Наждлик (Саудиялик) олим дўстларимизга самимий насиҳатлар

Мақолани .pdf  форматда юклаб олиш

Najdlik olimlarga nasihatМуаллиф: Шайх Юсуф ибн Саййид Ҳошим ар-Рифоий

Муқаддима муаллифи: Шайх Рамазон Ал-Бутий

МУҚАДДИМА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 Унинг неъматлари ила барча яхшиликлар содир бўлувчи Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг оилалари ва саҳобаларига саловату саломлар бўлсин.

Саййид Юсуф ар-Рифоий Қувайтнинг энг таниқли фозил уламоларидан биридир. У билан танишганимдан бери мен унинг Ислом йўлидаги илмий фаоллиги, ҳақ йўлга чақириши, инсоният ва жамият учун қайғуриши ҳамда хайрли амалларига гувоҳ бўлдим.

У яхшиликка чақирувчи ва ёмонликдан огоҳлантирувчи сифатида барча мавжуд имкониятлардан фойдаланади. Ўз илмий фаолиятида Аллоҳга бўлган муҳаббатга ва Унинг бандаларига бўлган меҳр-шафқатга таянувчи, барча исломий гуруҳлар ва жамоатлар билан биродарлик ришталарини боғлаш асосида ўзаро муносабатларни ўрнатувчи ва биродарлик руҳини мустаҳкамлаш учун ўзининг самимий насиҳатлари орқали, Аллоҳ таолонинг: «Биродарларингизнинг ўрталарини ислоҳ қилинг» деган сўзлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Дин насиҳатдир» деган сўзларини шиор қилиб олгандир.

Булар, Аллоҳ Таолонинг бандалари ичидаги содиқ инсонларнинг сиймосидир. Улар шундай инсонларки, Унинг амрларини фақат софдиллик ва ихлос асосида бажарадилар. Бундай пок инсонларни уларнинг сиймоларидан билиб олишимиз мумкин ва биз асоссиз равишда ҳеч нарсани таъкидламаймиз.

Мен ушбу рисолани ўқиб чиқдим. Менинг эътиборимни унинг чиройли ва жозибали номи ўзига жалб қилдики, у Аллоҳнинг розилиги йўлида хизмат қилишда чин ихлос ва ўзаро биродарлик ҳиссини ўзида мужассам қилгандир:
«Наждлик олим дўстларимизга самимий насиҳатлар».

Агар мен ушбу номда, унинг ичидагиларга тескари нарсаларни кўрганимда, ўзимнинг қимматли вақтимни кетказиб, уни ўқиб ўтирмасдан, ундан юз ўгирган бўлардим. Лекин, мен уни ўқиб чиққанимда, унинг мазмуни ўз номига жуда ҳам мос эканлигини кўрдим.

Ушбу сўзлар, сокинлик билан айтилган, ўзига жалб қилувчи насиҳатлар бўлиб, Аллоҳнинг динини астойдил ҳимоя қилувчи, диндош биродарларига холис меҳрибонлик туйғуси билан йўғрилган ва уларни Аллоҳнинг йўлида собитқадам бўлишларига чақириқни ўзида мужассам қилган эди.

Саййид Юсуф ар-Рифоий томонидан ўз биродарларига қилган насиҳатларини ўзимнинг билимларимдан келиб чиққан ҳолда бошидан охиригача таҳлил қилдим ва келтирилган масалаларни шариат мезони ва далиллари билан солиштириб, унинг торозусида тортиб кўрдим. У ўз насиҳатлари ва огоҳлантиришларида ҳақиқат йўлида эканлигига амин бўлдим. Ушбу насиҳатлар орқали, қандай мавқега эга эканликларидан ва қаерда жойлашганларидан қатъий назар, Қуръон ва Суннатга амал қилувчи, салафи солиҳлар изидан юрувчи барча мусулмон уламоларининг фикрларини баён қилгандир.

Бундан аввалги асрларда, ҳозирда ушбу мамлакат олимлари ва масъулларининг қилаётган ишлари дарғазаб қилганчалик даражада Ислом умматини ғазаблантирган нарсани билмайман. Жумладан, Макка ва Мадина ҳамда уларнинг атрофидаги жойларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсий ҳаётлари ва набувватлари билан боғлиқ осори атиқаларни (тарихий обидаларни) йўқ қилиниши ва шунга ўхшаш салафи солиҳларимиз йўлларига хилоф бўлган, шариатга зид ишларини келтиришимиз мумкин.

Бундан ташқари, мусулмонларни Мадинаи мунавварадаги Бақеъ қабристонини (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 10 мингдан ортиқ саҳобалари ва оила аъзолари дафн этилган қабристон. Тарж.) зиёрат қилишдан тўсиш, у ерда одамларни дафн қилишни тақиқлаш, Ислом умматининг аксари қисмини ташкил қилувчи Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийнинг издошларини кофир деб эълон қилишларини кўрсатишимиз мумкин. Ваҳоланки ашъарий ва мотуридийларни салафи солиҳларнинг йўлида эканлиги ва уларнинг ҳақиқий издошлари эканлигига Ислом уммати ижмо қилгандир.

Бундан ҳам ортиқ нолойиқ бўлгани – бу ишларни амалга ошираётган биродарлар виждонлари ҳеч ҳам қийналмай, жимгина ушбу ножўя амалларни қилишда давом этмоқдалар.

Ислом олимларининг барчалари таъкидлайдиган Ислом шариатининг қоидаларига кўра, авваламбор ушбу биродарлар ўзлари ҳақиқат деб ҳисоблаётган ишлар ҳақида, мисол учун, Пайғамбарлик билан боғлиқ нарсаларни, осори-атиқаларни беҳурмат қилиб камситиш, ушбу нарсаларни гўёки улар аввал бўлмаганидек йўқ қилиб ташлаганларининг сабабини тушунтирувчи очиқ далилларни келтирган ҳолда, тегишли маълумотларни тарқатишлари лозим эди. Бу ҳақидаги ўз ниятларини барчага етказишлари керак эди ва шундан сўнггина, агарда шариат ҳукми шу экан, деган хулосага келинган-да, шунга асосланган ҳолда ўзлари хоҳлаётган ишни амалга оширишлари мумкин бўларди.

Мен ҳам, Ғарб ва Шарқдаги барча мусулмонларнинг кўз ўнгида, уларнинг илмлари ва эътиқодини менсимасдан, ҳеч қандай илмий далил-ҳужжат келтирмаган ҳолда, Макка ва Мадинада содир қилинаётган ишлар сабабли даҳшат чулғаб олган миллионлаб мусулмонлардан бириман.

Бу ишлардан ҳайрон бўлган ҳолда, ўзимнинг илмларим ҳақида шубҳаланиб, гумонли нарсалар гўё тўғридек туюлиб, мен балки ниманидир билмаётгандирман, деб ўйлай бошладим. Бу гумонларим мусулмон биродарларимга нисбатан ўз мажбуриятларимни бажариш ниятида, яъни улар ҳақида ва айниқса уларнинг олимлари ҳақида имкон қадар яхши фикрда бўлиш истагидан келиб чиққан эди.

Мен салафи солиҳларнинг ҳаёт тарзлари ҳақида, саҳобаларнинг давридан бошлаб ва кейинги асрларни синчиклаб таҳлил қилишни бошладим. Улар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятлари ва Пайғамбарликлари билан боғлиқ меросларга муносабатларини яна қайтадан ўрганиб чиқдим. Мен уларнинг барчаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган осори атиқалардан табаррук олиш ҳақида ўзаро ҳамфикр эканликларидан бошқа нарсани топмадим. Балки, саҳобаларни ушбу ишда бир-бирлари билан мусобақа қилганларини кўрдим.

Шубҳасиз, Наждлик шайхлар ҳам биз билган барча нарсаларни биладилар, яъни Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддисларнинг саҳиҳ китобларида келтирилган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг терлари, сочлари, у зот таҳорат қилган сувлари, тупуклари, фойдаланган идишлари, у зот намоз ўқиган, ўтирган жойлари ёки нутқ сўзлаган ўринлари билан саҳобалар табаррук олганликларини яхши биладилар.

Исломнинг дастлабки уч асрларида, салафи солиҳлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эслатувчи барча нарсалардан табаррук олишларига гувоҳ бўлгани — у зот туғилган уй, Хадича розияллоҳу анҳо онамизнинг уйлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижратларининг дастлабки даврида яшаган Абу Аюб Ансорийнинг уйи, «Арис» ва «Зу туво» қудуқлари, Арқамнинг уйи ва бошқаларни улар ҳам худди биз сингари яхши билишликларига шубҳа қилмаймиз. Салафи солиҳлардан кейин яшаган авлодлар ҳам мазкур меросни кўз қорачиғидай асраб, уларни яхши муҳофаза қилиб, ушбу масалаларда ижмога (барчанинг бирдек якдиллигига) ишончли гувоҳ бўлганлар.

Бугунги кунда эса, Ислом оламига тўсатдан бир бидъат ёпирилиб келиб, Наждлик олим биродарларимиз томонидан салафи солиҳлар ва бугунги кунга қадар уларга эргашиб келган издошларининг ижмолари бутунлай йўқ қилинмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган уйлари бузиб ташланиб, унинг ўрни мол бозорига айлантирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада меҳмонларни кутган уйлари эса ҳожатхонага айлантирилди. Бу бузғунчи қўллар, авлоддан авлодга ўтган ҳолда авайлаб асраб келинаётган Пайғамбарлик изларини ҳам аяб ўтирмади.

Энг ажабланарлиси шуки, барча Ислом олами томонидан мазкур ишларни қораланиши, мўмин-мусулмонлар ғалаёнининг кўламини ҳамда салафи солиҳларнинг ижмоси ва эътиқодини йўқ қилувчи бу бидъатларига бўлган муносабатни Наждлик шайхлар кўриб турибдилар, лекин мусулмонларга ўзларининг қилмишларини оқловчи ва уларнинг фикрларини тушунтириб берувчи бирорта сўз билан мурожаат қилмаяптилар.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, уларнинг фикрича, бошқа барча Ислом уламолари ҳеч нарсани билмайдиган жоҳиллар ва хатокорлар бўлса керак. Ундай бўлса, Наждлик олимлар улар билмаган нарсалари ҳақида тушунтириш бериб мурожаат қилишлари лозим эди. Бошқалар ўз хатоларини тушуниб олишлари ва Наждлик олимлар бошқа Ислом аҳлидан фарқли ўлароқ, улардан ўзиб кетиб, ўзлари тушуниб етган ҳақиқатни бошқаларга ҳам англатишлари керак эди. Бу билан эса, улардан аввал мусулмон уммати тушуниб етмаган тўғри йўлга бошқаларни ҳидоят қилганликлари учун ажр-савобларга эришган бўлардилар.

Ушбу муносабат билан, бошланиб лекин якунига етмаган бир воқеани сўзлаб берсам мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман. Мен ва менинг ҳурматли биродарим, устоз, доктор Абдуллоҳ бин Абдул-Муҳсин ат-Туркий билан араб давлатларидан бирида уюштирилган учрашувда кўришганимизда, ҳозирда Нажд ерларида аввал салафи солиҳларимиз билмаган Янги Исломнинг пайдо бўлишига олиб келган изтиробли ҳолат ҳақида бир-биримизга шикоят қилдик. Ушбу вазият нафақат Ислом оламида, балки Европа ва Америкада ҳам ихтилофлар, бахслар ва адоватнинг вужудга келишига сабаб бўлди.

Доктор Абдуллоҳ мендан: «Ҳақиқатдан ҳам бу қайғули ҳолатдир. Буни қандай қилиб ҳал қилиш мумкин?», деб сўради. Мен бунга жавобан, Наждлик биродарлар билан муҳокама ва илмий мунозара қилиш қоидаларига риоя қилинган ҳолда уюштириладиган суҳбатлар орқали ушбу ҳолатнинг ечимини топиш мумкинлигини ҳамда шахсий мақсадларни бир четга суриб қўйиб, унга ихлос асосида ёндошилса, шундагина илм – ҳақиқат йўлига ҳидоят қилади, ҳақиқат эса якдилликка олиб келади, деб айтдим.

Шу сабабли, биз Саудия Арабистонида илмий анжуман уюштириш ва унга чуқур билимга эга, динда ихлосли бўлган ва Ислом умматини бирлаштириш истагида жонкуяр бўлган Саудиялик ўнта олимни таклиф қилиш ҳамда худди шундай тавсифга эга бўлган яна ўнта олимни бошқа араб давлатларидан таклиф қилишга келишдик.

Шунингдек, муҳокама қилинадиган саволлар рўйхатига салафи солиҳлар даврида бўлмаган, кейинчалик пайдо бўлган янги масалаларни ҳам киритишга келишиб олдик. Агар ушбу масалалар тўғрисидаги суҳбатни ҳамма эътироф этадиган илмий қоидаларга мувофиқ равишда олиб борилса, унда ҳақиқат юзага чиқиши ҳамда ҳақни беркитиб турган ва нотўғри фикрларга сабаб бўлаётган пуч ғоялар фош қилинишига умид қилса бўлади. Нотўғри фикрлаш эса, ҳаттоки диндан чиқиш ва кўплаб адашувларга олиб боради.

Мен турли араб мамлакатларида, жумладан Сурияда яшовчи ўнта олимнинг исмини тақдим қилишни ўз зиммамга олдим, ўз навбатида у ҳам Саудия Арабистонидаги ўнта олимнинг исмини тақдим қилишни ваъда қилди. Исмлар аниқлаштирилгандан сўнг, биз учрашув вақтини тайин қилишимиз керак эди. Мана шунга келишиб, биз у билан хайрлашдик.

Мен ўз мажбуриятимни бажариб, мукаммал илмларга эга, динда ихлосли бўлган ва мусулмонларни бирлаштириш истагида ғайратли бўлган ўнта олимнинг исмини тақдим қилдим. Мен бошқа тараф ҳам ўнта олимнинг исмини тақдим қилишини ҳамда анжуман ўтказиладиган жой ва вақтни белгиланишини кутмоқдаман. Бугунги кунга қадар мен буни кутмоқдаман, ваҳоланки бу келишувдан кейин кўп йиллар ўтиб кетди.

Мен биламанки, менинг содиқ дўстим ўз зиммасига олган нарсани амалга оширган ва қўлидан келган ишни қилган… У келишилган шартларга жавоб берувчи олимларни топиш ва йиғиш бўйича барча ишларни қилган. Лекин Саудия Арабистонидаги олимлар, ўз одатларига кўра, ўз ораларида мазкур масалаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳақида қанчалик завқ-шавқ билан муҳокама қилсалар, худди шундай тарзда, бошқалар билан юзма-юз учрашувлардан ва ушбу масалаларни очиқ мунозара қилишдан шунчалик завқ-шавқ билан қочадилар.

Юқорида айтилганларни инобатга олиб, қуйидаги саволни қўйишимиз лозим. Улар шариатда маъруф, яъни яхшилик деб топилган нарсаларни тасдиқлашда ва мункарларни тақиқлашда Аллоҳ учун шунчалик ҳаракат қилмоқдаларми? Агарда, биз диндош биродарлар, шариатда маъруф бўлган нарсалар ҳақида бир биримизга ёрдам берган ҳолда, буни тушунтирмасак ва бошқаларга етказмасак, уни яхшилик эканлигини бошқалар қандай биладилар?! Мусулмоннинг амалларидаги мункарлар ҳақида, бир-биримизга ёрдам бериб огоҳлантирмасак, уни тушунишга ва уни тақиқлашда ҳамкорлик қилмасак, уни қандай қилиб тақиқлай оламиз?!

Саййид Юсуф ар-Рифоий ўзининг рисоласида кўрсатган, сони эллик еттитага етган ажабланарли ишларни амалга ошириб, Наждлик олим биродарларимиз бошқалардан ажраб чиқишлари тўғри бўладими? Мен ушбу масалаларни ўрганиб чиқдим ва Аллоҳнинг динида уларнинг бу ишларига рухсат берувчи нарсани топа олмадим. Улар бидъат қилиб чиқариб олган ишларининг оқибатида, улар барча мусулмон уламоларидан ажраб чиқишлари, Ислом уламолари билан маслаҳатлашмасдан, бир-бирларига ёрдам бермасдан қилаётган ишларини исломий амаллар деб баҳолаш мумкинми?!

Ислом ҳар доим, бундан олдин ва ҳозир ҳам, барча ҳолатлар ва ишларда мусулмонларнинг бир-бирларига суянишлари ва ўзаро ёрдам беришларига таянгандир. Мен барчани ушбу тўхтамга келишига умид қилишдан чарчамайман, чунки бунга йўл очиқдир. Бундан кейин ҳам, мен фақат яхшиликдан умидвор бўлувчилардан бўламан.

Биродарим, Саййид Юсуф ар-Рифоийга, унинг сермазмун, латиф услубдаги гўзал рисоласи учун миннатдорчилик билдираман ва азиз дўстларимиз орасида уни яхши қабул қилиб олувчилар бўлишидан умидворман. Шунингдек, улар ўз қалбида Аллоҳ учун ихлосли бўлишлари ҳамда Аллоҳнинг ҳурматини ва Ислом қардошлигини ҳимоя қилишда астойдил ҳаракат қилувчилар бўлишларидан умид қиламан. Шунингдек, ушбу рисола уларга, инсон жисмига ақл неъмати киргунигача ҳамда қалбни муҳаббат ва салобат эгалламагунига қадар исломий мукаммалликка етишиш мумкин эмаслигини ёдга солади деб умид қилиб қоламан.

Эй Наждлик олимлар! Агарда сизлар ўз қалбингизда Аллоҳга ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббатни жонлантиришга ҳаракат қилганингизда, агар Аллоҳ таолони муттасил зикр қилиш орқали ушбу муҳаббатни юксалтиришга уринсангиз ва агар ушбу муҳаббат қалбингизда бор деб ҳисобласангиз, ушбу муҳаббат сизни Аллоҳга етаклаб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобаларининг мерослари бўлмиш осори атиқаларни бузиб йўқ қилиш эмас, аксинча уларни авайлаб сақлашга ундаган бўларди.

Шунда сизлар салафи солиҳлар розияллоҳу анҳумнинг изларидан эргашувчилар бўлардинглар ва қуйидаги сўзларни айтишни бас қилардинглар. Сиз уларни, насиҳат қилаяпмиз, деб ўйлаб айтасизлар, ваҳоланки улар ботил сўзлардир. Сиз буни Аллоҳнинг ҳузурида енгил нарса деб ҳисоблайсиз, ваҳоланки у гуноҳи азимдир!

Сизлар, Ҳажга келган ҳожиларга турли жойларда қайта-қайта таъкидлаб: «Сиз ўзингизни Расулуллоҳга ўта қаттиқ муҳаббат қилишдан асранглар!», дейсизлар.

Ахир, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари айтганларидек: «Сизлар мени насронийлар Марямнинг ўғлини улуғлагандек улуғламанглар», десанглар, бу мақбул сўз ва қимматли насиҳат бўлар эди-ку!

Қачонки, сен муҳаббат қўйган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлсалар, қалбни ўз маҳбубига боғланишига сабаб бўлувчи, маҳбубига яқин бўлишлик хурсанд қилувчи, ундан йироқ бўлиш ғамгин қилувчи муҳаббат – чегарадан чиқувчи ғулув бўлиши мумкин эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган бундай муҳаббат, Аллоҳ таолога яқинликнинг белгисидир. Биз биламизки, Аллоҳга бўлган муҳаббат – бу Унинг тавҳиди талаб қилган шартдир.

Агарда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севувчи инсон, ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат чегарасидан чиқса ҳам, у ҳеч ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари айтган муҳаббат даражасига етолмайди. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Сиздан бирортангиз, токи мен унга молидан, фарзандидан ва барча инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», деганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса, агар у зотни ўз нафсидан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунча иймон комил бўлмаслиги айтилган.

Ҳатто, мана шу муҳаббат билан юрагингиз жўш урса ҳам, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даражаларига муносиб равишда бўлган муҳаббатнинг чегарасига яқинлашолмайсиз. Шундан сўнггина, Набувват билан боғлиқ барча нарсалардан жирканишингиз ва уларни йўқ қилиш бўйича қабиҳ ҳаракатларингизни ташлаб, жисмларингизга жон кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган барча нарсаларни кўра олиш ва уларга эҳтиром кўрсатишини бошлашингиз мумкин бўларди, агар албатта, улардан яна ниманидир соғ қолдирган бўлсангиз.

Мен Аллоҳ таолодан бизни Наждлик биродарларимиз билан Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва суннатлари далолат қилувчи ҳақ йўлда бирлаштиришни, салафи солиҳларнинг изларидан боришимизни, бизга юксак ақл-фаросат насиб этиб ҳақиқий исломий бирликда жамланмоқлиқни, Аллоҳ таолога ва унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга битмас-туганмас муҳаббатга эриштирмоқлигини сўрайман.

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Ал-Бутий

بسم الله الرحمن الرحيم

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман

قُلْ مَنْ يَرْزُقُكُمْ مِنْ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ قُلْ اللَّهُ وَإِنَّا أَوْ إِيَّاكُمْ لَعَلَى هُدًى أَوْ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ(24)قُلْ لَا تُسْأَلُونَ عَمَّا أَجْرَمْنَا وَلَا نُسْأَلُ عَمَّا تَعْمَلُونَ(25)قُلْ يَجْمَعُ بَيْنَنَا رَبُّنَا ثُمَّ يَفْتَحُ بَيْنَنَا بِالْحَقِّ وَهُوَ الْفَتَّاحُ الْعَلِيمُ(26

«Сен: «Сизга осмонлару ердан ким ризқ берур?» деб айт. «Аллоҳ. Албатта, биз ёки сиз ҳидоятда ёхуд очиқ-ойдин залолатдадирмиз». Сен: «Сизлар биз қилган жиноятдан сўралмассиз, биз эса сиз қилган амалдан сўралмасмиз», деб айт. Сен: «Роббимиз бизларни жамлар, сўнгра ҳақ ила орамизни очиқ қилур. У ўта очгувчи ва ўта билгувчидир», деб айт». (Сабаъ сураси, 24-26-оятлар).

إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз». (Наҳл сураси, 90-оят).

يَا قَوْمِ لَكُمُ الْمُلْكُ الْيَوْمَ ظَاهِرِينَ فِي الْأَرْضِ فَمَن يَنصُرُنَا مِن بَأْسِ اللَّهِ إِنْ جَاءنَا قَالَ فِرْعَوْنُ مَا أُرِيكُمْ إِلَّا مَا أَرَى وَمَا أَهْدِيكُمْ إِلَّا سَبِيلَ الرَّشَادِ

 «Эй қавмим, бугунги кунда мулк сизникидир. Ер юзида юзага чиқиб турибсизлар. Агар бизга Аллоҳнинг азоби келса, унда бизга ким ёрдам беради?!» деди. Фиръавн: «Мен сизга ўзим кўраётган нарсадан бошқани кўрсатмасман ва сизларни тўғри йўлдан бошқага йўлламасман», деди». (Ғофир сураси, 29-оят).

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оилалари ва саҳобаларига саловоту саломлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламининг қуйидаги ҳадисларига мувофиқ:

عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَمِيمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ». رواه مسلم.

Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дин насиҳатдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» – деб сўрадик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! — деб жавоб бердилар. (Муслим ривояти).

Менинг «Ар-роддул муҳкамул маниъ» номли китобим (ушбу китобда муаллиф Саудиялик замонамизнинг машҳур олими Муҳаммад ал-Алавий ал-Моликий раҳимаҳуллоҳни ҳимоя қилган бўлиб, унга қарши бўлган Саудиянинг расмий диний мутасаддиларига жавобан далил ҳужжатлар келтирган. Тарж.)  ва бошқа Аҳли илмларнинг кўплаб китоблари ёзилганидан сўнг, сизни шариат чегараларидан чиққан ҳолда қилаётган ишларингиз ислоҳ бўлиб, яхши томонга ўзгаришидан умид қилган эдим. Лекин, афсуски ҳеч нарса ўзгармади.

Аллоҳ таоло «Аср» сурасида марҳамат қилади:

وَالْعَصْرِ (1) إِنَّ الْإِنسَانَ لَفِي خُسْرٍ (2) إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ (3

«Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир (мағлубият, ютқизиқдарир). Магар иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустаснодир». (Аср сураси, 1-3-оятлар).

Аллоҳга истихора қилгандан сўнг, сизларга ушбу насиҳат билан мурожаат қилиб, уни қабул этишинглардан умид қиламан ҳамда Аллоҳ таолодан сиз ва бизга ҳақиқатни ҳақиқат сифатида кўрсатишини ва унга эргашишни насиб қилишини ҳамда ботилни ботил сифатида кўрсатишини ва ундан бизни узоқ қилишини ҳамда ҳавои нафсимизга эргашмаслигимиз учун ҳеч қандай ноаниқликни қолдирмаслигини сўрайман. Ҳидоят ва тавфиқ Аллоҳдандир.

1. Аллоҳни ягона эканлигига ишонган, сиз билан биргаликда намоз ўқиётган, Рамазон рўзасини тутаётган, закот бераётган, «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаа шарика лака лаббайк, иннал ҳамда ван ниъмата лака вал мулк лаа шарика лака» деб талбия айтиб Байтни ҳаж қилаётган мусулмонларга айбловлар тиркаш жоиз эмас. Шариатда, уларни ширкда айблаш жоиз эмас. Лекин сизларнинг китобларингиз ва нашрларингиз бундай айбловларга тўлиб тошган. Худди шундай равишда, Мино масжидидаги имом хатибларингиз томонидан Қурбон ҳайити кунидаги хутбаларда ҳожиларни ва бутун дунёдаги барча мусулмонларни айблайдилар. Худди шундай хутба билан, Рамазон ҳайити куни масжидул Ҳаромнинг имоми Макка халқига ва умра қилаётган зиёратчиларга айбловлар ва туҳматлар билан таҳдид қилиб, уларни қўрқитади. Сиз бундай қилишни бас қилинглар! Аллоҳ таоло сизларни ҳидоятга бошласин. Кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифларга кўра эса, мусулмонларни қўрқитиш, айниқса Макка ва Мадина аҳлини қўрқитиш ҳаромдир.

2. Сизлар сўфийларни ва Имом Ашъарийнинг издошларини кофир деб ҳисоблайсизлар. Сизлар тўрт имомга (яъни имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ) тақлид қилишни ва эргашишни инкор этасизлар, ваҳоланки дунёдаги мусулмонларнинг аксарияти уларга эргашиб келадилар. Марҳум ал-Малик ибн Абдулазиз тарафдан тайин қилинган давлатингизнинг расмий йўналиши эса тўрт мазҳабни тан олиш ва уларга эргашишнинг тўғри эканлигидир! Тўхтанглар! Аллоҳ сизни ҳидоят қилсин!

Исломни қабул қилгандан кейин кимда ким кофир бўлса, унинг қони мубоҳ бўлган муртадга айланади. Бас, Набий мустафо соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини эсланглар:

 لا ترجعوا بعدى كافراً يضرب بعضكم رقاب بعض

 «Мендан сўнг бир бирларингни бўйнингизга урадиган кофир бўлиб кетманглар!». (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

3. Юқоридагилардан фориғ бўлганинглардан сўнг, ўзларингиз тайёрлаган ёлланма одамларингизни, сиз залолатда деб ҳисоблайдиган, аслида эса Аллоҳ таолонинг каломини юқори этишга даъват этувчи, амри маъруф ва наҳъи мункар қилувчи исломий жамоаларга қарши йўлладингиз. Жумладан, Ҳиндистон, Покистон, Бангладешнинг энг яхши уламолари йиғилган турли исломий жамоатларга қарши китоблар, аудио тасмалар ва бошқа воситалар орқали курашасизлар (яъни ҳанафий мазҳабига эргашувчи жамоатларга қарши курашадилар. Тарж.). Сизлар ушбу китобларни турли тилларга таржима қиласизлар, уларни ҳар хил йўллар билан текинга тарқатасизлар. Бу худди, сизлар билан бирга ўзаро ҳамкорлик ташкилотида иштирок этувчи Абу Даби, Дубай, Абойиз (Уммон) аҳлини кофир деб китоб нашр қилганингиз кабидир. Ал-Азҳар шариф университети ва унинг уламоларига ҳужум қилишингиз эса, барчага яхши аён бўлган, сиз учун оддий ҳолдир.

4. Сизлар: «Ҳар бир бидъат залолатдадир» дейилган ҳадиси шарифни асл маъносини тушунмаган ҳолда, ўзларингдан бошқаларни инкор қилиш учун уни қайта-қайта айтаверасизлар. Лекин, шу билан бирга Набавий Суннатга хилоф бўлган баъзи амалларни қиласизларки, уларни инкор ҳам қилмайсизлар ва бидъат деб ҳам ҳисобламайсизлар. Уларнинг баъзиларини қуйида келтираман.

5. Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Масжидларини хуфтон намозидан кейин беркитиб қўядиган бўлдинглар. Ваҳоланки, бундан аввал Ислом тарихида у ҳеч қачон ёпилмаган. Сизлар Масжидун Набавийда эътикоф ўтириш ва таҳажжуд намозини ўқишни ман этиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини унутасизлар:

وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَاجِدَ اللّهِ أَن يُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ وَسَعَى فِي خَرَابِهَا أُوْلَـئِكَ مَا كَانَ لَهُمْ أَن يَدْخُلُوهَا إِلاَّ خَآئِفِينَ لهُمْ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَلَهُمْ فِي الآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ

«Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир». (Бақара сураси, 114-оят).

6. Сизлар Ҳижоз муаззинларининг азон айтишдаги усулларини ўзингизнинг Нажд усулингизга ўзгартиришга ва муайян чегараланган вақтда айтишларига мажбур қилдингиз. Бунда, мусулмонларнинг ушбу буюк ашъорларидан бўлмиш чақириқни айтишда овозни ўзгартирмаслик ва ширали қилмасликни талаб қилдингиз.

7. Икки Ҳарами шарифларда, ўзингизнинг мазҳабингизга эргашмаган ва сизнинг муҳрингиз босилган рухсатномаси йўқ олимларни дарс беришлари ва мавъиза қилишларини ман этдингиз, гарчи улар мусулмонларнинг катта уламолари, ҳаттоки Ҳижоз ва Иҳсо уламолари бўлсалар ҳам буни уларга тақиқладингиз. Сиз бошқа барчага, ҳаттоки у Ал-Азҳари шарифнинг шайхи бўлса ҳам, уларга тақиқ қўясизлар.

Аллоҳдан қўрқинглар! Мазҳабингизда ғулувга кетманглар. Мусулмонларнинг уламолари бўлмиш биродарларингиз хусусида яхши гумонда бўлинглар!

8. Сизлар Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукарраманинг ташқарисида вафот этган мусулмонларни ушбу шаҳарларда дафн этилишини тақиқлайсизлар. Бу икки шаҳар Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳбуб бўлган барокатли покиза заминлардир. Сизлар эса мусулмонларни ушбу шарофатли муборак ерда дафн этилишлик савобидан маҳрум қилмоқдасизлар.

Абдуллоҳ ибн Аддий Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтдилар:

 رأيت رسول الله على راحته واقفاً بالحزورة يقول: «والله إنك لخير أرض الله وأحب أرض الله إلى الله،ولولا أخرجت منك ما خرجت

 «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳазвар номли жойда ўз туяларида ўтириб, Маккага қараб қуйидагиларни айтганларини кўрдим:  «Аллоҳга қасамки, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва Аллоҳ учун энг севикли ерсан. Агар сендан (мажбуран) чиқарилмаганимда, ўзим чиқиб кетмаган бўлардим». (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилганлар).

Шунингдек, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 من استطاع أن يموت بالمدينة، فليمت بها، فأني أشفع لمن يموت بها

 «Ким Мадинада ўлишни имконини топса, ундан вафот этсин. Мен у ерда вафот этганларни шафоат қиламан», дедилар. (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар).

9. Сизлар аёлларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларининг ташқи тарафининг қаршисида эркаклар турганлари сингари туришларини тақиқлайсизлар. Агар имкон топганингизда сиз аёлларни ўз маҳрамлари билан бирга Байтул Ҳарамни тавоф қилишларини ҳам тақиқлаган бўлардингиз. Булар эса салафи солиҳларга хилоф ишдир! Сизлар тақводор ва пок мўмина аёлларни таҳқирлайсизлар. Сиз уларни масжидни ва имомни кўра олмаслиги учун зич пардалар орқасига беркитасизлар ва уларга шак шубҳа ва ишончсизлик назари билан қарайсизлар. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва салафи солиҳлар замонасидан бошлаб кўрилмаган мудҳиш бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида имомнинг орқасидан эркаклар турардилар, кейин болалар ва кейин аёллар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларидан ҳеч қандай тўсиқ пардасиз намоз ўқирдилар.

10. Сизлар тунд юзли ёлланма жоҳилларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларининг шарафли олди тарафига қўйиб қўйдинглар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга орқаларини ўгириб, юзларини буриштириб, тунд қараш билан зиёратчи мусулмонларга қараган ҳолда, уларни ширк ва бидъатларда гумон қилиб турадилар. Ҳаттоки одамларни калтаклашга журъат қиладилар. Улар баъзи одамларни ҳайдайди, бошқасини уришиб беради, учинчисини қўлига уради, овозини кўтариб бақиради. Улар ўзларини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини билмасликка ёки унутганликка соладилар:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَن تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنتُمْ لَا تَشْعُرُونَ * إِنَّ الَّذِينَ يَغُضُّونَ أَصْوَاتَهُمْ عِندَ رَسُولِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ الَّذِينَ امْتَحَنَ اللَّهُ قُلُوبَهُمْ لِلتَّقْوَى لَهُم مَّغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ عَظِيمٌ * إِنَّ الَّذِينَ يُنَادُونَكَ مِن وَرَاء الْحُجُرَاتِ أَكْثَرُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ

 «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин. Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар, ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақвога имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва улкан ажр бор. Албатта, сени ҳужралар ортидан чақираётганларнинг кўплари ақл ишлатмаслар». (Ҳужурот сураси, 2-4 оятлар).

Буларнинг барчасини улар такаббурлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севувчи зиёратчи мусулмонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ётган жойнинг олдида хорлашда давом этадилар. Ваҳоланки, Ибн Қоййим ўзининг «Бадаиул Фавоид» китобида Ҳанбалийларнинг шайхи бўлмиш Ибн Ақийлнинг ушбу масканни ер юзининг энг афзал жойи деб айтганини ривоят қилади. (Ибн Қоййимнинг «Бадаиул Фавоид» китобининг 3-жилди 135-136-бетларига қаранг). Унда Ибн Ақийл айтади: «Мендан «Каъба афзалми ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳужраларими?», деб сўрадилар. Мен айтдим: «Агар сен ҳужрани ўзини назарда тутган бўлсанг, Каъба ундан афзал. Лекин сен ундаги зот билан қўшилгандаги ҳолни назарда тутган бўлсанг, Аллоҳга қасамки, у Арш ва уни кўтариб турувчи фаришталар, Адн жаннати ва коинотдаги барча нарсалардан кўра афзалдир! Чунки агар ўлчаб кўриладиган бўлса, у ҳужрадаги тананинг вазни осмонлару ердан ҳам оғирроқ бўлади».

Шунингдек, Имом Молик айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таналари турган жой барча нарсадан афзалдир. Ҳаттоки Курси ва Аршдан ҳам афзалдир. Сўнгра Масжидун-набавий, сўнгра Масжидул Ҳаром, сўнгра Макка».

11. Сизлар шариатда барча олимлар келишган қатъий далилларингиз бўлмаса ҳам, аёлларни Бақиъ қабристонини зиёрат қилишларини ман этасизлар. Сизлар мусулмонларни қабристонни зиёрат қилишларига чекловлар қўясизлар, фақатгина муайян чегараланган қисқа вақт ичидагина бунга рухсат берасизлар. Ҳаттоки баъзи одамлар, қабристонга келаётган жанозаларга қўшилиб Бақиъ шарифга кириб олиш учун кутиб турадилар. Сизлар Мадинаи мунавварадаги зиёратчиларга йўл кўрсатувчилик (гид) хизматини қилувчиларни ман этдингиз ва уларнинг ризқини қирқдингиз. Уларнинг хизматисиз энди одамлар Оли байт, мўминларнинг оналари ва саҳобаларнинг қабрларини тополмай адаша бошладилар. Бу эса зулм, ўзбошимчалик, зўравонлик ва такаббурлик бўлиб, Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан рози бўлмайдилар. Бас, бундай қилишни тўхтатинглар, Аллоҳ таоло сизларга ҳидоят берсин!

12. Сизлар саҳобалар, мўминларнинг оналари ва Оли байт розияллоҳу анҳумнинг қабрлари устига қўйилган белги тошларни бузиб ташладинглар. Уларнинг қабрларини ер билан бир қилиб теккисладингларки, энди қайси қабр кимники эканлигини билиб бўлмай қолди. Ҳаттоки баъзи қабрларга бензин қуйиб, ёқиб ташладинглар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Омийна ибн Ваҳбнинг қабрлари назарда тутилмоқда). Ла ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ! Ахир, қабрларнинг устига тош қўйишга рухсат этилганини ва қабрларни бир қарич юксак қилиниши мумкин эканлигини инобатга олсанглар бўларди-ку! Бу ишлар икки нафар гувоҳ билан мубоҳ қилинган (рухсат этилган).

Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг қабрига тош қўйиб қуйидагиларни айтганлари собит бўлгандир:

أتعلم بها قبر أخي وأدفن إليه من مات من أهلي

 «Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва аҳлимдан ким ўлса унинг ёнига дафн қиламан». (Абу Довуд «Сунан»да ривоят қилган. Ҳофиз ибн Ҳажар унинг иснодини ҳасан деган).

Хорижа ибн Зайд айтадилар:

رأيتني ونحن شبان في زمن عثمان رضي الله عنه وإن أشدنا وثبة الذي يثب قبر عثمان بن مظعون حتى يجاوزه

«Эслайманки, ёшлик даврларимизда, Усмон розияллоҳу анҳунинг замонларида, орамиздаги энг сакрашга уста бўлганларимиз, Усмон ибн Мазъуннинг қабри устига қўйилган тошнинг устидан сакраб ўтарди». (Имом Бухорий «Саҳиҳ»да ривоят қилган).

13. Сизлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларининг бир бурчагида сўроқ қилиш, ҳукм чиқариш ва тергов жойини ташкил қилдинглар ва ҳозирда Бақиъ қабристонида ҳам шундай жойни қилдинглар. Сизлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини кўп зиёрат қилаётганлар ёки қўрқув билан, кўз ёши тўкиб, ушбу қабри шарифдаги зот билан тавассул қилиб Аллоҳ таолога дуо қилаётган зиёратчиларни маҳкамага судрадинглар. Сизлар у ерда – зиёрат қилиш, тавассул ва мавлиди шариф ҳақида аввалдан тайёрлаб қўйилган саволларни берасизлар. Агар сизларга мухолиф деб топсанглар, қамоққа тиқасизлар, визасини бекор қиласизлар ва мамлакатдан чиқариб юборасизлар. Ваҳоланки (сизлар рад қилаётган) бу амаллар уламолар наздида ва ҳатто Ҳанбалийлар наздида мубоҳ ҳисобланади. (Бу ерда ҳанбалийларни алоҳида кўрсатилаётгани, ваҳҳобийларнинг аксари ўзини ҳанбалий эканлигини даъво қилгани сабаблидир. Тарж.).

Бу амалларни қилгани учун мусулмонларни кофирга чиқариш ва уларни жазолаш мумкин эмас. Уларнинг қамоқхонасида ўтирганлардан бир ишончли киши менга айтиб бердики, у қамоқда бўлган давр мобайнида унинг қўллари кишанда бўлган. Бир ой давомида у қўли кишанланган ҳолда таҳорат олган ва намоз ўқиган. Унга ҳатто Қуръон ўқиш ҳам ман этилган.

Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Албатта, зулм Қиёмат кунида қаттиқ жазоланади. Бундай ишлар оламларга раҳмат қилиб юборилган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида бўлиши мумкин эмас, ахир у зот: «Албатта мен барча борлиқ учун раҳматдирман», деганлар-ку! Аллоҳ таоло у зотни оламларга раҳмат қилиб юборган бўлса-ю, сизлар эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнгиналарида, у зотнинг масжидларида мусулмонларга бунчалик қўпол ва ёмон муомала қиласизлар. Ваҳоланки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِکٍ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُوْلُ اﷲِ صلي الله عليه وآله وسلم : الْأَنْبِيَاءُ أَحْيَاءٌ فِي قُبُوْرِهِمْ يُصَلُّوْنَ

 «Набийлар ўз қабрларида тирикдирлар, намоз ўқийдилар», деганлар.

(Байҳақий «Ҳаятул анбиё»да, Абу Яъло «Муснад»да, Баззоз «Муснад»да ривоят қилганлар. Ҳайсамий «Мажмуъ аз-Завоид»да: «Абу Яъло ва Баззоз ривоят қилганлар, Абу Яълонинг рижоллари сиқо — ишончлидир», деган).

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар:

إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ حَرَّمَ عَلَى الْأَرْضِ أَجْسَادَ الْأَنْبِيَاءِ

 «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла, Набийларнинг жасадларини ейишни ерга ҳаром қилгандир».

(Имом Аҳмад «Муснад»да, Ибн Аби Шайба, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳаннон, Ибн Хузайма, Ал-Ҳоким ривоят қилганлар).

14. Сизлар Мадина аҳлидан бўлган бир саҳоватли одамга ўз шахсий маблағлари ҳисобидан, Ҳандақ тоғида жойлашган Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг масжидларини бузишга ва қайтадан қуришга рухсат бердинглар. Бузилгандан сўнг, унинг қурилишига рухсат бермадинглар. Чунки, сизлар Хандақ жанги бўлган ва унинг хусусида «Аҳзоб» сураси нозил бўлган ерларда қурилган еттита масжидни зиёрат қилишни бидъат деб ҳисоблайсизлар ва уларнинг бузилишини истайсизлар.

15. Сизлар Набий солаллоҳу алайҳи ва салламга йўлланадиган саловатларнинг тўплами бўлмиш, орифи биллаҳ Шайх Муҳаммад Сулаймон ал-Жазулий ал-Ҳусайнийнинг «Далоилул хайрот» китобини ҳамда ундан бошқа китобларни ҳам мамлакатларингга олиб киришни ва уларни ўқишни ман қилдинглар. Ваҳоланки, сизлар шариатда мункар бўлган китоблар, журналлар ва бошқа нашрларни олиб кириш ва сотишга рухсат берасизлар. Аллоҳ таолодан қўрқинглар!

16. Сизлар шариатда мункар деб ҳисобланмайдиган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёга келишлари билан боғлиқ Мавлиди шарифни ўтказаётганларни орқасидан жосуслик қилиб, уларни тергов қиласизлар ва жазолайсизлар. Лекин, ўзларингиз турли мусиқа ва қўшиқли кўнгилочар тадбирларга эътироз билдирмайсизлар. Нима учун бундай икки хил мезонда ўлчайсизлар? Муҳаббатли мўминларни таҳқирлашни, беҳаё фосиқларни эса рози қилишни жоиз деб ҳисоблайсизларми?!

17. Бомдод намозида масжидларнинг имомларига Қунут дуосини ўқишни тақиқлайсизлар ва уни бидъат деб ҳисоблайсизлар. Ваҳоланки, сизлар уни тўрт имомнинг иккитаси – Имом Шофеъий ва Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳим)дан шаръан собит бўлганлигини яхши биласизлар. Нима учун сизлар бошқаларга ягона бир фикрни фарз қилишга уринасизлар ва мусулмонларга тазйиқ ўтказасизлар? Аллоҳ таолодан қўрқинглар!

18. Икки Ҳарами шарифларни (Макка ва Мадина) имомлари этиб фақатгина сизлардан бўлганлар тайинланади ва Ҳижоз, Аҳсо ва бошқа ерлардан бўлган уламолар ундан четлатилади. Шу адолатданми? Ёки бу диннинг талабими? Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва адолат қилинглар! Албатта У адолат қилувчиларни севади.

19. Сизлар Икки ҳарами шарифда, айниқса Мадинаи мунавварадаги Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобаи киромларидан қолган осори атиқаларни (тарихий обидаларни) йўқ қилиш учун турли чораларни кўрдинглар. Ҳаттоки, Масжиди Набавийдан ташқари, бошқа ҳеч нарсани қолдирмадинглар деса ҳам бўлади. Ваҳоланки, бошқа халқлар ўзларининг улуғ ўтмишлари билан фахрланиб, ундан далил сифатида ҳамда уни эслаб туриш ва ибрат олиш мақсадида ўз тарихий обидаларини муҳофаза қиладилар.

Сизлар эса тарихий обидалар билан танишиш ва уларни зиёрат қилиш ниятида боришни Аллоҳ таолога ширк келтириш деб ҳисоблайсизлар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бизларга ер юзида сайр этишни ва ҳаттоки мушрикларнинг осорларига назар солишни ва улардан ибрат олишни буюргандир. Булар Од, Самуд ва Мадинаи мунавварага яқин бўлган Солиҳ алайҳиссаломнинг диёрлари каби жойлар бўлиб, улар ҳозир ҳам саййёҳлар томонидан зиёрат қилиниб келинмоқда.

Аллоҳ таоло айтади:

قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِكُمْ سُنَنٌ فَسِيرُواْ فِي الأَرْضِ فَانْظُرُواْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذَّبِينَ

 «Сиздан олдин суннатлар қолган. Бас, ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар». (Оли Имрон сураси, 137-оят).

أَوَ لَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَيَنظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبه الَّذِينَ كَانُوا مِنْ قَبْلِهِمْ كَانُوا هُمْ أَشَدَّ مِنْهُمْ قُوَّةً وَآثَارًا فِي الْأَرْضِ فَأَخَذَهُمْ اللَّهُ بِذُنُوبِهِمْ وَمَا كَانَ لَهُمْ مِنْ اللَّهِ مِنْ وَاقٍ(21) ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَانَتْ تَأْتِيهِمْ رُسُلُهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ فَكَفَرُوا فَأَخَذَهُمْ اللَّهُ إِنَّهُ قَوِيٌّ شَدِيدُ الْعِقَابِ(22)

 «Ахир улар ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Ўшалар улардан кўра қувватлироқ ва ер юзида асарлари кўпроқ бўлган эдилар. Бас, Аллоҳ ўшаларни гуноҳлари сабабли тутди. Уларга Аллоҳдан ўзга бир сақловчи бўлмади. Бундай бўлишининг сабаби шуки, уларга Пайғамбарлари келар эдилар, улар эса, куфр келтирдилар. Бас, Аллоҳ уларни тутди. Албатта, у кучли ва иқоби шиддатли зотдир». (Ғофир сураси 21-22-оятлар).

أَلَمْ يَأْتِكُمْ نَبَأُ الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ قَوْمِ نُوحٍ وَعَادٍ وَثَمُودَ وَالَّذِينَ مِن بَعْدِهِمْ لاَ يَعْلَمُهُمْ إِلاَّ اللّهُ جَاءتْهُمْ رُسُلُهُم بِالْبَيِّنَاتِ فَرَدُّواْ أَيْدِيَهُمْ فِي أَفْوَاهِهِمْ وَقَالُواْ إِنَّا كَفَرْنَا بِمَا أُرْسِلْتُم بِهِ وَإِنَّا لَفِي شَكٍّ مِّمَّا تَدْعُونَنَا إِلَيْهِ مُرِيبٍ

 «Сизга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейингиларнинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиганларнинг, хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Улар эса, қўлларини оғизларига қўйиб: «Биз сиз бизни чақираётган нарсада шубҳалантирувчи шакдадирмиз!» дедилар». (Иброҳим сураси, 9-оят).

20. Сизлар Носир Албонийни ҳимоя қилиб, унга ёрдам бердинглар ва унинг «Аҳкамул жанаиз ва бидаъаҳа» («Жаназа аҳкомлари ва улардаги бидъатлар») номли китобини тарқатишга рахсат бердинглар. Ушбу китобида у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини Масжиди шарифдан чиқариб ташланишини очиқдан очиқ талаб қилган. У бу қабиҳ сўзларини «Таҳзирул масажид» китобида яна қайтарган (68-69-бетларга қаранг). «Ҳужжатун набиййи» китобида эса (137-бетда), бу иддаосига зиёда қилиб, Мадинаи мунавварада бидъат қилиб чиқарилган нарсалардан деб: «Набийнинг қабрини Масжиднинг ичида қолдирилиши», деб айтган. Сизлар эса бу одамни Мадина Ислом университетининг олий кенгашининг аъзоси ва унинг муаллими қилиб тайинладинглар. (Наждлик ваҳҳобийлар мазкур Албонийни энг буюк муҳаддис деб тақдим қилмоқчи бўладилар. У эса, ҳаттоки Имом Бухорий, Муслим ва бошқа буюк муҳаддислар саҳиҳ деган ҳадисларни ҳам заиф деб эълон қилиб, китоблар ёзган. Шу боис, ҳадислар келтирилганда: «Албоний саҳиҳ деган» ёки «Албоний заиф деган» сўзларини ишлатилиши ваҳҳобийларнинг ўзига хос энг асосий белгиларидан бири бўлиб қолган. Тарж.).

Марҳум қирол Файсал томонидан Албонийни ва унинг баъзи издошларини мамлакатдан ҳайдаб чиқарилганда, кейинчалик уни яна эгаллаб турган мансабига қайтариб келтирдинглар ва унинг касодга учраган китобларини тарқатилишига кенг йўл очиб бердинглар. Ваҳоланки, айни шу вақтда Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий, Абул-Ҳасан Надавий, Абдул-Фаттоҳ Абу Ғудда, Саййид Муҳаммад Моликий, Саъид Ҳаво, Бутий ва мусулмонларнинг бошқа уламоларининг баъзи китобларини тарқатишни тақиқладинглар. Қани бу ерда адолат ва ҳаққонийлик?!

21. Сизлар Албонийнинг Қувайтдаги шогирди ва вакили бўлган Абдур-Раҳмон Абдул-Холиққа ғамхўрлик қиласизлар, унинг ёнига ўз издошларингни юборасизлар ва уни тўлиқ таъминлаб турасизлар. У ўзининг «Фазоиҳус суфият» («Сўфийларнинг можаролари») китобида барча авлиёлар ва солиҳларга ҳужум қилган. У барча сўфийларни – ботиний зиндиқлар (яъни диндан чиққанлар) ва адашганлар деб номлаган. У ҳаттоки Ибн Таймия, Ибн Ражаб, аз-Заҳабийлар мақтаган ва улуғлаган, улар эътимод қилган зотларни ҳам шундай атаган. (Бу олимларни алоҳида кўрсатилишининг сабаби – ваҳҳобийлар уларга эргашишларини даъво қиладилар, ваҳоланки ушбу олимларга ҳам жуда кўп масалаларда хилоф қиладилар. Тарж.).

Саҳиҳ бўлган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:

من عادى لي وليا فقد آذنته بالحرب

«Ким Менинг бир дўстимга (валий бандамга) душманлик қилса, Мен унга уруш очаман!» деган. (Бухорий ривоят қилган).

Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва бу ишларингни тўхтатинглар!

22. Сизлар ҳар йили Масжидун Набавийни таъмирлаш ва янгилашдан фойдаланиб, унинг баҳонасида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни мадҳ этилишларига оид Исломий ёдгорликларни йўқ қиласизлар. Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларининг ойнасига ёзилган иккита машҳур байтларни йўқ қилмоқчи бўлдингиз. Бу байтлар ҳақида Ибн Касийрнинг тафсирида (2-жилд, 306-бетга қаранг) Утбий исмли кишининг қиссаси келтирилган.

يا خير من دفنت بالقاع أعظمه فطاب من طيبهن القاع والأكم *نفسى الفداء لقبر أنت ساكنه فيه العفاف وفيه الجود والكرم

«Эй, ерда дафн қилинган яхшилар ичида энг буюги, унинг шарафи ила ер ва водий бўлди шарафли. Сен сокинлик топган қабрга мен фидо бўлайин, унда бордир софлик, меҳр ва мурувват».

Агарда икки Ҳарами шарифларнинг ходими қирол Фаҳдга бу иш ҳақида хабар берилиб, у сизларга уни тақиқламаганда, сизлар бу ишни амалга оширган бўлардинглар. Сизлар қандай ҳам жафо кўрсатувчи бўлдинглар? Ахир бу, Роббингиз Аллоҳ таоло ва сизнинг ўртангизда воситачи бўлмиш мушфиқ Набийингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан юз ўгириш эмасми?! Сизлар ва унинг орасидаги бу иш нима? Сизлар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларини унутиб қўйган кўринасизлар:

إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَاباً مُّهِيناً

 «Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди». (Аҳзоб сураси, 57-оят).

 23. Сизлар, ўз китоблари ва аудио-тасмали орқали мурожаатлари билан ушбу умматнинг уламолари, Аллоҳ йўлидаги даъватчилари ва солиҳ кишиларига мухолиф бўлиб, уларни сўкиш ва таъна тошларини отиш билан машҳур бўлган Муқбил ибн Ҳодий ал-Вадоийга, Мадинаи мунавварадаги ислом университетини тугатиши муносабати билан «Расулнинг қабри устига қурилган қубба» номли илмий иш билан нутқ сўзлашига рухсат бердинглар. Бу иш шайх Ҳамод Ансорийнинг раҳбарлигида тайёрланган эди. Ушбу маърузада у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифларини масжиддан чиқариб ташлашни ҳеч бир истиҳоласиз очиқчасига талаб қилди ҳамда қуббаи шарифни катта бидъат деб уни ҳам олиб ташлаш ва бузишни талаб қилди. Бу иши учун унга зафар ва муваффақият қозонганлик тўғрисидаги унвон бердинглар.

Ислом элчиси, Аллоҳнинг ҳабиби ва дўсти, оламларга раҳмат қилиб юборилган зот соллалоҳу алайҳи ва салламдан юз ўгирган одамга эҳтиром кўрсатасизларми?! Ҳолбуки бу одам йўлингиздан таъсирланган ўзига эргашувчи юзлаб издошларини сафарбар қилди. Уларни қурол кўтарган ҳолида солиҳ мусулмонларнинг, биринчи навбатда Адн ва Хазрамавтнинг баракаси бўлган Имом Раббоний ал-Ҳабиб ал-Айдарус рахматуллоҳи алайҳининг қабрларини бузиб, вайрон қилиш учун йўналтирди. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг макру ҳийлаларини қайтариб, у зотнинг ётган жойлари янгиланди. Яманнинг Адн шаҳрида у кишининг қабрлари гумбази қайта таъмирланди. Кейин улар ер юзида вайронгарчиликлар қилиб, фасод уруғини сепдилар. Ўликларнинг қабрларини белкурак ва шунга ўхшаш нарсалар билан титкилаб қидирдилар, хаттоки айрим ўликликларнинг суякларини чиқариб олиб, уларни беҳурмат қилдилар. Ёпиқ фитнани қўзғадилар. Улар бу ишда (яъни қабрларни бузишда) Яманнинг баъзи жойларида динамит ёрдамида портлатганларидан ҳам хабаримиз бор. Буларнинг бари, қилмишларингиз натижасидир.

24. Сизлар икки Ҳарами шарифларнинг ходими қирол Фаҳд (Аллоҳ уни мукофотласин) чоп этишни буюрган Мусҳафи шарифларни номини «Набавий Мадинанинг мусҳафи» деб номладинглар (яъни «Мадинаи мунаввара» демасдан, «мунаввара» сўзини атайин тушуриб қолдирганлар. Тарж.).

Бу билан сизлар саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилганлари ва пайғамбарликлари билан нафақат мазкур муборак шаҳар, балки бутун дунё мунаввар бўлиб нурга тўлганлигини тан олмаганларингни кўрсатдинглар.

Ансорларнинг қизлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида қуйидаги шеърни айтганлар:

طلع البدر علينا من ثنيات الوداع ٠ وجب الشكر علينا ما دعا لله داع ٠ فهو البدر والقمر والنور

«Расулуллоҳ тўлин ойдек нур сочиб, чиқиб келди Саниятул Вадоъдан. Шукр қилмоқ лозим бизга ҳар лаҳза, бирон кимса қўл узмасин дуодан. У нурафшон тўлин ой ва нурдир».

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَا أَهْلَ الْكِتَابِ قَدْ جَاءكُمْ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمْ كَثِيراً مِّمَّا كُنتُمْ تُخْفُونَ مِنَ الْكِتَابِ وَيَعْفُو عَن كَثِيرٍ قَدْ جَاءكُم مِّنَ اللّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُّبِينٌ (15) يَهْدِي بِهِ اللّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلاَمِ وَيُخْرِجُهُم مِّنِ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ (16)

«Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. Кўпгинасини эса авф қилади. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлайди ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқаради ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилади». (Моида сураси, 15-16-оятлар).

Сизлар бу оятлардаги «нур»дан мурод – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканликларини билиш учун тафсир китобларига бир қаранглар, улар жуда ҳам кўпдир. Бизлар у зоти шарифнинг ўзлари нур эканликлари ҳақида сизлар билан бахслашмаяпмиз, балки Китоб ва Суннатда келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нур, раҳмат ва ҳидоят бўлиб келганларини айтмоқдамиз. Зеро Аллоҳ таола марҳамат қиладики:

وَيُخْرِجُهُم مِّنِ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ

«Уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқаради ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилади». (Моида сураси, 16-оят).

 25. Сизлар икки Ҳарами шарифларни бошқарув назорат қўмитасини «Макканинг Ҳарами ва Набави шариф масжидининг бошқаруви» деб номланишида қатъий турасизлар ва уни «Ал-Ҳарам ан-Набави Шариф» – «Шарофатли Набийнинг Ҳарами» демайсизлар. Худди шундай равишда, унга олиб борадиган йўллардаги кўрсаткичларда ҳам шундай ёзувларни илиб қўйгансизлар. Нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари ҳарам эмас экан? Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин, ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг тўлиқ ҳарам қилганлар. (Ҳарам – ов қилиш, жонзотларни ўлдириш, дарахтларни синдириш, ўтларни юлиш каби нарсалар ҳаром қилинган жой. Тарж.).

Осим ибн Сулаймон ал-Аҳвал розияллоҳу анҳу айтдилар:
Мен Анас ибн Моликка: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинани ҳарам қилдиларми? », десам у: «Ҳа, у билан ана буни орасини ҳарам қилдилар. Ким унда бир бидъат пайдо қилса ёки бидъатчига жой берса, деб мана бу шиддатли сўзни айтдилар: «Ким унда бир бидъат пайдо қилса ёки бидъатчига жой берса унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни Аллоҳ ундан нафлни ҳам, фарзни ҳам қабул қилмайди». (Муслим ривоят қилган).

Анас розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда, у киши айтадилар:
«Албатта, Уҳуд бизга муҳаббат қилган ва биз унга муҳаббат қилган тоғдир», дедилар». Қачонки Мадинага келгач: «Албатта мен Иброҳим алайҳиссалом Маккани ҳарам қилгани каби мен ҳам Мадинанинг икки тоғи орасини ҳарам қиламан. Аллоҳим уларнинг мудди ва соъига барака бергин», дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадина ҳарамдир. Ким унда бир бидъат пайдо қилса ёки бидъатчига жой берса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни Аллоҳ ундан нафлни ҳам, фарзни ҳам қабул қилмайди». (Муслим ривоят қилган).

26. Илмий меросга оид фирибгарликлар:

Барча мусулмонлар уларга муҳтож бўлганлиги учун мамлакатингизга киритишни тақиқлай олмаган исломий мерос бўлмиш китоблардан, сизларга ёқмаган ва рози бўлмаган жойларини чиқариб ташлашни ўз одатингизга айлантирдингиз. Бу эса, шаръий, қонуний нуқтаи назаридан олиб қараганда буюк салафи солиҳ уламолар бўлмиш уларнинг муаллифларининг фикрларига қарши уюштирилган ҳужумдир. Ўтиб кетган уламолар бугун сизлар билан хусуматлаша олмасалар ҳам, лекин охиратда Аллоҳнинг ҳузурида албатта буни қиладилар.

Ўзгартирилган ва сохталаштирилган китоблар жумласига – Имом Муҳйиддин Нававийнинг «Ал-Азкор» китоблари киради. У ҳижрий 1409 йилда Ар-Риёздаги «Дорул ҳуда» босмахонасида, Абдулқодир Арнут Аш-Шомийнинг таҳрири остида чоп этилган. Унинг 295-бетидаги: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қабрларини зиёрат қилиш» номли бобни «Расулуллоҳнинг масжидларини зиёрат қилиш» деб ўзгартирилган ҳамда ушбу бобнинг аввали ва охиридаги бир нечта сатрларни олиб ташлаган. Шунингдек, Имом Нававий тўлиқ равишда келтирган Утбий ҳақидаги қиссани чиқариб ташлаган. Бу эса, муаллифга ва унинг китобига нисбатан ноҳақ ҳужумдир. Мен муҳаррирга мурожаат қилганимда, уни сизларнинг вакилларингиз ўзгартирганини айтди. Менда Абдул-Қодир Арнаутнинг ўзи ёзган қўлёзма мулоҳазалари мавжуд.

Шунингдек, «Хошиятус Совий аъла Тафсири Жалолайн»дан сизга ёқмаган ибораларни чиқариб ташладинглар.

Ҳанафий фиқҳига оид бўлмиш «Ҳошият ибн Обидийн аш-Шомий» китобидаги авлиёлар, абдоллар ва солиҳлар ҳақидаги махсус бобни олиб ташладинглар.

Ибн Таймиянинг «Фатаво» китобининг охирги чоп этилган нусхасида, тасаввуфга оид бўлган ўнинчи жузини олиб ташладинглар.

«Илмий тадқиқотлар, фатво бериш, даъват ва иршод идораси»нинг раиси Шайх Ибн Боз, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Фатҳул Борий би шарҳи Бухорий» китобидан, ўзига ёқмаган барча нарсаларни ўзгартиришга уринди. У ўзининг муовинлари билан унинг ўзгартирилган учта жилдини чиқариб, сўнг бу ишида тўхтади. Бу ўзгартиришлари билан у ёмонликнинг эшигини очиб берди.

Сизлар «Тафсири жалолайн»нинг ўрнига ва унга рақиб сифатида ҳамда унинг ўрнига халққа тақдим қилиш учун Абу Бакр Жазоирийга Қуръоннинг тафсирини ёзишга йўл очиб бердинглар-да, оммага уни «Тафсири жалолайн» сифатида ташвиқот қилдинглар.

27. Масжидун Набавийда сизлар ор-номус ва дин баҳонасида, аёлларни ўз маҳрамларидан ажратганларинг-да, аёллар кирадиган жойда уларнинг устидан назорат қилиш учун ўзларингнинг издошларингдан бўлган эркакларни қўясизлар, гўёки, улар бошқалар содир этиши мумкин бўлган барча нарсалардан маъсумдек (гуноҳсиздек) ҳисоблайсизлар. Худди шунингдек, Каъбанинг атрофида тавоф қилаётган эркак ва аёлларнинг орасига ўзларингнинг кузатувчиларингни қўясизлар ва улар аёлларнинг юзларига қарайдилар ҳамда улардан юзларини беркитишларини талаб қиладилар. Бу эса, ушбу тавоф амалининг бажарилишида аёлларнинг юзлари очиқ бўлиши лозим деган жумҳур уламолари фикрига хилофдир.

28. Сизлар Макканинг ҳарамида мусулмонларни қўрқитадиган, терговлар ўтказадиган ва вақтинча туриш рухсатномаси ёнида бўлмаган кишиларни қамоққа оладиганларга эътироз билдирмайсизлар. Бу эса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига хилофдир:

وَمَن دَخَلَهُ كَانَ آمِنًا

«Ким унга кирса, тинч (омонликда) бўладир». (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Бундан ташқари, бу иш тавоф қилаётганлар, намоз ўқиётганларнинг тинчлиги, сокинлиги ва хушуъсидан чалғитади ва безовта қилади.

29. Сизлар зиёратга келган чет-эллик муслим ва муслималарни, агар уларда доимий яшаш рухсатномаси бўлмаса, уларнинг ўртасида никоҳ ақдини тузишни шариат маҳкамасида кўриб чиқилишини тақиқлайсизлар. Бу эса бидъат ва зулмдир! Агар улар шариатда ҳаром саналган қандайдир ишни қиладиган бўлсалар, бу сизларнинг зиммангизга тушади.

30. Олий ўқув юртларингизда ўқишни хоҳловчи ҳар қандай талабаларни, фақатгина сизлар «саҳиҳ ақида» деб номлайдиган нарсада имтиҳон қилганларингдан сўнг ўқишга қабул қиласизлар. Уни Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтирган муваҳҳид мусулмонлардан бири эканлиги сизларга кифоя қилмайди. Бу эса мутаасибликнинг энг ёмон кўринишидир!

31. Агарда кимдир сизга бирор бир масалада, фиқҳда ёки ақидада хилоф қилса, сизлар уни танқид қилиб китоб чиқарасизлар ва уни бидъатчи ёки мушрик деб эълон қиласизлар. Шу билан бирга, ўзига билдирилган айбловларни рад этишга ва ҳақ эканлигини исботлашга унга имконият бермайсизлар. Худди шу иш Саййид Моликий, Абу Ғудда, Собуний ва бошқа кўплаб олимлар билан юз берди.

32. Илгари бўлмаган, ҳатто сиз билан бир ақида ва манҳаждаги ота-боболарингиз ҳам қилмаган улкан бир бидъатни амалга оширдинглар. Шарафли Бақеъ қабристонини қулфлаб беркитиш, у ерга дафн этишдан ман қилиш, янги маййитларни, ҳаёлингиздаги ушбу «ширк ва бидъат» жойидан (яъни Бақиъни улар шундай номлайдилар. Тарж.) узоқ бўлган бошқа жойга дафн этиш, одамларни Бақеъ қабристонига киришдан тўсиш ва у ердаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оила аъзолари, саҳобалари, тобеинлар ва бошқа солиҳ кишиларнинг қабрларини зиёрат қилишдан қайтаришга ҳаракат қилдинглар. Лекин Аллоҳ таоло ҳаракатларингизни барбод қилиб, бу ишни қоим қилувчи икки Ҳарами шарифнинг ходими қирол Фаҳдни ҳозирлаб қўйди. У сизлар мақсад қилган нарсани бекор қилиб, вафот этган мусулмонларни кўмишга ернинг торлиги ва жой етишмаслигини баҳона қилмаслигингиз учун, Бақеъ қабристонини кенгайтиришга буйруқ берди.

33. Мўминларнинг онаси, аёллар саййидаси ва энг улуғи ҳамда оламлар Роббисининг элчиси Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва олиҳи ва салламнинг биринчи суюкли аёллари Ҳадижаи кубро онамизнинг уйларини бузилишига эътироз билдирмай, унга рози бўлдинглар. Бу уй қудрат ва буюклик Роббисидан биринчи ваҳий тушган жой эди. Шундай жойни бузилишига ва бузилганидан сўнг у ерни ҳожатхоналар ва таҳоратхоналар қилинишига рози бўлиб индамай туравердинглар. Аллоҳдан қўрқиш қаерда қолди? Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уялиш қайда қолди?!

34. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бус-бутун сақланиб қолган қадимий осору атиқаларни бузишга журъат этдингиз ва бу ишларни ўзингизга одат қилиб олиб, тинмай уриниб келмоқдасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган шарафли масканни бузиб ташлаб, у жой мол бозори қилинди. Сўнгра тўғри йўлдаги олийжаноб кишиларнинг уддабуронлиги ва ишбилармонлиги билан у ерни кутубхонага, яъни Маккаи мукарраманинг кутубхонасига айлантирилди (1951 йилда. Тарж.). Сизлар эса, бу жойга нисбатан ёмонлик, таҳдид ва интиқом кўзлари билан айблайдиган ва унга бало офат келишини кутиб турадиган кишиларга айландингиз. Очиқдан-очиқ у ерни бузишни талаб қилдингиз ва бир неча йил илгари бу тўғрисида уламоларингизнинг катталаридан тегишли қарорни қўлга киритганингиздан кейин миршаблар тайёрладингиз ва уларни бу ишга кўндирдингиз (менда бунинг аниқ ёзув тасмаси турибди). Лекин икки Ҳарами шарифнинг ходими, оқил, натижа ва оқибатларини билган қирол Фаҳд сизларнинг талабингизни назар-писанд қилмасдан тўхтатиб қўйди. Аллоҳ таоло марҳаматли Пайғамбари орқали, сиз-у бизларни ҳамда аждодларимизни зулматлардан ёруғликга чиқарган бўлса-ю, у кишига нисбатан бундай муносабатда бўлиш – бу қандай одобсизлик ва бевафолик бўлди?! Э воҳ, бундай ҳаёсизлик билан у кишининг муқаддас Ҳавзаларига (охиратда) бормоқчилар. Эҳ, бу қандай бахтсиз ва ёмон фирқаки, сўзи ёки қилмиши билан ўз Пайғамбарини ёмон кўриб, уни таҳқирласа ва қадамжоларини йўқ қилиш учун ҳаракат қилса?!

Аллоҳ таоло бизларга айтади:

وَاتَّخِذُواْ مِن مَّقَامِ إِبْرَاهِيمَ مُصَلًّى

 «Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг». (Бақара сураси, 125-оят).

Аллоҳ таоло Бани Исроилга юборган Толут, Мусо ва Ҳорунлардан мамнун бўлиб айтади:

وَقَالَ لَهُمْ نِبِيُّهُمْ إِنَّ آيَةَ مُلْكِهِ أَن يَأْتِيَكُمُ التَّابُوتُ فِيهِ سَكِينَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَبَقِيَّةٌ مِّمَّا تَرَكَ آلُ مُوسَى وَآلُ هَارُونَ تَحْمِلُهُ الْمَلآئِكَةُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لَّكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

 «Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди». (Бақара сураси, 248-оят).

Муфассирлар айтадиларки, бу ердаги «қолдиқ»дан мурод, Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари ва икки ковушлари ва бошқа буюмлар бўлган.

(«Мусо алайҳиссалом қачон урушга кирсалар, ўша тобут-сандиқни ўз аскарларининг олдида боришини таъминлар эдилар. Шунда Бани Исроилнинг қалбига хотиржамлик тушиб, урушдан қочмасди. Кейинчалик у тобутга Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлардан қолган эсдалик – табаррукларни солиб қўйишган эди. Жумладан, мазкур тобутда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида берган лавҳалар, у кишининг ҳассалари, кийимлари, ковушлари, Ҳорун алайҳиссаломнинг саллалари каби нарсалар бўлган. Уламоларимиз ушбуни Пайғамбарлардан қолган нарсаларни табаррук тутишга далилдир, деганлар». Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири ҳилол»).

Агар истасангиз, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга таалуқли бўлган ва у кишидан қолган нарсалар ва саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларнинг мазкур нарсаларга қанчалик эътиборли бўлганлари ҳақида «Саҳиҳи Бухорий»нинг саҳифаларида ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларни ўқинглар. Бу қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга кифоядир ҳамда ақлини ишлатиб мулоҳаза қиладиган қавмлар учун етарлидир.

35. Илгари ўтган ота боболарингиз Ҳанбалий мазҳабида бўлиб, улар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга эргашган ва у кишига тақлид қилиб келганлар. Кейинчалик, Ибн Таймия, Ибн ал-Қоййим, Ибн Ражаб, Ибн Абдулҳодий, Ибн Қудома ал-Мақдисий, улардан кейин давом этиб аз-Заркаший, Маръо ибн Юсуф, Ибн Ҳубайра, ал-Ҳижовий, ал-Мардавий, ал-Баълий, ал-Баҳутий, Ибн Муфлиҳ, уларнинг охирида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва унинг авлодлари, Муфтий Муҳаммад ибн Иброҳим, Ибн Ҳумайдлардир. Аллоҳ уларга раҳм қилсин. Лекин сизлар ҳозирда бу мазҳабдан воз кечдинглар ва ўзларингни «салафий»лар деб номлаб олдинглар. Фатво ва кўрсатмалар учун масъул бўлган Шайх Абдулазиз бин Боз «ал-Мажаллату ас-Саудия» журналида Ҳанбалий мазҳабига таянмаслиги ва бу мазҳабни ушламаслиги ҳақидаги сўзларини сизлар ҳам айтмоқдасизлар. Сизлар фақатгина «Китоб ва суннатга» амал қилишингизни таъкидлайсизлар.

Субҳаналлоҳи таоло!

Сизнингча, Имом Аҳмад ва у кишининг бошқа имом дўстлари шу икки нарсага эргашмай, бошқа нарсани лозим тутганмидилар?! Ёки шайхингиз ва унга эргашганлар, «мужтаҳиду мутлақ» мартабасига – ўзидан олдинги имомга эргашмай ва унга тақлид ҳам қилмайдиган, ўз райига кўра ижтиҳод қилувчи имом мартабасига етиб қолдингларми? Биз сизларни бундай деб ўйлашингиздан огоҳлантирамиз. Аллоҳ таолодан билимсизлик, такаббурлик ва даъволашувдан паноҳ беришини сўраймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган замондагилардан бўлиб қолишимиздан паноҳ сўраймиз.

Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

 إن بين يدي الساعة أياما ينزل فيها الجهل ، ويرفع فيها العلم ، ويكثر فيها الهرج والهرج القتل

 «Албатта қиёмат олдидан шундай кунлар бўлиб, унда жаҳолат тушиб, илм кўтарилади, ва ҳараж (шовқин-сурон) кўпаяди. Ҳараж – қатл қилишдир», дедилар.

(Имом Бухорий ўз саҳиҳининг «Ал-фитан», Фитналарнинг зоҳир бўлиши бобида, Муслимнинг саҳиҳида эса «ал-Илм», «Илмнинг кўтарилиши ва уни тортиб олиниши» ва «Охир замонда жаҳолат ва фитналарнинг зоҳир бўлиши» бобида ривоят қилинган).

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 إن الله لا يقبض العلم انتزاعا ينتزعه من العباد ، ولكن يقبض العلم بقبض العلماء ، حتى إذا لم يبق عالما اتخذالناس رؤوسا جهالا فسئلوا ، فأفتوا بغير علم فضلوا وأضلوا

«Аллоҳ таоло бандаларидан олиб қўядиган илмни бирдан тортиб олмайди, лекин илмни уламоларни тортиб олиш билан олади. Ҳатто олим қолмаганида одамлар жоҳилларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнгра улар сўраладилар, бас, кейин улар билимсиз фатво бериб адашадилар ва бошқаларни ҳам адаштирадилар», дедилар.

(Имом Бухорий ўзининг саҳиҳида, «ал-Илм» 33/1, «Илм қандай тортиб олинади» бобида, Имом Муслим эса ўзининг саҳиҳида, «ал-Илм»да 175, «Илмнинг кўтарилиши ва уни тортиб олиниши» бобида ривоят қилган).

36. Ёшларни ва ақли паст ўспиринларни бу умматнинг салафи солиҳларига, буюк уламоларига ҳужум қилишлари учун йўл қўйиб бердинглар. Шундай уламолардан бири бўлмиш Ҳужжатул Ислом, Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳга ҳам тош отдилар. Маҳмуд Хаддод деган кимса томонидан Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улум ад-дийн» китобларида келтирилган ҳадисларни Ироқий ва Зубайдийларнинг шарҳларини гўёки ўзида жамлаган деган даъво билан китоб нашр қилишига рухсат бериб, унга бепарво қарадинглар. У эса, ушбу китобининг муқаддимасида имом Ғаззолий рахматуллоҳи алайҳни залолатда ва ундан ҳам катта ишларда айблаган. Ўз-ўзидан маълумки бундай турли ҳужумлардан кейин сизларнинг матбуотингиз имом Абул-Ҳасан ал-Ашъарий ҳамда мусулмонларнинг энг катта жамоаси бўлмиш, у зотга бир неча юз йилликлардан бери эргашиб келаётганларни – йўлдан адашганлар ва бошқаларни ҳам йўлдан адаштирувчилар, дея уларга ҳам тош отдилар. Бу хусусда Сафар Ҳавалий ва бошқалар муҳаррирлик қилувчи «ал-Буҳусу ал-исломия» («Исломий баҳслар»), «Манҳажу аҳлус-сунна ва ал-жамоа», («Аҳлу суннат ва жамоат йўли») ва бошқа чиқарган журналларингизга бир қараб текшириб чиқинглар. Улар тўғрисида вақф ишлари вазири, шайх Абдуллоҳ ал-Муҳсин ат-Туркийга шахсан ўзим хабар берганман, лекин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

37. Мусулмонларнинг имомларига, ҳоким ва ишбошиларига насиҳат қилиш эшигини тор қилиб қисиб қўйдинглар, кейин эса умуман беркитиб, қулфлаб ҳам қўйдинглар. Бунга ким қарши чиқса гуноҳкор бўлади, деб фатво чиқардинґлар. Мусулмонлар ва уларнинг хокимлари чиройли ваъз насиҳатга жуда муҳтож бўлиб турган вақтда, насиҳат эшигини очган одамга нисбатан душманлик қилдинглар.

Ваҳоланки, қуйидаги ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

الدين النصيحة – قلنا لمن قال:»لله ولكتابه ولرسوله ولأئمة المسلمين وعامتهم

«Дин насиҳатдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» – деб сўрадик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! — деб жавоб бердилар». (Муслим ривоят қилган).

38. Сизлар Эроннинг раҳбари Хумайний ва унинг издошларини қуйидаги оятни шаръий ҳужжат сифатида келтириб ўз хусуматчи рақибларини қатл этганликда айлаб туриб, лекин шундан сўнг, ўзингиз ҳам рақибларингизга нисбатан худди шу ишни қилиш учун ундан фойдаландингиз (яъни, Хумайний бу оятни қанчалик ноўрин ишлатган бўлса, сиз ҳам худди шундай қилдингиз):

إِنَّمَا جَزَاء الَّذِينَ يُحَارِبُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الأَرْضِ فَسَادًا أَن يُقَتَّلُواْ أَوْ يُصَلَّبُواْ أَوْ تُقَطَّعَ أَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُم مِّنْ خِلافٍ أَوْ يُنفَوْاْ مِنَ الأَرْضِ ذَلِكَ لَهُمْ خِزْيٌ فِي الدُّنْيَا وَلَهُمْ فِي الآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ

«Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу (нарса) уларга бу дунёда ор бўлур. Охиратда эса, уларга улкан азоб бор». (Моида сураси, 33-оят).

Шунингдек, ушбу оятни, ёнидан озгина миқдордаги наша ёки қот (маст қилиш хусусиятига эга чайналадиган барг)ни топиб олинган нодон мусофирларни ва заиф одамларни бошини узиб қатл этиш учун ишлатдинглар. Мен бу фатволарингизни Жидда шаҳридаги Исломий фатволар академиянгизда муҳокама қилганингизни эшитмадим. Шунингдек, сизлар Ал-Азҳари шариф ва мусулмонларнинг бошқа катта уламоларининг бу ҳақидаги фикрлари билан қизиқиб ҳам кўрмадинглар.

Сизлар қозилик мақомида туриб, ўзларингни гўёки Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадисларни унутгандек тутасизлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

وأقيلوا ذوى الهيئات عثراتهم، إلا في الحدود

«Кичкина хатоларни кечиб юборинглар, магар ҳаддлар (шариатда жазо тури аниқ белгилаб қўйилган катта гуноҳлар) бундан мустаснодир», деганлар.
(Абу Довуд «Сунан»да, Имом Аҳмад «Муснад»да ва Байҳақий ривоят қилганлар).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

ادرؤوا الحدود عن المسلمين ما استطعتم، فإن كان له مخرج فخلوا سبيله فإن الإمام أن يخطئ في العفو خير من أن يخطئ في العقوبة

«Имконингиз борича мусулмонлардан ҳаддларни енгиллатинг. Агар чиқиш йўлини топсанглар, уни ўз холига қўйинглар. Имомнинг афв этишда хато қилиши, жазолашда хато қилганидан яхшироқдир». (Термизий ривоят қилган).

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Талхийс»да (4-жилд, 56-бетда) келтиришича, Имом Бухорий айтадиларки: «Ушбу масала хусусидаги энг саҳиҳ ҳадис, бу – Суфён Саврийдан ривоят қилинган, у Осимдан, у Абу Воилдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган мазкур ҳадисдир:

ادرؤا الحدود بالشبهات، ادفعوا القتل عن المسلمين ما استطعتم

«Шубҳа бўлганда ҳаддни бекор қилинглар. Имконингиз борича мусулмонларни қатл этишдан сақланинглар».

Мазкур ҳадиснинг кўплаб санадлари мавжуд. Жумладан, саҳобалар Уқба ибн Омир, Муоз, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳум кабилардан ҳам ривоят қилинган. Муҳаддис Ибн Абу Шайбанинг тўпламида Иброҳим ан-Нахаъий орқали Умар разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

لأن أخطئ في الحدود بالشبهات أحب إلى من أن أقيمها بالشبهات

«Шубҳа билан ҳадларни ижро қилганимдан кўра, шубҳалар билан уни тарк қилганим яхшироқдир!», дейилган. Бу ҳадис Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг муснадларида Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ҳам марфуъ ҳолда ривоят этилган.

Сизлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини унутдинглар:

من قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا وَلَقَدْ جَاء تْهُمْ رُسُلُنَا بِالبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِّنْهُم بَعْدَ ذَلِكَ فِي الأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ

«Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар». (Моида сураси, 32-оят).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини ҳам унутдинглар:

أول ما يقضى بين الناس يوم القيامة الدماء

«Қиёмат куни инсонлар орасида энг биринчи ҳукм чиқариладигани – (ноҳақ) тўкилган қонлар борасида бўлади». (Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилганлар).

Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган нафсни ҳақсиз равишда қатл этманглар! Қиёмат кунида ҳасрат ва надомат чекувчи бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинглар!

39. Сизларнинг мазҳабингиз ва шиддаткор (экстремист) ғояларингизга алданган, Маккаи мукаррамада ўлдирилган Жуҳайман ал-Утайбий ва унинг жамоасидагилар каби ёш йигитларни йўлдан оздирдинглар. (1979 йилда ал-Утайбий бошчилигидаги 300-400 кишилик гуруҳ Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳарамга ҳужум қилиб, уни эгаллайди ва у ердаги ҳожиларни гаровга олади. Бу воқеалар оқибатида минглаб ҳожилар ҳалок бўлган. Утайбийнинг ўзи қўлга олинган ва қатл этилган. Тарж.).

Сизларнинг шайхларингиз уларнинг ҳам шайхи ва муршиди эди. (Бу ерда Саудиянинг яқин ўтмишдаги муфтийси Абдул-Азиз ибн Боз ҳақида айтилмоқда. 1961 йилда Мадина ислом университети ташкил этилган бўлиб, Ибн Боз унинг ташкилотчиларидан ва раҳбарларидан бўлган. 60-йилларнинг ўрталарида Мадинада «Ал-Жамаат ас-Салафия ал-Муҳтасиба» номли ташкилот тузилади ва унинг расмий ғоявий раҳнамоси Ибн Боз ҳисобланади ва унинг ўринбосари лавозимига Абу Бакр Жазоирий тайинланади. Жуҳайман ал-Утайбий эса унинг ташкилотчиси ва фаолларидан бири бўлган. Кейинчалик, айнан ушбу ташкилот негизида тарбияланган одамлар, Жуҳайман ал-Утайбий бошчилигида 1979 йилда Масжидул Ҳарамга ҳужум уюштирадилар. Тарж.).

Улар барча масалаларда унга мурожаат қилиб, унинг айтганини қилар эдилар. Унинг фикрларини ал-Утайбий ва Жазоирий тарқатар эдилар. Бундан аввал Утайбий ва унинг издошлари сизларнинг қўл остингизда, икки Ҳарам ҳудудида мусулмонларга жабр-ситам етказиб, уларга ниманидир буюриб ёки тақиқлаб, бемалол юрар эдилар. Уларнинг куч-қувватлари кўпайиб, қўллари узунлашиб, ўзларининг барча мақсадларини амалга оширганларида эса, уларни қуршаб олиб, яксон қилинди, айримлари қатл этилди, айримлари яраланди ва асир олинди. Сизлар эса, уларга ва улар қилган ишга ҳеч қандай алоқангиз йўқ эканлигини эълон қилдинглар. Лекин, улардан қолган китоблар ва нашр қилган нарсалари энг яхши гувоҳ ва далилдир. Ахир улар сизларнинг шиддаткор (экстремист) ғояларингизни ўзларига сингдириб, уни ичиб, у билан маст бўлган эдилар. Сизлар эса уялмасдан, ҳозир ҳам худди шу ишларни «Қуръон ва Суннат» номи ила давом эттириб келмоқдасиз. Унга қайтувчи бўлганингиз – Аллоҳдан қўрқинглар!

40. Тасаввуф аҳлини кофирга чиқардинглар. Кейин Ашъарийлар ва Мотуридийларни ҳам кофир дединглар. Ҳолбуки улар мусулмонларнинг энг катта жамоасидир. Сўнгра «ихвон»ларни, «таблиғчи»ларни, кейин бошқа даъватчиларни ва мутафаккирларни кофир дединглар. Ўзингиздан бошқа ҳаммани кофирга чиқариб, мусулмонлардан яна кимни қолдирдинглар?

41. Ўзингизнинг дарсларингиздан бошқа ҳамма дарсларни тўхтатдинглар, ўз йўлингиздан бошқа ҳамма мазҳабларни бекор қилдинглар, ўзингизни суҳбатингиздан бошқа ҳамма суҳбатларни ман қилдинглар, ўз даъватчиларингиздан бошқа даъватчиларни тақиқладинглар. Шундан кейин илм мажлислари тўхтади, таълим-тарбия бериш йўқолди, Қуръон халқалари бўм-бўш бўлиб қолди, зикр мажлисларининг ўринлари хор қилинди.

Эртага Аллоҳ таоло: وَقِفُوهُمْ إِنَّهُم مَّسْئُولُونَ — «Ва уларни тўхтатинглар! Албатта, улар сўралгувчидирлар» (Соффат сураси, 24) деган кунда, Роббингизга нима деб жавоб берасизлар?!

42. Ибн Арабийни кофирга чиқардинглар. Кейин унга Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолийни ҳам қўшдинглар. Кейин Абул-Ҳасан ал-Ашъарийга бурилиб у кишини ҳам куфрда айбладинглар. Шунингдек, Афғонистонда ўлганлар шаҳид бўлганлари йўқ, чунки уларнинг ақидаси тўғри эмас эди, балки улар йўлдан адашган, ҳалокатга учраган тақлидчи Ҳанафийлардир, дедингиз. Фақатгина ўзингларни нажот топганлармиз дединглар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг ушбу сўзларини унутдинглар:

إذا قال الرجل: هلك الناس،فهو أهلكهم

«Бир киши: «Барча одамлар ҳалок бўлди», деса, бас, у одамнинг ўзи энг биринчи ҳалок бўлибди!»

(Ушбу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Молик «Муватто»да (609), Имом Аҳмад (2/272), Бухорий «ал-Адаб ал-Муфрад»да (759), Муслим «Саҳиҳ»да (8/36) ва Абу Довуд (4983) ривоят қилганлар).

43. Сизлар Мадинаи Мунаварада университет ташкил қилдинглар ва уни Пайғамбарлар саййиди соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлмиш «Ислом университети» деб номладинглар. Оддий мусулмонлар ва уламолар ҳам бундан жуда шодланиб, қалбларининг жавоҳири бўлмиш фарзандлари билан биргаликда ушбу чашмадан ўз чанқоқларини қондириш иштиёқида, бу маскан ўзларининг маҳбублари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг пок оилалари ҳамда саҳобалари ва тобеъинларга нисбатан муҳаббатларини зиёда қилади деб ўйлаб, у ерга шошилдилар. Бироқ, сизларни у зотга ва уларнинг барчаларига нисбатан жафо кўрсатмоқликни ўргатиб дарс бераётганингизни кўрдилар.

Сизлар у ердаги толиби илмларни бир-бирларининг орқасидан жосуслик қилувчиларга айлантириб, сизлар «қубурийюн» («қабрга сиғинувчилар») деб номлайдиганлар ҳақида, яъни Пайғамбарлар саййиди бўлмиш, Аллоҳ таоло оламлар учун раҳмат қилиб юборган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини кўп зиёрат қилувчиларнинг исмларини айтиш ва улар ҳақида хабар бериб туришни талаб қиласизлар. Бу ишни сизлар, бундай талабаларга қарши курашиш ва уларни ўз ичингиздан хайдаб чиқариш учун қиласизлар. Сизларни яхши кўрадиган ва итоат қиладиганларнигина садоқатли ва ишончли деб ҳисоблайсизлар.

Университетни якунлаган ва сизнинг ғояларингизни ўзига сингдирган битирувчиларни ўз мамлакатларига юбора туриб, уларга ўзингизнинг бир вакилингизни қўшасизлар ва сизлар залолатда деб ҳисобловчи уларнинг ота-боболари ва халқларининг динини «янгилаш» учун уларни отлантирасизлар. Сизлар уларни молиявий таъминотини йўлга қўясизлар, уларга кутубхоналар ташкил қилиб берасизлар, уларнинг фаолият доирасини кенгайтиришга ёрдам берасизлар. Бу ишларингиз оқибатида улар ва ўша юртнинг уламолари, солиҳ кишилари, уларнинг ота-оналари, аввалги шайхлари ўртасида ихтилофлар ва кучли адоват юз беради. Улар худди портлашни кутаётган бомбалар каби бўлиб, сиз уларнинг ичини тўлдирган ёмон ғояларингиз ва яширин кучли адоват сабабли, ислом давлатлари, айниқса Африка ва Осиё юртлари уруш майдонига ва мусулмонларнинг ўзаро ихтилофлари тўлиб тошган маконга айланди. Жумладан, бундай ишлар собиқ Совет Иттифоқи, Европа, Америка, Австралия ва бошқа юртларда ҳам кенг тарқалди. Бу шикоятимиз билан Аллоҳга юзланамиз.

44. Ибн Таймия ҳам, Ибн Қоййим ҳам, улардан аввал ўтган салафлардан бирор бир киши сўфийларни мушриклар деб номламаган. Аксинча, бу олимлар, уларнинг ичида сиддиқлик мақомига етганлар бор, деб айтган эдилар. Агар хоҳласангиз, Заҳабий ва ибн Ражабнинг китобларига, Ибн Таймиянинг «Фатаво»сига, Ибн Қоййимнинг «Мадориж ас-соликийн» ва бошқа китобларига қаранглар. Лекин сизлар барча сўфийларни кофирга чиқардинглар ҳамда уларни бидъат ва ширкда деб айтдинглар. Худди шу ишни сизлар учун севикли бўлган шогирдларингиз – Абдур-Роҳман Абдул-Холиқ, Жазоирий, Зийну, Димашқия, Албоний, Муқбил Водиъий ва уларга ўхшаганлар қилиб келдилар. Сизларнинг бу ғояларингиз салафи солиҳларнинг йўлига эргашишми ёки сизлар бу ғоялар билан умматдан ажралиб чиққан бидъатчилармисиз? Бундан кейин ҳам сизлар: «биз салафийлармиз» (яъни, салафи солиҳларнинг йўлидамиз) дейишингиз тўғри бўлармикан? Ахир сизлардан аввал бундай қабиҳ ишларни ҳеч ким қилмаган-ку!

45. Сизлар чиқарган бу дард Европа ва Америкага ҳам етиб борди. Масжид ва мадрасаларда ихтилофлар бошланди. Буларнинг барчаси, сўфий ва зокирлар (зикр қилувчилар)ни кофир деб эълон қилган Ибн Боз ва ибн Усайминларга эргашишнинг натижасидир. Улар – «Мана булар ашъарий», «булар мотурудий», «булар девбандий ёки барилавий», дейдилар (яъни Аҳли сунна мусулмонлари бўлмиш ашъарий ва мотурудийларни алоҳида кўрсатиб, уларни куфр ва адашувда айблайдилар. Тарж.). Баъзилари бошқалари билан урушадилар. Уларнинг орқасидан намоз ўқишни, улар билан никоҳланишни, ўзаро алоқалар қилишни ҳаром деб ҳисоблайдилар. Диний ришталарни узадилар. Мен бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Америкадаги бир масжидда жумъа хутбасини ўқиётган имом, сўфий бўлгани учун намозхонлар ўртасида жанжал чиқиб, уни ўқишни тақиқланганини кўрганман.

Бас, тавба қилинглар! Оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳга тавба қилинглар! У марҳамат қилиб айтади:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангиз». (Нур сураси, 31-оят).

46. Портлатишлар, террористик актлар, хунрезликлар – буларнинг барчаси Исломни ёмонотлиқ қилиш ва мусулмонларни нобуд қилиш учундир. Айниқса, Жазоирда, Мисрда ва Макканинг Ҳарамида рўй берган ходисалар бунга яққол мисол бўла олади. Буларнинг барчаси сизларнинг битирувчиларингиз ва ғояларингизнинг самараси бўлиб, мусулмонлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш, уларни кофир, мушрик ва бидъатчи деб эълон қилишни ўргатувчи китобларингиз ва матбуотингизни ўқиш натижасида вужудга келган ишлардир. (Мазкур рисола ёзилган вақтда, ҳозирда биз кўриб турган Ливия, Сурия, Ироқ, Яман ва бошқа юртлардаги катта фитналар йўқ эди. Бу фитналарнинг орқасида ҳам наждликлар ақидасининг издошлари турганлиги ҳам, юқоридаги сўзларнинг тасдиғидир. Тарж.).

Сизлар ва бошқа одамлар бир назар солиб кўрсинларчи – ушбу шиддаткорлар (экстремистлар) ичида сўфий бўлган ёки Ал-азҳар битирувчиси ёки Ашъарий ёки тўрт мазҳабга эргашган бирор бир киши борми? Ўз издошларингизни фитнага йўллайсиз-да, ўзингиз ҳеч нарсани билмагандек, шодланган ҳолда сукут қиласизлар ҳамда уларнинг қилаётган ёмон ишларини қораламайсизлар ва уларга насиҳат қилмайсизлар. Шундан сўнг, ким очиқ адашувда эканлиги ҳақида менда гумон бўлиши мумкинми?!

47. Сизларга мухолиф бўлган барча мусулмонларни «жаҳмийлар» ёки фирибгар «мўътазилийлар» деб ҳақорат қиласизлар. Аслида эса айнан сизлар ўша жаҳмийсизлар, чунки сизларнинг фикрларингиз, уларнинг баъзи ғояларининг айни ўзидир. Ҳақиқатдан ҳам айнан сизлар мўътазилийсизлар. Чунки сизлар улар билан бир хил равишда – валийлик ва авлиёларни, кароматларни, ўлимдаги ҳаётни (қабрдаги ҳаётни, ўликларни эшитишини), дин ишларидан бўлмиш айрим ғайбиётларни ақлий тушунишни инкор қиласизлар. Қадимги мақолда айтилгандек: «Касалини менга юқтириб, ўзи жўнаворди».Ўзларингиз қилаётган ишларни бошқаларга тиркашга уринманглар, чунки бу сизлар учун жуда ҳам катта орсизликдир. Ҳақиқатни англаб, уни эшита оласизларми?

48. Сизлар ҳаворижларнинг амалини қиласизлар. Ҳузурингизга мусулмонлардан бир киши келса, айниқса толиби илмлар келганда, сиз уларни «саҳиҳ ақида» деб номлайдиган нарсангизда имтиҳон қилишни бошлаб: «Фалон нарса тўғрисида нима дейсан?» ёки «Аллоҳ қаерда?» деганга ўхшаш саволларни берасизлар.

Худди шу ишларни аввалги ҳаворижлар ҳам қилар эдилар. Уларнинг ҳузурига келган ёки уларнинг олдидан ўтаётган мусулмонни имтиҳон қилардилар. Агар унинг фикрларини ўзларига хилоф деб ҳисобласалар, уни қатл этардилар. Аммо, мушрик ва кофирларга жуда ҳам илтифотли, яхши муомала қилардилар ва қуйидаги оятни ўқирдилар:

وَإِنْ أَحَدٌ مِّنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّى يَسْمَعَ كَلاَمَ اللّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لاَّ يَعْلَمُونَ

«Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир». (Тавба сураси, 9-оят).

Сизлар эса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларини ўқинглар:

أَفَنَجْعَلُ الْمُسْلِمِينَ كَالْمُجْرِمِينَ * مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ

«Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқармоқдасиз?». (Қалам сураси, 35-36-оятлар).

49. Маккадаги Масжидул Ҳарамда тўрт мазҳабнинг минбарлари бўларди, уларни бузиб ташладинглар. Дарс бериш курсилари бўларди, буларни ҳам тақиқладинглар. Уларнинг энг охиргиси – доктор Саййид Муҳаммад ибн Алавий ал-Маккийнинг курсиси бўлиб, бундан аввал унинг отаси ва буваси бу курсида дарс беришгани каби, бу ишни у давом эттирди. Уни бу ерда кўриш сизнинг кўзингизга оғир кўринди ва ўзингизнинг «Ал-ҳивор» номли китобингизда уни залолатда ва очиқ куфрда айбладинглар. Агарда Аллоҳ таолонинг ёрдами бўлмаганда, сизларнинг даъволарингизга қарши мен «Раддул маниъ» китобимда ва бошқа аҳли илмлар ўз китобларида раддиялар бермаганларида ҳамда икки Ҳарами шарифлар ходими қирол Фаҳд бу ишга аралашмаганида, Алавийнинг дарс давралари фақатгина ўтган замон эсдалиги бўлиб қолган бўларди.

Шунингдек, Мадинадаги Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳарами шарифларида ҳам тўрт мазҳаб бўйича дарс берувчи уламолар бўларди. Уларнинг охиргиларидан бири, «Қутфус самар фи аҳкамил ҳажжи вал иътимар» китобининг муаллифи Шайх Абдур-Роҳман Жаҳаний аш-Шофеъий эди. Сизлар ўз шайхларинг Ибн Бознинг рухсатини олмагунича унга дарс беришни тақиқладинглар. У эса рухсат бермади ва дарслар тўхтади.

Бундай уламолардан яна бири – буюк аллома, муфтий, Шайх Абдуллоҳ Саъийд ал-Лаҳжий аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳу таоло эди. Жосусларингизнинг ҳаракатлари сабабли унга дарс бериш тақиқланди. Дарсларни қайта тиклаш бўйича Ибн Боздан рухсат олиш учун қилинган ҳаракатлар натижа бермади ва толиби илмлар бундай фойдали дарслардан маҳрум бўлдилар. Ундан олдин аллома, муҳаққиқ, Шайх Исмоил Усмон аз-Зайн аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг дарсларини ҳам тазйиқ ўтказган ҳолда тақиқлаган эдинглар. Бас, Аллоҳ сизларга кифоядир!

Шу сингари, икки Ҳарами шарифларда, тўрт мазҳаб – Моликий, Шофеъий, Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича дарслар ўтиш эшикларини ёпдинглар. Ваҳоланки, бу дарслар Исломнинг олтин асрларидан бери, тобеъинлар ва улардан кейинги авлоддан, энг яхши асрлардан бери тўхтовсиз равишда давом этиб келмоқда эди. Ҳаттоки сизларнинг ота-боболарингиз Ҳижозга кириб келган даврда ҳам улар тўхтатилмаганди.

Сизлар, ал-Жазоирий каби одамларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва салламнинг ёнларида турган ҳолда, овозини борича қичиқириб: «Набийнинг ота-онаси дўзаҳда, Набийнинг ота-онаси дўзаҳда» деб такрор-такрор нидо қилишига рухсат бериб қўйдинглар. Сизлар Имом Жалолуддин Суютийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари нажот топганлари ҳақидаги тўққизта рисоласини ўқинглар. Бу мазкур масалада ёзилган энг яхши китоблардир. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун! Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил аълийил азийм! Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакийл!

Бу эса, Жаббор бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳузурида сизларнинг ҳисобингизда ва зиммангизда бўлади, чунки сизлар бу гапларингизни айтаётганда Аллоҳ таолонинг қуйидаги таҳдидидан қўрқмаяпсизлар:

إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَابًا مُّهِينًا 

«Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди». (Аҳзоб сураси, 57-оят).

У яна айтади:

وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ رَسُولَ اللّهِ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

 «Аллоҳнинг Расулига озор берадиганларга аламли азоб бордир». (Тавба сураси, 61-оят).

50. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида, у зотнинг туялари чўккан муборак жойни, «Қубо» масжидида белгиси сақланиб қолган эди. Бу ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

 «Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади». (Тавба сураси, 108-оят).

Яқин даврларгача бизлар шоҳиди бўлиб келган бу тарихий ёдгорликни ҳам сизлар йўқ қилдинглар.

51. Қиблатайн Масжидида, Масжидул Ҳарам ва Масжидул Ақсога қаратилган қадимги қиблаларнинг белгилари бор эди. Сизлар уни бидъат деган даъво билан олиб ташладинглар.

52. Буюк саҳобий Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг боғини бузиб ташладинглар. Ваҳоланки у боғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари эккан хурмо ҳам бор эди. Яна Қубо яқинидаги «Ал-Айнуз Зарқо» номли ва «Арис» номли қудуқларни тупроқ билан кўмиб ташладинглар. Шунингдек, одамларни Усмон розияллоҳу анҳу яҳудийлардан сотиб олиб Аллоҳ йўлида вақф қилиб юборган «Рума» қудуғини кўришларига йўл қўймадинглар. Ундан бошқа кўплаб муҳим тарихий жойлар сиз томондан бутунлай йўқ қилиб ташланди ёки белгилари ўзгартириб юборилди.

53. «Аҳсо» (жойнинг номи) халқининг тўрт мазҳаб соҳибларидан ҳар бир мазҳаби учун хос бўлган мадрасалари бор эди. Сизлар ўша мадраса эшикларини беркитиб у ерда дарс беришни ман қилиб қўйдинглар. Чунки сизларнинг наздингизда, ўзларингиз бошқариб турган эркаклар ва аёллар мадрасаларида ўз мазҳабларингдан бошқа мазҳабнинг дарс берилиши жоиз эмас-да! Аҳсо аҳли сизлар мадрасаларни беркитиб қўйганларингдан кейин дарсларини ўз уйларида қилишни бошлаганларида, сизлар уларни кузатиб, ҳоли жонига қўймай, йўлтўсарлик қилдинглар ва жосуслик қилишдан ҳам тап тормадинглар. Ахир бундай қилмишларинг тақводор, зоҳид, Аллоҳдан қўрқадиган, дин йўлида самимий хизмат қиладиган даъватчилар ва солиҳ кишиларнинг амалларими? Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасига қулоқ тутинглар:

وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ۖ ثُمَّ تُوَفَّىٰ كُلُّ نَفْسٍ مَّا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ

 «Аллоҳга қайтариладиган кунингиздан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон қилганига яраша тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас». (Бақара сураси, 281-оят).

Бу ояти каримани ҳам ўқинглар:

أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُمْ مَبْعُوثُونَ * لِيَوْمٍ عَظِيمٍ * يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ

 «Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? Улуғ бир кунда. У кунда, одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар». (Мутоффифин сураси, 4-6-оятлар).

54. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ҳужрайи саодатлари қурилишидан олдин Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйларида меҳмон бўлганлар. Ўша уйни ҳам бузиб ташладинглар. Ваҳоланки, бу уй неча асрлар оша, салафи солиҳлар давридан бери сақланиб келмоқда эди. Сизлар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларидаги меҳробнинг қибла томонида жойлашган бу муборак ёдгорликни вайрон қилдинглар. Бунга биргина баҳона кифоя қилди. У ҳам бўлса, сизларнинг наздингизда «мушрик» ҳисобланган мусулмонлар у жой билан табаррукланганлари эди.

55. Яна Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйлари олдидаги Шайхул-Ислом Ориф Ҳикматнинг китоблар ва дурдона қўлёзмалар билан тўла бўлган кутубхонасини ҳам бузиб ташладинглар. Ҳолбуки, кутубхонанинг ташқи кўриниши кўркам ва ажойиб эди-ку. Сизлар ҳарамни кенгайтиряпмиз деган баҳона билан кўп нарсаларни бузиб юбординглар. Бу кутубхона кенгайтирилиши керак бўлган майдондан анча йироқда жойлашган эмасмиди?!

56. Кенгайтириш керак деган баҳоналаринг остига кириб кетган Бирҳо деган маконни ҳам тупроқ билан кўмиб ташлаб, ундан атиги бирор аломат ҳам, асар ҳам қолдирмадинглар. Ваҳоланки ўша жойга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб сувидан баҳраманд бўлардилар. Ишонмасангиз, «Саҳиҳул Бухорий»даги Закот китобининг «Қариндошларга закот бериш» боби остида (2/126) келган ҳадисга боқинг. Унда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари келтирилган:

كان أبو طلحة أكثر الأنصار بالمدينة مالا من نخل وكان أحب أمواله إليه بيرحاء، وكانت مستقبلة المسجد وكان رسول الله يدخلها ويشرب من ماء فيها طيب

«Абу Толҳа Мадинадаги Ансорларнинг ичида моли энг кўпи эди. Абу Толҳа учун молларининг энг маҳбублиси Бирҳо эди. Бирҳо масжиднинг рўпарасида жойлашган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерга кирар ва ундаги покиза сувдан ичар эдилар…».

Бу ҳадис «Саҳиҳи Муслим»да ҳам (1/693), Закот китобининг «Қариндошларга нафақа бериш ва садақа қилиш» бобида (998-рақам) ҳам келган. Бизда ундан бошқа далиллар ҳам талайгина.

Сизлар Мадинайи Мунавварада Масжидун Набийдан ташқари, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларига тегишли бирор бир ёдгорликни қолдирмадинглар.

Ахир биз Қуддуси Шарифда исломий ёдгорликларнинг барчасини таг-туги билан йўқ қилиб ташлаган яҳудийларга тақлид қилишимиз жоизми?!

Келажак авлодга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли муқаддас мерослардан нимани қолдирдинглар?

57. Шунингдек, яна шуни айтиб ўтиш лозимки, руқийя ва руҳий муолажа қилувчи кишилардан сизларга мухолиф бўлганларини қатл этишда покиза шариатнинг номи билан бемалол ҳукм чиқардинглар. Улардан тўғрию нотўғрисини ажратмасдан, барчаларини сеҳргарлар деб номладинглар ва бу борада кўз юмиб, уларни қатл этишга фатво бердинглар. Сизлар Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирмангиз, фақат ҳақ билан бўлса мустасно» деган сўзини дастак қилиб олиб, «Улар қонлари мубоҳ бўлган сеҳргарлардир», деб қанча-қанча пок одамларнинг қонларини оқиздиларинг.

Башир ва Назир бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

أول ما يقضى به بين الناس يوم القيامة في الدماء

«Қиёмат куни инсонлар орасида энг биринчи ҳукм чиқариладигани (ноҳақ) тўкилган қонлар борасида бўлади». (Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилганлар).

Аллоҳ таоло белгилаган чегаралардан ўтиб кетманглар. Ҳадларни шубҳалар билан бекор қилинглар. Ноҳақ тўкилган қонлар учун қасос олиндаган кун Қиёмат кунидан қўрқинглар!

وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّىٰ كُلُّ نَفْسٍ مَّا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ

«Аллоҳга қайтариладиган кунингиздан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон қилганига яраша тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас». (Бақара сураси, 281-оят).

ХУЛОСА

Эй, биродарларимиз – Нажд уламолари! Саудия Арабистони мамлакати ҳар бир мусулмон қалбида маҳбуб макон саналади. Мамлакатнинг раҳбарлари, хоссатан икки Ҳарамнинг ходими бўлган подшоҳ, Раҳмоннинг меҳмони бўлиб келадиган ҳожилар ва умрачиларнинг хизматида ўзларининг бор кучларини сарфламоқдалар. Сизлар эса ўзларингизнинг юқорида мен зикр қилган ғалати ҳатти-ҳаракатларингиз билан шаръий ва диний ишларнинг омонатини зиммангизга юклаган мамлакат раҳбарларининг ишончларини суистеъмол қилмоқдасизлар.

Зиммангизга шаръий ва диний ишларнинг омонатини юклаган бу мамлакатнинг ишончини оқланглар. Бундай улкан омонатни муҳофаза қилинглар. Бундай омонатга ўзларингизнинг ҳавойи нафс ва табиатларингизни аралаштирмангки, токи, бу давлатдан айб-нуқсон излаб юрганлар бу мамлакат муқаддас исломий ёдгорликларни ҳимоя қилишга эътиборсизлик билан ёндашмоқда, дейишга имкон топишмасин.
Эй, Нажд уламолари! Динингиз, давлатингиз, исломингиз ва мусулмонлар ҳаққи юзасидан Аллоҳ таолодан қўрқинглар. Мусулмонларни бирлаштиришга ҳаракат қилинглар ҳамда уларнинг ўрталарини ажратишдан узоқ бўлишга интилинглар.

Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайманки, У сизларни, сўзни эшитиб, унинг энг гўзалига эргашадиган кишилардан қилсин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Биродарингиз: Юсуф ибн Саййид Ҳошим Рифоий

Анвар Абдуллоҳ тайёрлади

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 2 та

  1. Asror:

    Alloh rozi bo’sin hizmatlaringdan

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *