Истиғоса (солиҳ марҳумлардан мадад сўраш) – салафи солиҳлар наздида

Lotin alifbosida

Расулуллох соллаллоху алайхи ва салламБисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

МУҚАДДИМА

Ҳозирда мусулмонларни «мушрик», «кофир» ва «қабрпараст» деб эълон қилиб, уларнинг жони, моли ва обрўсини ўзига ҳалол ҳисоблаш орқали мусулмон юртларни харобозорга айлантиришда, хавориж ақийдали бемазҳаблар томонидан  асосий қурол сифатида ишлатилаётган «истиғоса» (солиҳ марҳумлардан мадад сўраш) ва «тавассул» (солиҳ зотларни васила қилиб Аллоҳга дуо қилиш) масаласидир.

Уламоларнинг таъкидлашларича,  Исломнинг илк 7 асри давомида ушбу масалалар бўйича уммат ичида ихтилофлар бўлмаган ва ўша даврларда улар ақийдавий эмас, балки фиқҳий бир масала сифатида кўрилган.

Кейинчалик, ҳижрий 7  (мелодий 13) асрда яшаган Ибн Таймия томонидан истиғоса ва тавассул масаласи ақийдавий масалага айлантирилиб, мусулмонларни ширк ва куфрда айблаш бошланган. (Шу ўринда, Ибн Таймия уммат уламоларининг ижмоъси, яъни якдиллик асосида қабул қилинган 60 дан ортиқ масалада умматга қарши чиққанлигини ҳам унутмаслик керак).

Бу ҳақида Имом Тақиюддин Субкий (ҳ. 683-756) раҳимаҳуллоҳ «Шифо ас-Сиқом» номли китобда қуйидагиларни айтганлар:

وحسبك أن إنكار ابن تيمية للاستغاثة والتوسل قولٌ لم يقله عالم قبله

«Сенга, Ибн Таймия томонидан истиғоса ва тавассулни инкор этилиши, ундан олдин ҳеч бир олим айтмаган сўз эканлиги кифоя қилади». (Тақиюддин Субкий, «Шифо ас-Сиқом», 357-б.).

Ушбу ва бошқа баъзи масалаларда ҳам Ибн Таймия р.ҳ. тавба қилиб, ўз қарашларини ўзгартирганлигини уламолар нақл қилганлар. Жумладан, буюк тарихчи ва муҳаддис олим Имом Ибн Касийр (ҳ.701-774) раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Бидая ва ан-Ниҳая» номли китобида Ибн Таймия қози маҳкамасидаги сўроқ давомида қуйидагиларни айтганлиги келтирилган:

 لكنه قال: لا يُستغاثُ إلا باللهِ ، لا يُستغاث بالنبي استغاثةً بمعنى العبادةِ ، ولكن يُتوسَّلُ به ويُتشفَّعُ به إلى الله

«Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ёрдам сўралмайди. Набийдан ҳам ибодат маъносида ёрдам сўралмайди. Лекин у билан тавассул қилиш мумкин ва ундан Аллоҳга шафоатчи бўлишлигини (ташаффуъ) сўраса бўлади».
(Ибн Касийр, «Ал-Бидая ва ан-Ниҳая», 14-ж. 45-бет).

Мазкур масалада Ибн Таймиянинг энг яқин шогирди бўлмиш  Ибн Қоййим р.ҳ. ўзининг «Руҳ» номли китобида марҳум солиҳлардан шафоат ва мадад сўраш мумкинлигини таъкидлайди ва буни қандай равишда амалга ошиши ҳақида тушунтириш берган ҳолда, ўз давридаги тасаввуфга нисбат бериладиган айрим жамоатларни ҳам танқид қилади:

«Агар вафот этган шайхдан мадад сўралса, унинг Ҳаққа яқин ҳолда, барзахда ҳаёт турган руҳидан сўрайди. Ундан ўзининг ишларида Аллоҳ таолога шафоатчи бўлиб йўлланишни сўрайди. Руҳлар ўз оламида замон ва макон чегараси ила боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Чегара ва чеклашлар башарий ҳаёт натижасидир. Руҳлар эса озодлик оламидадир. Шубҳасиз, бу нарса энг хатарли тойиш жойларидан биридир. Буни тўғри англаб етишга ва забт қилишга фақат юксак ақл эгаларигина қодир бўладилар. Бу, тасаввуфга нисбат бериладиган баъзи жамоаларнинг алаҳлашига ўхшаш ҳолатларини жоиз нарса деганим эмас. Мен бу мавзуънинг аҳли илм наздида қандай тушунилишини айтиб ўтдим, холос. Ҳар бир ҳаққа ўхшаган ботил ҳам бор. Кўзи очиқ билан кўр, зулмат билан нур тенг бўла олмас».
(Ибн Қоййим, «Ар-Руҳ». Иқтибос таржимаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобининг 257-бетидан олинди. Тошкент, Sharq, 2011й.).

Мазкур иқтибосларни ўқиган бемазҳаблар, ўзлари учун энг қадрли бўлган Ибн Таймия ва Ибн Қоййимни ҳам қабрпарастлар деб эълон қиладиларми?!

Ушбу мақоланинг ёзилишидан мақсад – кимнидир истиғоса ёки тавассул қилган ҳолда дуо қилишга даъват қилиш эмас, балки, ушбу амалларни руҳсат этилган деб ҳисобловчи мусулмонларни мушрик ёки кофир деб эълон қилишдан эҳтиёт бўлишга чорлашдир. Токи, шариат чегарасидаги истиғоса ва тавассулни «ширк» деб, уни қилувчиларни «мушриклар» ва «қабрпарастлар» деб номловчилар, аслида, қуйида номлари келтириладиган саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар ва кейинги давр уламоларини ҳам «қабрпараст мушриклар» деб таъкидлаётганларини билсинлар.

БИРИНЧИ РИВОЯТ

Ҳофиз Ибн Абу Шайба (ҳ. 159-235 й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Ал-Мусаннаф» номли ҳадислар тўпламларида ривоят қиладилар:

حدثنا أبو مُعاويةَ عن الأَعْمَش عن أبي صالحٍ عن مالكِ الدار , قال : وكان خازِنَ عمرَ على الطَّعام , قال : أصابَ الناسَ قَحْطٌ في زَمَن عمرَ , فجاءَ رجلٌ إلى قبْر النبي صلى الله عليه وسلم , فقال : يا رسولَ الله , اِستسقِ لأمتِك فإنهم قد هلَكوا , فأُتيَ الرجلُ في المَنام فقيل له : اِئْتِ عمرَ فأقْرَئْه السلامَ , وأخبِرْه أنكم مَسقِيُّون وقلْ له : عليك الكَيْسَ , عليك الكَيْسَ , فأتى عمرَ فأخبرَه فبكَى عمرُ , ثم قال : يا ربّ لا آلُو إلا ما عجَزتُ عنه

 Абу Муовия – Аъмашдан – Абу Солиҳдан – Молик ад-Дордан, у Умарнинг озиқ-овқат бўйича ҳазинабони эди – ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида одамларга қаҳатчилик (қурғоқчилик)  келди. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига келиб:
«Ё, Расулуллоҳ! Умматингизга ёмғир сўраб беринг, албатта улар ҳалок бўлаётирлар», деди. Бас, унинг тушида бир одам келиб: «Умарнинг ёнига бориб, унга салом дегин ва ёмғир берилиши ҳақида хабар бергинда, унга: «Чаққон бўл, чаққон бўл» деб айт», деди.
У киши Умарнинг ҳузурига келиб хабар берган эди, Умар йиғладилар. Сўнгра у зот айтдилар: «Ё Роббим, бепарво бўлмайман, фақат ўзим ожиз бўлган нарса бундан мустасно».

(Ибн Абу Шайба, «Ал-Мусаннаф», 17/63-65; Жидда: 1427/2006).

Бу ривоят уммат муҳаддислари наздида ишончлидир.  Ибн Хажар ал-Асқалоний «Фатҳ ал-Борий»да (2/494) ва Ибн Касийр «Ал-Бидоя ва ан-Ниҳая»да (7/91) айтишларича, ровийлар исноди ишончлидир.

Ушбу  ривоятни яна Ибн Хажар ал-Асқалоний «Ал-исоба фи тамйизис саҳоба»да, Ибн Абдул-Барр «Ал-Истиаб фи маърифатил асҳоб»да, Абу Бакр Байҳақий «Далоил ан-Нубувва»да, Имом Бухорий «Тарих ал-Кабир»да, Абу Яъло ал-Ҳалилий «Ал-Иршод фи маърифати уламоил ҳадис»да, Ал-Бағовий «Ал-Фазоил»да, Жалолуддин Ас-Суютий «Жомиул аҳодис»да, Алоуддин Али ал-Муттақий «Канзул уммал фи сунанин ақвал вал афъал»да келтирганлар. Уларнинг ҳеч бирлари буни ширк демаганлар.

ИККИНЧИ РИВОЯТ

Ҳофиз Абу Бакр Байҳақий (ҳ.384–458й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Шуабул Иймон» китобида ривоят қиладилар:

 أخبرنا أبو علي الرُّوذْباري، حدثنا عمرُو بن محمدِ بن عمرُو بن الحسين بن بَقِيّة، إملاءً، حدثنا شُكْرٌ الهَرَوِي، حدثنا يزيدُ الرَّقَّاشِي، عن محمد بن رَوْحِ بن يزيدَ البصْري، حدثني أبو حَرْبٍ الهِلالي، قال: حجَّ أعْرابيٌّ فلمّا جاءَ إلى بابِ مسجد رسول الله صلى الله عليه وسلم أناخَ راحلتَه فعقَلها ثم دخَل المسجد حتى أتَى القبرَ ووقَف بحِذاء وجْه رسول الله صلى الله عليه وسلم، فقال: بأبي أنت و أمي يا رسولَ الله ! جئتك مُثْقَلًا بالذنوب والخَطايا , أستشفعُ بك على ربك ؛ لأنه قال في محكم كتابه :

{وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ جَاءُوكَ فَاسْتَغْفَرُوا اللَّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُوا اللَّهَ تَوَّاباً رَحِيماً}، وقد جئتك بأبي أنت وأمي مُثْقَلًا بالذنوب والخطايا أستشفع بك على ربك أن يغفِر لي ذنوبي، وأن تُشفَّعَ فيَّ

ثم أقبلَ في عُرْضِ الناس، وهو يقول:

يَا خَيْرَ مَنْ دُفِنَتْ بِالْقَاعِ أَعْظُمُهُ… فَطَابَ مِنْ طِيبِهِنَّ القَاعُ وَالأََكَمُ

نَفْسي الفِدَاءُ لِقَبْرٍ أَنْتَ سَاكِنُهُ… فِيهِ العَفَافُ ، وَفِيهِ الجُودُ وَالكَرَمُ

Абу Харб ал-Ҳилолий айтадилар:
«Бир аъробий ҳаж қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари эшигининг олдига келиб, уловини боғлади. Сўнгра масжидга кирди ва қабрнинг олдига келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайғи ва салламга юзланиб айтди:
«Ота онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Ҳузурингизга гуноҳлар ва хатолар юки билан келдим. Сиздан Роббингизга шафоатчи бўлишингизни сўрайман. Зеро, У Китобининг муҳкам оятида айтган:
«Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этгувчи ва раҳмли Зот эканлигини топган бўлур эдилар». (Нисо сураси, 64-оят).
Ҳузурингизга гуноҳлар ва хатолар юки билан келдим, ота онам сизга фидо бўлсин! Сиздан Роббингизга шафоатчи бўлишингизни сўрайман, менинг гуноҳларимни мағфират қилсин ва сизнинг менга нисбатан шафоатингизни қабул айласин».
Сўнгра у одамларнинг олдига келди ва у айтар эди:
«Эй, ерда дафн қилинган яхшилар ичида энг буюги,
Унинг шарафи ила ер ва водий бўлди шарафли.
Сен сокинлик топган қабрга мен фидо бўлайин,
Унда бордир софлик, меҳр ва мурувват».
(Абу Бакр Байҳақий, «Шуабул иймон», 6/60; Мактабату Рушд: 1423/2003).

Бу ривоятни ўз санадлари билан қуйидаги уламолар ҳам келтирганлар:
Ибн Жавзий «Мусирул ғаромис сакин ила ашрафил амакин»да;
Ибн Асокир  «Мужамуъ Шуюх»да;
Ибн Ҳажар «Ад-дурар ас-самина»да.
Шунингдек, уни «Сизнинг ҳузурингизга мен учун истиғфор айтишингиз учун келдим», деган лафз билан Жалолуддин Ас-Суютий «Жомиул аҳодис»да ва Алоуддин Али ал-Муттақий «Канзул уммал фи сунанин ақвал вал афъал»да ривоят қилганлар.

УЧИНЧИ РИВОЯТ

Ҳофиз Жалолуддин ас-Суютий (ҳ.849-911й.) раҳимаҳуллоҳ Ҳофиз Абу Саъд ас-Самъонийдан (ҳ. 506-562 й.)  ривоят қиладилар:

 وقال ابن السمعاني في الدلائل : أخبرنا أبو بكر هبة الله بن الفرج أخبرنا أبو القاسم يوسف بن محمد بن يوسف الخطيب أخبرنا أبو القاسم عبد الرحمن بن عمر بن تميم المؤدب حدثنا علي بن إبراهيم بن علان أخبرنا علي بن محمد بن علي حدثنا أحمد بن الهيثم الطائي حدثني أبي عن أبيه عن سلمة بن كهيل عن أبي صادق عن علي بن أبي طالب — رضي الله عنه — قال : قدم علينا أعرابي بعد ما دفنا رسول الله — صلى الله عليه وسلم — فرمى بنفسه على قبر النبي — صلى الله عليه وسلم — وحثا من ترابه على رأسه ، وقال : يا رسول الله ، قلت فسمعنا قولك ووعيت عن الله فأوعينا عنك ، وكان فيما أنزل الله عليك : ( ولو أنهم إذ ظلموا أنفسهم جاءوك فاستغفروا الله واستغفر لهم الرسول لوجدوا الله توابا رحيما ) وقد ظلمت نفسي وجئتك تستغفر لي ، فنودي من القبر أنه قد غفر لك

Ибн Самъоний «Долоил» китобида айтади:
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дафн қилганимиздан кейин ҳузуримизга бир аъробий келди ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига ўзини отди. Бошига қабрнинг тупроғини сочиб, айтди:
«Эй Расулуллоҳ, сиз сўзлардингиз, биз эса сўзларингизни эшитардик. Сиз Аллоҳдан қабул қилардингиз, биз эса сиздан қабул қилардик. Аллоҳ сизга нозил қилганлар ичида бундай оят бор: «Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этгувчи ва раҳмли Зот эканлигини топган бўлур эдилар». (Нисо сураси, 64-оят). Мана мен нафсимга зулм қилган ҳолда мен ҳаққимда истиғфор айтишингиз учун келдим». Бас, қабрдан: «Батаҳқиқ, мағфират қилиндинг», деган нидо эшитилди».
(Жалолуддин Ас-Суютий, «Ал-Хави лил-Фатава», 3/390).

Шунингдек ушбу ривоятни Алий бин Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қуйидаги уламолар ўз тафсир китобларида келтирганлар:
Имом Қуртубий (ҳ. 600-671 й.), Абу Исҳоқ Саълабий (ваф. ҳ. 427 й.), Абу Ҳаййон Наҳвий (ҳ. 654-745 й.) ва Ҳафизуддин ан-Насафий (ваф. ҳ. 710 й.)  раҳматуллоҳи алайҳим.

ТЎРТИНЧИ РИВОЯТ

Имом Нававий (ҳ. 631-676 й.) «Таҳзиб ал-асмаъ вал луғат» китобида саҳоба Уқба ибн Амирнинг таржимаи ҳолида айтадилар:

وشهد فتوح الشام، وهو كان البريد إلى عمر بن الخطاب، رضى الله عنه، بفتح دمشق، ووصل المدينة فى سبعة أيام، ورجع منها إلى الشام فى يومين ونصف بدعائه عند قبر رسول الله — صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ — وتشفعه به فى تقريب طريقه.

«У Шомнинг фатҳида иштирок этиб, Дамашқнинг фатҳ этилганлиги ҳақида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга  юборилган хабарчи бўлган эди. У Мадинага етти кунда етиб борди. Қайтишда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ёнида дуо қилиб, у зотдан йўлни қисқартилиши ҳақида шафоат сўраганлиги сабабли, икки ярим кунда Шомга қайтиб келди».
(Имом Нававий, «Таҳзиб ал-асмаъ вал луғат»).

 БЕШИНЧИ РИВОЯТ

Моликий мазҳабининг имомларидан бўлмиш Қози Иёз (ҳ. 476-544й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг  «Аш-Шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо» ҳамда «Тартибул мадорик ва тақрибул масолик ли маърифати аълами мазҳаби Молик» китобида, Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

حدثنا القاضي أبو عبدِ الله محمدُ بن عبدِ الرحمن الأشْعَري ، وأبو القاسمِ أحمدُ بن بقيِّ الحاكِم ، و غيرُ واحدٍ ، فيما أجازونيه ، قالوا : أنبأنا أبو العباس أحمدُ بن عُمَرَ بن دِلْهاثٍ ، قال : حدثنا أبو الحسن علي بن فِهْرٍ ، حدثنا أبو بكر محمدُ بنُ أحمدَ بن الفرَج ، حدثنا أبو الحسن عبدُ الله بن المُنْتاب ، حدثنا يعقوب بن إسحاقَ بن أبي إسرائيل ، حدثنا ابن حُمَيْدٍ: ناظرَ أبو جعفرٍ أميرُ المؤمنين مالكاً في مسجدِ رسولِ الله صلى الله عليه وسلم, فقال له مالك : يا أميرَ المؤمنين لا ترفعْ صوتك فى هذا المسجد ، فإن الله تعالى أدَّب قوما فقال: { لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَنْ تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تَشْعُرُونَ } ومدَح قوما فقال { إن الَّذِينَ يَغُضُّونَ أَصْوَاتَهُمْ عِندَ رَسُولِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ الَّذِينَ امْتَحَنَ اللَّهُ قُلُوبَهُمْ لِلتَّقْوَى لَهُم مَّغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ عَظِيمٌ }, وذمَّ قوما فقال: { إَنَّ الذين يُنَادُونَكَ مِن وَرَآءِ الْحُجُراتِ أَكْثَرُهُمْ لاَ يَعْقِلُونَ } وإِنَّ حرمتَه ميْتا كحرمتِه حيّا, فاسْتكانَ لها أبو جعفرٍ وقال: يا أبا عبدِ الله أأستقبِلُ القبلة وأدعُو, أم أستقبل رسولَ الله صلى الله عليه وسلم؟ فقال: ولِمَ تصرِف وجهَك عنه, وهو وسِيلتُك, ووسيلة أبيك آدمَ عليه السلام إلى اللهِ تعالى يومَ القيام؟ بل اسْتقبِلْه, واستشفِعْ به, فيُشفِّعَه الله, قال الله تعالى : { وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ جَاءُوكَ فَاسْتَغْفَرُوا اللَّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُوا اللَّهَ تَوَّاباً رَحِيماً

 Ибн Ҳумайд ривоят қилади:
«Мўминлар амири Абу Жаъфар (аббосийларнинг иккинчи ҳалифаси) Имом Молик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида мунозара қилди. Молик унга айтдилар: «Эй, мўминлар амири! Бу масжидда овозингизни юқори кўтарманг! Албатта, Аллоҳ Таоло бир қавмга одоб бериб айтганки: «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» (Ҳужурот сураси, 2-оят). Ҳамда бир қавмни мақтаб айтган: «Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар, ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақвога имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва улкан ажр бор» (Ҳужурот сураси, 3-оят).
Аллоҳ баъзиларни мазаммат қилиб айтганки: «Албатта сени ҳужралар ортидан чақираётганларнинг кўплари ақл ишлатмаслар» (Ҳужурот сураси, 4 оят). Ва албатта, у зотнинг ўлимларидан кейинги ҳурматлари, худди ҳаётлик даврларидаги ҳурматлари кабидир!».
Абу Жаъфар у кишига бўйсунди ва: «Эй, Абу Абдуллоҳ! Мен қиблага юзланиб дуо қилайми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юзланибми?», деб сўради. Имом Молик унга айтдилар: «У зот Қиёмат кунида Аллоҳ таолога сизнинг василангиз ҳамда отангиз Одам алайҳиссаломнинг василаси бўлган ҳолда, у зотдан юзингизни бошқа тарафга нимага бурасиз? Балки, у зотга юзланинг, Аллоҳ шафоатни қабул қилиши учун у зотдан шафоат сўранг. Аллоҳ Таоло айтади: «Агар улар ўзларига зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар» (Нисо сураси, 64-оят).
(Қози Иёз. «АшШифо», 595-596-бетлар. «Дарул китаб ал-арабий», 1404/1984).

Шунингдек, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ билан боғлиқ ушбу воқеани қуйидаги олимлар келтирганлар:

Имом ас-Субкий «Шифаус сиқам фи зиярати хойрил анам»да, ас-Самхудий «Хуласатул вафа би ахбари дорил Мустафо»да, Ибн Зиё «Тариху Макка ал-мушаррафа вал масжидил Ҳарам»да, ал-Қасталоний «ал-Маваҳибул ладунийя бил минахил Муҳаммадия»да, Ибн Хажар ал-Маккий «ал-Жавҳарул муназзам» и «Туҳфатуз заввар»да, Зарқоний «Шарҳул маваҳиб»да, аш-Шомий «Субулул ҳуда вар рашад фи сироти хойрил ибод»да, Ибн Мулаққин «Ғоаятус савл фи хосаисир Расул»да, Ибн Жамоъа и бошқалар.

Мазкур ривоят санади:

Ҳофиз Ибн Зиё Муҳаммад ибн Аҳмад (ҳ.789-854й.) «Тариҳу Макка» китобида айтадилар:

رواه الحافظ ابن بَشْكُوَال ، ثم القاضي عياض رحمه الله في » الشفاء » . قال ابن جماعة: ولا يلتفت إلى قول من زعم أنه موضوع، لهواه الذي أراده

 «Уни Ҳофиз Бушковал, сўнгра Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ «аш-Шифо»да ривоят қилганлар. Ибн Жамоъа айтадилар: «Уни гўёки тўқима гап деб таъкидловчи ҳавои нафсига эргашганнинг сўзларига эътибор берилмайди».

Ҳофиз Аҳмад ал-Қасталоний (ҳ.851-923й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «ал-Маваҳибул ладуния» китобида (8/304) Имом Молик ҳақидаги ривоятни келтиргандан сўнг айтадилар:

 وقد روى هذه القصّة أبو الحسن عليّ بن فِهْر في كتابه » فضائل مالك » بإسناد لا بأس به وأخرجها القاضي عياض في الشّفاء من طريقه عن شيوخ عدّة من ثقات مشايخه

 «Батаҳқиқ, ушбу воқеани Абул Ҳасан Алий ибн Фиҳр «Фазоилу Молик» китобида «Лаа баъса биҳи» (ҳеч қандай камчилик йўқ) исноди билан ривоят қилган. Шунингдек, уни Қози Иёз «аш-Шифо»да унинг тариқаси ила, ишончли машойихлар бўлмиш унинг кўплаб шайхларидан ривоят қилгандир».

Имом Аш-Шиҳоб адл-Хафажий (ҳ.977-1069й.) ўзларининг «Насимур рияд фи шарҳи Шифоил Қози Иёз» номли китобида (4/486) айтадилар:

وفي هذا رد على ما قاله ابن تيمية من أن استقبال القبر الشريف في الدعاء عند الزيارة أمر منكر لم يقل به أحد ولم يرو إلا في حكاية مفتراة على مالك، يعنى هذا القصة التي أوردها المصنف رحمه الله هنا ، ولله دَرُّه حيث أوردها بسند صحيح وذكر أنه تلقَّاها عن عدة من ثقات مشايخه

«Бунда, Ибн Таймиянинг қуйидаги сўзларига раддия бордир: «Зиёрат вақтида  қабри шарифга юзланиб дуо қилиш мункар (ёмон) ишдир. Моликка нисбатан бўҳтон  ҳикоядан ташқари, бу ҳақида ҳеч ким айтмаган ва ривоят қилмаган». Яъни, у (ибн Таймия) бўҳтон деб мусанниф (Қози Иёз) раҳимаҳуллоҳ келтирган воқеани назарда тутмоқда. Аллоҳга қасамки, (Қози Иёз) мақтовга лойиқдир, чунки уни саҳиҳ иснод ила келтирган бўлиб, бу ривоятни ўзининг кўплаб ишончли машойихларидан олганлигини айтган».

ОЛТИНЧИ РИВОЯТ

Имом Ибн Касийр (ҳ. 701-774) ўзларининг «Тафсирул Қуръанил азийм» китобида, Нисо сурасининг 64-оятининг тафсирида айтадилар:

 وقد ذكَر جماعة منهم: الشيخ أبو نصْر بنُ الصَبَّاغ في كتابه «الشامل» الحكاية المشهورة عن العُتْبي، قال: كنت جالسا عند قبر النبي صلى الله عليه وسلم، فجاء أعرابي فقال: السلام عليك يا رسولَ الله، سمِعْتُ الله يقول: { وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ جَاءُوكَ فَاسْتَغْفَرُوا اللَّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُوا اللَّهَ تَوَّابًا رَحِيمًا } وقد جئتك مستغفرًا لذنبي مستشفعًا بك إلى ربي ثم أنشأ يقول:

يَا خَيْرَ مَنْ دُفِنَتْ بِالْقَاعِ أَعْظُمُهُ… فَطَابَ مِنْ طِيبِهِنَّ القَاعُ وَالأََكَمُ

نَفْسي الفِدَاءُ لِقَبْرٍ أَنْتَ سَاكِنُهُ… فِيهِ العَفَافُ ، وَفِيهِ الجُودُ وَالكَرَمُ

ثم انصرف الأعرابيُّ فغلَبتْني عيْني، فرأيتُ النبيَّ صلى الله عليه وسلم في النوْم فقال: يا عُتْبى، اِلحَقْ الأعرابيَّ فبشِّرْه أن الله قد غفَر له

«Бир жамоат кишилар, жумладан Шайх Абу Наср ибн Соббаъ  (шофеъий мазҳабининг уламоларидан, ҳижрий 477 йилда вафот этган) ўзининг «Аш-Шомил» китобида Утбийдан (моликий мазҳабининг атоқли уламоларидан, унинг «Ал-Утбия» китоби ушбу мазҳабнинг асосларидан ҳисобланади, ҳижрий 255 йилда вафот этган) ривоят қилинган машҳур ҳикояни келтирадилар. Утбий айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларининг ёнида ўтирган эдим. Бир аъробий келиб айтди: «Ассалому алайка ё Расулаллоҳ. Аллоҳ таолонинг қуйидагиларни айтганини эшитдим:
«Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этгувчи ва раҳмли Зот эканлигини топган бўлур эдилар». (Нисо сураси, 64-оят).
Ҳузурингизга гуноҳларимдан истиғфор айтиш учун келдим. Сиздан Роббингизга шафоатчи бўлишингизни сўрайман». Сўнгра у шеър иншо қилди:
«Эй, ерда дафн қилинган яхшилар ичида энг буюги, унинг шарафи ила ер ва водий бўлди шарафли. Сен сокинлик топган қабрга мен фидо бўлайин, унда бордир софлик, меҳр ва мурувват».
Сўнгра аъробий кетди ва кўзим уйқуга илинди. Тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. У зот: «Эй Утбий! Аъробийга етиб олгинда, Аллоҳ албатта уни мағфират қилганлиги ҳақида башорат бер», дедилар.
(Ибн Касийр, «Тафсирул Қуръанил азиийм», 4/140; Мактабату Қуртуба).

Ушбу ривоятни қуйидаги уламолар ҳам келтирганлар:
Ибн Қуддома ал-Мақдисий «ал-Муғний»да, Ибн Асокир «Муъжаму Шуюх»да, Абул-Яман Ибн Асокир «Итхаф аз-зоир»да, Муҳиббуддин ат-Тобарий «Ғоятул иҳкам фи аҳадисил аҳкам» ва бошқа кўплаб олимлар.

ЕТТИНЧИ РИВОЯТ

Ҳофиз, Имом Шамсуддин Заҳабий (ҳ. 673-748 й.) ўзларининг «Сияру аъламин нубало» номли китобининг Исфаҳоннинг буюк муҳаддиси бўлмиш Имом Ибн Муқрийга бағишланган қисмида, унинг ўзидан ривоят қилинган, у ва яна икки буюк муҳаддислар – Имом Табароний (ҳ. 260-360 й.) ва Имом Абу Шайх Асбаҳоний (274-369 й.) иштирокида содир бўлган қуйидаги воқеани келтирадилар:

 كنتُ أنا والطَّبَراني، وأبو الشيخ بالمدينة، فضاقَ بنا الوقتُ، فواصلْنا ذلك اليومَ، فلمّا كان وقتُ العِشاء حضَرتُ القبرَ، وقلتُ: يا رسولَ الله الجُوع ، فقال لي الطَّبَراني: اجلِسْ، فإما أن يكونَ الرِّزقُ أو الموتُ. فقمتُ أنا وأبو الشيخ، فحضَر البابَ عَلَويُّ، ففتَحْنا له، فإذا معه غلامان بقُفَّتين فيهما شئٌ كثيرٌ، وقال: شكَوْتمُوني إلى النبي صلى الله عليه وسلم ؟ رأيتُه في النوم، فأمَرَني بحمْل شئٍ إليكم

 Абу Бакр ибн Абу Алийдан ривоят қилинади, ибн ал-Муқрий айтди:
«Мен, Табароний ва Абу Шайх (Асбаҳоний) Мадинада эдик. Ўша вақтда (таомдан) танқисликка учрадик. Бу кунда тўхтовсиз рўза тутардик. Хуфтон намозининг вақти кирганда, мен (Расулуллоҳнинг) қабрлари ёнига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Очлик!», дедим. Табароний менга: «Ўтир. Энди – ёки ризқ келади ёки ўлим», деди. Мен ва Абу Шайх намозга турдик. Эшик ёнига Алий (розияллоҳу анҳу)нинг авлодидан бир киши келди. Унга эшикни очдик. Унинг ёнида иккита ғулом ҳам бўлиб, уларнинг қўлида иккита катта саватда кўп нарсалар бор эди. У айтди: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга менинг устимдан сизлар шикоят қилганмидинглар? У зотни тушимда кўрдим. Сизларга бирор нарса келтиришимни буюрдилар».
(Шамсуддин Заҳабий, «Сияру аламин нубало», 16/400-401).

Мазкур воқеани имом Заҳабий яна «Тазкиратул Ҳуффоз» номли китобида ҳам келтирганлар. Шунингдек, уни Аллома ибн Жавзий ўзларининг «Ал-Вафа би таърифи фазоилил Мустафо» китобида келтирганлар. Бу уламолар томонидан буюк муҳаддис ибн Муқрийнинг бу «ширки»ни (яъни баъзи бир одамлар «ширк» деб таъкидлайдиган бу ишни) ҳеч қандай эътирозсиз келтирганлар.

 САККИЗИНЧИ РИВОЯТ

Имом Шамсуддин Заҳабий (ҳ. 673-748 й.) ўзларининг «Сияру аламин нубало» китобида айтадилар:

 وقال مصعب بن عبد الله : حدثني إسماعيل بن يعقوب التيمي قال : كان ابن المنكدر يجلس مع أصحابه ، فكان يصيبه صمات ، فكان يقوم كما هو حتى يضع خده على قبر النبي — صلى الله عليه وسلم — ثم يرجع . فعوتب في ذلك ، فقال : إنه يصيبني خطر ، فإذا وجدت ذلك ، استعنت بقبر النبي — صلى الله عليه وسلم . وكان يأتي موضعا من المسجد يتمرغ فيه ويضطجع ، فقيل له في ذلك ، فقال : إني رأيت النبي — صلى الله عليه وسلم — في هذا الموضع

«Мусъаб ибн Абдуллоҳ айтади: Менга Исмоил ибн Ёқуб ат-Таймий сўзлаб берди:
«Муҳаммад ибн Мункадир ўз асҳоблари билан ўтирганда, унинг қулоқларида оғриқ пайдо бўлди. Шунда, у ўрнидан туриб, юзини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига қўйди ва кейин жойига қайтди. Бу иши учун уни итоб қилдилар. У эса: «Албатта, менга бир хатар етганини сезганимда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари билан ёрдам (истионат) сўрайман», деди. У масжидинг бир жойига келарди ва ўша ерда жойлашиб оларди ва ётарди. Унга бу ҳақида айтишганда, у: «Мен ушбу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганман», деди.
(Имом Заҳабий, «Сияру аламин нубало», 5/358-359).

Шунингдек, ушбу воқеани Ибн Асокир «Тарих ад-Димашқ»да (56/511) ҳамда Имом Самҳудий  «Вафо ал-Вафо»да (4/1406) келтирганлар.

Шунингдек, Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Сияр»да Ибн Мункадир ҳақида айтадилар:

وقال مالك : كان ابن المنكدر سيد القراء.

 «Молик айтди: «Ибн Мункадир (Қуръон) қироатининг саййиди эди».

ТЎҚҚИЗИНЧИ РИВОЯТ

Ҳофиз Абул Қосим ибн Асокир (ҳ. 499-571) «Тарихи Димашқ» китобида Маҳамад ибн Мункадир (ваф. ҳ. 130 й.) билан содир бўлган, унинг ўғли ал-Мункадир томонидан ривоят қилинган воқеани келтирадилар:

 أَخْبَرَنَا أَبُو مُحَمَّد هبة اللَّه بْن أَحْمَدَ بْن طاوس ، أنا طراد بْن مُحَمَّدٍ ، أنا أَبُو الْحُسَيْن بْن بشران ، أنا أَبُو عَلِيّ بْن صفوان ، نا أَبُو بَكْرِ بْن أبي الدنيا ، حَدَّثَنِي مُحَمَّد بْن الْحُسَيْن ، حَدَّثَنِي أَبُو المصعب مطرف ، حَدَّثَنِي المنكدر بْن مُحَمَّدٍ : أن رجلا من أهل اليمن أودع أباه ثمانين دينارا ، وخرج يريد الجهاد ، وقَالَ له : إن احتجت إليها فأنفقها إِلَى أن آتي إن شاء اللَّه ، قَالَ : وخرج الرجل وأصاب أهل المدينة سنة وجهد ، قَالَ : فأخرجها أبي فنفقها ، قَالَ : فلم يلبث الرجل أن قدم وطلب ماله ، فقَالَ له أبي : عد إلي غدا ، قَالَ : وبات فِي المسجد متلوذا بقبر رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مرة ، وبمنبره مرة ، حتى كاد يصبح ، فإذا شخص فِي السواد ، يقول له : دونكها يَا مُحَمَّد ، قَالَ : فمد يده فإذا صرة فيها ثمانون دينارا ، قَالَ : وغدا عَلَيْهِ الرجل فدفعها إليه . .

Мункадир ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади:
«Яманлик бир киши унинг отасига 80 динор омонат қолдирди ва жиҳодни ирода қилиб чиқиб кета туриб, унга: «Агар эҳтиёжинг бўлса, мен иншаАллоҳ қайтгунимга қадар, ундан ишлатавер» деди. У одам кетди. Кейинчилик Мадина аҳлини қаттиқ қийинчилик тутди ва унинг отаси кучли эҳтиёж сабабли у пулларни ишлатиб юборди. У одам эса кўп вақт ўтмай қайтиб келди ва пулларни қайтаришни талаб қилди. Унга жавобан отаси: «Эртага келгин», деди. Унинг отаси ўша тунни масжидда ўтказиб, гоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи ва салламнинг қабрларидан, гоҳ у зотнинг минбарларидан нажот истарди. Субҳга қадар шундай давом этди. Шунда, қоронғуда бир киши пайдо бўлиб, унга: «Яқинроқ кел, эй Муҳаммад», деб, унга қўлини чўзди ва унда 80 динор бўлган идиш бор эди. Эртасига халиги одам келди ва отаси унга пулини қайтариб берди».
(Ибн Асокир, «Тарихи Димашқ», 56/61).

ЎНИНЧИ РИВОЯТ

Имом Байҳақий (ҳ. 384-458) «Шуаб ал-иймон»да қуйидаги ривоятни келтириб, уни асло ширк деб баҳоламаганлар::

أَخْبَرَنَا أَبُو عَبْدِ اللَّهِ الْحَافِظُ ، أَخْبَرَنِي أَبُو مُحَمَّدِ بْنُ زِيَادٍ ، حَدثَّنَا مُحَمَّدُ بْنُ إِسْحَاقَ الثَّقَفِيُّ ، قَالَ : سَمِعْتُ أَبَا إِسْحَاقَ الْقُرَشِيَّ ، يَقُولُ : كَانَ عِنْدَنَا رَجُلٌ بِالْمَدِينَةِ إِذَا رَأَى مُنْكَرًا لا يُمْكِنُهُ أَنْ يُغَيِّرَهُ أَتَى الْقَبْرَ ، فَقَالَ : أَيَا قَبْرَ النَّبِيِّ وَصَاحِبَيْهِ أَلا يَا غَوْثَنَا لَوْ تَعْلَمُونَا » .

«Бизга ҳофиз Абу Абдуллоҳ айтди: менга Абу Муҳаммад ибн Зиёд айтди: бизга  Муҳаммад ибн Исҳоқ Сақафий айтди: мен Абу Исҳоқ Қурашийнинг қуйидагиларни айтганини эшитдим:
«Мадинада ёнимизда бир киши бўлар эди. Агар бир мункар ишни кўрса-ю, лекин уни тўхтата олмаса, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) қабрларига борар эди ва:
«Эй Набийнинг ва унинг икки саҳобасининг қабри! Эй бизнинг паноҳимиз, агар билганларингда эди», дерди.
(Имом Байҳақий, «Шуаб ал-иймон» 6/60).

Ривоят санади:
1. Абу Бакр ал-Байҳақий (ҳ. 384-458 й.) – машҳур муҳаддис, «Сунан ал-кубро» ҳадислар тўплами соҳиби, шофеъий мазҳабининг фақиҳи.
2. Абу Абдуллоҳ ал-Ҳоким ан-Нишопурий (ҳ. 321-405 й.), муҳаддислар шайхи, «Мустадрак» тўпламининг соҳиби. Имом Байҳақийнинг шайхи. Ишончли ровий.
3. Абу Муҳаммад ибн Зиёд (ваф. ҳ. 364 ёки 366й. ) – у Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Зиёд ас-Саммозийдир. Имом Ҳокимнинг шайхи бўлиб, Имом Ҳоким у кишидан ривоят қилган.
4. Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Сақафий (ҳ. 216-313 й.) – у Абул-Аббос Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Сарраж ас-Сақафий ан-Нишопурийдир. Шайхул Ислом, Хуросон муҳаддиси. Ишончли ровий.
5. Абу Исҳоқ ал-Қураший (ваф. ҳ. 325 й.) – у Иброҳим ибн Абдус-Самад ибн Мусо ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ал-Хошимий ал-Қураший ал-Бағдодийдир. Аббос ибн Мутталиб розияллоҳу анҳунинг авлоди. Ундан Дорақутний ҳам ривоят қилган. Ишончли ровий.

ЎН БИРИНЧИ РИВОЯТ

Имом Жалолуддин Суютий (ҳ. 849-911) айтадилар:

وفي كتاب مصباح الظلام في المستغيثين بخير الأنام للإمام شمس الدين محمد بن موسى بن النعمان قال : سمعت يوسف بن علي الزناني يحكي عن امرأة هاشمية كانت مجاورة بالمدينة ، وكان بعض الخدام يؤذيها ، قالت : فاستغثت بالنبي — صلى الله عليه وسلم — فسمعت قائلا من الروضة يقول : أما لك في أسوة ؟ فاصبري كما صبرت ، أو نحو هذا ، قالت : فزال عني ما كنت فيه ومات الخدام الثلاثة الذين كانوا يؤذونني

 «Имом Шамсиддин Муҳаммад ибн Мусо ибн Нуъмон (Марокиший)нинг «Мисбаҳуз  зулом фил мустағисин би хойрил аном» китобида айтилади:
«Мен Юсуф ибн Алий аз-Занонийдар эшитдимки, у ҳошимийлардан бўлмиш бир аёл ҳақида сўзлаб берди. У Мадина шаҳрида бўлиб турган вақтида масжиднинг баъзи ходимлари унга озор бера бошлаганлар. У аёл айтади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёрдам (истиғоса) сўрадим. Бас, равзадан овоз эшитилди ва айтилдики: «Мен сенга ўрнак эмасманми? Мен сабр қилгандек, сен ҳам сабр қил!». Сўнгра у аёл айтади: «Шундан кейин муаммоларим тўхтади. Менга озор бераётган ўша учта ходим ўлди».
(Имом Суютий, «Ал-Хави лил фатава», 3/390).

ЎН ИККИНЧИ РИВОЯТ

Андалусия ҳофизи Ибн Башкавал ал-Қуртубий (ҳ. 494-578 й.) ўзларининг «Силлату фи тарих аиммати Андалус» китобида айтадилар:

أخبرنا القاضي الشهيد أبو عبد الله محمد بن أحمد رحمه الله قراءة عليه وأنا أسمع قال: قرأت على أبي على حسين بن محمد الغساني قال: أخبرني أبو الحسن طاهر بن مفوز والمعافري قال: أنا أبو الفتح وأبو الليث نصر بن الحسن التنكتي المقيم بسمرقند قدم عليهم بلنسية عام أربعة وستين وأربع مائة. قال: فحط المطر عندنا بسمرقند في بعض الأعوام قال:فاستسقى الناس مرارا فلم يسقوا. قال: فأتى رجل من الصالحين معروف بالصلاح مشهور به إلى قاضي سمرقند فقال له: إني قد رأيت رأيا أعرضه عليك. قال: وما هو؟ قال: أرى أن تخرج ويخرج الناس معك إلى قبر الإمام محمد بن إسماعيل البخاري رحمه الله وقبره بخرتنك وتستسقوا عنده فعسى الله أن يسقينا قال: فقال القاضي نعم ما رأيت. فخرج القاضي وخرج الناس معه واستسقى القاضي بالناس، وبكى الناس عند القبر وتشفعوا بصاحبه، فأرسل الله السماء بماءٍ عظيم غزير أقام الناس من أجله بخرتنك سبعة أيام أو نحوها لا يستطيع أحد الوصول إلى سمرقند من كثرة المطر وغزارته، وبين خرتنك وسمرقند ثلاثة أميال أو نحوها.

«464 (ҳижрий) йил эди. Самарқандда бир неча йилдан бери ёмғир ёғмай қўйганди. Одамлар бир неча марта ёмғир сўраб истисқо қилишганига қарамай, ёмғир ёғмас эди. Шунда, ўзининг тақводорлиги билан машҳур бўлган бир солиҳ зот Самарқанд қозисининг олдига келиб, унга: «Албатта, мен бир туш кўрдим ва уни сизга айтиб бермоқчиман», деди. Қози: «Қандай туш экан?», деди. У: «Одамларни сиз билан биргаликда Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Хартангдаги қабрларига борганларини кўрдим. Биз унинг ёнида истисқо қилиб ёмғир сўрайлик. Шоядки Аллоҳ бизга уни ёғдирса», деди.
Қози: «Яхши туш кўрибсиз», деди. Қози ва одамлар у ерга чиқдилар. Қози одамлар билан бирга истисқо қилди. Одамлар қабр ёнида йиғладилар ва унинг соҳибидан шафоатчи бўлишини сўрадилар. Аллоҳ осмондан ёмғирни сел қилиб ёғдирди. Одамлар Ҳартангда 7 кун атрофида қолиб кетдилар. Ёмғирнинг кучлилигидан уларнинг биронтаси Самарқандга етиб кела олмади. Ваҳоланки, Самарқанд билан Ҳартангнинг орасида уч милга яқин масофа бор эди».
(Ибн Башкавал, «Силлату фи тарих аиммати Андалус», 603-бет).

Шунингдек, мазкур воқеани Имом Заҳабий «Сияру аъламин нубало»да, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий «Шарҳ ал-Мишкот»да келтирганлар. Бу олимлар бу воқеани «ширк» деб баҳоламаганлар, балки уни Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг фазилатлари сифатида эътироф этганлар.

Имом ибн Ҳажар ал-Асқолонийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилиб ёзган шеърлари

Шайхул Ислом, Имом ибн Ҳажар ал-Асқолоний (ҳ. 773-852 й.) ўзларининг шеърлари тўплами бўлмиш «Девон»да ёзадилар:

 وكان ابن حجر العسقلاني يقول في ديوانه:

 نبيَّ الله يـا خيرَ البرايا *** بجاهك أتَّقي فصلَ القضاء

 وأرجو يا كريمُ العفوَ عمَّا *** جنته يداي يا رب الحَباء

 فكعب الجود لا يرضى فداءً *** لنعلك وهو رأس في السخاء

 وسنَّ بمدحك ابن زهير *** لمثلي منك جائزة الثناء

 فقل يا أحمد بن علي اذهب *** إلى دار النعيم بلا شقاء

 فإن أحزن فمدحك لي سروري *** وإن أقنط فحمدك لي رجائي

Эй, инсонларнинг яхшиси бўлмиш Аллоҳнинг набийси,

Сизнинг қадрингиз ила охират қўрқинчидан паноҳ топарман.

Эй Карамли Аллоҳим, афвингдан умидворман,

Жаннатдан узоқлашмайин, эй ҳиммат Роббиси.

Каъб эваз олмоққа рози бўлмаган бўларди,

Ковушингиз учун, у энг саҳий бўлган ҳолда ҳам.

Дастлаб ибн Зуҳайр сизни  мадҳ этганди,

Мен каби кишига ҳам сизни мақтамоқ жоиздир.

 Бас, айтинг эй Аҳмад, киргин Алийнинг ўғли,

Ёмонлик бўлмайдиган неъматлар уйи жаннатга.

Маҳзун бўлсам, сизни мадҳ этмоқ сурур бахш этур,

Ноумид бўлсам, сизни мадҳ этмоқ умид бахш этур.

(Ҳофиз ибн Ҳажарнинг «Девон»и Ҳиндистонда чоп этилган, қўлёзмаси эса Иордания университетининг кутубхонасида сақланади).

Ибн Абдуссаломнинг шамолга мурожаати

Имом Тожуддин Ас-Субкий (ҳ.717-771 й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Табақот» китобида, Ислом тарихида «Султонул Уламо» номи билан машҳур бўлган Иззуддин ибн Абдуссалом (ҳ. 577-660 й.) раҳимаҳуллоҳ ҳақида айтадилар:

ذكر واقعة الفرنج على دمياط وكانت قبل ذلك وصلوا إلى المنصورة في المراكب ، واستظهروا على المسلمين ، وكان الشيخ مع العسكر ، وقويت الريح ، فلما رأى الشيخ حال المسلمين ؛ نادى بأعلى صوته مشيرا بيده إلى الريح : يا ريح ، خذيهم. عدة مرار ، فعادت الريح على مراكب الفرنج فكسرتها ، وكان الفتح ، وغرق أكثر الفرنج ، وصرخ من بين يدي المسلمين صارخ : الحمد لله الذي أرانا في أمة محمد ، صلى الله عليه وسلم رجلا سخر له الريح. طبقات الشافعية الكبرى.

«Фаранглар (салбчилар) билан Думёт деган жойда бўлган жанг ҳақида зикр қилдилар. Улар бундан аввал кемаларда Мансура деган жойгача мусулмонларни устидан ғалаба қозониб келдилар. Шайх (Ибн Абдуссалом) аскарлар билан бирга эдилар. Шамол кучайиб борар эди. Шайх мусулмонларнинг ҳолини кўрганларида, шамолга қўллари билан ишора қилиб баланд овозда: «Эй шамол! Уларни тут!», деб хитоб қилдилар. Бас, шамол  салбчиларнинг кемалари томонга эсди ва уларни янчиб ташлади. Салбчиларнинг кўплари ғарқ бўлдилар ва мусулмонлар фатҳга эришдилар. Мусулмонлар ичидаги бир киши: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларининг ичида, унга шамол бўйсиндирилган кишини бизга кўрсатган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб хитоб қилди».
(Имом Субкий, «ат-Табақот аш-Шофеъийя ал-Кубро», Изз ибн Абдуссаломнинг таржимаи ҳоли).

Истиғоса ҳақидаги ижмоъ (уламоларнинг якдил фикри)

Ҳанбалий мазҳабининг олими, Имом Нажмуддин ат-Туфий ас-Сарсарий (ҳ. 657-716 й.) ўзининг «Ал-Ишаратул илаҳияту ила мубаҳис ал-усулия» номли китобида, истиғосанинг руҳсат этилганлиги ҳақида уламоларнинг ижмоъси ҳақида айтадилар:

 وقد صنف الشيخ أبو عبدالله النعمان كتبا سماه : (مصباح الظلام في المستغيثين بخير الأنام) واشتهر هذا الكتاب وأجمع أهل عصره على تلقيه منه بالقبول وإجماع أهل كل عصر حجة فالمنكر لذلك مخالف لهذا الإجماع

«Шайх Абу Абдуллоҳ ан-Нўъмоний Ал-Марокиший (ҳ. 607-683 й.) «Мисбаҳуз  зулом фил мустағисин би хойрил аном» китобини ёзган бўлиб, мазкур китоб машҳурдир. Бу китоб унинг замонаси аҳллари томонидан ижмоъ (уламоларнинг якдиллиги) билан қабул қилинган. Ҳар бир аср аҳллари томонидан  ижмоъ билан қабул қилинган нарса ҳужжат ҳисобланади. Бас, буни (истиғосани) инкор этувчи – мазкур ижмоъга хилоф қилган бўлади».
(Ат-Туфий, «Ал-Ишаратул илаҳияту ила мубаҳис ал-усулия», 3-ж., 89-93-бет).

Шу ўринда, Тақиюддин Субкий (ҳ. 683-756) раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини яна бир бор келтириш ўринлидир:

وحسبك أن إنكار ابن تيمية للاستغاثة والتوسل قولٌ لم يقله عالم قبله

«Сенга, Ибн Таймия томонидан истиғоса ва тавассулни инкор этилиши, ундан олдин ҳеч бир олим айтмаган сўз эканлиги кифоя қилади». (Тақиюддин Субкий, «Шифо ас-Сиқом», 357-б.).

ХУЛОСА

Сўзимизнинг аввалида айтилганидек, ушбу мақола орқали кимнидир истиғоса ёки тавассул қилишликка чақириш ниятидан узоқмиз. Чунки, мазкур нозик масалаларга, ақийдага оид етарли илмларга эга бўлмаган ва ҳақиқий мутасаввиф — руҳий тарбия устозларидан бевосита ўрганмаган одамларнинг киришишини тўғри эмас деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, айрим сохта сўфийлар, шиалар, бошқа адашган тоифалар ҳамда баъзи оми одамларнинг қабрларда амалга оширадиган шариатга хилоф ишларини (қабрларга сажда қилиш, атрофини айланиб тавоф қилиш, латта-лутталарни боғлаб қўйиш, шам ёқиш ва ҳаказо) асло оқламоқчи эмасмиз.

Бироқ, шу каби адашган одамларнинг ношаръий айрим ишларини мисол қилиб кўрсатган ҳолда, Аҳли сунна вал жамоа уламолари томонидан шариат чегарасида руҳсат этилган истиғоса ва тавассул масаласида мусулмонларни омматан ширкда айбловчи бемазҳаб хавориж тоифалар (ваҳҳобийлар, «салафий»лар) ва уларнинг даъватига алданган одамлар орамизда бор эканлиги сабабли, уларга илмий равишда раддия бериш лозимдир.

Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари билан сўзимизга якун ясасак мақсадга мувофиқ бўлса керак. Зеро, замонамизнинг мудҳиш дардига айланган масалада, яъни мусулмонларнинг юртларини хароб қилиб, уларни эгаллаб олиш ҳамда мусулмонларни қириб йўқ қилиш мақсадида уларни «қабрпараст мушриклар» деб эълон қилишни ўзларига касб қилиб олган фитнакор хаворижларга жавоб сифатида энг мукаммал сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтганлар:

عن حُذَيْفَةَ رضي الله عنه قال : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِنَّ مَا أَتَخَوَّفُ عَلَيْكُمْ رَجُلٌ قَرَأَ الْقُرْآنَ حَتَّى إِذَا رُئِيَتْ بَهْجَتُهُ عَلَيْهِ ، وَكَانَ رِدْئًا لِلْإِسْلَامِ ، غَيَّرَهُ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ ، فَانْسَلَخَ مِنْهُ وَنَبَذَهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ ، وَسَعَى عَلَى جَارِهِ بِالسَّيْفِ ، وَرَمَاهُ بِالشِّرْكِ ، قَالَ : قُلْتُ : يَا نَبِيَّ اللَّهِ ، أَيُّهُمَا أَوْلَى بِالشِّرْكِ ، الْمَرْمِيُّ أَمِ الرَّامِي ؟ قَالَ : بَلِ الرَّامِي

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Батаҳқиқ, мен сизлар ҳақингизда қўрқадиганларимнинг энг хавфлиси Қуръон ўқиган, ҳатто унинг гўзаллиги унда кўринган кишидир. Ҳолбуки, исломга тиргак бўлиши керак эди. Лекин, Аллоҳ уни ўзи хоҳлаганча (ёмон томонга) ўзгартириб қўяди. Ундан Қуръонни шилиб тортиб олиб қуяди, у эса Қуръон ҳукмларини орқасига ташлайди. Қўшнисига қарши қилич кўтаради ва уни ширкда айблайди». Мен: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Уларнинг қай бири ширкка лойиқроқ? Айбловчими ёки айбланганими?», дедим. У зот: «Балки айбловчиси», дедилар.
(Имом Бухорий «Тарих»да, Ибн Ҳиббон, Ал-Баззор, Абу Яъло ривоят қилганлар.  Имом Ҳайсамий ва  Ибн Касийр ҳадисни ишончли деганлар).

Мусулмонларни ширкда айбловчиларнинг сафида бўлишликдан Аллоҳ таоло бизни асрасин. Мўминларни ширкда айблаб, аслида ўзлари ширкка лойиқ бўлаётганларга инсофу тавфиқ ато этсин. Омийн!

Анвар Абдуллоҳ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *