ЖУМА КУНИ БИЛАН БОҒЛИҚ 5 ФАЗИЛАТ

zhuma-muborak-БАЙРАМ

Ибн Можа ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта бу (жума куни) байрам кунидир. Аллоҳ уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. (шундай экан) Ким жумага келса ғусл қилсин. Агар унда хушбўй атр бўлса ундан сепиб олсин. Мисвок билан тиш тозалашга ҳам маҳкам турсин”. Имом Суюутий Хасоис ул-жумъа.

ИККИ КАРРА АЖР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

Ҳар жума куни аҳлингиз билан мужомаат қила олмайсизми? Бас, ким ўшандай қилса унга икки карра ажр бор. Ўзининг ғусли ва аёлининг ғусли учун. Имом Суюутий Хасоис ул-жумъа.

БИР КУНДА БИР ЙИЛЛИК ИБОДАТ САВОБИ

Авс ибн Авс ас-Сақофийдан ривоят қилинди, у айтди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман Ул зот айтардилар: “Кимки жума куни ғусл қилса, эрта туриб масжидга улов минмасдан яёв борса, имомга яқин жойлашиб унга қулоқ солса, лағв сўз сўзламаса унинг ҳар бир қадамига бир йиллик (нафл сиём ва қиём) рўза ва намоз савоби берилади”. Абу Довуд, Имом Аҳмад, ҳоким, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ибн Хузайма. Саҳиҳ.

ФАҚИРЛИКНИ ДАФ ЭТАДИ

Асмаъий раҳимаҳуллоҳ деди: Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашид хузурига кирдим. Жума куни эди. У тирноғини олиб ўтирган экан. Унга нега айнан бугун тирноқ олаётгани ҳақида савол қилдим.

У деди: Тиронқоларни пайшанба кунда олиш суннатдан, тўғри, аммо менга “жума куни олишлик фақирликни қайтаради”, деган хабар келган.

Мен унга: Эй Амир ал-мўминин! Сиз ҳам фақирликдан қўрқасизми…?! – дедим.

У: Эй Асмаъий, фақирликдан мендан кўра кўпроқ қўрқадиган ким экан?! Менинг хавфим ҳамманикидан кўпроқ — деди. ал-Мужоласа ва жавоҳир ул-илм. 159/ ривоят.

ЖУМА КУНИ ДУО ИЖОБАТ БЎЛАДИГАН ВАҚТ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйҳи ва салламдан ривоят қилинди, Ул зот дедилар: “Жума кунда бир вақт бор, мусулмон банда ўша вақтда намозида тик туриб Аллоҳдан нимани сўраса, албатта унга беради!”

Шу вақт ҳақида: энг асаҳҳи ёки асаҳларидан биттаси шуки, у имом минбарга чиқиб, намозини  тамомлагунча бўлган вақт оралиғидир. Зеро, “Саҳиҳи Муслим”да бу собитдир. Лекин дуони қалби билан қилиши керак. Қўлини кўтариб, ошкора гапириб қилмайди. Чунки жумага келганлар бу вақт мобайнида жим туришликка маъмурдир. Ҳошияту Ибн Обидин. 3-Ж. 42 – Б.

Муҳаммадали ПИРҚЎЗИЕВ

“Ҳазрати Умар Одил” масжиди имом хатиби

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...