Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўриш учун тажрибалар

Lotin alifbosida

Rasulullohni tushda kurishБисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳул-оламина фидоҳуга биз ғоибона имон келтирганмиз! У зотни бу дунёда кўра олмаган, Аллоҳ бизга дунёда кўришни насиб қилмаган, охирзамон умматларимиз. Бироқ, у зоти шарифни тушда кўриш имконияти мавжуд! Оламларга раҳмат бўлмиш Пайғамбари охирзамонни тушда кўриш буюк саодатдир, фазилатларнинг энг улуғи ва манфаатларнинг энг каттасидир. Банданинг мўъмин-мусулмонлигининг, қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатнинг мавжудлигининг, алалоқибат мўъмин-мусулмон бўлиб оламдан ўтишининг, қиёматда эса у зоти бобаракотнинг шафоатларига насибадор бўлишнинг башоратидир. Айтишларича, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида бир марта кўрса, 12 (ўн икки) марта Қуръонни хатм қилганнинг савоби берилади, ўлим шарбатини тотиш унга осон бўлади, ундан қабр азоби кўтарилади, қиёмат қўрқинчларидан омонда бўлади, дунё ва охиратдаги ҳожатлари раво бўлади. “Руҳ ул-баён”да келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўрган одам ғамгин бўлса, ғамлари арийди; қарздор бўлса, қарзлари узилади; мағлуб бўлса, ғолиб бўлади; маҳбус бўлса, озод бўлади; мусофирликда юрган бўлса, юртига осон-омон қайтади; фақир бўлса, бой бўлади; касал бўлса, шифо топади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш айни у зотнинг сиймоларини кўриш бўлади. У раҳмоний туш ҳисобланади, у шайтоний туш эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари бундай деб марҳамат қилганлар:

من رآنى فى المنام فقد رآنى فإنّ الشيطان لا يتمثّل )بى( فى صورتى

“Кимки мени уйқусида (тушида) кўрса, дарҳақиқат мени кўрибди. Чунки, шайтон менинг суратимда кўрина олмайди (менга ўзини ўхшата олмайди)” (Бухорий, 1/110; Муслим, 4/2266; Термизий, 4/2276; Ибн Можа, 2/3901; Доримий, 2/2194; Аҳмад, 1/3559; Ҳоким, 7/8186; Табароний, 12/12403; Абу Яъло, 9/5250; Баззор, 1/2074; Ибн Абу Шайба, 11/31111).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

من رآنى (فى المنام) فقد راى الحقّ

“Кимки мени (тушида) кўрса, ҳақиқатда кўрибди!” деганлар (Бухорий, 9/6996; Муслим, 4/2267; Термизий, “аш-Шамоил ан-набавия”, 1/405; Доримий, 2/2195; Ибн Ҳиббон, 13/6051; Аҳмад, 2/7544; Баззор, 2/7936).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўришнинг биз учун энг буюк хосияти шуки, ўлимимиз олдидан ва, аниқки, қиёматда у зотнинг айнан ўзларининг тимсолларини кўришимиз мумкинлигидир. Бу ҳақида саҳиҳдан саҳиҳ ҳадиси шариф ривоят қилинган. Мен шунга ишонаман:

من رآنى فى المنام فسيرانى (او لكأنّما رآنى) فى اليقضة و لا يتمثل الشيطان بى

“Кимки мени уйқу (туш)да кўрса, бас, яқинда (гўёки) мени ўнгда кўради! Зотан, шайтон менга ўзини ўхшата олмайди” (Бухорий, 9/6993; Муслим, 4/2266; Абу Довуд, 4/5025; Аҳмад, 5/22659; Табароний, 19/660).

Хуллас, ҳар бир мўъмин-мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўришни орзу қилиши керак ва шунга ўзини муносиб тайёрлаш керак. Бунинг учун тақво, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини имкон қадар адо қилиб бориш, суннатларни бажаришга ҳарисманд бўлиш керак, шунингдек, доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, қайсидир ҳадисларининг мазмунини, ҳаётларини, фаолиятларини ўйлаб юриш керак. Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўриш учун у зотни танийдиган бўлиш керак. Бошқа бировларни кўриб, “Мен Пайғамбарни кўрдим”, деб юрганлар қанча?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни айнан ўзларини кўриб, у зотни таниб олиш учун, шамоил ва сийратлари (тузилишлари ва ҳаёт йўллари)ни яхши билмоқ лозим. Бунинг учун “аш-Шамоил ан-набавия”, “Нур ул-яқин”, “Саодат асри қиссалари”, “Сийари Набий”, “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” каби китобларни ўқиб чиқиш фойдадан холи эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш учун ўтган солиҳ зотлар, тақводор кимсалар, авлиёуллоҳлар, ошиқи Расулуллоҳлар, илмига амал қилиб ўтган уламолар томонидан бошларидан ўтказган тажрибалар ҳам мавжуд. Ана шундай тажрибалардан бир нечтасини тўплаб, бу ерда зикр қилмоқчимиз. Мўъмин-мусулмонлар улардан ўзлари ёқтирган бир усулни амалда қўллаб кўришлари мақбул иш бўларди! Агар бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тушида намоён бўлмаса, бошқа бир усулни қўллаб кўриш керак. Агар умуман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушда кўринмаса, инсон ўзини ўнглаши, тавба-тазарру қилиши ва суннатларни адо қилишга қаттиқ киришиши даркор. Агар бунда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушда кўринмаса, бунинг имонга ҳеч бир зарари йўқ. ИншаАллоҳ, охиратда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлажак. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида яшаб, унга ошиқ бўлиб ўтган Увайс ал-Қараний қуддиса сирруҳу сингари авлиёлар ҳам у зотни ўнгда ҳам, тушда ҳам кўра олмай, ишқу муҳаббат ва завқу шавқ билан оламдан ўтиб кетганлар.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш учун қуйидаги амаллардан бирини қўллаб кўриш мумкин:

1. Кимки жумъа кечаси 2 (икки) ракъат намоз ўқиса, ҳар ракъатида 1 (бир) маротаба “Сураи Фотиҳа”, 1 (бир) маротаба “Оят ал-курсий”, 15 (ўн беш) маротаба “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини ўқиса, саломдан кейин эса 1000 (минг) маротаба саловат (хоҳлаганини) айтса, ўша кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради. Ёки кейинги жумъагача албатта тушида кўради. Бу “Ҳадоиқ ал-ахбор” номли китобда келтирилган экан.

2. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ тажрибаси: Хуфтондан сўнг 4 (тўрт) ракъат намоз ўқийди. Ҳар бир ракъатида “Фотиҳа сураси”дан сўнг “Ваззуҳо”, “Алам нашроҳ”, “Инна анзалнаҳу” ва “Иза зулзилати-л-арзу” сураларини кетма-кет бир мартадан ўқийди. Саломдан сўнг, 70 (етмиш) маротаба саловат (хоҳлаганини) айтади. Кейин 100 (юз) маротаба истиғфор айтади (масалан, “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”). Кейин 100 (юз) маротаба саловат айтиб, 100 (юз) маротаба: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи-л-ъалиййи-л-ъазим”ни айтиб, таҳоратли ухлаб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради.

3. Имом аз-Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ тажрибаси: кимки жумъа кечаси ғусл қилса ва икки ракъат намознинг ҳар ракъатида “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини 1000 (минг) маротаба ўқиса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради (Ибн Асокир ривояти).

4. Шайх Дўстмуҳаммад Турсун қуддиса сирруҳу тажрибаси: Кимки икки ракъат нафл намоз ўқиса, тоза тўшак тайёрлаб, покиза кийимда уйқуга ётишдан олдин “Набаъ сураси” (ЪАмма) ўқиб ётса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради.

5. Аллома Махдум Умар қуддиса сирруҳунинг тажрибаси: жумъа кечаси қуйидаги саловатни 1000 (минг) маротаба ўқиб ётса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради:

اللهمّ صلّ على حبيبه سيّدنا محمد و على آله

“Аллоҳумма, солли ъала ҳабибиҳи саййидина Муҳаммадин ва ъала олиҳи!”.

6. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўришни хоҳласа, саловатни кўп айтсин ва бу дуони ўқиб юрсин:

اللهمّ ربّ البلد الحرام و الشهر الحرام و الحلّ و الحرام و الركن و المقام إقرأ على روح محمد من السلام

“Аллоҳумма, робба-л-балади-л-ҳаром ва-ш-шаҳри-л-ҳаром, ва-л-ҳилли ва-л-ҳаром, ва-р-рукни ва-л-мақом. Иқроъ ъала руҳи Муҳаммадин мин ас-салом!”. Бу “Тафсири Қози Байзовий”да келтирилган экан.

7. Кимки жумъа кечаси “Сураи Кавсар”ни 1000 (минг) маротаба ўқиса, ва Пайғамбар алайҳиссаломга ушбу саловатни 1000 (минг) маротаба айтса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради. Саловат будир:

اللهمّ صلّ و سلم على سيّدنا محمدٍ و على آل سيّدنا محمدٍ بعدد كلّ معلومٍ لك

“Аллоҳумма солли ва саллим ъала саййидина Муҳаммад ва ъала оли саййидини Муҳаммад. Би-адади кулли маълумин лака!”.

Бу “Хавосс ал-Қуръон” номли китобда келтирилган экан.

8. Жумъа кечаси, ярим тунда туриб, “Сураи Қурайш”ни 1000 (минг) маротаба ўқиса, сўнг таҳоратли ҳолида ухласа, албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради. Бу “Мафотиҳ ал-жинон” китобида келтирилган экан.

9. Буни “Китоб аш-Шифо” асарининг муаллифи, таниқли моликий уламоси Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳи ўзи тажриба қилиб кўрган эканлар: Жумъа кечаси “Сураи Ихлос”ни (“Қул ҳуваллоҳу аҳад” сураси) 1000 (минг) маротаба ўқиб, савобини Хадижаи кубро онамиз разийаллоҳу анҳо руҳларига бағишлайди. Сўнг яна ушбу сурани 1000 (минг) маротаба ўқиб, савобини Ойшаи сиддиқа онамиз разийаллоҳу анҳонинг руҳларига бағишлайди. Яна ушбу сурани 1000 (минг) маротаба ўқиб, Фотами заҳро разийаллоҳу анҳонинг руҳларига бағишлайди. Буларни ўқиб бўлганидан сўнг, бу зоти шарифаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида шафоат қилишларини, токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўришини, Аллоҳ таоло у зотни тушда кўрсатишини ўтиниб сўрайди. Кейин 1000 (минг) маротаба: أستغفر الله و أتوب اليه – “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи” дейди. Сўнг Аллоҳ таолодан: “Эй, Аллоҳ! Шунча қусурим, гуноҳларим бўлса ҳам, руҳимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учраштир, тушимда у зотни кўрайин!”, деб ихлос билан сўрайди. Кейин эса 1000 (минг) маротаба ушбу саловатни айтади:

الصلوة و السّلام عليك يا سيّدى رسولِ الله خذ بيدى قلت حيلتى أدركنى

“Ас-Солату ва-с-салому ъалайка ё саййидий Расулиллаҳ! Хуз би-йадий, қулту ҳийлатий, адрикний!”.

Кимки шундай қилиб, таҳорат билан ухласа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни албатта тушида кўради.

10. Жумъа кечаси 4 (тўрт) ракъат намозни икки салом билан ўқийди. Ҳар бир ракъатида “Фотиҳа сураси”дан сўнг “Ваззуҳо”, “Алам нашроҳ”, “Инна анзалнаҳу” ва “Иза зулзилати-л-арзу” сураларини кетма-кет ўқийди. Саломдан сўнг, 70 (етмиш) маротаба саловат (хоҳлаганини) айтади. Кейин 70 (етмиш) маротаба истиғфор айтади (масалан, “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”). Саловат айтиб, таҳоратли ухлаб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради. Бу “Мажмаъ ал-ҳадис” номли китобда келтирилган экан.

11. Кимки жумъа кечаси “Қадр сураси”ни 1000 (минг) маротаба ўқиса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўрмасдан дунёдан ўтмайди.

12. Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўришни хоҳласа, 2 (икки) ракъат нафл намози ўқисин. Кейин 100 (юз) маротаба қуйидаги дуони ўқисин:

يا نور النور يا مدبّر الأمور بلغ عنى روح سيدنا محمد و أرواح آل محمد تحيّة و سلاما

“Ё Нур ан-нур, ё мудаббир ал-умур! Баллиғ ъанний руҳа саййидина Муҳаммадин ва арваҳа оли Муҳаммадин таҳийятан ва салама!”.

13. Айрим манбаларда “Абҳар намози” ҳақида маълумотлар берилган. Кимки “Абҳар намози” деб аталган намозни ўқиса, (“абҳар” – гулнинг номи) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради. Уни манбаларда саҳоба ва тобеъинлар давридан қолган намоз сифатида эсланади: Тўрт ракъат намоз ўқилади. Ҳар бир ракъатида “Фотиҳа сураси”дан сўнг “Қадр сураси”ни 10 (ўн) марта ўқилади. Сурадан кейин “Субҳоналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!”ни 15 (ўн беш) маротаба айтилади. Рукуъга кетиб, рукуъда турганида: “Субҳона роббийа-л-ъазим!”ни уч марта айтганидан сўнг “Субҳоналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!”ни 3 (уч) маротаба айтади. Рукуъдан тик турганда “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ. Роббана лака-л-ҳамд!”ни айтганидан кейин яна “Субҳоналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!”ни 3 (уч) марта ўқийди. Кейин “Аллоҳу акбар!” деб саждага кетади. Саждада 3 (уч) маротаба “Субҳона роббийа-л-аъло!” дегандан кейин “Субҳоналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!”ни 5 (беш) маротаба айтади. Кейинги саждада ҳам худди шундай қилади. Қолган ракъатларни ҳам шу тариқада тугатади. Намозни тугатиб, салом бергандан кейин “Қадр сураси”ни 10 (ўн) маротаба ўқийди. Яна “Субҳоналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!”ни 33 (ўттиз уч) маротаба айтади. Кейин “Жазаллоҳу ъанна Муҳаммадан бима ҳува аҳлуҳ!” дейди. Шундай қилиб ухласа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради.

14. Қуръони каримдаги “Аҳзоб сураси”нинг 56-оятини кечқурун ётишдан олдин 7 (етти) маротаба ўқиб ётган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўради. Ояти карима будир:

إنّ الله و ملائكته يصلون على النبىّ يا أيّها الذين آمنوا صلوا عليه و سلموا تسليما

“Инналлоҳа ва малаикатаҳу йусоллуна ъала-н-Набийй. Йа аййуҳаллазина аману, соллу ъалайҳи ва саллиму таслима!”.

Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш буюк саодат ва улуғ бахтдир. Уламоларнинг тажрибаларидан ўтган юқоридаги усулларни ҳар жойдан тўплаб Сиз азизларнинг ҳукмингизга ҳавола қилдик. Шояд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушингизда кўриб, ушбу буюк саодат ва улуғ бахтга мушарраф бўлсангиз, биз ҳам бу хайрли амалга Сизни далолат қилганимиз учун шарофатларга ноил бўлсак.

Аллоҳ таоло ҳар бир мўъмин-мусулмонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш бахтини муяссар айласин! Омин.

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...