Мирзо Жони Жонон Мазҳар (қ.с.) “ишорати саббоба” ҳақида

Lotin alifbosida

mirzo-joni-jonon-ishorai-sabboba-haqidaШайх Шамсиддин Ҳабибуллоҳ Мирзо Жони Жонон Мазҳар қуддиса сирруҳу (1113-1195/1701-1780) нақшбандия тариқатининг етук вакили, ҳанафий мазҳабли, «Олтин силсила»нинг буюк шайхларидан биридир. Унинг мактубларга жавоб хати – «Мактубот»и мавжуд. Шунингдек, орифона ашъорлари «Девони Мазҳар» номи билан девон ҳолига келтирилган. Нақшбандия тариқатининг «Олтин силсила»сида 28-тартиб рақамидаги шайх бўлиб, учта силсила билан Имом Раббоний қуддиса сирруҳуга боради, ўн бир восита билан эса Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу ҳазратларига етишади. У зот Имом Раббоний қуддиса сирруҳудан фарқли ўлароқ “ишорати саббоба” борасида муҳаққиқ ҳанафийларнинг йўлини тутганлар. Яъни, “ишорати саббоба”ни қилишни суннат деб биладилар. “Ишорати саббоба” бу намозда ташаҳҳуд ўқиш жараёнида “калимаи шаҳодат”ни айтиш чоғида ўнг қўл кўрсаткич бармоғини кўтариб қўйиб тавҳид ишорасини қилмоқдир. Имом Раббоний қуддиса сирруҳу эса ўзларининг “Мактубот”ларининг 1-жилди, 312-мактубларида “ишорати саббоба”ни қилмасликни ёқлаб чиққан эдилар. Мирзо Жони Жонон Мазҳар қуддиса сирруҳу эса унинг аксини айтганлар. Демак, устоз-шогирд, шайх-мурид орасида фиқҳий-амалий ва ҳатто эътиқодий масалаларда ҳар хиллик бўлиши мумкин экан. Бу эса мутаассибликдан холи бўлган устоз-шогирдлик ва шайх-муридлик тарихидаги табиий ҳолатдир.

Ўн еттинчи мактуб

«Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ўзларининг «Мактубот»ларидаги бир мактубларида ишорати саббобани манъ қилганлари ёзилган. Сиз эса ўша жанобга муҳаббат даъвоси билан бирга ишора қиласиз. Муҳибнинг маҳбубга эргашмоғи лозим эмасми?

(Жавоб): Эй, махдум! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло китоб ва суннатга эргашмоқни бандаларига фарз қилиб бундай деган:

ما كان لمؤمن و لا مؤمنة إذا قضى الله و رسوله امر اين يكون امرا لهم الخيرة من أمرهم

“Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда – ҳеч бир мўъмин ва мўъминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир” (Аҳзоб, 36).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бундай деб марҳамат қилганлар:

لا يؤمن أحدكم حتى يكون هواه تبعا لما جئت به

«Сизлардан ҳеч бирингиз то нафси ҳавоси мен келтирган нарсаларга эргашмагунча мўъмин бўла олмайди!».

Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил нойибларидирлар. Ўз тариқатларининг биносини китоб ва суннатга эргашиш тепасига қурганлар. Уламолар ишорати саббоба қилишни исботида саҳиҳ ҳадислар ва фиқҳий ривоятларни ўзи қамраган бир нечта рисолалар тасниф қилганлар. То шу жойга етганки, Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг энг кенжа ўғиллари Ҳазрати Шоҳ Яҳё раҳимаҳуллоҳ бу мавзуда бир рисола битганлар. Ишорати саббоба қилмаслик ҳақида бирорта ҳадис собит бўлмаган. Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг ишорати саббобани тарк қилганлари эса ижтиҳодларига кўра бўлган. Насхдан (мансух бўлишдан) сақланган собит суннат мужтаҳиднинг ижтиҳодидан муқаддамдир! Ишорати саббобани қилишни собит этадиган суннат турганда, Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг уни тарк қилиш борасида келтирган ҳужжатлари маъқул эмас. Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ҳам ҳанафий мазҳабида эдилар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтганлар:

إذا ثبت الحديث فهو مذهبى و اتركوا قولى بقول رسول الله صلى الله عليه و سلم

«Қачон ҳадис собит бўлса, бас, ўша менинг мазҳабимдир! Менинг гапимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари турганда тарк қилинглар!».

Бас, умид шулки, Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари бу ишни ижтиҳод юзасидан тарк қилганлар ва маъно жиҳатидан мутавотир даражасига етмаган кўпгина саҳиҳ ҳадисларни олган бўлсалар эҳтимол. Шундай бўлса-да, ҳақиқат ўзгариб қолмайди. Шунингдек, агар у зот ишорати саббоба қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг розиликларига тўғри келмаслигини кашф йўлига кўра аниқлаб, ишорати саббабани қилмасликни айтганлар, дейилса, биз айтамиз: кашф-у каромат тариқат ишларида эътиборлидир, шариат ҳукмларида эса ҳужжат бўла олмайди. Шу билан бирга ана ўша мактубларида кашфни ҳужжат қилиб келтирмаганлар.

Умид шулки, Мужаддиди алфи соний (Имом Раббоний) раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг куллий қоидаси: ўз тобеъларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни ҳадди камолида тарғиб қилар эдилар. Унинг самараси албатта натижа ва фойдалар берган. Бу жузъий мухолифат эса зарарга боис бўла олмайди.
Вассалом!».

(Мирзо Жони Жонон Мазҳар. Мактубот. – ШҚМ, № 9158/III. – B. 80a-81a).

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *