида бирон мақола ёзишни дилимга тугиб қўйгандим-у, бироқ у каби мутаассиблар ҳаётда жуда кам учрагани учун бу ишга нуқта қўйиб қўйгандим. Лекин бугун шу мавзуни ёритишга зарурат борлигини тўлиқ ҳис қилиб турибман.

Ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб қолган ижтимоий тармоқлар бизга жуда кўп инсонларнинг ички оламини кашф қилиб бермоқда. Интернетда ҳамма ўз эркига эга, хоҳлаганини ёзади. Бу эса унинг маънавияти ва асл ақидасини билиб олиш имконини бермоқда. Фейсбукда устозлари шахсиятини илоҳийлаштириш даражасигача ғулув кетган бир қанча илм толибларига гувоҳ бўлдим. Улар наздида устозлари мисоли пайғамбардек гуноҳлардан маъсум мақомга чиққан. Фикрларига қарши далилга асосланиб раддия қилиш у ёқда турсин, ҳатто тушунмовчилик юзасидан ҳам савол бериб бўлмайди. Улар тарғиб қилаётган ғоялар юзасидан изоҳ талаб қилиш ҳам мумкин эмас. Ҳа, уларнинг устозлари айтган гап бу гўёки илоҳий қонун! Муҳокама қилинмайди, далили суриштирилмайди. Мабодо бирорта бахтиқаро адашиб уларнинг устозларига қарши гапириб қўйса борми, тамом! Дарҳол уни “беодоб”, “ўзича доно”, “устозга оқ бўлган” каби жирканч ёрлиқларни ёпиштиришда бир-бирлари билан кимўзарга мусобоқа бошлаб юборишади. Афсуки, бундай жоҳиллар интернетда жуда кўп. Аллоҳ барчамизга ҳидоят берсин!

УСТОЗ ҚАДРИ

Мағриб-у машриқ ҳукмдори Искандар Зулқарнайндан:

— Ҳазрат, нега устозингизга отангиздан ҳам кўп таъзим қиласиз?—деб сўрашибди.

— У киши: устозим шунга муносибдур. Чунки отам мени руҳлар оламидан ерга тушишимга сабаб бўлган. Устозим эса яна ўша олиймаконга қайтишимга сабаб бўлади—деб жавоб берган экан.

Дарҳақиқат азизлар, маънавий камолотга еткарувчи устоз ҳаққоний отадан-да улуғроқ мураббийдир. “Устоз отангдан улуғ”, деган мақол бежизга айтилмаган.

Талабаларга илм олиш сир-асрорларини ўргатишга атаб ёзилган машҳур “Таълим ул-мутааллим” рисоласида Имом Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг устоз қадри ва фазилати ҳақида айтган машҳур бир эътирофини келтиради. Эҳтимол, ўша ҳикматли сўздан сиз ҳам хабардор бўлсангиз ажабмас… Чунки, диний фанлардан сабоқ берувчи деярли ҳамма устоз-у муаллимлар одоб-ахлоқ дарсида у ҳикматли иборадан фойдаланиб келади. Яъни,

انا عبد من علمنى حرفا واحدا، إن شاء باع، و إن شاء إسترق

“Мен, менга бир донагина ҳарф ўргатган шахснинг қулиман. Хоҳласа сотиб юборади, хоҳласа қул қилиб ишлатади” (ҳаммасига розиман)—ибораси.

Бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ўзларидан “илм эшиги” деган унвон олган ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг бу сўзида у кишидаги балоғат, сўзамоллик маҳорати ва нотиқлик санъатининг мукаммал мисолини кўриш мумкин.

Устоз қаршисидаги толибни  хожа хузуридаги қулга ташбиҳ қилган ҳазрати Али истиора услуби ила “абд” (қул) сўзини “қарз” олиб, ундан устозни қадрлаш, ҳурматини жойига қўйиш, чақириқларига “лаббай” деб жавоб бериш, буйруқларини сўссиз бажариш, уни ранжитадиган ишлардан қаттиқ хазар қилиш, устозни шод қиладиган ишларга ҳарис бўлиш, гўзал итоаткорликка даъват каби мажозий маъноларни назарда тутади.

Тобеий уламоларидан Шўъба ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам худди ҳазрати Алининг сўзларига ўхшаш ҳикматли гап айтгани ҳақида баъзи манбаларда маълумот учраган. Абу Довуд Таёлисийнинг айтишича у киши Шўъбадан:

من كتبت عنده ثلاثة احاديث فانا ابدا له عبد! و اخضع له!

 Мен, кимнингдир олдида учтагина ҳадис ёзиб олсам, бас, мен унга қулман! Унга бўйсунаман!—деган сўзларини эшитган экан.

Бу ерда ҳам худди ўша мажоз қоидаси ўз аксини топган. Устозга ғирт қул бўлиш эмас, аксинча унга итоаткорликда қуллар даражасигача тушиш, устозга эҳтиромда эса уни мавло-хўжайин мақомигача кўтариш лозимлигига урғу берилган.

Ақли расо ҳар бир инсонга маълумки, бу ибораларнинг аслий маъносини тушуниш ва эътиқод этиш шаръан тўғри эмас. Зеро, киши таълим олиш билан муаллимнинг ҳаққоний қулига айланиб қолмайди, шунингдек, муаллим ҳам ўз эркига эга ҳур талабаларини бозорда қулдек сотиши шаръан жоиз бўлмайди. Бу ерда устозга садоқатли бўлиш, уни юксак ҳурмат ва эҳтиром этиш ҳақида гап борган.

ТОБЕЛИК ЧЕГАРАСИ

Талабаларга одоб-ахлоқ мавзусидаги дарсларда кўпинча ўқувчиларнинг устоз олдидаги масъулиятлари, устоз хузуридаги итоаткорлик, устознинг қадри ва фазилатларини ёритишга зўр берилади. Устозга тобе бўлишда айрим истисноли ҳолатлар ҳам мавжудлиги эса аксар ҳолда назардан четда қолиб кетади. Толиби илм ҳақ билан ботилни ажратишда эркин фикрловчи бўлиб камол топиши учун эса ўша истисноларни ҳам унга алоҳида таълим бериш аслида устознинг вазифасидир.

Ифрот ва тафритдан йироқ динимиз ҳар соҳада мўътадилликка чақириб, муайян меъёрдан чиқмасликни уқтиради. Белгиланган чегарадан чиқиб ҳаддан ошганларни эса, адашиб залолатга юз тутишларидан огоҳлантиради. Устознинг қадри ғоят улуғ, бунга шубҳа йўқ. Айниқса, инсоннинг икки дунё саодатига эришишида муҳим ўрин тутувчи диний устозларнинг ҳаққи янада буюк. Бироқ, шуни назардан четда қолдирмаслик керакки, устозга тобеликда ҳам чексизликка йўл йўқ! Ҳа, устозга эргашида ҳам чегара бор. Чегара бўлганда ҳам шахсан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари белгилаб берган илоҳий чегара!  Яъни, Расулуллоҳнинг:

لا طاعة في معصية إنما الطاعة في المعروف

“Аллоҳга осий бўладиган вазиятларда бандасига итоат қилинмайди. Итоат фақат яхши ишлардадир!”—деган сўзлари устозга итоаткорликнинг шаръий чегарасидир!

Уммат муаллими бўлмиш Расулуллоҳнинг бу муборак ҳадисларини имом Бухорий бобомиз саҳиҳ тўпламида  7257 рақами билан, имом Муслим ҳазратлари эса, 1840 рақами билан қайдга олган. Имом Зарнужий “Таълим ул-мутааллим”да “илм ва илм аҳлини қадрлаш” ҳақидаги фаслда худди шу ҳадисга таяниб шундай дейди:

فالحاصل: أنه يطلب رضاه، و يجتنب سخطه، و يتمثل امره في غير معصية الله تعالى، فإنه لا طاعة لمخلوق في معصية الخالق، كما قال النبى صلي الله عليه و سلم: إن شر الناس من يذهب دينه لدنيا غيره بمعصية الخالق.

«Хулласи калом, ўқувчи устозини рози қилиш пайида бўлиб, уни ҳафа қиладиган ишлардан ўзини тийиши керак бўлади. Ва яна, Аллоҳга осий бўлмайдиган ҳолатларда унинг барча буйруқларига бўйсуниши лозим бўлади. Чунки, Яратувчи Эгамга гуноҳкор бўладиган вазиятларда бандасига итоат қилинмайди! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Инсонларнинг энг ёмони—бировнинг дунёвий истаги йўлида Холиққа осий бўлиш ила динини ўзидан четлатганлардир!». (Имом Зарнужий. Таълим ул-мутааллим. 27/Б. Ад-дор ас-савдонийя лил-кутуб. 2004 м).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар:

«ويل للأتباع من عثرات العالم» قيل: كيف ذلك؟ قال»يقول العالم شيأ برايه، ثم يجد من هو اعلم برسول الله منه، فيترك قوله ذلك، ثم يمضي الأتباع»

Олимнинг хатоларига эргашганларга вайл бўлсин!” У кишига савол қилинди: қанақасига ундай бўлади? у киши айтдилар: “олим ўз райига таяниб бирон фатво айтади-да, кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини яхшироқ биладиган олимни кўрганда ундан хатосини тўғрилаб олади. Унга эргашганлар эса хато эътиқодида давом этаверишади…” (Байҳақий. “Мадхал”. 835-836. Ибн Абдулбар. “Ал-Жоме”. 1877).

Демак, устозга фақат Аллоҳ ва унинг Расули таълимотига, аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига мувофиқ ҳолатлардагина эргашилар экан. Аксинча вазиятларда эса эътиқод ва динни соғлом сақлаш учун устоз йўлидан четга чиқиш вожиб бўлади!

Қаранг, тасаввуфий олим Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ “Бариқа”нинг шарҳида “тил офатлари”га бағишланган бобда бу масалага алоҳида урғу беради:

و من التوقير عدم تبعية زلة المعلم و هفوته و يحمل ما سمع منه من الهفوات على احسن المحامل و التأويلات

«Муаллимининг хато ва янглиш фикрларига эргашмаслик ҳам аслида унга нисбатан (беадаблик эмас аксинча унга) таъзим ҳисобланади! Шунингдек, ундан эшитган хато фикрларни гўзал таъвиллар ила зоҳиридан бошқа маънога йўйиш ҳам устозни улуғлашликдандир!».

Шунингдек, Муҳаммад Ходимий шогирднинг одобига доир билдирган насиҳатига кўра, устоз хатога тушиб қолганда жимгина четга чиқиб олиш ҳам яхши эмас. Дилини ранжитар даражада қўполлик билан унга очиқча раддия қилиш ҳам тўғри эмас. Балки устознинг нотўғри қарашларини унинг шахсиятига оғир ботадиган сариҳ сўзлардан қочиб, кинояли иборалар билан унинг фикри хато эканига шама қилиш йўли билан билдирилади. (Қаранг: Муҳаммад Ходимий. Бариқа. 3 – Ж. 317 – Б).

УСТОЗ ҲАМ АДАШАДИМИ?

Устозларини гўё пайғамбарлик мақомига олиб чиқиб олган мутаассибларга “устозга эргашиш лозим, бироқ унинг хато фикрларига қўшилиб бўлмайди”—деб кўринг. Табиийки бу уларнинг манмансираган шахсиятларига оғир ботиб кетади. Ва сизга: “ўххўўў, ўзингча олим бўлиб, энди устозларни хатосини топадиган бўлиб қолдингми?! Билмасанг билиб қўй! Устоз адашмайди! Аксинча сен адашгансан!”—деб қайсарлик қилишади.

Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳамма инсон адашиши мумкин. Исмат (гуноҳлардан тўлиқ поклик) фақат пайғамбарларгагина хос хусусиятдир. Ахир малъун шайтон Аллоҳга қасам ичиб биз бандаларни йўлдан уришга сўз бергани Қуръонда очиқ ҳикоя қилинган эмасми?!

Омилардан кўра олимлар кўпроқ адашади, шогирдлардан кўра устозлар кўпроқ адашади. Ҳа, шайтоннинг саводсизлар билан деярли иши йўқ. У асосий кучини олимлар, устозлар томонга ташлайди. Юз нафар ўқувчидан кўра, битта устозни адаштириб қўйса кифоя, устозига содиқ шогирдлар ўз-ўзидан шайтоннинг ҳам ортидан бораверишади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу хутбаларида кўпинча шундай насиҳат қилар эканлар:

إياكم و زيغة الحكيم، فإن الشيطان قد يتكلم على لسان الحكيم بكلمة الضلالة، و قد يقول المنافق الحق، فتلقوا الحق عمن جاء به، فإن على الحق نورا، قالوا: و كيف زيغة الحكيم؟ قال: هي كلمة تروعكم و تنكرونها، و تقولون: ما هذه؟ فاحذروا زيغته و لا تصدنكم عنه، فإنه يوشك أن يفيء، و ان يراجع الحق

Донишманднинг хатосидан эҳтиёт бўлинглар. Чунки шайтон гоҳида донишмандлар тилидан залолат ғояларни тарқатади. Гоҳида мунофиқлар ҳақни гапиради. Ким ҳақни гапирса қабул қилинглар. Чунки ҳақда нур бордир.” Шунда у кишидан сўрадилар: донишманднинг хатоси қандай бўлади? муоз ибн Жабал деди: “у сизларни даҳшатга соладиган, қабул қилиниши қийин сўзлар бўлади. Уни эшитганда “бу нимаси…?”—дейсизлар. Ўша сўзлар сизни ҳақдан тўсиб қўймасин! Чунки у донишманд хато фикридан ҳаққа қайтиши эҳтимолга яқиндир” сизлар эса залолатда қолиб кетасизлар…”. (Сунани Абу Довуд. 4611. Доримий 1/67).

“УСТОЗИГА “НЕГА?” ДЕГАН БАРАКА ТОПМАС” ҚОИДАСИ

Устознинг талаба устидаги ҳақлари-ю, талабанинг вужубий фидойилиги ҳақида гап кетган бобларда қуйидаги иборани учратиш мумкин:

من قال لاستاذه «لم؟» لا يفلح ابدا!

Кимки устозига “нега?”—деса, у асло муваффақият топмайди!

Бу қоида “устозим жаннатга бошласа жаннатга, жаҳаннамга бошласа жаҳаннамга олға!” деб эътиқод қилувчиларнинг суянган ягона далилларидир!

Имом Заҳабий “Сияр”да имом Қушайрийдан нақл қилишича бу гап аслида  ҳазрат Сулламий раҳматуллоҳи алайҳнинг устози томондан унга сабоқ сифатида айтилган қоида экан.

Имом Қушайрий шундай ҳикоя қилади:

Сулламийдан эшитганман. У айтарди: устозим Абу Саҳл ас-Суълукий ҳаётлигида Марвга бордим. Сафарга чиқишимдан олдин ҳар жума кунлари тонгда устозим бошчилигида “хатми қуръон” мажлиси бўлиб турарди. Марвдан қайтиб келсам, ибн Уққобий деган одамнинг истаги билан ҳалиги мажлисда хатми қуръон ўрнига қуруқ гаплар бўляпти экан. Шунда менинг ҳаёлимга “қуръон мажлиси мусиқа мажлисига айланиб кетибди-да..” деган норози ўй келди. Кейин бир куни устозим мендан: Эй Абу Абдураҳмон, одамлар мен тўғримдан нима дейишяпти?—деб сўраб қолди. Шунда мен: Қуръон мажлисини йўқотишиб ўрнига қуруқ гап қилиб ўтиришибди, дейишмоқда — дедим. Шунда устоз: Кимки устозига “нега?”—деса, у асло муваффақият топмайди!—деди. (Сияри аълом ан-нубало. 17 – Ж. 251 – Б.)

Имом Заҳабий келтирган бу воқеани имом Субкий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Табақот”да келтириб қуйидагича қўшимча ҳам қилган:

Ўзларини илм-фан одами ҳисоблайдиган кўпчилик шу гапга осилиб олган. Улар шогирдларига сабоқ беришда шу гапни такрорлашдан ҳеч чарчашмайди. Бунинг таъсирида шогирдлари устозининг ноҳақ фикрларини ҳам ҳақ деб ҳаёл қилишади.  Устозларини гуноҳдан маъсум деб ўйлашади ва кўр-кўрона тақлид балоси билан яшашади. Уларнинг онгги заҳарланиб аҳмоқ бўлиб қолишган. У бечоралар устозларининг ҳаводан олиб гапирган шариатга зид гапларини очиқ-ойдин кўриб-билиб туришган бўлса ҳам, ўша даҳшатли гапнинг оқибати уришидан қўрқиб устозларига мухолафат қилишга журъатлари етмайди. (Имом Субкий. Табақот ул-кубро. 4 – Ж. 146-147 — Б).

Энди юқоридаги қоидага имом Заҳабий раҳматулоҳи алайҳнинг муносабатини кўринг:

Агар мурид ўз устозини (худди пайғамбарлардек) исмат соҳиби деб эътиқод қилса ва унинг хато қилиши мутлақо мумкин эмас деб ишонса, бу ҳолатда устозига унинг бирор иши юзасидан эътирозий тарзда “нега ундай?” деб савол бериши тўғри бўлмайди. Аммо, унинг шайхи исмат соҳиби бўлмаса-ю ва у устозига “нега ундай?”  деб савол бериш мумкин эмас деб ҳаёл қилса, унинг ўзи (устозининг хатолари юзасидан изоҳ талаб қилмагани учун) асло барака топмайди! Аллоҳ таоло Моида сурасида “яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” деган. Аср сурасида “бир-бирларини ҳаққа чақирганлар”, деган. Балад сурасида “бир-бирларини меҳр-шафқатга чақирганлар”, деган. Ҳа, албатта, орамизда феъли оғир бахтсиз муридлар ҳам бор. Улар доим эътироз билдиришади холос. Ҳаққа эргашиш қўлларидан келмайди. Гапиарверишади-ю ўзлари амал қилишмайди. Аслида худди шулар барака топишмайди! (Сияри аълом ан-нубало. 17 – Ж. 251/252 – Б.)

Хатиб Бағдодий айтишича, у кишига Муҳаммад ибн Юсуф ал-Қаттон Нисобурий Абу Абдураҳмон Сулламийнинг ишончсиз ва сўфийлар орасида ҳадис тўқиб юрадиган ёлғончи шахс бўлганини айтган экан. (Тарихи Бағдод. 2 – Ж. 248 – Б). Бунга кўра, ўша қоида ҳам аслида Абу Саҳл ас-Суълукий томондан айтилмаган, аксинча Сулламий тарафдан тўқиб чиқарилган уйдирма бўлиши ҳам эҳтимолдан соқит эмас.

Муҳаммад Ходимий ҳазратлари ҳам “Бариқа”да матн соҳибининг устоз олдидаги талаба бурчларини санаш жараёнида: “و لا يرد عليه كلامه” (устознинг гапига рад қилмайди) деб келтирган сўзига ўзи томондан: “و لو فاسدا” (гарчи нотўғри бўлса ҳам) деган қайдни илова қилиб қўйган. Бундан умумий олганда “устознинг сўзи гарчи шаръан фосид бўлса ҳам, унга рад қилиш шогирдга жоиз эмас”—деган хулоса чиқади. Устозининг хатоларига кўз юмувчилар балки бунга ҳам таянар. Аммо шориҳнинг ўзлари кейинроқ: “устознинг шариатга хилоф ишини билган толиб устозига очиқча рад қилмасдан, таъризан ишора йўли билан унинг хатосини айтиши керак”—деб тайинлаб қўйганлар.

Демак, толиби илм устозидан ноҳақ деб туюлган бирон гапни эшитса, унинг дилини оғритмасдан гўзал услубда ундан бунинг изоҳини, далилини сўраши шарт. Шариатга, аҳли сунна эътиқодига, мазҳабимизга, муқаддам уламолар қолдириб кетган илмий манбаларга очиқ-ойдин тескари фикрларига гувоҳ бўлса-ю, бироқ устоз билиб гапиради, эътироз билдириб назаридан қолмай, деб жим юриши мутлақо тўғри бўлмайди. Шунингдек, устоз ҳам шогирдига фикрини эркин баён қилиши учун имкон бериши, уни эшитиши, хатосини англаб етганда эса тан ола билиши керак. Ҳатто шогирдига танқидий назар учун йўл очиб бериши лозим бўлади. Зотан салафи солиҳларимиз шундай бўлганлар.

ТАРИХДАН МИСОЛ

Тарихга назар солсак, дини ва эътиқодини соғлом сақлаш учун Аллоҳнинг розилигини истаб хатокор устозларига қарши боришга ўзларида журъат топа олган ҳидоятлик олимларнинг борлигига ҳам гувоҳ бўламиз:

Аҳли сунна вал-жамоа ақидавий йўналишининг бош етакчиларидан бири ҳазрати имом Ашьарий раҳматуллоҳи алайҳ суннийлар ҳонадонида дунёга келган. Аммо дин илмларини мўътазилий олимларидан олади. Абу Али Жубоий у кишининг энг улуғ устозларидан бири эди. Абу Али Жубоий кўплаб илмий баҳс-мунозараларга ишонган шогирди имом Ашъарийни етаклаб у кишининг илми ва сўзамоллиги воситасида сунний мунозарачиларини мот қилиб қайтарди.

Имом Ашъарий ўзи эътироф қилиб айтадики, бир кун устозим ўргатган эътиқод—мўътазилаликдан қониқмай қолганимни ҳис қилдим ва узоқ ўйланиб бу ақиданинг тўғри эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Бунга устозим билан бўлган бир баҳсимиз сабаб бўлган эди.

Ўшандан кейин бир қанча вақт кўпчиликка қўшилмадим. Аллоҳдан ҳидоят сўраб уйимда ибодат қилдим. Ва бир жумъа куни Басра шаҳридаги жомеълардан бирида минбарга чиқиб бор овозим билан жамоаатга дедим:

Ҳалойиқ! Мени таниган-у танимаганлар! Билиб қўйинглар, мен фалончининг ўғли фалончи илгари Қуръон махлуқ (яратилган), Аллоҳни охиратда кўз билан кўриш имконсиз, ёмонликларни Аллоҳ яратмайди, деб эътиқод қилардим! Шу бугундан бошлаб бу бузуқ ақидадан тавба қилдим! Қуръон махлуқ эмас! Аллоҳни охиратда кўз билан кўриш мумкин! Яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам Аллоҳ яратади! Ва мен шу бугундан бошлаб мўътазилаларнинг эътиқодларини бузуқлигини исботлашга бор кучимни сарф этаман! Сизлар шоҳид бўлинглар!

Яна бир мисол, ёшлик чоғидан Ибн Таймия ва Ибн Қаййим ал-Жавзияларга чин дилдан ихлос қўйиб, уларга ҳавас билан мутобаъат қилган Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ кейинчалик, устозлари ўргатган “бирданига уч талоқ қилинганда, бир талоқ бўлади” деган фикридан қайтади ва шу мавзуда устозлари Ибн Таймия ва Ибн Қаййимларга ҳатто раддиялар ёза бошлайди. Бунинг сабаби: бу икки олимнинг ижмоъи умматга хилоф фикрлар билан янгиликлар пайдо қилиши бўлган. У киши ўзининг айни “уч талоқ” мавзусида ёзган “Баёну мушкули-л-аҳодийс ал-варида фи аннат-талоқас-саласа ваҳида” номли рисоласида шундай дейди: «Аёл кишига қовушгандан кейин, бирданига “уч талоқ”, деса, бир талоқ тушади” деган гап на бирорта саҳоба ва на тобеъин ва на улардан кейинги, сўзи мўътабар бирорта олимдан ҳалол-ҳаром мавзусидаги фатволарида собит бўлмаган”. (Аллома Зоҳид Кавсарий. Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ, 35/бет).

ХУЛОСА

Хулласи калом, устоз-у муршидларнинг қадри баланд ва ҳақлари бисёрдир. Шу билан бирга ҳеч кимнинг ҳавойи истаклари шариат билан бўйлаша олмас!

Аллоҳнинг розилиги бандасининг ҳурсандлигидан аълодир!

Иймон-эътиқодни соғлом сақламоқ ҳар қандай манфаатдан олийдир!

Шариатнинг риояси учун одамлардан яккаланиб қолган шахс аслида Аллоҳ билан биргадир!

Устози ё пирининг хато эътиқодини қабул қила олмаган мурид ва толибларни “устозга оқ” бўлиш билан айблаган мутаассибларнинг ўзлари аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зотнинг суннатларини умматга ёйган салафи солиҳ уламоларга оқ бўлгандир!

Илоҳий қонун бузилган чоғда бандасининг юзи учун жим ўтирган толиб ё мурид устозига ҳам, пирига ҳам, динига ҳам хоинлик қилган бўлади!

Шогирдларини танқидий назардан маҳрум этиб, фақат ўзигагина садоқат руҳида тарбиялаб манқуртга айлантириб қўйган устоз-у пирлар ва уларнинг фидойи талабалари дин учун фасод ва мусулмонлар учун улкан фитнадир!

Ватандошимиз Бурҳонуддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек:

فساد كبير عالم متهتك            *                 و اكبر منه جاهل متنسك

هما فتنتان للعالمين عظيمة      *                 لمن بهما في دينه يتمسك

Энг катта бузғунчи амалсиз олим,

Жоҳил мутаасиб ундан-да бадтар.

Динида уларга бўлганга таслим,

Дунёда энг улкан фитнадир улар.

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 2 та

  1. Maqsudiy:

    «Ustozga tobelikda ham chegara bor» bu mavzu yaxshi yoritilgandir, lekin ustoz e’tiqod qilgan yo’li o’zi o’ylab chiqargan yo’l emas balki uzoq yillar mobaynida ulug’ olimlar e’tiqod qilib kelayotgan yo’l bo’lsachi, shogird mutolaasi chiqib, biror kitobda ixtilofli masala ko’rsa, uni birovga yetkazishdan oldin, ustozdan maslahat so’rashligi kerak emasmi. Axir Payg’ambarimiz sollallohu alayhi vasallam ham sarvari koinot bo’la turib, ashobi kiromlardan maslahat so’ramaganmilar. Ta’limul mutaalim kitobida ham mashvarat, ayniqsa din ishlarida zarurligi to’g’risida keltirilgan. Tolibi ilm bir masalani yechimini o’zi mustaqil ko’rsa, u masala haqidagi fatvoni ommaga oshkor qilsa, bu ishni dan ustoz xabar topib, uning maslahat qilmasdan noma’qul ish qilganini aytib koyisa, unga tanbeh bersa, shogird shu vaqtda ustozi oyoqlariga yiqilib tiz cho’kib xatosini tan olishi kerakmi yo mening yo’lim to’g’ri deb kibrga ketish kerakmi. O’zi aslida shogird allomayi zamon bo’lib ketsa ham ustozlar turganda uning fatvo berishi islom odoblaridanmas. Ahli bid’atlarga qarshi kurashib turgan, juda ko’p ulug’olimlardan dars olib, ularning ilmiy suhbatlarida bo’lgan, zamonasining yetuk olimu fuzalolari bilan ittifoqdosh bo’lgan, atrofidagi shogirdlari yetuk olimlik darajasiga yetishgan, uzoq yillardan buyon olimlar ittifoq qilib kelayotgan masala haqida adashsa, aqalli atrofdagi ulug’lardan birortasi bo’lsa ham buni to’g’rilagan bo’lmasmidi. Bundan tashqari siyratlari payg’ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning siyratlariga monand bo’lsa, bir sunnatni topsa, baqadri imkon mahkam tutsa, atroflarida katta jamoat yig’ilgan bo’lsa, shu ustoz adashibdimi yo endigina » olimlar » safiga qo’shilgan shogirdmi? Buni yaxshilab muloxaza qilish kerak, ustozlar yurgan yo’llarini mahkam tutish kerak. Inson bir murshidsiz qolsa yo’lini yo’qotishi juda ham oson bo’ladi, chunki uni yo’ldan ozdirguvchilar juda ko’p, ayniqsa, hozirgi fitnaga to’lgan zamonda. Ustozlardan tiz cho’kib kechirim so’rash, ularni haqlariga doimo duoyi xayrda bo’lish kerak.

    • ahlisunna.uz:

      Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ. Аввало эътибор учун муташаккирмиз. Мулоҳазаларингизга қўшилишимизни маълум қилган ҳолда мақолада кўзда тутилган «устоз»лар билан сиз назарда тутган устозлар мутлақо бошқа-бошқа тоифа эканини таъкидлаймиз. Ва сизга мақолани яна қайтадан диққат билан ўқиб чиқишни маслаҳат берган бўлардик.

Maqsudiy га жавоб қолдиринг. Жавобни бекор қилиш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *