Рўзанинг қазоси ва фидяси

Lotin alifbosida

 САВОЛ:

Мен бир неча йил оғир касал бўлдим. Аллоҳ менга шифо берди, Худога минг қатла шукр. Энди, ўтказиб юборган рўзамнинг қазоларини тутишим шартми? Ёки фидя берим қўйсам, бўлаверадими?

ЖАВОБ:

Касаллик сабабли ўтказиб юборилган Рамазон рўзасининг қазосини қанча бўлса ҳам тутиб бериш касалликдан тузалгандан сўнг бажарилиши лозимдир. Бу ҳолатда фидя берилмайди. Аллоҳ таоло бундай деган:

ومن كان مريضا او على سفر فعدة من أيام أخر يريد الله بكم اليسر ولا يريد بكم العسر ولتكملوا العدة ولتكبروا الله على ما هداكم ولعلكم تشكرون

“Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. (Бақара сураси, 185-оят).

Агар касаллик тузалмайдиган, тузалишга умид йўқ бўлса, ундай беморлар ҳар куни учун ярим соъ (2 кило)дан камбағалларга садақа қиладилар.

САВОЛ:

Одамлар Шаъбон, Ражаб ойларида, кейин Шавволда олти кун, шунингдек, Ашура кунлари нафл рўза тутиб юрадилар. Менинг ҳам шу кунларда нафл рўза тутгим келади. Бироқ, менинг бир неча йиллик Рамазон рўзасининг қазоларим бор. Нима қилсам бўлади? Ўша кунлари қазо ниятида рўза тутсам ҳамда нафл рўза тутганлик савобидан умид қилсам бўладими?

ЖАВОБ:

Албатта, Рамазон рўзасидан қазоси бор одам нафл рўза тутишнинг ўрнига қазоларини тутгани афзалдир.

Рамазон рўзасининг қазосини кечиктиришни баъзи уламолар гуноҳ санашади ва қазони кечиктирганлиги учун бошқа мазҳабларда алоҳида каффорат – ҳар кунига ярим соъ буғдой (икки кило) миқдорида камбағалларга садақа қилишни тавсия қиладилар.

Пайғамбаримиз томонидан нафл рўза тутиш тарғиб қилинган кунларда Рамазон рўзасининг қазоси бор одам қазо тутиши яхшироқдир. Ҳам қазо тутиб, ҳам шу кунда нафл рўза тутганлик савобидан умидвор бўлиш ҳам яхши. Инша Аллоҳ, ниятига яраша ҳар икки рўзанинг, қазо ва нафлнинг савобидан баҳраманд бўлса ажаб эмас. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:

انما الأعمال بالنيات وانما لكلّ امرئ ما نوى

Албатта амаллар ниятга боғлиқдир. Шак-шубҳа йўқки, ҳар бир кимса учун ният қилган нарсаси бўлур”. (Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятлари).

САВОЛ:

Отам умрининг охирларида беш йил Рамазон ойи рўзасини тутдилар. Аввал тутмаган рўзаларининг қазоларини ҳам тутар эдилар. Аммо, ҳамма рўзаларининг қазоларини тута олмадилар. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, оламдан ўтдилар. Мен унинг қолган рўзаларини, унинг номидан  тутсам бўладими?

ЖАВОБ:

Йўқ, сиз отангиз номидан рўза тута олмайсиз. Бу бизнинг мазҳабимиз, Имом Молик мазҳабларида иттифоқий фатводир. Саҳобалардан Ибн Умар, Ибн Аббос, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳумлар, шунингдек, тобиъийнлардан Ҳасан Басрий, Суфён ас-Саврий ва аз-Зуҳрийлар шундай фикрда бўлганлар. Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг машҳур қавли ҳам шунга мувофиқдир.

Бу икки зотнинг энг саҳиҳ қавлларига кўра, ўлиб кетган отаси номига унинг рўзаларини тутиб берса бўлади.

Бизнинг далилимиз шуки, буюк саҳобий Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан: “Биров биров номидан рўза тутса, намоз ўқиса бўладими?”, деб сўралганда, у зот жавоб бериб айтган эканлар:

لا يصوم احد عن احد ولا يصلى احد عن احد

“Биров бировнинг номидан рўза ҳам тута олмайди, намоз ҳам ўқий олмайди”. Имом Молик ўзининг “Муватто” асарида ривоят қилган.

Имом Шофиъийнинг суянган далиллари, яъни ўлиб кетган одам ўрнига рўза тутиб бериш ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар эса мансух ўрнидадир. Ёки ўз ихтиёри билан нафл рўза тутиб, савобини отасига бағишлаш мумкинлигидир. Чунки, муҳаддислардан Абдурраззоқ ўзининг “Мусаннаф”ида ривоят қилишича, Ибн Умар разийаллоҳу анҳу гапининг давомида бундай деган:

ولكن ان كنت فاعلا تصدقت عنه اواهديت

Лекин, шуни қилмоқчи бўлсанг, унинг номидан садақа қилишинг ёки ҳадя қилишинг мумкин бўлади”.

Демак, сиз отангизнинг қолдирган рўзаларининг қазосини тута олмайсиз. Бироқ, ўзингиз рўза тутиб, савобини отангизга бағишлашингиз, ҳадя қилишингиз мумкин.

САВОЛ:

Вафот этиб кетган отасининг қолдирган рўзаларининг қазосини тутиш мумкин бўлмаса, уларнинг фидясини бериш мумкинми? Бу нарса фарзандлик бурчими?

ЖАВОБ:

Агар бир одам Рамазон рўзасини (рўзаларини) қазо қилиб, қазосини ҳам бажара олмай оламдан ўтиб кетса, унинг номидан ворислари (фарзандлари) фидя беришлари мустаҳабдир. Бунда ўлган одам Рамазон рўзасини қазо қилиб, шу қазо қилган рўзани тутиш имконияти, муддати бўла туриб, кейин вафот этган бўлса, ўша қазоларининг фидяси берилади. Бўлмаса, яшаган миқдорича бўлган қазо рўзаларининг фидяси берилади.

Агар вафот этган одам қазоларининг фидясини беришни васийят қилган бўлса, ворисларига бу вожиб бўлади. Демак, отасининг қолдирган рўзаларининг фидяларини бериш фарзандлик бурчига кирар экан. Бу отанинг қолдирган меросининг учдан биридан берилади.

Имом Шофиъий ҳазратлари ота васийят этсин, хоҳ этмасин, фарзандлар унинг қолдирган ҳамма молидан унинг тутмаган рўза (ёки намоз)ларининг фидяларини беради, деб фатво берган эканлар.

Имом Термизий  ва Ибн Можжа Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилади:

من مات وعليه شهر رمضان فليطعم عنه مكان كلّ يوم مسكينا

“Кимки вафот этсаю, унинг гарданида Рамазон рўзаси қолган бўлса, унинг номидан ворислари ҳар куни ўрнига бир мискинга таом берсин”.

Имом Насоий Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилади:

…ولكن يطعم مكان كلّ يوم من حنطة

“Лекин, ҳар бир куни ўрнига буғдойдан таом беради”.

Бизнинг мазҳабимиз уламолари рўза баданий ибодат бўлгани учун намозни ҳам унга қиёс қилиб, ҳар бир намознинг қазоси бир кунлик рўза кабидир, дейишди ва унга ҳам фидя берилади, деган истеҳсон фатвосини беришди. Витр намозининг ҳам қазоси ўқилишини инобатга олсак, бир кунлик намозлар олти вақт бўлади. (“Мухтасар ал-Виқоя”, “Жомиъ ар-румуз”).

Демак, ҳар кунига буғдойдан ярим соъ (икки кило) фидя бўладиган бўлса, битта Рамазон учун 60 кило буғдой, бир кунлик намоз учун 12 кило буғдой фидя берилади.

Улар, албатта, камбағалларга берилиши керак.

САВОЛ:

Мен вафот қилиб кетган ота-онамнинг қолдирган рўза ва намозлари фидяларини беришни хоҳлайман. Лекин, унга қодир эмасман. Умуман, фидя учун ажратиладиган шунча маблағни эҳсон қилишнинг ўзи бўлмайди.

ЖАВОБ:

Сизнинг ҳолатингизга ўхшаган ҳолатларни мушоҳада қилган мутааххирийн уламоларимиз бундай йўл тутишни тавсия қиладилар: Бир Рамазоннинг фидяси ва бир ойлик (ёки йиллик) намознинг фидяси миқдоридаги маблағни олиб, битта камбағалга берилади. Ўша одам қабул қилиб олган молини эгасига яна ҳадя қилиб беради. Мол эгаси яна шуни шунча вақт фидяси учун деб, ўша мустаҳиққа садақа қилади. Фақир олади ва яна эгасига ҳадя қилади. Шу тариқа бутун рўза ва намозларининг фидяларини адо қилиб чиқади. Охирида фақир молни эгасига ҳадя қилади. Эгаси ўша фақирни бир қанча нарсалар бериб рози қилади. (“Фатовойи Оламгириййа”, “Радд ул-муҳтор”). Бу нарса халқимиз орасида “давра ўтказиш”, “тадовур” деб юритилади.

САВОЛ:

Мен фидя бериш тариқасини билмасам, нима қиламан?

ЖАВОБ:

Сиз биладиган бошқа одамни (муллани) топиб, уни ота-онангиз фидясини беришга вакил қиласиз. У сизнинг номингиздан иш юритади.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *