Рўза ҳақида умумий маълумотлар

Lotin alifbosida

Ruzai-ramazon(1)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

1)Рўза ҳақида умумий маълумотлар

САВОЛ:

Рўза ёки араб тилидаги “ас-савм”, “ас-сийам” нима дегани?

ЖАВОБ:

Рўза бу – луғатга кўра мутлақо бирор нарсадан ўзини тийиб туришдир. Масалан, Парвардигори оламнинг ўзи бундай деган:

انى نذرت للرحمن صوما فلن أكلم اليوم انسيّا

“Албатта мен Раҳмон (розилиги) учун рўза тутишни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирор инсонга сўзламайман!”. (Марям сураси, 26-оят).

Демак, бу оятда рўза “Тафсири Жалолайн”да келганидек, сўзлашдан ўзини тўхтатиш маъносида ишлатилган.

Шаръий истилоҳда эса ният қилиб, тонг отгандан кун ботгунча еб-ичиш ва хотинига яқинлик қилишдан тийилиб туришга рўза дейилади.

“Рўза” сўзи бизга форс тилидан ўтган бўлиб, луғатда кун, кундалик, ризқ-рўз маъноларини билдиради. Яъни, Рамазон ойининг кундузи махсус ибодат қилинади, шу билан бирга бу ойда ризқ-рўз кенг бўлади.

САВОЛ:

Рўза тутишнинг аҳамиятли томонлари нимада кўрилади?

ЖАВОБ:

Рўза тутишнинг жуда катта ва зарурий бўлган маънавий аҳамияти бор:

1) Рўза неъматларга шукр қилишга, неъматларнинг қадрини билишга васила бўлади. Чунки, нафс ейиш, ичиш ва жимоъдан ўзини тияди. Бу учови эса дунёвий неъматларнинг энг улуғларидандир. Улардан бир неча муддат тийилиб туриш, неъматларнинг қадрини яққол кўрсатади, чунки, одатда неъмат йўқолганда билинади. Неъматларнинг қазоси шукр билан бўлади. Неъматларга шукр қилиш эса фарздир. Бунга рўза оятида (Бақара сураси, 185-оят) Парвардигори оламнинг ўзи ишора қилган:

 …لعلكم تشكرون

“Шоядки, сизлар шукр қилсангизлар!”.

2) Рўза тақвога ҳам василадир. Чунки нафс рўза сабабли ҳалол нарсалардан тийилиб туради, ўзини асрайди. Бунинг сабаби у Аллоҳнинг розичилигини топмоқчи, аламли азоблардан сақланмоқчидир. Бу билан ўз-ўзидан ҳаромлардан, Аллоҳ манъ қилган нарсалардан сақланиш келиб чиқиши табиийдир. Зотан, ҳаромлардан сақланиш ҳам фарздир. Бунга Парвардигори оламнинг ўзи рўза оятида (Бақара сураси, 183-оят) ишора қилган:

…لعلكم تتقون

“Шоядки, сизлар тақво қилсангизлар!”.

3) Рўза нафсга қаҳр қилиш, шаҳватларни синдириш воситасидир. Чунки, нафс қанчалик тўқ бўлса, шунчалик қутуради, шаҳватларни хоҳлайди. У оч бўлса, нафси-ҳавосининг попуги пасаяди. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг расули алайҳиссалом деган:

من خشى منكم الباءة فليصم

“Сизлардан кимки зинодан қўрқса, бас, рўза тутсин!”. (Ҳадис мазмунини Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилган).

4) Рўза шайтонга ҳам қаҳр қилиш воситасидир. Зотан, шайтоннинг иши адаштириш, шаҳватларга ёрдам бериш ва ундашдир. Адашиш ва шаҳватга берилишнинг асли кўп таом ейиш эканлигига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон одам болаларининг қон юрадиган жойларида юради, бас, унинг йўлини очлик билан торайтиринг!”, демишлар.

5) Рўза камбағал ва мискинларга ёрдам беришга бир василадир. Зотан, рўзадор ўзида очлик ва чанқоқликни сезар экан, ўзгаларнинг очлик ва чанқоқлигига аҳамият беради ва уларга ёрдам бергиси, дардларига шерик бўлгиси келади. Шу билан Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишни кўзлайди.

САВОЛ:

Рўза инсоннинг соғлиғи учун зарарли эмасми? Унинг тиббий фойдалари ҳам борми?

ЖАВОБ:

Дин душманлар рўза инсон соғлиғи учун кони зарар деб қанчалик оламга жар солмасинлар, тиб олимлари, ҳақиқий илм кишилари рўзанинг ҳақиқий кони фойда эканлигини таъкидламоқдалар, исбот қилмоқдалар. Жумладан, “Ҳадис ва ҳаёт” китобида рўза инсоннинг соғлигига фойда бўлишини қуйидаги жиҳатларда кўрсатилган:

1. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.

 2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монеълик пайдо бўлади. Рўзадор руҳий изтироблардан ҳам сақланади…

3. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор сийдигида сийдик йўлларидаги тузларни тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.

4. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради…

5. Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу, айниқса, ёшлар учун жуда фойдалик бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди.

Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда:

1) Семизликдан келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши, қон босимининг ортиши ва баъзи юрак касалликларини даволашда.

2) Қон айланишига оид касалликларни даволашда.

3) Бўғинларнинг сурункали шишини даволашда.

Умуман, ичак касалликлари, жигар, сариқ, бавосил, бронхит, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанда,саратон, тутқаноқ, склероз, ўпка касалликлари, камқонлик каби касалликларга рўзанинг жуда фойдали эканлигини илмий равишда тиббиёт олимлари исбот қилганлар.

Шуни билмоқ керакки, аслида рўзани биз мусулмонлар касалликларга фойдали бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани учун, унинг розилиги учун тутамиз!   

САВОЛ:

Рўза тутишда ният шартми? Шарт бўлса, қандай ният қилинади ва қачон ният қилинади?

ЖАВОБ:

Рўза тутишда, шунингдек, бошқа барча асосий ибодатларда ният қилиш шарт ҳисобланади. Ният бўлмаса, ибодат ҳам бўлмайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам Имом Бухорий ривоятида:

انما الأعمال بالنيات

“Амаллар ниятга боғлиқдир” демишлар. Бинобарин, ният рўзада ҳам фарз амаллардан бири ҳисобланади.

Аслида, ният дегани қалбда бўладиган нарсадир. Қалбда, дилда қилинган ниятгина ҳисобга ўтади. Тилда ният қилинса-ю, қалбида ҳеч нарса бўлмаса, рўзаси рўза бўлмайди. Мавлоно Алий ал-қорий айтганидек, тилда ҳам ният қилиш бидъати ҳасана, яъни мақбул амал ҳисобланади. Шунга кўра, одатдагидек:

نويت ان أصوم صوم شهر رمضان من الفجر الى المغرب

Тонг отгандан то кун ботгунча Рамазон ойи рўзасини тутмоқни ният қилдим”  каби сўзларни дилда ўтказиб ва тилда айтиб, ният қилади.

Зотан, бизнинг фиқҳий китобларимизда тил билан ният қилиш ҳам суннатдир, дейилган. (“Оламгириййа”, “Кофий”, “Ниҳоя”, “Наҳр”).

“Инша Аллоҳ, эртага рўза тутишни ният қилдим” деса, нияти ният бўлади, у рўзадорга айланади. Чунки, бу ерда “инша Аллоҳ” сўзи Аллоҳдан тавфиқ ва ёрдам сўраш маъносидадир. Агар истисно маъносида бўлса, нияти ўтмайди[1].

Шуни билмоқ керакки, рўза дегани бир кунлик ибодатдир. Демак, ҳар бир куннинг рўзаси учун алоҳида ният қилинади. Хусусан, Рамазон рўзаси учун бир ойлик ният қилиб қўйиш мазҳабимиз кўрсатмасига биноан (Имом Зуфар қавлидан ташқари) мақбул эмас. Ҳар куни учун алоҳида ният қилади. Чунки, ҳар бир куннинг рўзаси алоҳида фарздир. Бу намоз ракъатларига ўхшамайди. Намозда бир ракъатни бузса, ҳамма ракъатлар бузилиб кетган ҳисобланади.

Бола Рамазоннинг ўртасида балоғатга етиб қолса, мусофир шаҳрига келса, ҳайз кўрган аёл ундан пок бўлса, ўшандан бошлаб, рўза фарз бўлаверади. Боладан бошқасига ўтказиб юборган рўзасининг қазоси ҳам лозим.

Яна ният давомий (истимрор) бўлиши керак. Масалан, бир одам саҳарликда рўза тутишга ният қилди-ю, кейин рўза тутмасликни ўйлайди. Сўнг кечгача оч юрса ҳам рўзаси рўза бўлмайди. Саҳарликда эрта ният қилиб олсаю, кейин саҳар бўлгунча еб-ичса, нияти бузилмайди. Демак, саҳарликни тугатаётганда ният қилиш шарт эмас.

Куннинг ярмида имсок қилишни, яъни рўзадорларга ўхшаб еб-ичмасдан юришни ният қилсаю, кейин қуввати етгани учун ёки бошқа сабабли кечгача шу ҳолатда юрса ҳам рўза тутмаган ҳисобланади.

САВОЛ:

Мен баъзида Рамазон ойида нафл рўза деб, ният қилиб қўяман. У нафлга ўтиб кетадими? Бир куни касал бўлдим, шунда ҳам рўза тутдим. Ўшанда ҳам нафл деб ният қилган эканман?

ЖАВОБ:

Рамазон ойи маълум ва белгиланган ой бўлгани учун, унинг рўзаси фарзи айн бўлганидан, Рамазон ойида ҳар қандай (нафл, вожиб) деб рўзага ният қилса ҳам, Рамазон рўзасидан ҳисобланади.

Бироқ, мусофир ёки касалманд одам Рамазон рўзаси деб ният қилиши керак. Чунки, уларга Рамазон рўзасини тутмасликка рухсат берилгани учун, Рамазон рўзасини тутаётганини аниқ белгилаб олиши лозим. (“Мухтасар ул-Виқоя”).

САВОЛ:

Мен ифторлик қилаётганимда эртанги куннинг рўзасини ҳам ният қилиб қўяман. Шунинг учун баъзида саҳарликка турганимда ният қилиш эсимдан чиқиб кетади. Баъзан эса, ухлашдан аввал ният қилиб олиб, саҳарликка турмасдан шу ниятим билан рўза тутавераман. Бундай қилишим менга жоизми?

ЖАВОБ:

Аслида рўзанинг нияти кечаси қилинадиган амалдир. Яъни, тонг отиб кетмасдан аввал рўзага ният қилиб олиш даркор. Эртаги рўза учун шомдан кейин қилинган ният кифоя қилади.

Баъзи фиқҳий китобларимизда, оғиз очаётганда, кейинги куннинг ниятини қилиб олишни суннат ҳам дейилган. (“Оламгириййа”).

Саҳарликнинг вақти эса кечанинг ярмидан то тонг отгунгача бўлган вақтдир. Фақат уни таъхир қилиш мустаҳабдир. Яъни, тонгга яқин саҳарлик қилиш ва тонг отиши билан саҳарликни тугатиш мақбул амаллардандир.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар, зеро, унда барака бор” деганлар. Шунингдек, ул зоти шариф: “Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир” деганлар. (Бухорийдан бошқа муҳаддислар ривояти). Шу боисдан сизнинг саҳарликни қолдиришингиз яхши эмас.

САВОЛ:

Бир куни мен кечаси ухлаб қолдим. Саҳарликка ҳам турмадим, ҳатто, Худо кечирсин, қуёш чиққандан сўнг уйғонибман. Рўзага шунда ният қилиб олдим, ўша кунги рўзам дуруст бўладими?

ЖАВОБ:

Ўша кунги рўзангиз шаръан жоиздир. Бизнинг мазҳабимиз ҳукми шундай.

Чунки, шак кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига бир аъробий келиб, гувоҳлик бериб, мусулмонлигини тасдиқлаб, Рамазоннинг ҳилолини кечқурун оқшомда кўрганлигини айтади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга одамларга хабар етказишини ва рўзага ният қилиб, рўза тутишни бошлаверишларини уқтирадилар. Буни тўртта сунан соҳиблари (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа) Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Ҳали Рамазон рўзаси фарз бўлмасдан аввал, Ашуро куни рўза тутилар эди. Шунда чоштгоҳ пайтида Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга “Кимки еб-ичган бўлса, кечгача еб-ичмай турсин. Кимки шу пайтгача еб-ичмаган бўлса, рўза тутсин” деб буюрганлар. Буни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Аммо доим шундай қилавериш (яъни, тонг отгандан ёки қуёш чиққандан сўнг рўзага ният қилиш) ярамайди. Чунки, бошқа мазҳабларда бу нарса асло жоиз эмас. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деганлар:

من لم يجمع الصيام قبل الفجر فلا صيام له

“Кимки рўзасини тонгдан аввал жамъ қилиб, қасд қилиб олмаса, унинг рўзаси йўқдир”. Абу Довуд ва Термизий лафзи. Ибн Можжа ва Насоийлар ҳам шу маънодаги ҳадисни ривоят қилганлар.

Рамазондан бошқа рўзаларни (каффорат ва мутлақ назр рўзалари ҳамда Рамазоннинг қазосини) кечаси ният қилиш ва қайси рўза эканлигини таъйин қилиш шартдир.

Бирор сабаб билан, масалан ухлаб қолиб, қолдирилган намознинг қазосини ўқиш лозим ва лобуддир.

САВОЛ:

Саҳарликка туриш, умуман саҳарлик одоблари қандай?

ЖАВОБ:

Рўза тутиш учун саҳарликка туриш мустаҳаб амал эканлигига бутун уммат ижмоъ қилган. Уни тарк қилган гуноҳкор бўлиб қолмайди, албатта.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

تسحروا فانّ السحور بركة

“Саҳарлик қилинглар! Зеро, шак йўқки, саҳарлик баракадир!”.

Миқдом ибн Маъдикараба разийаллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар: “Бу саҳарликни ўзингизга лозим тутинглар! Зеро, бу муборак озиқдир”. Имом Насоий ривоят қилган.

Бараканинг сабаби рўзадор қувватли бўлади, хурсанд бўлади, рўза тутиши осон бўлади. Боз устига, охиратдаги савоби ҳам бор.

Шунинг учун саҳарлик қилиш керак. У озгина таом, гарчи бир қултум сув бўлса ҳам кифоя қилади. Имом Аҳмад Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

 السحور بركة فلا تدعوه ولو ان يجرع احدكم جرعة ماء فانّ الله وملائكته يصلون على المتسحرين

“Саҳарлик баракадир. Шунинг учун, ҳеч бирингиз уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк қилманглар. Зеро, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга саловот айтурлар”.

Саҳарлик қилишнинг вақти тун ярмидан бошлаб то тонг отгунгачадир. Лекин, кечиктириб саҳарлик қилиш авлодир. Яъни, тонг отишидан сал олдин саҳарлик тугатилиши яхшироқ. Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳу айтадилар: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилар эдик. Сўнг намозга турар эдик. “Икковининг ораси қанча вақт эди?” – деб сўралди. У: “Эллик оят ўқиш миқдорича эди”, деди.   Буни Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Тобиъийнлардан Амр ибн Маймуннинг эслашича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари одамлар ичида ифторга энг шошадигани, саҳарликни энг кечиктирадигани бўлган эканлар. Имом Байҳақий ривоят қилган.

Аммо, шуни билмоқ керакки, саҳарликни кечиктирганда, агар тонг отиб кетди, деган гумон бўладиган бўлса, унда еб-ичиб ўтириш макруҳ бўлади. Тонг отгани аниқ бўлганда ейиш эса, рўзани бузади.

 САВОЛ:

Шариатимизда рўза тутиш неча хил бўлади?

ЖАВОБ:

Рўза асосан икки хил бўлади. Мажбурий тутиладиган фарзу вожиб рўзалар ва ихтиёрий тутиладиган нафл рўзалар. Мажбурий тутиладиган фарзу вожиб рўзаларга Рамазон ойининг рўзаси, каффоратлар учун тутиладиган рўзалар ва назр қилинганда тутиладиган рўзалар киради. Ихтиёрий тутиладиган нафл рўзаларга эса Шаъбон, Шаввол ва Муҳаррам ойларида тутиладиган рўзалар, шунингдек, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойларида тутиладиган рўзалар киради. Ҳафтанинг ҳар душанба ва пайшанба кунлари, ойнинг ўртасида уч кун тутиладиган рўзалар ҳам ихтиёрийдир.

САВОЛ:

Рўзанинг ихтиёрий ва мажбурий турларга бўлинишини биламан. Вожиб рўзаларнинг турлари ҳақида батафсил тўхталсангиз?

ЖАВОБ:

Мажбурий тутиладиган рўзалар икки турга бўлинади: муайян, яъни вақти таъйинланган ва таъйинланмаган рўзалар. Уларнинг ҳар қайсиси ўз навбатида муттасил тутиш, яъни, пайдар-пай тутиш лозим ва пайдар-пай тутиш лозим бўлмаган турларга бўлинади:

1) Рамазон ойининг рўзаси;

2) Рамазон рўзасини қасдан очгандаги каффорат рўзаси;

3) Билмасдан одам (юртимизда яшаётган ғайри динни) ўлдириб қўйгандаги каффорат рўзаси;

4) Хотинини зиҳор қилгандаги (ўз маҳрамига ўхшатганда) тутиладиган каффорат рўзаси;

5) Қасам ичиб, уни бузиб қўйгандаги каффорат рўзаси;

6) Вақти белгиланган, муайян назр рўзаси;

7) Вақти белгиланган, муайян қасам рўзаси;

8) Рамазон рўзасининг қазоси;

9) Таматтуъ ҳажжида, унинг шукронасига тутиладиган рўза;

10) Ҳажда муддатидан аввал соч олдириб қўйганда тутадиган каффорат рўзаси;

11) Ҳажда ов овлаганда жазосига тутиладиган рўза;

12) Вақти белгиланмаган мутлақ назр қилгандаги рўза;

13) Вақти белгиланмаган мутлақ қасам ичгандаги рўза.

Улардан қуйидагилар пайдарпай тутилиши шарт:

1. Рамазон рўзасини адо қилаётганда. Зотан, Рамазон рўзасининг бир куни ҳам қолмаслиги шарт. Бир ой муттасил рўза тутиш фарздир. Аллоҳ таоло деган:

فمن شهد منكم الشهر فليصمه

“Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”. (Бақара сураси, 185-оят).

2. Қатл каффорати (хун жазоси) рўзаси. Яъни, бировни билмасдан ўлдириб қўйганда, унинг каффоратига жазо таъйинланган. Эгасини рози қилиш, қул озод қилиш, кейин рўза тутиш. У ҳам пайдар-пай тутилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло деган:

فمن لم يجد فصيام شهرين متتابعين توبة من الله 

“Кимдаким (қул) топмаса, икки ой муттасил рўза тутиш (билан кифояланади). Бу Аллоҳ томонидан кечирим ўрнидадир”. (Нисо сураси, 92-оят).

3. Зиҳор каффорати рўзаси. Ким хотинининг талоқда боғлаш мумкин бўлган жойларини ўзининг никоҳи ҳаром бўлган маҳрамларининг қараш ҳаром бўлган жойларига ўхшатса, унга шу ўйланмай айтган гапининг жазосига каффорат жазо таъйинланган. Аллоҳ таоло деган:

فمن لم يجد فصيام شهرين متتابعين من قبل ان يتماسّا

“Бас, кимки (қул) топа олмаса, қўшилишларидан илгари (зиммасида) пайдарпай икки ой рўза тутиш бордир”. (Мужодала сураси, 4-оят).

4. Қасам ичиб, бузиб қўйгандаги каффоратда эса, бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда уч кун пайдар-пай рўза тутиб беради. Аллоҳ таоло деган:

فمن لم يجد فصيام ثلاثة أيّام متتابعات

“Бас, кимки буларни топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин)”. (Моида сураси, 89-оят).

Мазкур оят ҳукмидаги “мутатобиъот” (яъни, пайдар-пай) сўзи бизлар ҳозирда ўқийдиган Қуръонларимизда йўқ. Аммо, у буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг қироатида мавжуд бўлган.

5. Рамазон рўзасини қасдан очганда, икки ой каффорат рўза тутилади. У ҳам пайдар-пай бўлмоғи шарт. Рўза эканлигини билиб туриб, жимоъ қилган аъробийга Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

فصم شهرين متتابعين

“Унда икки ой пайдар-пай рўза тутгин!”. (Муҳаддислар жамоаси Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилган).

6. Вақти белгиланган назр рўзада ҳам пайдар-пай рўза тутиши лозим. Масалан, бу ҳафта рўза тутаман, деб назр қилса, у ўша ҳафта тўлиқ, бир кун ҳам қолдирмасдан рўза тутиши вожибдир.

7. Вақти белгиланган қасам рўзасида ҳам пайдар-пай рўза тутиши лозим. Масалан, бир одам Ражаб ойида рўза тутаман, деб қасам ичса, у ўша ойда муттасил, пайдар-пай рўза тутмоғи лозимдир.

Мана шу етти рўзадан бошқа рўзаларда пайдар-пай тутиш лозим эмасдир. Чунки, уларга оид далилларда рўза мутлақ зикр қилинган. Жумладан, Рамазон рўзасининг қазосини тутишликка буюрилар экан, Аллоҳ таоло бундай дейди:

فمن كان منكم مريضا او على سفر فعدة من ايام أخر

Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардадир”. (Бақара сураси, 184-оят).

8. Таматтуъ ҳажжи шукронасига сўйиладиган қурбонликка қодир бўлинмаса, рўза тутишга буюрилган. Аллоҳ таоло айтади:

فمن تمتع بالعمرة الى الحج فما استيسر من الهدى فمن لم يجد فصيام ثلاثة ايّام فى الحج وسبعة اذا رجعتم تلك عشرة كاملة

То ҳаж вақтигача кимки сизлардан умра қилар экан, муяссар бўлган қурбонликни қилсин! Ким (бунга имконият) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганларингиздан кейин рўза (тутсин)! Шулар (ҳаммаси) роса ўн кундир”. (Бақара сураси, 196-оят).

9. Ҳажда соч олдириш маълум куни, ўз муддатида қилиниши вожибдир. Аммо, биров сочида иллат пайдо бўлгани учун муддатидан олдин соч олдириб қўйса, унинг каффоратига уч кун рўза тутади. Бу ҳам мутлақдир:

ولا تحلقوا رؤوسكم حتى يبلغ الهدى محله فمن كان منكم مريضا او به أذى من رأسه ففدية من صيام او صدقة او نسك

“Ўша қурбонлик (сўйиладиган) жойига етиб бормагунича, бошларингизни (сочингизни) қирманг! Сизлардан кимдир (ҳажда) касал бўлса, ёки бошидан (бит ёки бирор дарддан) азият чекса, (сочини олдинроқ олдириши ёки қисқартириши мумкин, лекин у), рўза ёки садақа ёхуд қурбонлик билан фидя тўлайди”. (Бақара сураси, 196-оят).

10. Ана ўша ҳажда Ҳарам ерларида ов қилиш мумкин эмас. У ов қилиб қўйса, ёки бировни овга далолат қилса, унга жазосига рўза буюрилади. Аввалига икки одил гувоҳ ёрдамида ўша овланган ов қийматини аниқлаб, шу миқдордаги жонлиқни сўяди. Ёки ўша қиймат миқдорида мискинларни 2 кило буғдойдан қилиб, таомлантиради (ёки қийматини улашади). Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, ҳар бир мискин баробарида рўза тутади. Аллоҳ таоло бундай деган:

او عدل ذلك صياما ليذوق وبال أمره

“Эҳромда бўла туриб овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасдан ўлдирса, (унинг жазоси)….ёки ўша баробарида рўза тутишдир. (Буларнинг ҳаммаси) қилмишининг уволини тотиб кўриши учундир”. (Моида сураси, 95-оят).

Мутлақ назр қилувчи ва мутлақ қасам ичганлар ҳам пайдар-пай рўза тутишлари шарт эмас. Масалан, бирор кимса қайси ойлигини айтмасдан бир ой рўза тутишга назр қилди ёки қасам ичди. Ўшанда у бир ой муттасил рўза тутиши шарт эмас.

Баъзи уламолар Рамазон ойининг қазосини тутганда, гарчи мазҳабимизда шарт қилинмаса-да, пайдар-пай тутишни маъқул кўрадилар. Чунки ўша Рамазон қазоси буюрилаётган оятда

فعدة من ايام أخر

“…саноғи бошқа кунлардадир” (Бақара сураси, 184-оят), дейилган бўлсада, буюк саҳобий Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳунинг қироатларида “мутатобиъот” (яъни, пайдар-пай) сўзи қўшилган экан. Кейин қазо адонинг ўрнида бўлгандан кейин рўза кунлари ҳам бир-бирига ўхшаш бўлиши керак. Саҳобалардан Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шу фикрга қўшилган экан.

Юқорида айтганимиздек, Рамазон қазосини пайдар-пай тутиш шарт ёки вожиб эмас. Буни саҳобалардан Ҳазрати Ибн Аббос, Абу Саид ал-Худрий, Абу Ҳурайра ва Ойша онамиз разийаллоҳу анҳумлар ихтиёр қилганлар ва “Хоҳласа, муттасил қилиб тутсин, хоҳласа, ажратиб тутсин”, деганлар.

Шунинг учун, пайдар-пай қилиб тутса, ихтилофларга барҳам берган бўлади ва бу мустаҳабдир.

САВОЛ:

Ихтиёрий тутиладиган нафл рўзаларга шариатимизда тарғиб борми?

ЖАВОБ:

Албатта бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шунга бирма-бир тарғиб қилганлар.

1) Муҳаррам ойида Ашура куни рўзаси. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Рамазондан кейин энг афзал рўза қайси?”. Ул зоти шариф дедилар: “Аллоҳнинг ойидурки, уни сизлар Муҳаррам дейсизлар”. Имом Аҳмад, Муслим ва Абу Довуд ривояти. Муҳаррам ойининг ушбу ўнинчи кунида рўза тутиш бир йиллик сағира гуноҳларга каффорат бўлиши башорат қилинган. Пайғамбаримиз ва саҳобаларда мазкур кунга бир кун қўшиш, хусусан, тўққизинчи куни ҳам рўза тутиш суннат бўлиб қолган.

2) Зулҳижжа ойининг ўн кунлик рўзаси. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Термизийдан бошқа муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз мана бундоқ деган эканлар:

عن قتادة رضى الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «صوم يوم عرفة يكفر سنتين، ماضية ومستقبلة، وصوم يوم عاشوراء يكفر سنة ماضية

“Арафа кунининг рўзаси икки йиллик (сағира гуноҳларга) каффорат бўлади: ўтган ва келаси йилга. Ашура кунининг рўзаси эса ўтган йилга каффорат бўлади”.

Зулҳижжа ойининг бу кунларида рўза тутиш жиҳоддан ҳам афзал эканлиги саҳиҳ ҳадиси шарифларда баён этилган. Моликийлар томонидан Тарвия куни, яъни Зулҳижжанинг саккизинчи куни бир йиллик сағира гуноҳларга каффоратлиги айтилган.

Аммо, Арафот майдонида турган ҳожиларга заифлашиб қолиш эҳтимоли бўлгани учун рўза тутиш тавсия қилинмаган. Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, чаҳориёри киром ҳам ҳаж қилган вақтларида ўша кунлари рўза тутмаган эканлар.

3) Шаввол ойида олти кун рўза тутиш. Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можжалар Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида ҳайит эртасидан тутиш бошланадиган ушб олти кунлик рўза ҳақида Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من صام رمضان ثمّ أتبعه ستا من شوال فكانما صام الدهر

Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнг унга Шавволдан олти кунни эргаштириб рўза тутса, худди йил бўйи рўза тутгандек савоб бўлур.

Йил бўйи рўза тутганликнинг ҳикмати шуки, ҳар бир амалга ўнтадан савоб берилиши маълум. Рамазоннинг ўттиз куни уч юз кунга тенг, Шавволнинг олти куни олтмиш кунга тенг бўлади. Қолган беш кун эса рўза тутиш макруҳ бўлган кунлар – ҳайит ва ташриқ кунлари ҳисобига чиқиб кетади.

4) Шаъбон ойида рўза тутиш. Жаноби Расулуллоҳнинг одати шарифларидан бири шу эдики, Шаъбон ойининг кўпроғида рўза тутар эдилар. Бу ҳақда ул зоти шарифдан Усома ибн Зайд разийаллоҳу анҳу сўраган экан. Шунда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай бир ойки, одамлар ундан ғофилдирлар. Ражаб ва Рамазоннинг ўртасида келади. У ойда оламлар раббиси ҳузурига амаллар кўтарилади. Шундай экан, мен рўза ҳолимда амалларим кўтарилишини яхши кўраман-да!”. Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилган. Муҳаддис Ибн Хузайма уни саҳиҳ деган. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Имрон разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бўлмаганда Шаъбонда икки кун рўза тутиш кераклигини таъкидлаганлар.

5) Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шу икки кунда кўп рўза тутиб ўрнак кўрсатганлар. Шу ҳақда сўралганда ул зоти шариф: “Албатта амаллар ҳар душанба ва пайшанба кунлари арз қилинади. Бас, (шу кунларда рўза тутса), Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонни мағфират қилади. Фақат бир-биридан қочиб юрадиган қариндошларни мағфират қилмагай”. Бошқа ўринда эса ул зоти шариф душанба куни туғилганлари ва душанба куни Пайғамбарлик ваҳийси илк бора келгани, шунинг учун шукронасига ўша куни рўза тутишини яхши кўришларини айтганлар.

6) Ҳар ойнинг ўртасида рўза тутиш. Бу кунлар “айём ал-бийз” деб аталади. Яъни, “оппоқ кунлар” дегани. Чунки, бу вақтда ойнинг ёғдуси энг кучли бўладиган кунлардир. Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳу бизга буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари буюрганларини айтганлар. Имом Насоий ривояти. Муҳаддис Ибн Ҳиббон буни саҳиҳ деган.

Бу кунлар ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи кунлар бўлиб, Қатода ибн Малҳон разийаллоҳу анҳунинг ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур кунларда рўза тутишга одатланиш бир йиллик рўза билан тенглигини ваъда қилганлар. Чунки, ҳар бир амалга ўнтадан савоб беришини Аллоҳ таоло ваъда қилган: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай”. (Анъом сураси, 160-оят).

Фақат юқоридаги кунлар тартиби Зулҳижжа ойида ўзгаради. Ўн учунчи Зулҳижжада рўза тутиш макруҳ бўлгани учун, унинг ўрнига ўн олтинчи куни рўза тутади.

7) Бир кун рўза тутиб, бир кун тутмаслик. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр разийаллоҳу анҳуга тавсия қилганлар. Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган. Бир кун рўза тутиб, бир кун тутмай юришни Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси деб мадҳ қилинган:

أحبّ الصيام الى الله صيام داود وأحبّ الصلاة الى الله صلاة داود، كان ينام نصفه ويقوم ثلثه وينام سدسه وكان يصوم يوما ويفطر يوما

“Аллоҳ таолога рўзаларнинг энг севимлиси Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир. Аллоҳ таолога намозларнинг энг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Ул зот кечанинг ярмида ухлар эдилар-да, учдан бири қолганда намозга турар эдилар ва яна олтидан бири қолганда ухлаб олар эдилар. Ул зот бир куни рўза тутар эдилар ва бир куни рўза тутмасдан юрар эдилар”.

Шуни билиб қўйган яхшироқки, Ҳанафий мазҳаби билан Моликий мазҳабида ихтиёрий тутиладиган рўзалар уч қисмга бўлинади ва савоб олиш даражаси билан фарқланади. Ҳанафий мазҳабига кўра ихтиёрий рўзалар суннат, мандуб (мустаҳаб) ва ҳақиқий нафл турларга бўлинади. Ашура куни рўза тутиш суннат, ҳадиси шарифларда мадҳ ва тарғиб қилинган қолган рўзалар эса мандуб, умуман ўз ихтиёри билан, рўза тутгиси келиб қолиб рўза тутиш ҳақиқий нафл деб номланган. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).

Яна билиб қўйиш яхшироқ бўлган нарса бор. У ҳам бўлса, нафл рўза учун табйит шарт эмас. Яъни, кечаси тонг отгунча ният қилиб олиш шарт эмас. Бу Ҳанафий мазҳабида Рамазон рўзасида ҳам шарт эмас эди. Яъни, бир одам уйқудан турди, эрталаб бомдодни ўқиди, соат саккизларда ёки эртароқ чой ичмоқчи бўлди-ю, турганидан бери ҳеч нарса емаганлигини эслаб, рўза тутгиси келиб қолди. Дарҳол ният қилиб нафл рўзани бошлаб юбораверса бўлади. Бу қоида бизнинг мазҳабдан ташқари Шофиъий, Ҳанбалий мазҳабларида ҳам шундай. Ҳанафийлар инсон бундай ҳолатда катта чоштгоҳгача ният қилиб олса бўлаверади, деганлар. Бунга Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ҳадиси далил бўлган. Эрталаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ейдиган бирор нарса борми?” деганларида, ҳеч нарса йўқлигини айтади. Шунда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, мен рўза тутдим”, деб рўза тутишни бошлаган эканлар.

САВОЛ:

Рамазон рўзасининг қазоси бор одам нафл рўзалар тутиши мумкинми?

ЖАВОБ:

Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда Рамазондан қазоси бор одамнинг нафл рўза тутиши ҳеч қандай кароҳатсиз жоиздир.

Аммо, шуни билмоқ керакки, Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда Рамазон рўзасининг қазоси бор одамга нафл рўзаларни тутиши макруҳдир. Чунки, у фарз қазоси туриб, уни бажаришни таъхир қилиб, нафлларни бажара олмайди. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтган ҳадиси ҳам бор:

من صام تطوّعاً وعليه من رمضان شيء لم يقضه فإنّه لا يتقبّل منه حتّى يصومه

“Рамазондан гарданида қазосини тутмаган рўзаси бор кимса нафл рўза тутса, Рамазон рўзасининг қазосини тутмагунча, нафл рўзаси қабул бўлмайди”.

 САВОЛ:

Рўза тутиш қайтарилган кунлар ҳам борми? Рўза тутса, гуноҳ бўладиган кунлар ҳам бор деб эшитган эдим?

ЖАВОБ:

Тўғри, рўза тутишдан қайтарилган вақтлар ҳам бор. Улар ҳақида саҳиҳ ҳадиси шарифлар асосида фиқҳий китобларимизда батафсил тўхталинган.

  • Икки ҳайит кунида рўза тутиш. Мазҳабимиз уламолари бу кунда хоҳ нафл, хоҳ вожиб рўзасини тутишни макруҳи таҳримийдир, деганлар. Чунки Ҳазрати Умарнинг сўзи нақл қилинади:

انّ رسول الله صلى الله عليه وسلم نهى عن صيام هذين اليومين. أمّا يوم الفطر ففطركم من صومكم وأمّا يوم الأضحى فكلوا من نسككم

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки кунда рўза тутишдан қайтарганлар. Рамазон ҳайити куни эса рўзангиздан ифтор қилишдир. Қурбонлик куни эса сўйган қурбонлигингиздан ейсизлар”.  Буни Имом Аҳмад ва тўртта сунан соҳиблари (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжалар) ривоят қиишган.

  • Ташриқ кунларида рўза тутиш. Қурбонлик ҳайитидан кейинги уч кун ҳам рўза тутиш макруҳи таҳримийдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:

   أن لا تصوموا هذه الأيام فانها ايام اكل وشرب وذكر الله عزّ وجلّ

“Бу кунларда рўза тутманглар. Зеро, бу кунлар ейиш ва ичиш ва Аллоҳ таолони зикр қилиш кунларидир”. (Имом Аҳмаднинг Абу Ҳурайра р.а.дан ривояти).

Ушбу ривоятга қўшимча Имом Табароний саҳобийи киромлардан Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятни келтириш мумкин. Унда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жарчига буюриб, чақиртирганлар: “Бу кунларда рўза тутманглар. Чунки, бу кунлар ейиш, ичиш ва жимоъ қилиш кунларидир”.

  • Фақат жумъа кунининг ўзида рўза тутиш. Бу Имом Абу Юсуф қавлига кўра макруҳи танзиҳийдир. Агар жумъа куни рўза тутиш одатига тўғри келса, ёки арафа, ашуро кунларига тўғри келиб қолса ёки олдин ва кейинги кунлари рўза қўшиладиган бўлса, жумъа кунида рўза тутишнинг ҳеч бир зарари йўқдир. Имом Бухорий ва Муслимлар Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

لا تصوموا يوم الجمعة الا وقبله يوم او بعده يوم

“Жумъа куни (ни хослаб) рўза тутманглар. Фақат ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун қўшиб тутсанглар, майли”.

Бу қайтариқ қатъий бўлмаганлиги учун Ҳазрати Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу фақат шу куни бўлса ҳам рўза тутаверар эканлар. Шунинг учун Имоми Аъзам ва Имом Муҳаммад аш-Шайбоний наздларида шу куни рўза тутиш макруҳ эмас. (“Фатовойи Қозийхон”). Шу боисдан ҳатто Имом ал-Ҳаскафий шу кунини хослаб рўза тутишни мандуб (мустаҳаб) деганлар! (“Мавсуаът ул-фиқҳиййа”). Бу Моликий мазҳабининг ҳукми ҳамдир.

  • Фақат шанба куни рўза тутиш. Чунки бу кунни яҳудийлар жуда ҳам улуғлайдилар. Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу тарзда қайтарганлар:

لا تصوموا يوم السبت الا فيما افترض عليكم وان لم يجد احدكم الا لحا عنب او عود شجرة فليمضغه

Шанба куни рўза тутманглар. Фақат сизларга шу куни фарз бўлса, майли. Агар сизлардан бирортангиз (шу куни) фақатгина узумнинг пўсти ёки дарахтнинг илдизини топса ҳам уни чайнасин!”.

Шунинг учун бу кунни хослаб нафл рўза тутиш фиқҳий мазҳаблар ўртасида иттифоқан макруҳ деб эълон қилинган. Шунингдек, фақат якшанба куни рўза тутиш, наврўз байрами куни рўза тутишни ҳам мазҳабимиз уламолари кариҳ кўришган[2]. Умуман, байрам кунлари нафл рўза тутиш яхши эмас.

Имом Аҳмад ва тўртта сунан соҳиблари ҳамда Имом Ҳоким ривоят қилган ушбу ҳадисдаги “Фақат сизларга шу куни фарз бўлса, майли” деган жумласидан рўза тутиш одати шу кунга тўғри келиб қолса ёки арафа, ашуро куни шу кунга тўғри келиб қолса, шанба куни ҳам рўза тутаверса бўлаверади, дегани англашилади. Шунингдек, шанба куни қазо рўзасини ёки назр қилган рўзасини тутса ҳам бўлаверади.

  • Шак куни рўза тутиш. Аммор ибн Ёсир разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

من صام اليوم الذى شكّ فيه فقد عصى أبا القاسم صلى الله عليه وسلم

“Кимки унда шак қилинадиган кунда рўза тутса, Абулқосим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди!”

Ушбу ривоятни тўртта сунан соҳиблари – ат-Термизий, Абу Довуд, ан-Насоий ва Ибн Можжалар зикр қилганлар.

Шунга кўра Рамазондан аввал Рамазондан ният қилиб рўза тутиш макруҳдир. Аммо, ўша куни фақат нафл рўза тутиш бизнинг мазҳабимизда макруҳ эмасдир.

  • Йил бўйи рўза тутиш. Чунки бу кунларда Пайғамбаримиз рўза тутишдан қайтарган кунлари – икки ҳайит ва ташриқ кунлари ҳам бор. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:

لا صام من صام الأبد

“Кимки абадий рўза тутса, рўза эмас экан”. Буни Имом Аҳмад, Бухорий ва Муслимлар ривоят қилганлар.

Аммо юқорида ўтган бешта кунни чиқариб ташлаб, бошқа кунлари рўза тутса, макруҳ эмас.

  • Хотин кишининг эрининг рухсатисиз нафл рўза тутиши. Имом Аҳмад, Бухорий ва Муслимлар Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деган эканлар:

لا تصم المرأة يوما واحدا وزوجها شاهد الا باذنه الا رمضان

“Хотин эри ҳозир бўлганда бирор кун ҳам рўза тутмайди. Фақатгина унинг рухсати билан рўза тутади. Рамазон бундан мустаснодир”.

Шунинг учун Ҳанафий мазҳабида эрининг рухсатисиз нафл рўза тутиш макруҳи таҳримийдир.

Ҳадисда келганидек, Рамазонда эрининг рухсатисиз ҳам ёки рухсат бермаса ҳам, балоғатга етган ақлли аёлларга Рамазон рўзасини тутиш фарздир.

САВОЛ:

Менинг баъзида қорним тўқ бўлади. Очлик ва чанқоқликни сезмайман. Ифторлик қилмасам ва саҳарлик емасдан рўзани улаб тутсам бўладими? Ёки ифторликни еб, саҳарлик қилмасам жоизми? Бу макруҳ эмасми, ишқилиб?

ЖАВОБ:

Рўзани улаб тутиш шариатимизда макруҳдир. Бундан мурод рўзани ифторсиз ёки саҳарлик қилмасдан бир неча кун тутаверишдир. Буни фиқҳ китобларида “висол рўзаси” деб аталади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шундай рўза тутганлари билан биз умматларини ундан қайтарганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда ул зоти шариф: “Сизлар мендек эмассизлар. Мени кечаси Парвардигорим тўйдиради, чанқоғимни қондиради. Сизлар эса тоқатингиз етадиган амалларни қилинглар” деб марҳамат қилганлар.

Саҳарлик ейишда эса барака бор. Пайғамбаримиз озгина сув билан бўлсада, саҳарлик қилишга буюрганлар. Имом Аҳмад Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ул зоти шариф бундай деб марҳамат қилганлар: “Саҳарлик баракадир, бас, сизлардан бирларингиз бир қултум сув ичиб бўлса ҳам, уни тарк қилманглар. Зеро, Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилгувчиларга саловот айтурлар”.

САВОЛ:

Ер куррасининг шимолига борган сайин кеча ва кундузнинг узайиши ёки қисқариши кузатилади. Масалан, кундуз куни 22 соат давом этади, бирбир ярим соатгина кеча бўлади. Агар қутб шаҳарларига борсангиз, олти ой кеча, олти ойгача кундузни кўрмайсиз. Бу жойларда рўза қандай тутилади?

ЖАВОБ:

Аллоҳ ва унинг расули амрларига бўйсиниш бутун инсониятга у қаерда яшашидан ва қандай ҳолатда яшаётганидан қатъи назар лозим ва лобуддир. Хусусан, бу Аллоҳ ва унинг расулига иймон келтирган мўъмин ва мўъминалар учун лозим ва лобуддир.

Сиз тасвирлаган жойларда фақатгина рўза эмас, балки намоз ўқиш муаммоси ҳам бор.

Кеча ва кундузи бор шаҳарлар, гарчи уларда кеча ёки кундуз узун ва қисқа бўлса-да, шунга қараб намоз ўқийверадилар ва рўза ҳам тутаверадилар. Гарчи кундузи 22 соат бўлса-да, рўза тутади. Аллоҳ у ерларда истиқомат қиладиган мўъминларга сабр ва ихлос берсин! Улар кун ботган заҳоти шом ўқийдилар ва ярим соат ўтказиб хуфтан ўқийдилар. Тонг отиши билан эса бомдод ўқийдилар. Шунинг орасида рўза тутадиганлар ифторлик ва саҳарлик ҳам қилиб оладилар. Таровеҳга ҳам улгуришлари керак, бўлади.

Уларнинг бундай узун кунларда рўза тутишлари ҳараж туғдирмайди. Гарчи Аллоҳ таоло бандаларига ҳараж, қийинчиликни раво кўрмаган бўлса-да, аммо, ҳар бир шаръий амалнинг ўзига яраша машаққати, қийинчилиги бўлади. Бу ана шундай машаққатдир. Худой таоло бандаларини ўшандай кундузи узун, кечаси қисқа шаҳарларда яшатиб қўйибдими, демак, уларни шунга мослаб, ўргатиб яшатмоқда. Бинобарин, у ерларда яшаётганларга рўза тутиш машаққат бўлмайди. (“Мажмуат ал-фатово”). Милодий ўн тўртинчи асрдаёқ Булғорияга сафар қилган араб сайёҳи Ибн Баттута у ерда мусулмонларига қўшилиб, 23 соатлик рўза тутганлиги, хуфтан ва таровеҳни бир амаллаб ўқиб олганини таажжуб ва ҳайрат ила ёзиб қолдирган.

Аммо, қутб шаҳарларида – олти ой кундуз, олти ой кеча бўладиган маконларда вақтни ўлчайдилар, белгилаб оладилар.

 Қандай белгилаш ҳақида уламоларимиз ихтилофга боришган:

Баъзи уламолар бундай маконда яшовчилар вақтларини Маккаи мукаррама билан белгилайдилар, дейдилар. Чунки, Маккаи муаззама шаҳарлар онасидир. Бунга барча мусулмонлар келишиб олишган. Она эса эргашишга лойиқ имом кабидир.

Бу ерларда яшаётганлар энг ўрта вақтни оладилар, дейдиган уламолар ҳам бор. Яъни, кундуз ва кечани ўн икки соатдан белгилаб оладилар. Зотан, мана шу қишу ёзда энг мўътадил вақтдир.

Учинчи қавлни билдирган уламолар бундай дейдилар: қутб шаҳарларида яшовчи мусулмонлар вақтларини кеча ва кундуз мунтазам бўладиган шу шаҳарларга энг яқин шаҳарлар вақтини оладилар. Жуғрофий жиҳатдан ҳам мана шу фикр муносиброқ.

Демак, қутб шаҳарларида яшовчилар охирги қарашни олиб иш тутадилар ва шунга мос равишда намоз ва рўза вақтларини белгилаб оладилар.

САВОЛ:

Баъзи бировлар Ражаб ойида ёки Рамазон ойида қўй сўйиб вафот этиб кетган ота-онаси учун садақа эҳсонлар қилишади. Бу жоизми?

ЖАВОБ:

Аслида, вафот қилган кимса учун садақа ва хайротлар қилиш аҳли суннат вал-жамоат наздида мутлақо жоиздир. Савоблари, албатта, уларга етиб боради.

Ота-она учун хайр эҳсон қилиш, қўй сўйиб (нафлий) садақалар қилиш бу ойларда шарт эмас. Имконият бўлган пайтда қилинаверади. Рамазон ойида савоблар кўпайтириб берилади, Рамазонда рўза тутганларга ифтор қилиб берилади, деган мақсадда бу ишлар қилинса, янада хайрлироқ, яхшироқ бўлади.

Аммо, шу амални вожиб санаса ёки фақат бойлар чақириладиган бўлса, рўзадор бўлмаганлар кўпайиб кетса, асъаса-ю дабдаба бўладиган бўлса, риё аралашса, бу ишнинг бидъатлигига, гуноҳлигига шак-шубҳа қолмайди. Эҳтиёт бўлмоқ даркор!

САВОЛ:

Шаввол ойида олти кун рўза тутилишини биламан. Уни Рамазон ҳайити эртасига бошлаш шартми? Агар Шаввол ойида рўза тутолмай қолсам, унинг қазосини бошқа ойда тутишим керакми?

ЖАВОБ:

Шаввол ойида олти кун рўза тутиш суннат (мустаҳаб) бўлиб, фарз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

من صام رمضان ثمّ أتبعه ستا من شوّال كان كصيام الدهر

“Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнг унга Шавволдан олти кун (нафл) қўшса, худди бир йиллик рўза каби бўлади”. (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадис мазмуни мутлақ келгани учун бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайити эртасига бошласа ҳам бўлади ёки бир неча кун ўтказиб кейин рўза тутса ҳам бўлади. Шаввол ойида олти кун рўза тутса, бўлди.

Баъзи уламолар хайрли ишларни қилишга шошилиш лозимлиги, мусобақа қилиш афзаллигини инобатга олиб, ҳайит эртасига Шавволнинг рўзасини тутишни бошлаш керак, деб ҳисоблайдилар. Одамлар ҳам шунга ўрганиб қолишган.

Баъзи уламолар эса, (Бу уламолар орасида Имом Абу Юсуф ва Имом Молик ҳам бор) одамларнинг бу ҳам Рамазон рўзаси таркибига киради ёки тутмаса бўлмас экан, деган фосид хаёлларга бормасликлари, ва, асосийси, насронийлар каби фарз рўзаларга ўз ихтиёрлари билан рўзалар қўшиб олганларига ўхшамаслик учун ҳайитдан бир неча кун ўтказиб тутишни маъқул кўрадилар ва ҳайит эртасига бошлаб, улаб тутишни кариҳ кўрадилар. Бу “Шарҳи Виқоя”да ҳам ўз ифодасини топган. Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий шунга фатво берган. Демак, эҳтиётан ҳайитдан сўнг бир-икки кун ўтказиб Шаввол рўзасини тутишга киришмоқ маъқул.

Шаввол ойида рўза тутишга одатланиш вожиб эмас, балки афзал ва маъқул ишдур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أحبّ العمل الى الله ما دام عليه صاحبه وان قلّ

“Аллоҳга амалларнинг энг севимлиси амал эгаси, гарчи у оз бўлсада, доим бажариб юрганидур”.

Шаввол ойида рўза тутиш, шунингдек, Рамазондан бошқа ойларда рўза тутиш нафл ибодат бўлгани учун уни бажармаса, қазо тутиб ўтирмайди. Чунки, у ихтиёрий ибодатдир.

Шавволда рўза тутмаса бўлмайди, албатта тутиш керак, дейиш, шунингдек, тутмаганларни маломат қилиш, Шаввол рўзасини тутганлик билан фахрланиш ёмон иллат бўлгани учун ҳатто Имоми Аъзам Шавволда рўза тутишни кариҳ кўрган эканлар. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).

САВОЛ:

Нафл рўзани бошлаб қўйиб уни бузиш мумкинми? Бузса нима қилади? Нафл рўзаларни қачон бузиш мумкин?

ЖАВОБ:

Нафл ибодатларни бошлаб қўйиб, ўртасида бузиб қўйса, унинг қазоси вожиб бўлади. Масалан, Шаввол ойида рўза тутдингиз, бир сабаб бўлиб, кундузи рўзангизни очиб юбордингиз. Ўша куннинг рўзасининг қазоси тутилади, холос. Шунинг учун Ҳанафий ва Моликий мазҳабларида нафл рўзаларини бирор сабаб бузиш мумкин ва бузиб қўйганда, албатта қазоси вожиб бўлади.

Чунки, Аллоҳ таоло деган:

ولا تبطلوا أعمالكم

“Амалларингизни зое қилмангиз!”. (Муҳаммад сураси, 33-оят).

Бир куни Ойша онамиз билан Ҳафса онамиз разийаллоҳу анҳумо рўза тутган эканлар. Ҳадияга таом келиб қолибди, иштаҳалари келиб, рўзаларини очиб юборибдилар. Кейин бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганларида, ул зот: “Икковингиз ҳам бир куни рўзангизнинг қазосини тутиб берсасизлар”, деган эканлар. Бу ҳадисни муҳаддислардан Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Табаронийлар ривоят қилишган. Шунингдек, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу бир куни одамлар орасига чиқиб: “Мен рўза тутган ҳолда тонг оттирган эдим. Кейин менинг жориям олдимдан ўтиб қолди, мен у билан бўлишдан бошқа илож топа олмай қолдим. Энди нима бўлади?” деб сўради. Шунда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Сизга ҳеч нарса бўлмайди. Фақат кейин қазосига рўза тутиб берасиз”, деди. Ҳазрати Умар: “Сен фатво берувчиларнинг энг яхшисисан!”, деди.

Нафл рўзаларни бузиш фақат узр билан мумкин. Зиёфатга бориш, унда ҳозир бўлиш, уйига меҳмон келиб қолиши узрга киради. Бу заволдан аввал бўлса, шундайдир. Заволдан кейин рўзасини бузмайди. Агар меҳмонга борганда меҳмон унинг ҳозир бўлганига хурсанд бўлиб, еб-ичмаслигига хафа бўлмайдиган бўлса, нафл рўзасини бузмайди. (“Радд ул-муҳтор”). Ота-онасининг рози бўлиши учун асргача нафл рўзасини бузиш мумкин. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).

Шуни билмоқ керакки, рўза тутган одамнинг олдида еб-ичсалар, у шунга сабр қилиб, рўзасини очмаса, унга катта савоблар берилади, фаришталар унга саловотлар айтади: “Қачон рўзадорнинг олдида оғзи очиқлар таом еса, фаришталар унга саловот айтурлар”, деган эдилар Муҳтарам Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Имом Термизий ривояти).

САВОЛ:

Мен хотинимни нафл рўза тутишдан манъ қилсам бўладими? Масалан, Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани тутмасликка буюрсам, гуноҳкор бўлиб қолмайманми?

 ЖАВОБ:

Аслида, нафл рўзаларни хотин киши эрининг рухсати билан тутиши керак. Чунки, эри жимоъ қилишга майли бўлиб қолиши мумкин. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

لا تصم المرأة يوما واحدا وزوجها شاهد الا باذنه الا رمضان

“Хотин бир кун ҳам эри бор пайтда рўза тута олмайди. Фақат унинг изни билангина тутади. Фақат Рамазонда изн шарт эмас”. (Имом Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мазкур ҳадисга кўра, фарз рўза тутиш учун эрнинг ва бошқанинг изн бериши шарт эмас. Фарз бўлгандан сўнг тутаверади. Аммо, нафл рўзада эрининг унга эҳтиёжи тушиб қолиши эҳтимолидан эридан рухсат олиб тутади. Эри сафарга кетган бўлса, ғойиб бўлса, ёки хотини билан қўшилишга ярамайдиган касалманд бўлса, нафл рўза учун ҳам эридан рухсат олиши шарт эмас.

Хотини эридан рухсат олмасдан нафл рўза тутган бўлса, эрининг у билан ётгиси келиб қолса, хотинига рўзасини очдиришга ҳаққи бор. Хотини ҳам жимгина рўзасини очади-да, эрининг дилини хушнуд қилади ва бошқа пайтини топиб ўша куннинг қазосини тутиб олади.

Шунингдек, агар эмизикли боласи бўлса, болаларга тарбия беришга имкон топа олмайдиган бўлса, ўзига зарар етиши эҳтимоли бўлса, эр хотинини нафл рўза тутишдан манъ қилса бўлади. Акс ҳолда, ибодатдан қолдиргани учун нафл рўзадан ҳам қайтариш макруҳ ҳисобланади.

Шунингдек, эркак ўзининг қизини, онасини опа-сингилларини ҳам нафл рўза тутишларидан манъ қила олмайди. Буни яхши билмоқ керак! (“Бадойиъ”).

САВОЛ:

Бир одам ҳайит куни рўза тутишга назр қилса ёки қасам ичса, нима қилади?

ЖАВОБ:

Ҳайит куни рўза тутиш макруҳи таҳримийдир. Чунки, Ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

  انّ رسول الله صلى الله عليه وسلم نهى عن صيام هذين اليومين، اما يوم الفطر ففطركم من صومكم واما يوم الأضحى فكلوا من نسككم

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки кунда рўза тутишдан қайтардилар: Рўза ҳайити куни, бас, рўзангиздан чиқиб ўша куни еб-ичасизлар. Қурбон ҳайити куни эса қурбонлигингиздан ейсизлар”.

(Имом Аҳмад, асҳоби сунан – Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можжа ривояти).

Шунинг учун кимки ўша куни, умуман, рўза тутиш макруҳ, дейилган кунлар – икки ҳайит ва Қурбон ҳайитидан кейин уч кун, яъни айёми ташриқ кунлари, ҳаммаси бўлиб беш кунда рўза тутишга назр қилса ёки қасам ичса, қасамига риоя қилмайди. Чунки, маъсиятга ичилган қасамни бажариш ҳам маъсиятдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

من حلف ان يطيع الله فليطعه ومن حلف ان يعصيه فلا يعصه

“Кимки Аллоҳга итоат қилишга қасам ичса, унга итоат қилсин. Кимки Унга осий бўлишга қасам ичса, бас, унга осий бўлмасин!”.

Аммо, ҳайитда рўза тутмагани билан қасам ичгани ёки назр қилгани учун қазосини тутиб беради ва каффорат ҳам беради. Қасамнинг каффорати қул озод қилиш ёки ўн мискинга таом бериш ёки уларни кийинтиришдир. Булардан ожиз қолса, уч кун пайдар-пай рўза тутишдир. Чунки, Аллоҳ таоло бундай деган:

لا يؤاخذكم الله باللغو فى أيمانكم ولكن يؤاخذكم بما عقدتم الايمان فكفارته اطعام عشرة مساكين من أوسط ما تطعمون اهليكم او كسوتهم او تحرير رقبة فمن لم يجد فصيام ثلثة ايّام ذلك كفارة ايمانكم اذا حلفتم واحفظوا أيمانكم كذلك يبين الله لكم آياته لعلكم تشكرون

“Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки, сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузулгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз”. (Моида сураси, 89-оят).

Имом Байҳақий Ойша онамиздан нақл қилишича, мазкур оятдаги “беҳуда сўзлар”дан мурод бир одам бирор нарсани аниқ билиб қасам ичадию, кейин ўша нарса бирор сабаб билан бошқача бўлиб чиқади.

Мабодо у макруҳ бўлса ҳам ўша кунлари назр қилган ёки қасам ичган рўзасини тутадиган бўлса, назр ва қасамининг уҳдасидан чиққан ҳисобланади. (“Шарҳи Виқоя”).

САВОЛ:

Бирор мусулмон, Худо асрасин, ўзи динидан қайтиб, бошқа динга, масалан христианлик ёки кришнага ўтиб кетса, нима бўлади? Яъни, унинг Исломдаги амаллари, қилган савоблари куюб кетаверадими? У бир оз муддатдан сўнг яна тавба қилса, ибодатлари нима бўлади? Қазоларини бажарадими?

ЖАВОБ:

Диндан қайтиш энг оғир гуноҳдир. Бошқа динга ўтиб кетиш, шариатимизда кечирилмас маъсиятдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда деган:

ومن يرتدّ منكم عن دينه فيمت وهو كافر فاولئك حبطت أعمالهم فى الدنيا والآخرة واولئك أصحاب النار هم فيها خالدون

“Сизлардан кимдаким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар”. (Бақара сураси, 217-оят).

Аммо, у вақтида эсини йиғиб, ўлиб кетмасидан аввал Исломга қайтса, Имоми Аъзам ва Имом Молик мазҳабларига кўра, муртад бўлиб юрган вақтларидаги намоз ва рўзаларини қазоси лозим бўлмайди.

Бироқ, муртадликдан аввал тутган рўза, ўқиган намозларининг қазосини тутиб ва ўқиб беради. Бир ривоятга кўра бажарган ҳажжини ҳам яна қайтаради. Чунки, Аллоҳ таоло деган:

ولو أشركوا لحبط عنهم ما كانوا يعملون

“Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди”. (Анъом сураси, 88-оят).

ومن يكفر بالايمان فقد حبط عمله وهو فى الآخرة من الخاسرين 

“Кимки, иймондан куфрга қайтса, (қилган савобли) иши, албатта, зое бўлур ва у охиратда зиён кўрувчилардандир”. (Моида сураси, 5-оят).

Мазкур икки ояти каримада Аллоҳ таоло амалларнинг ҳабата бўлиши учун куфр ва ширкни шарт қилиб қўйди. Демак, муртад тавба қилиб, асл динига қайтса, муртадликдан аввалги амалларини қайтариши, яъни қазо тутиши лозим бўлади. (“Шарҳи Ниқоя”).

САВОЛ:

Рўзасини билмай очиб ўтирган одамга рўза эканлигини эслатиш лозимми?

ЖАВОБ:

Рўзадорнинг ҳолатига қаралади. Агар кечгача чидай оладиган ёшроқ одам бўлса, унга рўзасини эслатиш вожиб бўлади. Зотан, бу ҳам амри маъруф ва наҳий мункар қилиш каби амаллар сирасига киради. Аммо, у қари киши бўлса, унга эслатмаслик мумкин. Чунки, у рўзадорлигини эсидан чиқариб еб-ичиб ўтирибди. Уни Аллоҳ таолонинг ўзи меҳмон қилмоқда!


[1] Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 272.

[2] Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 295.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...