Рўзани бузадиган ва макруҳ ҳамда мубоҳ бўладиган амаллар

Lotin alifbosida

005. Ruzani buzadigan, makruh va muboh amallar

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Рўзани бузадиган ва макруҳ ҳамда мубоҳ  бўладиган амаллар

САВОЛ:

Рўзасини қасдан бузса нима бўлади? Қандай ҳолатларда каффорат лозим бўлади?

ЖАВОБ:

Рўзасини қасдан, яъни, рўзадор эканлигини била туриб, бузиш асло мумкин эмас. Оғир гуноҳкор бўлиб қолади. Зотан, Парвардигори олам мана бундай деб амр қилган:

 يا أيها الذين آمنوا أطيعوا الله و أطيعوا الرسول ولا تبطلوا أعمَلكم

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз! Амалларингизни зое қилмангиз!” (Муҳаммад сараси, 33-оят).

Қасдан рўзани бузиш кундузи рўзадорлигини била туриб қуйидагиларни ишлашдир:

Хотин билан қўшилган эркак;

Хотин ҳам шунга рози бўлса у ҳам;

Инсонга озуқа бўладиган нарсаларни еса ва ичса;

Дори бўладиган нарсаларни еса ва ичса.

Юқоридаги ҳолатларда инсон йўқотилган ўша кун учун бир кун қазо тутиб беради ва қасдан қилганлик жазосига яна каффорат тўлаб беради.

Каффорат ҳадиси шарифларда қуйидагича белгиланган:

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

انّ النبى صلى الله عليه وسلم أمر رجلا أفطر فى رمضان ان يعطق رقبة او يصوم شهرين متتابعين او يطعم ستين مسكينا

“Албатта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда қасдан рўзасини очган кимсага бир қул озод қилмоқни ёки икки ой пайдарпай рўза тутмоқни ёки олтмиш мискинни тўйдирмоқни буюрдилар”.

Имом Шофиъий ҳамда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларида қасдан Рамазонда еб-ичган одамга каффорат лозим эмас, дейилади. Улар фақат қасдан жимоъ қилганларга каффорат лозим, дейдилар. Уларнинг далили шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши ҳалок бўлдим, деб келиб рўзадор ҳолида жимоъ қилиб қўйганлигини айтган. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам унга каффорат тўлашини буюрганлар. Жимоъга буюрилган каффоратни еб-ичишга татбиқ қила олмаймиз. Бу ҳадис сиҳҳоҳи ситтада зикр этилган.

Бизнинг мазҳабимиз уламолари айтадилар: Тўғри, ушбу ҳадиси шарифда рўзасини бузишда қасдан жимоъ қилганга каффорат буюрилган. Бу ерда қасдан жимоъ қилиш муроддир. Еб-ичиш билан ҳам рўзада қасдан жиноят қилиш бор. Юқоридаги Саҳиҳайндан келтирилган Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳунинг ҳадисида келтирилган рўзани бузиш мутлақдир. Демак, у еб-ичишни ҳам ўз ичига олади. Бу қарашни Имом Дорақутний мазкур саҳобадан қилган ривоятлари ҳам очиқ тасдиқлайди. Унда айтилишича, Рамазонда қасдан еб қўйган кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қул озод қилишни ёки икки ой рўза тутишни ёки олтмиш мискинни тўйдиришни амр қилганлар.

Бир одам рўзасини қасддан бузса, сўнгра ўша куни ҳайз кўриб қолса ёки касал бўлиб қолса, қазо лозим бўлади, каффорат эмас. Бироқ, рўзани қасддан бузгандан сўнг сафарга чиқиб кетса, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлади[1].

САВОЛ:

Рўзани қасдан бузганда каффорат буюрилиши ҳамма рўзаларга тааллуқлими?

ЖАВОБ:

Йўқ, албатта. Рамазони шарифнинг ҳурматидан фақат Рамазон рўзасини қасдан бузганларга каффорат буюрилган. Бошқа рўзалар қазо, назр ёки нафлларда қасдан бузганларга каффорат буюрилмайди. Уларни қасдан бузилганда, фақат ўша куннинг қазосини тутиш буюрилади, холос.

Рамазоннинг қазоси деб бир одам рўза тутишни бошлади, лекин кундузи маълум бўлдики, унинг қазоси йўқ экан. Агар у рўзасини очиб юборса, унга каффорат ҳам, қазо ҳам лозим эмас. (аз-Захоир ал-ашрафиййа).

Яна шуни билмоқ керакки, бир Рамазонда бир неча марта қасдан рўзасини бузса ҳам, бир марта каффорат тўлайди. Чунки, жиноят такрор бўлгани билан бир Рамазонда бўлди. Каффорат эса жазо учун, зажр-қийнаш учун чиқарилган. Бу бир марта етарли бўлади. Бир неча нарсани бир неча жойдан ўғирлаб, қўлга тушган ўғрининг бир қўли кесилади.

Яна шуни билмоқ керакки, каффоратни тўлашда ҳадиси шарифда зикр этилган тартибга риоя этилиши лозим. Яъни, аввал қул озод қилади. Агар ҳозирги замондагидек, қул топилмаса, икки ой пайдар-пай рўза тутади. Агар рўза тутишга қуввати етмаса, олтмиш мискинни тўйдиради.

САВОЛ:

Рўза тутиб кейин қасдан очиб юборса, кейинчалик тавбаси қабул бўладими?

ЖАВОБ:

Албатта, тавбаси қабул бўлади. Шунингдек, имконияти ва шаръий мажбурияти бўла туриб, рўза тутмаган одамнинг ҳам тавбаси қабул бўлади. Фақат ҳақиқий тавба қилмоқ лозим. Аллоҳ таоло деган:

يا أيها الذين آمنوا توبوا الى الله توبة نصوحا عسى ربكم ان يكفر عنكم سيآتكم ويدخلكم جنت تجرى من تحتها الأنهار يوم لا يخزى الله النبى والذين آمنوا معه

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирганларни шармисор қилмас”. (Таҳрим сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло бошқа ўринда мана бундай деб марҳамат қилган:

قل يا عبادى الذين أسرفوا على أنفسهم لا تقنطوا من رحمة الله انّ الله يغفر الذنوب جميعا انه هو الغفور الرحيم  وأنيبوا الى ربكم وأسلموا له من قبل ان يأتيكم العذاب ثمّ لا تنصرون

“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи мағфиратли ва раҳмли зотдир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!”. (Зумар сураси, 53-54-оятлар).

САВОЛ:

Рўзани қасдан бузганда, каффорат лозим бўлиши учун озуқа ёки дори бўладиган нарсаларни еб-ичса, деб қайд этилади. Озуқа ёки дори бўлмаса-чи? Еб-ичмасдан укол орқали юборилса, ёки қулоқдан орқа тешикдан юборилса-чи? Ундай ҳолатда ҳам каффорат тўлайдими?

ЖАВОБ:

Каффорат лозим бўлиши учун рўзадор одам озуқа бўладиган нарсани ейиши керак. Демак, тошни ёки тангани қасдан ютиб юборса, рўзаси очилади. Ўша куннинг қазосини тутиб беради. Лекин каффорат лозим эмас.

Болалар ва айрим катталар ҳам баъзида покиза ва маълум кесак ейдилар. Агар ана шундай ейиладиган кесакни Рамазонда рўза тутган одам қасдан еса, унга қазо ва каффорат лозим бўлади. Чунки, у озуқа сифатида ейилмоқда. Агар шунга эҳтиёжи йўқ одамлар, қандайдир кесакни есалар, уларга фақат қазо тутиш лозим бўлади, каффорат эмас. (“Радд ул-муҳтор”).

Ток барги одатда ейиш мумкин бўлгани учун, шунингдек, кашнич, укроб каби гиёҳларни қасдан ейиш билан қазо ва каффорат лозим бўлади. (“Оламгириййа”).

Агар туз ютса, еса, фақат қазо рўзасини тутади. Баъзи уламолар агар у туз еб юрадиган бўлса, (масалан таомланишдан аввал) ҳам қазо, ҳам каффорат тутади, деганлар. Шунингдек, тузни бир неча дафъада еса ҳам қазо ва каффорат лозим бўлади. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).

Дори бўладиган нарсани ейиши керак. Демак, темирни қасдан ютиб юборса, рўзаси очилади, қазосини тутиб беради. Лекин каффорат лозим эмас. Аммо, масалан, аналгин ёки шунга ўхшаш таблеткаларни қасдан еса, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлади.

Шунингдек, одатдагидек, еб-ичиши керак. Дорини укол орқали қасдан юборса ҳам каффорат лозим эмас. Орқа тешикдан юборса ҳам каффорат лозим эмас. Фақат рўза очилган ҳисобланади. Шунинг учун қазосини тутади. Дорини қулоқдан ёки бурундан юборса ҳам рўза очилади. Шунга қазо тутади, лекин каффорат тўламайди.

САВОЛ:

Одам оғзида тишлари орасида қолган нарсаларни ютса, ёки кунжутни чайнаб ютса, рўза очиладими?

ЖАВОБ:

Агар оғзида қолган нарса нўхатдан кичик бўлса, уни ютиб юбориш билан рўза очилмайди, акс ҳолда рўза очилади.

Агар тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани оғзидан чиқариб, кўриб, кейин ютиб юборса, рўзаси очилади.

Агар биттаиккита  кунжутни чайнаб ютса, рўза очилмайди, чунки, тишлари орасида қолиб кетади. Агар чайнамай ютса, рўзаси очилади. Агар бир ҳовуч кунжутни ютса, чайнаса ҳам, чайнамаса ҳам рўзаси очилади.

САВОЛ:

Укам рўзада билмасдан нон еяётган эди. Мен уни огоҳлантирдим. У рўзадорлигини билди, аммо оғзидаги луқмасини ютиб юборди. Унга каффорат лозимми?

ЖАВОБ:

“Уйун ал-масойил” ҳамда “Бадойиъ” асарларида айтилишича, мазкур масъала борасида мутааххирийн уламоларнинг тўртта қараши бор:

Каффорат лозим бўлмайди;

Каффорат лозим бўлади;

Агар оғзида турганида ютиб юборган бўлса, каффорат лозим эмас. Агар оғзидан чиқариб, кейин ютиб юборса, каффорат лозим бўлади;

Агар оғзидан чиқармасдан ютиб юборса, каффорат лозим бўлади, аксинча бўлса, яъни, оғзидан чиқариб, кейин ютиб юборса, каффорат лозим бўлмайди.

Абул Лайс ас-Самарқандий кейинги қавлни энг саҳиҳ деганлар.

Демак, укангиз бу ҳолатда мана шу охирги қавлни олгани маъқул. Аввалгиларни олса ҳам гуноҳ бўлмайди.

Аммо, у ҳар қандай ҳолатда, албатта, бир кун қазо рўза тутиб бериши керак.

САВОЛ:

Рўзадор тупугини ютса бўладими?

ЖАВОБ:

Тупук рўза учун зарар қилмайди. Чунки у оғиз сувидир. Демак, тупугини ютса, зарари йўқ. Аммо, оғиздан тупугини чиқариб, кейин ютадиган бўлса, рўзаси очилиб кетади. Бир кунига бир кун қазо тутади. Бировнинг тупугина ютса, ҳам шу ҳукмдир. (“Шарҳи Ниқоя”). Лекин “Фатовойи Таторхония”да яқин одамининг тупугини ютса, қазо ва каффорат лозим, дейилибди[2]. Гапирганда лаб намланса, ва шу намни ютса, рўзаси очилмайди. (“Фатовойи Қозийхон”).

Баъзи уламолар оғизда тупугини тўплаб туриб, ютишни ҳам рўза бузилишига олиб келади, деганлар. Аммо, бундай қилаверишнинг макруҳлигига уламолар иттифоқ қилганлар.

Бир-икки томчи кўз ёши ёки юз териси оғизги кириб, таъми сезилса, рўзани очмайди. Агар кўпини тўплаб ютилса, рўза очилади.

САВОЛ:

Бурундаги балғам (мишиқи)ни қаттиқ тортиш билан ёки оғизга келган балғамни ютиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ:

Ҳанафий ва Моликий мазҳабларида бурунга келган мишиқини димоғга тортиш билан ёки оғизга келган балғамни ютвориш билан рўза очилмайди. Бу Абу Ҳанифа ва Муҳаммад қавлига кўрадир. Ибн Аби Шайбанинг ривоятига кўра Ҳасан Басрий, Иброҳим Нахаъий каби тобиъйнлар ҳам шундай фикрда бўлганлар. Агар балғам оғиз ташқарисига чиқса-ю, уни ютса рўза очилади, албатта. Имом Абу Юсуф қавлида балғамни ютиш билан рўза очилади.

САВОЛ:

Рўзадор таҳорат қилганда оғиз чайиш ёки бурунни ювиш асносида ногаҳон ичига сув кириб кетса, рўзаси очиладими?

ЖАВОБ:

Аслида рўзадор одам таҳорат қилишда жуда эҳтиёт бўлмоғи керак. Хусусан, оғиз ва бурун чайишда. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни бизга буюрганлар:

أسبغ الوضوء وبالغ فى الاستنشاق الا أن تكون صائما

“Таҳоратни комил қилгин ва бурун чайишда муболаға қил, фақат рўза бўлсанг, ундай қилма!”. (Сунан соҳиблари ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда унинг рўзаси очилади.

Имом Шофиъий ва Имом Молик мазҳабларида бир қавлига кўра бу ҳолатда рўза очилмайди. Жумҳур Ҳанбалийлар очилмайди, дейди. Уларнинг далили шуки, Аллоҳ таоло деган:

وليس عليكم جناح فيما اخطأتم به

Сизларга унда хато қилган нарсаларда гуноҳ йўқдир”.

Яна Имом Табароний (Савбон р.а.дан) ва Имом Байҳақий (Ибн Умар р.а.дан) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилган эканлар:

      رفع عن أمّتى الخطاء والنسيان وما استكرهوا عليه

      “Умматимдан хато, эсдан чиқариш ва унга зўрлаш (гуноҳи) кўтарилган”.

      Улар унутиб рўзада еб қўйишга хато қилиш ва зўрланишни қиёс қилганлар. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятлари (бошқа муҳаддислар ривоятлари мазмуни)да мана бу гаплар иршод қилинади:

      من نسى وهو صائم فأكل او شرب فليتمّ صومه فانما أطعمه الله وسقاه

      “Кимки рўзадор ҳолатида унутиб, еса ва ичса, рўзасини тўла қилсин, тугатсин. Зеро, уни Аллоҳ едирган ва ичиргандир”.

      Бизнинг мазҳабимиз далили шуки, бу нарса нисёнга ўхшамайди. Зотан, нисёнда рўзадорлиги эсида йўқ, еб-ичган. Парвардигори оламнинг ўзи уни меҳмон қилган. Хато бўлган суратда эса рўзаси эсида бор эди, хато қилиб ичига сув киритиб юборди. Имом Байҳақий “Сунан ал-кубро”да Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда (Ҳазрати Али к.в.дан ҳам ривоят қилинган) ул зот  айтадилар:

      انما الوضوء مما خرج وليس مما دخل واما الفطر مما دخل

“Албатта таҳорат бадандан чиққан нарсадан қилинади, кирган нарсадан эмас. Рўзанинг очилиши эса кирган нарсадандир”.

Мазҳабимизнинг мўътабар манбаси бўлмиш “ал-Ҳидоя”да айтилишича, нисён, яъни, рўзадорлиги эсидан чиқиб, еб-ичиб қўйиш кўп содир бўлади. Хато ва зўрлаш эса жуда камдан-кам ҳолларда юз беради. Булар ўзи ёки биров тарафидан йўл қўйилди. Нисёнда эса бундай бўлмади.

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифдаги маъно эса фақат уларнинг гуноҳ олиш-олмаслиги ҳақида бормоқда.

САВОЛ:

Агар ҳали тонг отмади, деб саҳарликда еб-ичиб ўтираверса, шу аснода тонг отганлиги маълум бўлса, ёки қуёш ботди, деб ейишни бошласа, шунда ҳали қуёш ботмагани маълум бўлса, нима бўлади?

ЖАВОБ:

Бу икки суратда, албатта, рўза бузилган бўлади. У куннинг ҳурмати учун қуёш бутунлай ботгунича, имсок қилиб, яъни еб-ичмай туриши лозим. Унга каффорат лозим бўлмайди, чунки, қасдан очгани йўқ. У ўша куннинг қазосини тутиб беради.

Имом Абу Довуд Асмоъ разийаллоҳу анҳодан қилган ривоятда айтилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида булутли кунда оғиз очдик, сўнг ҳали қуёш чиқиб турганини кўрдик”. Ушбу ҳадиснинг ровийларидан Усома разийаллоҳу анҳу Ҳишомга айтади: “Ўшанда оғиз очганларнинг ҳаммаси қазо тутишга буюрилдилар. Қазо тутиш лозимдир”. Бунга ўхшаш ҳадиси шарифни Имом Бухорий ҳам Асмоъ разийаллоҳу анҳодан ривоят қилган.

Имом Шофиъий, Имом Байҳақий ва Абдурраззоқлар Бишр ибн Қайсдан ривоят қиладилар. У айтади: “Бир куни кечқурун Ҳазрати Умарнинг олдида эдим. Булутли кун эди ўшанда. Қуёш ботди, деб ўйлаб Ҳазрати Умар сув ичди ва менга ҳам ичирди. Сўнг тоғ тепасида ҳали қуёш турганини кўриб қолди. Шунда Ҳазрати Умар: “Ҳечқиси йўқ, ўрнига бир кун қазо тутамиз”, деди”.

САВОЛ:

Саҳарлик пайтида акам тонг отди, деб айтди. Шунда мен унинг гапига ишонмай, еб ўтиравердим. Кейин билсам, ҳақиқатан ҳам тонг отган экан. Менга қазо ва каффорат лозимми?

 ЖАВОБ:

Билмоқ керакки, агар икки киши тонг отганига, яна икки киши тонг отмаганига гувоҳлик берганларидан кейин еб-ичишни тўхтатмаган бўлса, сўнгра олдингиларнинг гапи рост чиқса, ҳам қазо, ҳам каффоратни адо этади.

Агар тонг отди деб бир гувоҳ, тонг отмади деб бир гувоҳ айтганидан кейин еб-ичса ва олдинги гувоҳнинг гапи рост чиқиб қолса, бир кун рўза қазоси вожиб бўлади. Каффорат вожиб бўлмайди. Зеро, тонг отганига битта гувоҳнинг гапи тўлиқ ҳужжат бўла олмайди. (“Оламгириййа”, “Қозийхон”).

Демак, сиз акангизнинг гапига ишонмай, еб-ичган бўлсангиз, қазо тутиб берасиз.

Қуёш ботди, деб икки киши, ботгани йўқ, деб икки киши гувоҳлик берганидан кейин оғзини очиб юборган рўзадорга қуёш ботмай туриб ифторлик қилгани маълум бўлса, қазо вожиб, каффорат вожиб эмас. (“Оламгириййа”, “Қозийхон”).

САВОЛ:

Менинг дадам рўза тутиб, меҳмонга бориб ош еб қўйган. Эсига келган заҳоти ейишни тўхтатган ва рўзани давом қилдирган. Тасодифни қарангки, эртасига шу ҳолат яна такрорланган. Энди, у шу ердагиларнинг гап-сўзи, ўзининг хаёли билан рўзам очилиб кетди, деб ошни еяверган. Бундай ҳолатда нима қилмоқ керак?

ЖАВОБ:

Биринчи куни унинг рўзаси очилмаган, ҳисобланади. Иккинчи куни эса очилган, шунинг учун у Рамазондан сўнг ўша куннинг қазосини тутиб беради.

Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: “Мен рўзадор ҳолимда унутиб, еб-ичиб қўйдим”, деганида, ул зоти шариф бундай деган эканлар:

أتمّ صومك فانّ الله أطعمك وسقاك ولا قضاء عليك

Рўзангни тугатгин, чунки сени Аллоҳ таоло едирган ва ичиргандир. Сенга қазо тутиш йўқ”. Бу ҳадиси шарифни Имом Дорақутний ва Имом Баззор ривоят қилганлар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида мана бу гаплар иршод қилинади:

      من نسى وهو صائم فأكل او شرب فليتمّ صومه فانما أطعمه الله وسقاه

“Кимки рўзадор ҳолатида унутиб, еса ва ичса, рўзасини тўла қилсин, тугатсин. Зеро, уни Аллоҳ едирган ва ичиргандир”.

      Имом Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким ва Имом Байҳақийлар Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай марҳамат қилганлар:

      من أفطر رمضان ناسيا فلا قضاء عليه ولا كفارة

“Кимки Рамазонда унутиб оғзини очиб қўйса, унга қазо тутиш ҳам каффорат бериш ҳам йўқдир”.

Ушбу ҳадисларга биноан Рамазонда рўзадорлигини эсидан чиқариб бирор нарса еб қўйса ёки ичиб қўйса, рўзадорлиги эсига келган заҳоти еяётган ва ичаётган нарсасини дарҳол тўхтатиши, оғзидагини ҳам чиқариб ташлаши лозим. Шу билан рўзасини тутаверади. Рўзаси рўза бўлади.

Аммо, рўзаси эсидан йўқ, бирор нарса еб қўйса, кейин рўзам очилди, деб еса рўзаси очилган ҳисобланади. У кечгача оч юриши лозим ва еб қўйганлиги учун Рамазондан сўнг бир кун қазо тутиб беради. Лекин, каффорат рщза тутиб бермайди.

Бир одам кўзига сурма суртса, боши қонаса, хотинини ўпса, кейин рўзам очилган бўлса керак, деб еб-ичса, рўзаси ҳақиқатдан ҳам очилган бўлади. Гумони ножоиз ўринда бўлгани учун ҳам қазо тутади, ҳам каффорат рўза тутиб беради. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).

САВОЛ:

Биз аэропортда кун ботганлиги учун оғзимизни очиб, бемалол еб-ичиб, шомни ўқиб, кейин самолётга чиқдик. Самолёт бироз учганидан кейин қарасак, қуёш кўриниб турибди. Биз нима қиламиз?

ЖАВОБ:

Сизнинг ўша кунги рўзангиз тўлиқ тутилган ҳисобланади. Зотан, сиз кун ботганидан сўнг оғизни очгансиз. Рўзанинг шарти қуёш ботгунигача еб-ичишдан тўхтаб туришдир.

Аммо, сиз самолётга чиққанингизда қуёш кўриниб турса, еб-ичишни то қуёш кўринмай қолгунча тўхтатиб турасиз. Зотан, ҳадисда келган:

          الصوم يوم تصومون والافطار يوم تفطرون

“Рўза рўза тутадиганингиз кунда, ифтор рўзани очадиганингиз кундадир!” (Имом Абу Довуд ва ат-Термизийлар Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривоятлари) деб келган.

Яъни, одамлар билан рўза тутиб, одамлар билан рўза очилади. Демак, сиз самолётдагилар ва самолёт учиб бораётган ҳудуддагилар билан бирга бўлишингиз керак. Бу ҳақда мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларидан бири Абу Абдуллоҳ аз-Зарир Искандариййада минорада турган одам қуёшни кўриб турса, пастдагилар қуёш ботганига гувоҳ бўлсалар, пастдагилар рўзасини очади, минора тепасидаги рўзасини очмайди, деб фатво берган эканлар.

САВОЛ:

Рамазонда мисвок ишлатилмайдими? Мисвок ишлатса, бўладими? Рамазонда мисвок ишлатишнинг афзал вақти қачон ҳисобланади?

ЖАВОБ:

Рамазонда ва бошқа кунларида инсон рўзадор бўлганида мисвок ишлатмаслик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки мисвок ишлатиш ҳар бир намоз, балки ҳар бир таҳорат учун суннати муаккададир. Саҳиҳ ҳадисларда келганидек, мисвок оғизни покловчи, Парвардигорни рози қилувчидир. (Бухорий, Шофиъий, Насоий ривоятлари). Уни рўза пайтида ҳам, рўзадан бошқа пайтда ҳам ишлатиш даркор. Уни рўзада ишлатиш рўзани бузмайди. Мисвокнинг ҳўл ёки қуруқ бўлишининг фарқи йўқ. Ишлатаверади. Имом Абу Юсуф наздида ҳўл мисвокни ишлатиш макруҳ бўлади.

Баъзи Шофиъий мазҳабидаги уламолар уламолар рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Парвардигори олам учун мушки анбардан ҳам яхшироқ эканлиги ҳақидаги ҳадиси шариф (Муҳаддислардан Аҳмад, Муслим ва Насоийларнинг Абу Ҳурайрадан ривояти)га асосланиб, пешиндан сўнг мисвок ишлатмагани маъқул, дейишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам рўза ҳолатларида мисвок ишлатишни асло тарк қилмаганлар. Жумладан, Имом Бухорий, Термизий ва Абу Довудлар Омир разийаллоҳу анҳунинг гапларини келтирадилар: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб-саноғига, ҳисоблаб-ҳисобига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман”. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок ишлатишни рўзадорнинг энг афзал хислати, деганлар. (Имом Ибн Можжа ва Имом Дорақутнийлар Оиша р.а.дан қилган ривоятлари).

Лекин, мисвок ишлатганда милклар қонаса, ёки оғизга мисвок таъми сезилса, уни ютиб юбориб бўлмайди. Рўза очилиб кетиши мумкин. Бунга диққат қилиш керак.

САВОЛ:

Саҳарлик қилиб бўлгандан сўнг, масалан, эрталаб ёки бомдоддан сўнг тиш пастаси ва чўткаси билан тиш тозаласа бўладими?

ЖАВОБ:

Оғизларни сув билан, мисвок билан, тиш чўткалари билан рўзадор ҳолда тозалаш, шаксиз, мумкиндир. Мисвок ишлатишни баъзи уламолар пешиндан сўнг маъқул кўрмаган бўлсалар-да, (улар, асосан, Шофиъий мазҳабидагилар) аммо мисвок ҳақидаги умумий далилларга суянган ҳолда уни ишлатиш жоиз дейилади. Мисвок оғизнинг ҳидларини йўқотмайди, балки уларни хушбўй қилади, таом қолдиқларидан тозалайди.

Аммо, тиш пастасига келсак, унинг ҳиди, таъми бор. Таъмни сезиш, тотиб кўриш эса бил-иттифоқ макруҳдир. Зотан, оддий сув билан ҳам оғизни чаявериш макрҳулиги фатов китобларда келтирилади. Унинг таъми оғиз сувига аралашиб кетади, ютиб ҳам юбормасликнинг иложи йўқ.

Шу билан бирга, уни саҳарликдан сўнг ишлатмасликнинг иложи бўлмаса, эҳтиётини қилиб, ундан ҳеч нарсани ютиб юбормасдан ишлатиш мумкин, албатта. Зеро, мазҳабимиз китобларида, узр бўлган пайтда, масалан, эрининг хулқи ёмон бўлса, хотинга овқатнинг таъмини кўриши, бозорда олаётган нарсасининг таъмини билиши жоиз, дейилган.

Агар тишни мисвок қилаётганда, ёки тиш пастаси билан юваётганда милклар қонаб кетса, рўзани очмайди.

САВОЛ:

Рўзадор одам юзни парваришлаш мақсадида юзига крем суриши мумкинми? Бунинг рўзага зарари йўқми?

ЖАВОБ:

Рўзадор одамнинг юзга крем суриши жоиздир. Бунинг рўзага зарари йўқ. Чунки у баданнинг устига сурилади, у ичга кирмайди. Рўза эса ичга кирган нарсаларга бузилади. Агар бадандан сўрилса ҳам, одатдаги жойлардан кирмаганлиги учун рўзани очмайди.

САВОЛ:

Рўзада қон олдирса бўладими? Зулук қўйдирса, бўладими?

ЖАВОБ:

Рўзада қон олдиришда Ҳанбалий мазҳабидагилар ва кўпгина аҳли ҳадислар рўзани бузади, деганлар. Уларнинг далили шуки, Рамазонда қон олдириш учун келган одамга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أفطر الحاجم والمحجوم

“Қон олгувчининг ҳам, қон олдирганнинг ҳам рўзаси очилади”, деган эканлар. Буни Имом Аҳмад ва тўртта сунан соҳиблари (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа) ривоят қилганлар. Имом Абу Довуд ва Ибн Аби Лайло ривоят қилган ҳадиси шарифдан Пайғамбаримиз алайҳиссалом рўзада қон олдиришдан қайтарган эканлар. (Бу ердаги қон олганнинг рўзаси бузилишига сабаб бир пайтлар қон олувчи киши қон олиш учун қонни махсус асбоб ёрдамида оғзи билан сўриб олар эди. Қон ичга кириб кетиш хавфи бўлганидан бу ҳадиси шарифда унинг ҳам рўзаси бузилиши айтилмоқда).

Аслида, бу ҳадиси шарифлар мансух бўлган!

Уни насх қилган ҳадиси шарифни Имом Бухорий ҳазратлари Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар:

احتجم النبى صلى الله عليه وسلم وهو صائم

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида қон олдирдилар”.

Дорақутний ривоят қилган ҳадисда айтилишича, энг биринчи рўзада қон олдиришни кариҳ кўрган зот Жаъфар ибн Аби Толиб разийаллоҳу анҳу бўлган эканлар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралганда, ул зоти шариф рўзадор учун қон олдиришга рухсат берганлар. Шунга биноан Анас разийаллоҳу анҳу рўзадор бўлсалар-да, қон олдираверар эканлар. Имом Дорақутнийнинг бу ҳадисларининг ровийларининг барчаси ишончли кишилар бўлган.

Имом Насоий Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзада хотинини ўпишга ва қон олдиришга рухсат берганлар. Ҳатто Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу: “Қон олгувчининг ҳам, қон олдирганнинг ҳам рўзаси очилади”, деган гап бўлсада, мен қон олдиришни ёмон кўрмайман”, деганлар.

Шунинг учун бизнинг мазҳабимизда рўзадор одам қон олдириши мумкин бўлади. Бу билан унинг рўзаси очилмайди. Қон олдириш хоҳ тери остидан бўлсин, хоҳ томирдан қон олган бўлсин, фарқи йўқ. Демак, зулук ёрдамида бўлсин, игна ёрдамида бўлсин, қон олдириш мумкин. Бироқ, бошқа мазҳабларнинг ҳам риоясини қилиб, иложи борича, кечда қон олдирган маъқул. Чунки, “Фатовойи Таторзония”да агар заифлик юз берадиган бўлса, қон олдиришни макруҳ дейилган, яхшиси, шомдан сўнг олдирсин, деб буюрилган[3].

САВОЛ:

Рўзада укол олиш мумкинми?

ЖАВОБ:

Аслида, укол, игна санчиш кейинги даврларда пайдо бўлган. Кейинги даврларда пайдо бўлган ҳолатлар учун қадимда ёзилган китоблардан жавоб изланмайди. Унинг жавобини замонамиз олимлари беради. Улар аввал ёзилган китоблардаги ҳукмларга қиёс қилиб фатво беришлари мумкин.

Рўза ҳолатида укол олиш борасида ҳозирги замона фақиҳлари уч хил фикрдадирлар. Далилларнинг фақат зоҳирига қараб ҳукм қиладиганлар укол олиш мутлақо рўзани бузмайди, дейдилар. Хоҳ ўша укол томирдан бўлсин, хоҳ тери остига бўлсин. Чунки, рўзани бузиш учун ичга ташқаридан нарса кетиши керак, дейилади. Бу ҳолатда ичга, қоринга ҳеч нарса бормайди.

Иккинчи фикр эса иккинчи тоифа уламолари томонидан айтилган, бу тоифа уламоларига бизнинг юртимиз уламоларидан баъзилари қўшиладилар. Уларнинг фикрига кўра, рўзада укол олиш мутлақо рўзанинг бузулишига олиб келади. “Ҳидояи шариф”да бадандаги бирор жароҳатга қуюқ дори қўйса, рўза очилмайди, агар суюқ дори қўйилса, рўза очилади, дйилган. Бинобарин, суюқ дорини укол билан юбориш рўзани очилишига олиб келади.

Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Таҳорат чиққан нарсага, рўза эса кирган нарсага бузилади”, демишлар. Аслида, одатда кирадиган жойлардан бошқа ўринлардан, масалан, бадандан кирган нарса рўзани очмайди. Аммо, бу суратда ўзи махсус ичга нарса киритаяпти. Бинобарин, рўза очилади.

Ўртачаликни ўзларига шиор қилган уламолар эса мана бу хилда фатво берганлар:

Укол олиш икки хил бўлади. Бирисидан ғизоий мақсадда фойдаланилади, яъни, баданга қувват бўлиш учун укол олинади. У ҳолатда, ҳатто, ейиш ва ичишдан ҳам одам беҳожат бўлади. Бундай уколларни олиш бил-иттифоқ рўзани очади. Шунинг учун катта қон томирларга қилинган уколдан уламоларимиз қайтарадилар.

Аммо, мускулга, тери остига қилинган уколдан бадан қувват олмайди. Шунинг учун у рўзани ҳам очмайди. Яна унда баданга одатдан бошқа жойларидан нарса киритилмоқда. Бундай ҳолатда рўза бузилмайди.

Шуни билмоқ керакки, ҳар икки ҳолатда ҳам инсон ўз динининг эҳтиётини қилмоқ даркор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонни эҳтиёткор бўлади, деганлар. Шунинг учун юртимизнинг баъзи уламолари рўзада укол олиш рўзани очади, деб ҳукм қиладилар. Бинобарин, кечқурун, ифтордан сўнг укол олиш эҳтиёткор, парҳезгор, тақводор мусулмоннинг нишонасидир.

САВОЛ:

Рўза ҳолатда атир ишлатиш мумкинми? Гул ва шунга ўхшаш хушбўйликларни ҳидлашчи?

ЖАВОБ:

Рўзада атир ишлатиш дуруст. Гул ҳидлаш рўзани очмайди. Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Рўзадор одам ўпиши мумкинми?” деб сўрайди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бунинг райҳон гулини ҳидлагандек зарари йўқ”, дейдилар. (Табароний ривояти). Демак, гул ҳидлаш ўпиш каби рўзани очмас экан.

Фақат уд, анбар ва шунга ўхшаш ўтга ташлаганда ҳид чиқарадиган хушбўйликларнинг тутунини ичга киритса, рўзани очади. Шунингдек, рўзада исириқ тутатиб, тутунни ичга киритса ҳам рўза очилади. Имом аш-Шурунбулолий: “Одамларнинг кўпчилиги бундан ғофилдирлар. Уларни огоҳлантириш керак, чунки, улар атир билан уду анбар тутунини бир хил деб ўйлайдилар”, деган. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).

САВОЛ:

Бемор одам оғзидан кислород юбориб (ингаляция) қўйилади. Ушбу нарса рўзани очадими?

ЖАВОБ:

Бемор одам рўза тутмасликка, рўзани кейин тутиб бериш шарти билан қолдириб туришга шариат рухсат беради. Бинобарин, бундай имкониятдан фойдаланган маъқул.

Буғ ёки газ ҳолидаги шифобахш нарсалар билан нафас олдириб даволаниши (ингаляция)да ичга мазкур нарсалар кетганлиги учун рўза очилади ва кейинчалик бир кунига бир кун рўза тутиб беради.

Бир одам рўзани бошлаб қўйиб, кейин саволдаги каби кислород олишига тўғри келди. Кислород одамнинг равон нафас олишига ёрдам берадиган, аммо таом ва сув ўрнига ўтмайдиган, аммо улардан-да зарурроқ Аллоҳнинг бир неъматидир. Таом ва сув ўрнига ўтмаганлиги учун у гул ҳидига ўхшаш нарса бўлиб, рўзани очмайди. Ислом Фиқҳи Академиясининг Жидда шаҳрида 1418-йил, 23-28 Сафар ойида (1997-йил, 14-17 июнь)да бўлиб ўтган ўнинчи мажлисида чиқарган қарорида ҳам бу алоҳида бандда кўрсатиб ўтилган.

САВОЛ:

Ошқозонни, ичакларни текшириш учун тиббий кўзгу-асбоб (эндоскоп) юттирилади. Шу рўзани очадими?

ЖАВОБ:

Аслида, эски фиқҳий китобларимизда тошни ёки танга ёхуд чўпни ип билан боғлаб, ипнинг учини ушлаб туриб юттирилса ва уни тортиб олинса, рўза очилмайди, деган масъала зикр этилади[4]. Бу нарса ўша пайтлар воқеъликда содир бўлмаган бўлса ҳам, аммо бугунги кунда саволдаги ҳолатга ўхшаб воқеъликда содир бўлмоқда. Демак, рўза очилмас экан. Ислом Фиқҳи Академиясининг Жидда шаҳрида 1418-йил, 23-28 Сафар ойида (1997-йил, 14-17 июнь) бўлиб ўтган ўнинчи мажлисида чиқарган қарорида ҳам бу алоҳида бандда қайд этилган.

САВОЛ:

Юраги оғрийдиган, нафас сиқиш (астма) касали бор одамга оғзига сепадиган дори ёки тилининг остига ташлайдиган дори бериб қўйилади. Уни ишлатиш рўзани бузадими?

ЖАВОБ:

Сепиладиган ёки тил остига қўйиладиган дори ўзи ёки оғиз суви билан аралашиб ичга кетадиган бўлса, рўзани очади.

Ичга кетмайдиган, фақат оғизда қоладиган бўлса, фақат унинг таъмини сезиш сабабли юрак тинчланадиган бўлса, махсус асбоб (пульверизатор) билан оғизга совуқ ҳаво юбориладиган бўлса рўза очилмайди. Чунки, таъмни билиш билан рўза очилмайди. Оддий сувнинг ҳам таъми бўлади. Оғиз чайиш билан рўза очилмайди-ку!

САВОЛ:

Укамнинг кўзи оғрийди. Рўзада кўзига дори томизсак бўладими? Бурунга дори томизсачи?

ЖАВОБ:

Рўзада кўзга дори томчилари томизилса бўлади. Рўзани очмайди[5]. Чунки, томизилган бир-икки томчи дори ичга кетмайди. Шунингдек, бурунга дори томизилса ҳам рўзани очмайди. Зеро, бу икки аъзо ташқи аъзо ҳисобланади. Шунинг учун ғуслда бурунни чайиш фарздир. Кўз ичини ювиш ҳараж-машаққат бўлгани учун заруратан фарзлиги қолдирилган. Кўзга ёғ суртса ҳам рўза очилмайди. Бунда димоғ тарафга ёки ҳалқум ичига ўтиб кетмаслик шарти билан, албатта.

Қулоққа ҳам сув томизилса, рўзани очмайди. Лекин унга, шунингдек, бурунга ёғ томизилса, бизнинг Имоми Аъзам мазҳабида рўзани очади. (“ал-Ҳидоя”).

      Бошқа хилофлардан қочиш учун, эҳтиёт ва тақво юзасидан ана шундай ишларни кечқурун, рўзани очгандан сўнг қилган маъқулроқдир.

САВОЛ:

Рўзадор одам қайт қилса, рўзаси очиладими? Оғзига келган қайтни орқага қайтариб юборсачи?

ЖАВОБ:

Қайт ўзи ғалаба қилиб келса, рўза очилмайди. Зотан, бундан сақланиш қийиндир. Динда эса қийинчилик ва машаққат йўқ. Аллоҳ таоло ўз китобида:

وما جعل عليكم فى الدين من حرج

“Динда сизларга ҳараждан ҳеч нарса қилмади”, деган.

Асҳоби сунан (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

من ذرعه القئ وهو الصائم فليس عليه قضاء ومن استقاء عمدا فليقض

“Кимгаки қайт келса, у рўзадор бўлса, унга қазо йўқ. Кимки ўзи қайт қилса, бас, қазо тутсин”.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан ўзи қайт қилса рўза очилади. Бундан мурод ўзини мажбурлаб, оғзига бармоғини тиқиб, ёки бошқа иложини қилиб қайт қилса рўза очилади, деганидир. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи оғиз тўлдириб қайт қилса, рўза очилади, деганлар. Ўзини мажбурлаб қайт қилган суратда таҳорат ҳам бил-иттифоқ синади.

Абуд Дардо разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда рўза кунларидан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини мажбурлаб қайт қилганлар ва рўзани очган ҳисоблаганлар, кейин сув келтириб таҳорат қилганлар. (Имом Аҳмад, Насоий ва Абдурраззоқ ривояти).

Оғзига келган қайтни орқасига қайтариб юбориш рўзани очади, албатта. Чунки, ташқари (оғизга) чиққан нарсани ичга киритиб юбориш рўзани очишига шубҳа йўқ. Фақат уламоларимиз унинг миқдорида ихтилоф қилишган. Имом Абу Юсуф оғиз тўла ҳолда қайт келиб, уни яна ютиб юборилса, рўза очилади, дейдилар. Имом Муҳаммад эса озгина бўлса ҳам ютилган қайтдан рўза очилиб кетади, деб фатво берганлар.

Умуман, оғизга келган қайтни ташқари чиқариб ташлаш керак. Ютиш рўзада ҳам, рўзадан бошқа пайтда ҳам яхши эмас.

САВОЛ:

Рўзадор одам рўза ҳолатида онанизм (кафтаки) билан шуғулланса, рўзаси очиладими?

ЖАВОБ:

Араб тилида “истимно” деб аталадиган онанизм билан шуғулланиш, албатта гуноҳ ҳисобланади. Зеро, ҳадис китобларидан асли топилмаган бўлса-да, баъзи фиқҳий китобларимизда келтирилишича, Пайғамбар алайҳиссалом:

الناكح باليد ملعون

“Қўл билан кафтаки қилиш малъунликдир”, демишлар.

Парвардигори олам Муъминун сурасининг 5-7 оятларида бундай деган:

والذين هم لفروجهم حافظون الا على ازواجهم او ما ملكت ايمانهم فانهم غير ملومين فمن ابتغى وراء ذلك فاولئك هم العادون

“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар”.

Шунга кўра рўзада ҳам, рўза ойидан бошқа пайтда ҳам бу ишни қилиш ярамайди.

Аммо, бизнинг Ҳанафий мазҳабининг баъзи уламолари, агар шаҳват ғалаба қилиб, зино қилиб қўйишдан қўрқадиган бўлса, кафтаки қилганнинг авф этилишидан умид қилинади, деганлар.

Бироқ, аслида, йигитлар, яъни, шаҳвати кўпайганлар учун рўза тутиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан зинодан сақланиш чораси сифатида тавсия қилинган:

يا معشر الشباب، من استطاع منكم الباءة فليتزوّج، فانه أغضّ للبصر وأحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم

“Эй йигитлар жамоаси, сизлардан кимки манба (бирор нарса) тополса, бас, уйлансин. Зеро, бу кўз учун ерга қаратгувчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Кимки бунга қодир бўлмаса, бас, унга рўза лозимдир!”.  (Имом Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можжа ва термизийлар Ибн Масъуд р.а.дан ривоятлари).

Ана шундай бўлгандан кейин, рўза тутган ҳолатда бу иш билан шуғулланиш гуноҳни янада оғирлаштиради. Бундай ярамас қилиқдан сақланиш керак.

Агар рўза ҳолатида шу иш билан шуғулланса, рўза очилган ҳисобланади. Бир кунига бир кун кейинчалик қазо тутиб беради. Қасдан қилган ҳолатда ҳам қазо тутади, унда ҳақиқий жимоъ маъноси бўлмагани учун каффорат лозим эмас.

САВОЛ:

Рўзадор ҳолатда сочни бўяш, ҳино билан ювиш мумкинми? Сочни бўяшнинг намозга, таҳоратга зиёни борми?

ЖАВОБ:

Рўзадор ҳолатда сочни бўяш ва ҳино қилишнинг рўзага зарари йўқ. Чунки у кўзга сурма қўйгандек, рўзага алоқаси бўлмаган амалдир.

Соч бўёғи оддий ранг бўлгани учун намоз, аниқроғи таҳоратга зиёни тегмайди. Чунки у сув ўтказадиган нарсадир. Бинобарин, таҳорат ҳино қилинган соч билан ҳам комил бўлаверади.

САВОЛ:

Рамазонда кундузи сувга чўмилиш, ҳаммомга бориш, хусусан, бир неча марта сувга чўмилиш мумкинми?

ЖАВОБ:

Устидан сув қуйиб чўмилиш мазҳабимизда бил-иттифоқ жоздир.

Аммо, сувга чўмилиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг наздида орқа тарафдан ёки қулоқдан сув кириб кетиши хавфи бўлгани учун макруҳдир. Шунингдек, у зот рўза ҳолида иссиқда намланган кийимга ўралиб олишни ҳам кариҳ кўрганлар. Чунки бунда ибодатни ёқтирмаслик маъноси ҳам бор, дейдилар.

Аммо, Имоми Абу Юсуфнинг наздида юқоридаги ҳолатларнинг ҳеч қайсисида макруҳ эмас, балки жоиздир. Сувга чўмилганда қулоғидан сув кириб кетса ҳам рўзаси очилмайди[6]. Уламоларимиз шу зотнинг қавлига фатво берганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолида иссиқда чанқаб кетганлари учун бошидан сув қуйганлари Имом Абу Довуд, Насоий ва Имом Аҳмад томонларидан ривоят қилинади. Саҳобийи киромлардан Ибн Умар разийаллоҳу анҳу ҳам рўзадор ҳолида кийимларини ҳўллаб, унга ўралиб олар эканлар. Бу нарса, аслида, ибодатга ёрдам бўлади, табиъий ёқимсизликнигина кетказади.

 

САВОЛ:

Рўзадор одам кўзига сурма суриши мумкинми? Бу ишнинг жоизлиги ҳақида далиллар борми?

ЖАВОБ:

Рўзадор одамнинг сурма суриши мумкинлиги ҳақида ҳадиси шарифларда саҳиҳ ривоятлар келган, албатта.

Жумладан, Ибн Можжа Оиша онамиз разийаллоҳу анҳодан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолида кўзларига сурма қўйишлари зикр этилади.

Шунингдек, ушбу ривоятни Абу Довуд ва Дорақутнийлар ҳам келтиришган.

Саҳобийи киромлардан Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу рўзадор ҳолида кўзларига сурма қўяр эканлар. Буни Имом Бухорий ва Имом Муслим иттифоқ қилиб ривоят қилганлар.

Имом Термизий Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилади. Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васлламнинг олдиларига келиб, кўзи оғриётганини, рўзадор бўла туриб, кўзига сурма қўйиши мумкинлигини сўрайди. Ул зоти шариф: “Майли”, деб рухсат берадилар.

Тобиъинларнинг улуғларидан Ҳасан Басрий ва Иброҳим Нахаъийлар ҳам рўзадор одам кўзига сурма қўйишини жоиз деб билганлар.

Демак, рўзадор одам кўзига сурма қўйиши мумкин. Гарчи сурманинг таъмини ҳалқумида сезиб қолса ҳам, рўзага зарари йўқдир. (“Жомиъ ур-румуз”, “Бадойиъ”).

САВОЛ:

Рўзадор одам хотинини ўпиши, у билан ўпишиши мумкинми?

ЖАВОБ:

Бизнинг мазҳабимизда агар хотини билан ўпишганда, уни ўпганда у билан қўшилиб қўйиш, янада аниқроғи, манийнинг келишидан хавф қилмаса, ўпиш ва ўпишиш жоиздир. Аксинча бўлса, макруҳдир. Зеро, шаҳват билан ўпиб-ўпишишда рўзанинг очилиб кетиш фитнаси бор. Мазҳабимизнинг таниқли фақиҳлари Имом атТаҳовий ҳамда Ибн Обидийнлар оғиз-оғиз билан, лаб-лаб билан ўпишишни мутлақо макруҳ, деганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ўпганда закар қимирлайдиган бўлса, ўпиш ҳаромдир, деган.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Оиша разийаллоҳу анҳодан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолида аёлларини ўпар, уларни қучоқлар эканлар.

Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан Имом Дорақутний ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўпишга ва қон олдиришга рухсат берганлар.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан тоза (жаййид) иснод ила ривоят қилган ҳадиси шарифда келтирилишича, бир киши рўзадор ҳолида хотинини қучоқлашни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган. Ул зоти шариф унга рухсат берганлар. Сал туриб, бошқа биров келиб айни масъалани сўраганида унга рухсат бермаган эканлар. Ровийнинг айтишига қараганда, биринчи сўраган чол, иккинчи сўровчи йигит бўлган. Шунинг учун Имом Термизий ҳазратлари саҳобалар чолларга хотинини ўпишга рухсат берар, йигитларга рухсат бермас эдилар, деб ёзади.

Охирги ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, ўпишнинг жоиз ёки жоиз эмаслиги инсоннинг ўзига боғлиқ экан. Шунинг учун Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу рўзадорни ўпишишдан қайтарар эканлар. (Ибн Аби Шайба ва Табароний ривояти).

Бинобарин, Имом Абу Ҳанифа рўзадор хотинини ўпишни, у билан ялонғоч бирга ётишни ҳам макруҳ деган экан[7].

САВОЛ:

Биров хотини билан ўпишганда ва хотинини қучоқлаш, у билан ўйнашиш оқибатида иштонида ва закарида ҳўллик аломатлари пайдо бўлар экан. Унинг таҳорати ва рўзаси нима бўлади?

ЖАВОБ:

Унинг иштонидаги ва закаридаги бу намликка эътибор бермоқ керак.

Агар у мазий, яъни закар кучли таранг бўлганида чиқадиган суюқлик бўладиган бўлса, у фақат таҳоратни синдирган бўлади. У рўзани бузмайди. Шу билан бирга ўша суюқлик нажасдир. Бинобарин, закар ва иштонни ювиб, таҳорат олинади. Унга ғусл вожиб эмас.

Агар ўша суюқлик маний, яъни фарзанд бўладиган суюқлик бўлса, унинг рўзаси бузилгандир. У кечгача имсок, яъни рўзадорга ўхшаб ўзини тийиб юради. Уни билган заҳоти ғусл қилади. Иштонини ювиб, поклайди. Рамазондан кейин ўша куннинг қазосини тутиб беради.

Аслида, хотини билан ўпишиш мумкин бўлса-да, юқоридаги ҳолатга келгунча, ёки шунинг хавфи бўлса, ўпишиш ҳам макруҳдир. Тақво қилмоқ керак.

САВОЛ:

Худо уриб, рўзадор одам кундузи хотини билан яқинлик қилиб қўйса нима бўлади? Хотини нима қилади?

ЖАВОБ:

Бундай ҳолатдан Худонинг ўзи асрасин!

 Рўзадор ҳолатида рўзадор эканлигини билиб хотинига яқинлик қилиш жуда катта гуноҳдир. Тавба қилмоқ керак! Рўзасини қасдан бузгани учун унга тавба қилмоқ, бир кун қазо тутмоқ ва каффорат вожибдир. Каффорат эса бир қулни озод қилмоқ, агар топилмаса олтмиш кун пайдар-пай рўза тутмоқдир. Унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга ярим соъдан (2 кило буғдой миқдорида) таом бермоқдир.

Сиҳҳоҳи ситта соҳиблари Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишган: Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ! Мен ҳалок бўлдим”, деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима сени ҳалок қилди?” деб сўрабдилар. У киши жавоб берибди: “Мен Рамазонда рўзадор ҳолимда хотинимга яқинлик қилиб қўйдим”. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Озод қилишга қул топа оласанми?”. У “Йўқ” деди. Ул зоти шариф: “Икки ой пайдар-пай рўза тутишга қодирмисан?”. У яна “Йўқ” деди. Ул зоти шариф: “Олтмиш мискинни таомлантиришга нарсанг борми?”. У яна “Йўқ” деди….

Ушбу ҳадисдан шу тартибда каффорат бериш лозимлиги чиқмоқда. Ҳадиси шарифнинг давомини таъвил қилиб, мазҳабимиз уламолари агар мана шу нарсалар топилмаса, топилгунча, яъни бой бўлгунча каффоратни бермай туради, деб фатво берганлар. (Жумладан, Мавлоно Алий ал-қори “Шарҳи Ниқоя”да шундай деган).

Имом Дорақутний Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Рамазонда қасдан еб-ичиб қўйган одамга ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тартибда каффорат қилишини буюрганлар.

Юқоридаги ҳолатда хотинининг ҳам рўзаси, Ҳанафий мазҳабига кўра, бузилган бўлади ва у ҳам каффорат рўзасини тутиб беришга мажбур бўлади. Чунки у ҳам рўзадорлигини билиб, жимоъни хоҳлаб қилди.

Кейин, рўзадорлигини билиб туриб, хотини билан яқинлик қилганда хоҳ инзол бўлсин, хоҳ инзол бўлмасин, (маний чиқсин-чиқмасин) рўзасини қасдан бузган ҳисобланади.

Агар эр рўзадорлигини унутиб, хотини билан жимоъ қилса, лекин хотини рўза эканлигини билса, эрининг рўзаси бузилмайди, хотин эса қазо ва каффорат тўлайди. Агар акси бўлса, эри шундай қилади.

САВОЛ:

Эри рамазонда рўзадор хотинини мажбурлаб, жимоъ қилса, нима бўлади?

ЖАВОБ:

Бунда икки ҳолат бор. Эри ҳам рўзадор бўлиб, рўзаликларини билиб жимоъ қилсалар, гарчи хотини шунга зўрланган бўлса-да, икковининг ҳам рўзаси бузилган бўлади ва эри Рамазондан сўнг бир кун қазо ва каффорати учун олтмиш кун пайдар-пай рўза тутиб беради. Агар бунга қодир бўлмаса, олтмиш мискиннинг қорнини тўйдиради.

Хотини эса зўрлангани учун бир кун қазо тутиб беради, холос.

Агар хотиннинг ўзи ҳам бошидан (яъни, қўшилишдан аввал) хоҳлаб, эри билан яқинлик қилган бўлса, унга ҳам қазо ва каффорат лозим бўлади.

Эри рўзадор бўлмасдан, рўзадор хотинини зўрлаб жимоъ қилса, бечора хотинининг рўзаси бузилган бўлади ва у бир кун қазо тутиб беради.

САВОЛ:

Рўзадор одам эҳтилом бўлиб қолса, рўзаси бузиладими? У дарҳол ғусл қилиши керакми?

ЖАВОБ:

Эҳтилом, яъни уйқуда булғаниш рўзани бузмайди. Чунки, у ўзи ихтиёри билан бўлмаган. У дарҳол ғусл қилиб олмоғи керак, холос. Имом Термизий Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

ثلاث لا يفطرن الصيام الحجامة والقئ اى الغالب والاحتلام

Уч нарса рўзани бузмагай: қон олдириш, ғолиб бўлган қайт ва эҳтилом бўлиш”. Бу хилдаги ривоят бошқа муҳаддислар томонидан ҳам ривоят қилинган.

Агар у бомдоддан сўнг ухлаб, эҳтилом бўлган бўлса, пешин вақтигача ғуслни кечиктириб турса, зиёни йўқ. Аммо намозни ўтказиб юбормаслиги керак.

САВОЛ:

Кечаси хотини билан яқинлик қилиб ёки эҳтилом бўлиб қолиб, рўзани ғусл қилмасдан бошлаш мумкинми? Шунингдек, хотин киши кечаси ҳайз ёки нифосдан покланган бўлса-ю, у ҳам рўзани бошлагандан сўнг ғусл қилса бўладими?

ЖАВОБ:

Бу ҳолатларда рўзани ғусл қилмасдан бошлаш мумкин, албатта.

Имом Абу Довуд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Оиша ва Умму Салама разийаллоҳу анҳумодан қилган ривоятда, уларнинг айтишига қараганда, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда жимоъ оқибатида жунуб бўлиб, тонг оттирар ва рўза тутар эканлар.

Яна Абу Довуд Оиша разийаллоҳу анҳодан ривоят қилган: Бир киши тонгда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдига келиб, савол тариқасида: “Эй Расулуллоҳ, мен жунуб ҳолда тонг оттирдим, рўза тутмоқчиман?” дебди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ичкаридан туриб: “Мен ҳам жунуб бўлиб тонг оттирдим. Мен ҳам рўза тутмоқчиман. Ғусл қилиб олиб, рўза тутавераман”, дебдилар.

Аммо бомдод намози ўтиб кетмасдан аввал ғусл қилиб олмоқлари фарз бўлади. Ғусл қилиб олиб намоз ўқийдилар. Эркаклар эса эртароқ ғусл қилиб, намоз ўқиш учун жамоатга чиқадилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Кимки жунуб ҳолатда тонг оттирса, унинг рўзаси йўқ, бўлмайди”, деган ҳадиси шариф мансух (ҳукми бекор) бўлган.

САВОЛ:

Рўзадор эдим. Бошимга тош тегиб кўп қон кетди. Шу аснода қайт қилиб ҳам юбордим. Рўзам очиладими?

ЖАВОБ: 

Баданнинг қонаши билан рўза очилмайди. Чунки, рўза баданга кирган нарса билан очилади, чиққан нарса билан эмас. Бош қонаса, таҳорат синади, холос. Пайғамбаримиз айнан шундай деганликлари маълум.

Қайт қилиш эса, ўзининг ихтиёрисиз ғалаба қилиб келгани учун рўзани бузолмайди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ва сунан соҳиблари ривоят қилганларидек: “Қайт ўзи келса, унга қазо йўқ. Кимки ўзи қайт қилса, унга қазо бор” деганлар.

Бироқ, ёрилган бошга суюқ дори суртиш билан Имоми Аъзам наздида рўза очилади, қуюқ дори суртиш эса очмайди. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздида икки суратда ҳам рўза очилмайди. Аммо, ичга етгани маълум бўлса, рўзани бузади, деган уламоларимиз ҳам бор.

САВОЛ:

Таҳлил учун рўзадор одам бармоғидан қон олдирса, бўладими?

ЖАВОБ:

Таҳлил учун қон олдирса, бўлади. Чунки, унинг рўзани очиши тўғрисида ҳеч нима айтилмаган. Шунга ҳожат бўлгандан кейин қон олдириш мумкин, албатта. У агар томирларидан қон олдирса ҳам зиёни йўқ.

САВОЛ:

Рўзадор одам ҳайвонга яқинлик қилса, каффорат лозим бўладими?

ЖАВОБ:

Ҳайвонга яқинлик қилиш оғир гуноҳдир. Яқинлик қилган одамнинг рўзаси, агар инзол бўлган (маний чиққан) бўлса, бузилиши шубҳасиздир. Аммо у бир кун қазо тутиб беради, унга каффорат лозим эмас. У ҳайвонни сўйиб, ёқиб юборишга уламоларимиз фатво берганлар. (“Мажмуат ул-фатово”).

САВОЛ:

Кинофильм ёки бузуқ фильларни кўриб ўтирганда ёки бузуқликни ёки ўз хотини билан бўлган жинсий алоқаларни хаёл қилганда, ёхуд автобусларда қизлар орасида тиқилинчда қолганда, закардан маний чиқса, рўзани бузадими?

ЖАВОБ:

Бу хилдаги ишлар рўзадорга ҳам, рўза тутмаган одамга ҳам асло жоиз эмас. Чунки Парвардигори олам мўъминларни сифатлаб, мана бундай деган:

والذين هم لفروجهم حافظون الا على ازواجهم او ما ملكت ايمانهم فانهم غير ملومين فمن ابتغى وراء ذلك فاولئك هم العادون

“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар”. (Мўъминун сураси, 5-7-оятлар).

Мазкур ҳолатларда закардан маний чиққани билан у ҳақиқий жимоъ бўлмагани учун унинг рўзаси бузулмайди[8]. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда мана бундай дейилган:

إنّ اللّه تجاوز لأمّتي عمّا وسوست أو حدّثت به أنفسها ، ما لم تعمل به أو تكلّم

“Албатта умматимдан васваса қилинган нарсани ёки унинг ичида пайдо бўлган нарсаларни, мадомики бажармаса ёки гапирмаса Аллоҳ таоло ўтгандир”.

Тиқилинчда қолганда, агар ўзи қизларга суйкалаверса, тегинаверса, ушлаштирса, шунинг натижасида маний чиқса, рўзаси очилиб кетади, бунга шубҳа йўқ.

САВОЛ:

Автобусга ёки таксига ўтирганда, баъзан сигарет чекишади. Умуман, чекаётган одам билан ёнма-ён ўтиришга тўғри келади. Сигарет тутунини оғзимга киришига йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Агар тутун кирса рўзам нима бўлади?

ЖАВОБ:

Чанг, тутун ёки пашшанинг ўзи оғизга кирса, рўза очилмайди. Чунки, бундай нарсалардан ўзини сақлаш жуда қийин. Аммо қор ёки ёмғир оғизга кирса, рўза очилади. Чунки, ундан сақланишнинг, яъни оғизни юмиб олишнинг имкони бор. Шунингдек, чанг ёки тутунни ўз ихтиёри билан ичига киритса, рўзаси очилади, албатта.

Таксида ёки хона ичида сигарет тутатаётган одамга рўзадор эканлигингизни айтишингиз керак. Агар у сигаретини ташламаса, оғизни юмиб оласиз. Шунда ҳам тутун кирадиган бўлса, рўза очилмайди. Чунки, юқорида айтганимиздек, тутунни киритса, рўза очилади.

Рўзадор одам сигарет чекса, ёки исириқ тутатиб, тутунини ютса, рўза очилади. Ҳанафий ва моликий мазҳабида бу ишни қасдан қилса, қазо ва каффорат лозим бўлади. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”). Чунки, сигарет инсон табиати хоҳлайдиган, шаҳват хоҳиши бўлган нарсадир. Бадан, тана ундан қандайдир роҳат олади. Бинобарин уни чекиш Рамазонда ҳам, бошқа вақтда ҳам шаръан ҳаромдир.

САВОЛ:

Сақич чайнаш рўзадор учун мумкинми? Умуман, сақич чайнаш шариатда қандай?

ЖАВОБ:

Рўзадор учун сақич чайнаши рўзасини очмайди. Чунки, у ичга кетмайди. Аммо, макруҳ бўлади.

Агар ажрагувчи бўлса, рўзани бузади, албатта. Зотан, баъзи қисмлари ичга кетади. Агар қора сақич бўлса, рўзани бузади, дейилган. Чунки, у ажрагувчи, бўлак-бўлак бўлиб кетгувчидир.

Умуман, сақич чайнашни рўзани бузишдан сақлаш мақсадида макруҳ, дейилади. Зеро, рўзада сақич чайнаб юриш рўза тутмаганликда айбланиш, маломатга қолишга сабаб бўлади. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: “Ақллар инкор қиладиган, лекин сенинг олдингда узр бўла оладиган нарсалардан эҳтиёт бўл ва сақлан!”.

Агар хотин киши рўзадор бўлмаса, мисвок ўрнига ўтганлиги боис сақич чайнаши макруҳ эмас. Улар мисвок ишлатмайдилар. Чунки, тишлари заифдир. Сақич чайнаш эса тишларни мисвок каби қувватлантиради.

Фахр ул-ислом ҳазратлари зикр қилганларидек, эркаклар учун сақич чайнаш мутлақо, яъни рўзада ҳам рўза ойидан бошқа пайтларда ҳам макруҳ ҳисобланади. Қачонки, оғизларида иллат (масалан, ёмон ҳид) бўлмаса. Баъзилар, эркакларнинг сақич чайнаши мустаҳаб эмас, деганлар. Аёлларга эса сақич чайнашлари мустаҳаб бўлади. Зотан, эркакларнинг аёлларга ўхшаши макруҳдир.

САВОЛ:

Ҳуқна (клизма) қилдириш рўзани бузадими?

ЖАВОБ:

Албатта рўзани бузади. Чунки, рўза Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу айтганидек: “Рўза кирган нарсага бузилади, чиққан нарсага эмас”.

Аммо ҳуқнада рўзани бузиш комил бўлмагани учун қасдан қилган бўлсада каффорат лозим келмайди. Фақат бир кунига бир кун қазо рўза тутиб беради. (“ал-Ҳидоя”).

Агар таблеткани орқа тешикка тиқса ёки ҳўл-нам латтани орқа тешикдан ёки аёллар фарждан киритсалар, ёхуд намли бармоғини тиқса рўза бузилган ҳисобланади ва қазо (каффорат эмас) лозим бўлади.

Эркаклар закарига суюқ дори томизиб киритсалар, Имоми Аъзам наздида рўза бузилмайди. Имом Абу Юсуф наздида эса агар қовуқ тарафга етиб борса, рўза бузилади, агар закар ичида қоладиган бўлса, рўза бузилмайди. Аёлларнинг фаржидан суюқ дори томизиш рўзани бил-иттифоқ очади.

САВОЛ:

Ҳомиласи борйўқлигини текшириш учун ҳомилани аниқлайдиган асбоб (ультратовуш)ни жинсий аъзо ичига киритилса ёки жинсий аъзо ичини текшириш учун асбоб (зеркало) тиқилса, шундай ҳолатда рўза очиладими?

ЖАВОБ:

Энг саҳиҳ қавлга кўра очилади, лекин ихтиёр қилинган фатвога кўра рўза очилмайди. Ислом Фиқҳи Академиясининг Жидда шаҳрида 1418-йил, 23-28 Сафар ойида (1997-йил, 14-17 июнь) бўлиб ўтган ўнинчи мажлисида чиқарган қарорида ҳам бу алоҳида бандда қайд этилган бўлиб, рўза очилмайди, дейилган.

Аёл жинсий аъзоси ичига пахта ёки латтани бутунлай киритиб қўйса, рўза очилади. Баъзи қисми аъзо ташқарисида қолса, рўза очилмайди[9].

[1] Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 297-298.

[2] Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 279.

[3] Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 288.

[4] Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 277-278.

[5] Фатовойи Татрохония. II-жилд. –Б. 277.

[6] Фатовойи Татрохония. II-жилд. –Б. 276.

[7] Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 289.

[8] Мухтасар ал-Виқоя. –Б. 37.

[9] Хулосат ал-Фатово Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 280.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...