Ҳазрат Шамсул – аимма Ҳалвоий

Lotin alifbosida

«Кимгаки Аллоҳ яхшиликни ирода қилса уни динда фақиҳ(теран тушунувчан) қилиб қўяди. Албатта мен тақсимловчиман. Аллоҳ эса ато этувчидир. Ушбу уммат Аллоҳнинг амрида мудом қоим бўлиб бораверади. Аллоҳнинг амри келгунча уларга қарши чиққанлар уларга зарар беролмайди».       (Имом Бухорий ривояти)

Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, жонажон Ватанимизнинг истиқлоли шарофати билан маданий мерос, ўтмиш алломаларимизнинг ижодини ўрганиш бахтига муяссар бўлдик. Бугунги кунда ўзлигимизни англаш учун ота – боболаримиз маънавий ўгитларини, уларнинг илмий меросини ўрганиш зарурати кучаймоқда, бу эҳтиёжни қондириш эса тарихни ўрганиш ва чуқур англаш билан бўлиши табиий. Илгари ўрганишга имконият бўлмаган асарлар, тадбиқ этилмаган алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганишга катта аҳамият берилмоқда.

Ўзидан қимматли илмий мерос қолдирган, ҳанафийлик фиқҳини устозларидан, етук фақиҳ ва аллома, ақоид, тафсир, ҳадис илмининг етук билимдони, ўз даврида “Шамсул – аимма” (имомлар қуёши) унвонига сазовор бўлган зот Абдулазиз ибни Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ал – Ҳалвоий ал – Бухорийдирлар.

Ҳалвоийнинг туғилишлари билан боғлиқ маълумот бирор бир манбада келтирилмаганлиги боис у кишининг таваллуд саналари ҳозиргача номаълумдир. Лекин, кўп манбаларда у зотни XI – асрда Қорахонийлар даврида яшаб фаолият кўрсатганликлари маълумоти берилиб, у киши билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам қисқа – қисқа бўлсада манбаларда кўрсатилган.

Насаблари ота томонидан Али ибн Абу Толиб (р.а) га бориб тақалади. “Тарихи муллозода” китобида Шамсул – аимма Ҳалвоийнинг силсиласи қуйидагича келтирилган: Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Абу Толиб.

Аз – Зарнужийнинг “Таълим ал – мутаъаллим” китобида Шамсул – аимма Ҳалвоий ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилади: Ҳалвоийнинг оталари ўша даврдаги фақиҳларга ўзлари тайёрлаган ширинликлардан (ҳалволардан) бериб ўғлимни дуо қилинг олим бўлсин дер эканлар. Оталарининг саховати, у кишининг эътиқоди, фақиҳларга, олимларга бўлган ихлоси устозларнинг дуолари баракотидан ва оталарининг Аллоҳга қилган тазаррулари шарофатидан у кишининг ўғли Абдулазиз “Шамсул – аимма” яъни, “Имомлар қуёши” деган улуғвор номга сазовор бўлди” – дейилади.

Абдулазиз ал – Ҳалвоий тўғрисида Абу Саъд ас – Самъонийнинг “Насабнома” китобининг Бухоролик олимлар қисмида: Абдулазиз Ҳалвоийнинг оталари ҳалво пишириб, сотиб тирикчилик қилиб юрганлари учун ота касбига нисбатан у кишига “Ҳалвоий” деган нисбат берилган. Абу Муҳаммад Абдулазиз Ҳалвоий Бухоро аҳлидан бўлиб, ўз замонасининг ҳанафий мазҳаби пешволаридан, шайх, буюк муҳаддис ва фатво соҳиби эдилар, лақаблари “Шамсул – аимма ал – аввал” (биринчи бўлиб имомлар қуёши унвонига сазовор бўлган зот) эди.

Шамсул – аимма Ҳалвоийнинг устозлари

Ҳар бир шахснинг улуғлик мавқеига эришишида унда устознинг роли беқиёс бўлади. Хусусан, Ҳалвоийнинг Шамс ал-аимма мақомига эришишларида у кишининг устозларини хизматлари  катта бўлган. Абдулҳай ал-Лакнавийнинг “Фавоид ал-баҳийя фит-тарожим ал-ҳанафийя” китобида Абдулазиз ал – Ҳалвоийнинг фиқҳ илмидан устозлар силсиласи Абу Ҳанифага бориб етиши қуйдагича келтирилган.

1. Ҳусайн бин Хизр Абу Али ан-Насафий,

2 . Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Фазл,

3. Абдуллоҳ ас-Субазмуний,

4. Абдуллоҳ абу Ҳафс ас-Сағир,

5. Абу Абдуллоҳ абу Ҳафс ал-Кабир,

  6. Муҳаммад ибн аш-Шайбоний,

7. Абу Ҳанифа.

Шунингдек, Абдулазиз ал-Ҳалвоий кўплаб устозлардан турли  билимларни  ўрганган. Унинг ҳадис илмидан устозлар силсиласи Лакнавийнинг китобида қуйдагича келтирилган. Абдулазиз ал-Ҳалвоий Абу Бакр Муҳаммад бин Умар бин Ҳамадондан, у киши Абу Иброҳим Муҳаммад бин Саъид ал-Яздийдан ва у киши эса Таҳовийдан ўрганган. Алиюл қори ўзининг “ал-Жомиъ” сида Ҳалвоийни Абу Шуайб Солиҳ бин Муҳаммад бин Солиҳ Шуайбдан ҳадис илмини ўрганганини ҳам айтиб ўтган. Ҳадис илмини ал-Ҳалвоий шунингдек, Абдуллоҳ бин ал-Ҳусайн ал-Каттоб, Абу Саҳл Аҳмад бин Муҳаммад бин Маккий ал-Анматий, Абдураҳмон бин Ҳусайн ал- Котиб, Муҳаммад бин Аҳмад Ғунжор ал-Ҳофиз ва бошқа олимлардан сабоқ олган.

Юқоридаги маълумотлардан биз Шамс ал- аимма ал-Ҳалвоийни кўплаб уламолардан таълим олганлиги, бу билан у ўша давр илм муҳити билан яхши таниш бўлганлиги ва  Бухоро фиқҳ мактаби  ривожига улкан ҳисса қўшганлигини кўришимиз мумкин. Уламоларнинг устозлар силсиласини бундай тартибда келтрилишидан мақсад аввало ўша алломани қайси устозлардан таълим олганлиги хабарини бериш бўлса, иккинчидан, алломанинг устозларидан у кишининг илм даражасини, илмий салоҳиятини, ҳанафийликдаги мавқеини нечоғлик юқори эканлигини кўрсатади.

Шамс ал-аимма Халвоийнинг шогирдлари.

Шамс ал-аимма Ҳалвоийни ўз даврининг етук уламоси бўлганлигини, унинг фиқҳ соҳасидаги даражасини ундан таълим олган салоҳиятли  шогирдларининг илмий мавкеъларига қараб ҳам билсак бўлади. Ҳалвоийнинг шогирдлари кўп бўлиб, улардан: Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (400/486-1093/1094й), Фахр  ал-ислом Абул Уср  ал-Баздавий   (400/482-1009/1089) ва у кишининг укаси Садр ал-ислом Абул Йуср ал-Баздавий 421/493-1031/1100), Шамс ал-аимма Бакр бин Мухаммад аз-Заранжарий (427/512-1037/1112) лар у кишидан сабоқ олиб, замонасининг етук фақиҳ олимлари бўлиб етишганлар. Шунингдек, имом Шамсуддин аз-Захабий ўзининг “Сияру Аълом ан-Нубало” китобида ёзишича: Ал-Ҳасан ибн Мансур ан-Насафий, Абу Бакр Муҳаммад бин ал-Ҳусайн ибн Мансур ан-Насафийлар ва Абд ал- Карим ибн Абу Ҳанифа ибн Аббос ибн Музаффар ал-Андуқий (ваф.481х.) лар Шамс ал — аимма ал-Ҳалвоийнинг шогирдларидан эканликлари  маълумотини беради. Шамс ал-аимма ал-Ҳалвоий  ўзидан кейин кўпгина шогирдларга устозлик қилиб ўзидан улкан мерос қолдириб, Бухоро фиқҳ мактаби ривожида улкан ҳисса қўшди.

Қорахонийлар пойтахтини Ўзгандан Самарқандга кўчиргач, Ҳалвоий Кешга сургун қилинади. У киши қолган умрини шу ерга ўтказади. Абдулазиз Ҳалвоий тахминан 1058 – йили Кешда вафот этади. У кишининг жасади Бухорога олиб келиниб, Калобод мозорига дафн қилинади. “Мен у зотнинг қабрларини зиёрат қилдим” – дейди “Насабнома” асари муаллифи Абу Саъд Самъоний.

Собиқ иттифоқ мустабид тузуми даврида Калобод мозори бузилиб, ўрни        уй – жой учун ер майдони сифатида ажратиб берилган. Ҳалвоийнинг қабри ҳам янги бунёд этилган уйлар ичида қолиб кетди. Ўтмиш аждодларимизнинг маънавий ва маданий меросларини қадрлаб асраб-авайлаш мақсадида у кишининг қабрлари 2004 йили Бухоро шаҳар Самарқанд кўчасидаги “Шоҳ – Аҳсавий” жомеъ масжиди ҳовлисига қайта кўчирилди. Масжиднинг қуёш ботар томонида у зотнинг шогирдларидан бири имом, аллома, ҳанафийлар шайхи Бухоро муфтиси Шамсул – аимма Абул Фазл Бакр ибн Муҳаммад Заранжарийнинг қабри ҳам бор.

Алломанинг фатволари кўплаб мўътабар китобларда, хусусан, “Фатвои Оламгирия”, “Фавоий Қозихон”, “Муҳити Сарахсий”, “Кофий”, “Захира” ва “Жомиъ ал – мабоний лилмасаили шарҳи фиқҳи Кайдоний” каби асарларда келтирилган. Биргина “Оламгирия” китобидан Ҳолвоийга тегишли 125 дан зиёд фатволари келган.

Олимнинг фатволари бошқа китобларда ҳам учрайди, жуда кўп муаллифлар у киши асарларига ишончли манба сифатида таянишади.

Шамсул – аимма Ҳалвоийнинг берган фатволари ислом шариати қоидаларига мос келишлиги билан бирга маҳаллий халқнинг урф – одатларини ҳам ўз ичига олган. Шу боисдан ҳам асрлар давомида ҳанафий мазҳабидаги мусулмонлар унга амал қилиб келишади.

Аллоҳ ўтган улуғ аждодларимизни раҳмат айласин.

Тарихий манбалар асосида тайёрланди.

 

“Шоҳ – Аҳсавий жомеъ масжиди

    имом хатиби     Ҳ. Ширинов

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *