Бемазҳаблар устози Фавзон: “Рим папасини куфрда ўлган дема, ашъарийлар ва сўфийлар эса кофирдир”

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳозирда, бемазҳаблик йўлида бўлган кўплаб тоифалар мавжуд бўлиб, улар ўзларини “салафийлар”, “аҳли ҳадис” ва шунга ўхшаш баландпарвоз номлар билан атайдилар. Бутун дунёда “исломий давлат” номи остида фитна қилаётган ИШИД  гуруҳи  ҳамда “Ал-қоида” ташкилотига алоқадор турли жангари тоифалар ҳам айнан ушбу бемазҳаб “салафийлик” эътиқодига эргашган кимсалардан ташкил топганлиги ҳозирда ҳеч кимга сир эмас. Бироқ, баъзи бир одамларда шундай тушунча борки, улар бемазҳаблик йўлига эргашганларни “жиҳодчи салафийлар” ва “мўътадил салафийлар”га бўлиб кўрсатмоқчи бўладилар. Аслида ҳам шундайми?

Бунга аниқлик киритиш мақсадида, айрим кишилар томонидан “мўътадил салафийлик” намоёндалари деб номланувчи Саудия Арабистонинг “Кибор уламолар кенгаши”нинг аъзоси бўлмиш Солиҳ Фавзонинг китобларида келтирилган таъкидларни кўриб чиқамиз.

ТАСАВВУФ АҲЛИ (СЎФИЙЛАР) ҲАҚИДА

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг “Китаб ат-тавҳид” номли китобига ёзган шарҳида, Солиҳ Фавзон айтади:

حتى سمعنا أن بعض الدعاة يدعون — في أمريكا وفي غيرها- إلى دين الصوفية وإلى دين القبوريّة، فهم أخرجوهم من كفر إلى كفر، وكونه يبقى على كفره، أخف من كونه ينتقل إلى كفر يسمّى باسم الإسلام

“Баъзи бир даъватчиларнинг Америкада ва бошқа ерларда сўфийларнинг динига ва “қубурийлар” (қабрпарастлар)нинг динига даъват қилаётганларини эшитдик. Улар одамларни бир куфрдан иккинчи куфрга чиқардилар. Агарда, (кофир) ўз куфрида қолганда, унинг учун бу, Ислом номи билан аталувчи куфрга ўтканидан кўра яхшироқ бўлар эди”.  (Фавзон. “Иъанатул мустафид би шарҳи китаб ат-тавҳид”, 1-ж. 159-б).

1

Эътибор беринг! Фавзоннинг фикрича, ғарб давлатларида яшовчи насроний ёки бошқа дин вакили Исломни қабул қилиб, сўфийлик тариқатларидан бирига эргашса, бу ҳолда у ўзининг бундан олдинги куфр ҳолатидан ҳам ёмонроқ куфрга кирган ҳисобланар экан. Ўзларига эргашмаган барча мўмин-мусулмонларни “қабрпараст мушрик сўфийлар” деб, қириб йўқ қилган ИШИД ва унга ўхшаш бемазҳаб хавориж тоифалар ўз эътиқодларини мана кимдан олган эканлар!

Ислом уммати томонидан якдиллик билан улуғланиб келинган Тасаввуф шайхлари, Исломнинг буюк имомлари бўлмиш Бистомий, Жийлоний, Ғаззолий, Ҳамадоний, Ғиждувоний, Яссавий, Нақшбандий, Суҳравордий, Раббоний ва бошқа минглаб машойихлар ва уларга эргашган миллиардлаб мусулмонлар “кофир” деб номланишга лойиқми ёки уларни шундай деб эълон қилаётганларми?!

Абу Ҳурайра ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا قَالَ الرَّجُلُ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهِ أَحَدُهُمَا

“Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади”. (Бухорий, 8/6103-6104).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки:

لَا يَرْمِي رَجُلٌ رَجُلًا بِالْفُسُوقِ وَلَا يَرْمِيهِ بِالْكُفْرِ إِلَّا ارْتَدَّتْ عَلَيْهِ إِنْ لَمْ يَكُنْ صَاحِبُهُ كَذَلِك

«Киши бировга фосиқлик таънасини ҳам, куфр таънасини ҳам отмайди. Агар отадиган бўлса-ю, таъна қилинган кимса шундай бўлмаса, фосиқлик ва куфр ўзига қайтади». (Бухорий, 4/6045; Аҳмад, 5/21611; Баззор, 2/3919; ат-Табризий, «Мишкот ал-масобеҳ», 2/4816).

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳиматуллоҳи  алайҳ ҳам, Тасаввуф силсиласидаги  муршидлардан бўлганлар.  Машҳур сўфийлар – Довуд Тоий, Маъруф Кархий, Сарри Сақатий, Шиблий, Қушайрий (раҳматуллоҳи алайҳим) фиқҳий ва тасаввуфий илмларни айнан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдан олганлар ва у зот орқали тариқат силсиласига қўшилганлар!

Ҳанафий мазҳабининг олими Имом Муҳаммад ал-Ҳаскафий (ҳ.1025-1088/м.1616-1677) раҳимаҳуллоҳ машҳур мутасаввиф олимлардан бўлмиш Имом Қушайрий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар:

وقد قالَ الأستاذُ أبو القاسمِ القُشَيْرِي في رِسالته مع صَلابتِه في مذهبِه وتقدُّمِه في هذه الطريقةِ : سمعتُ الأستاذَ أبا عليٍّ الدقَّاقَ يقول : أنا أخذتُ هذه الطريقةَ مِن أبي القاسمِ النَّصْراباذيِّ , وقال أبو القاسمِ : أنا أخذتُها مِن الشِّبْلي ، وهو أخَذها مِن السَّرِي السَّقَطِي ، وهو مِن معروفٍ الكرْخي ، وهو مِن داودَ الطائيِّ ، وهو أخَذ العلْمَ والطريقةَ مِن أبي حنيفةَ ، وكلٌ مِنهم أثْنى عليه وأقرَّ بفضْلِه

 «Устоз Абул-Қосим Қушайрий ўз мазҳабидаги салобати ила ва ушбу тариқатнинг пешвоси ўлароқ, ўзининг рисоласи («Рисолатул Қушайрия»)да айтадики: «Устоз Абу Алий ад-Даққоқдан (у Қушайрийнинг шайхи эди) эшитдимки, у: «Мен ушбу тариқатни Абул-Қосим ан-Насробозийдан олдим», деди.  Абул-Қосим (ан-Насробозий) айтди: «Мен уни Шиблийдан олдим. У Сарри Сақатийдан, у Маъруф Кархийдан, у Довуд Тоийдан, у эса илм ва тариқатни Абу Ҳанифадан олгандир. Уларнинг ҳар бири унга мақтов айтар ва унинг фазлини эътироф этар эдилар». (Муҳаммад ал-Ҳаскафий, «ад-Дуррул Мухтор» 14. Байрут, «Дарул кутубил илмия», 1423/2002).

АШЪАРИЙЛАРНИ КИМ ДЕБ НОМЛАЙДИ?

Фавзон ўзининг “Ал-иршоду ила саҳиҳил иътиқод вал радду аъла аҳли ширк вал илҳад” (“Саҳиҳ эътиқодга йўлланма ҳамда ширк ва куфр аҳлига раддия”) номли китобида, Аллоҳ таолонинг сифатлари тўғрисидаги ҳадислар ҳақида сўзлаб, ашъарийларни Қурайш мушрикларига эргашган куфр тоифа деб таъкидлайди:

وإنما ينكرها المبتدعة من الجهمية والمعتزلة والأشاعرة، الذين ساروا على منهج مشركي قريش الذين يكفرون بالرحمن، ويلحدون في أسماء الله

“Албатта, уни Қурайш мушрикларининг изидан борган жаҳмийлар, мўътазилийлар ва ашъарийлардан иборат бўлган бидъатчилар инкор қиладиларки, улар “Раҳмон” (Аллоҳ)га куфр келтирадилар ва Аллоҳнинг исмларини рад этадилар”. (Фавзон. “Ал-иршоду ила саҳиҳил иътиқод вал радду аъла аҳли ширк вал илҳад”, 138-б). 

سشس

“Ашъарийлар” дейилганда кимларни назарда тутилади?

Исломнинг буюк имомлари – Имом Ашъарий, Байҳақий, Ибн Асокир, Ғаззолий, Боқилоний, Нававий, Қуртубий, Розий, Суютий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Субкий, Ҳайтамий (раҳматуллоҳи алайҳим) ва бошқа минглаб  уламолар эътиқодда Аҳли сунна вал жамоанинг ашъарий мазҳабида бўлганлар.

Фавзоннинг фикрича эса, мазкур жамики уламолар “Қурайш мушрикларининг изидан борган”, “Раҳмонга куфр келтирган”, “Аллоҳнинг исмларини рад этган” одамлар бўлган эмиш. СубҳанАллоҳ!

Сурия ва бошқа юртлардаги бўлаётган фитналарда “Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб қайтариб турган мўмин-мусулмонларни муртад – кофир деб эълон қилиб, уларни қўйдек бўғизлаб, муслима аёлларни чўри қилиб сотган ИШИД ва бошқа хаворижлар, ўз ақийда асосларини кимдан ўрганган эканликлари ҳақида кимдадир шубҳа-гумон қолган бўлиши мумкинми?!

Имом ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий ал-Маккий (ҳ. 909-974 й.) раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

والمراد بأصحاب البدع فيه من كان على خلاف ما عليه أهل السنة والجماعة ، والمراد بهم أتباع الشيخ أبي الحسن الأشعري وأبي منصور المتريدي إمامي أهل السنة

«Бидъат соҳиблари деганда — Аҳли сунна вал жамоага хилоф қилувчилар тушунилади.  Аҳли сунна деганда эса, суннат аҳлининг икки имоми — шайх Абул Ҳасан ал-Ашъарий ва Абу Мансур ал-Мотуридийнинг издошлари тушунилади». (Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий, «ал-Фатаво ал-Ҳодисия, 516-бет).

Шунга кўра, Аҳли сунна вал жамоага хилоф қилувчи Фавзон сингари бидъат соҳибларидан ҳазир бўлишимиз лозим!

ФАВЗОННИНГ РИМ ПАПАСИ ҲАҚИДА ФАТВОСИ

Аҳли сунна вал жамоанинг ашъария мазҳабига эргашган ҳамда тасаввуф аҳли бўлмиш мўмин-мусулмонларни мушрик ва кофир деб эълон қилиш билан бирга,  Фавзон томонидан насронийлар раҳнамоси бўлмиш Рим папаси ҳақида нима деб фатво берилганлигини биласизми?

Солиҳ Фавзонга савол берилди:

توفي إمام الضلالة البابا يوحنا، والسؤال: هل يجوز أن يحكم عليه بأن مصيره إلى جهنم؛ حيث إنه مات على الكفر؟

 “Залолат имоми бўлмиш папа Юҳанно (яъни Иоанн Павел иккинчи – тарж.) вафот этди. Савол: унинг борар жойини жаҳаннам деб ҳукм қилиш жоизми, ваҳоланки у албатта куфрда ўлган бўлса?”.

Фавзон жавоб беради:

ما تدري إنه مات على الكفر؛ ما تجزم؛ ما تجزم إنه مات على الكفر؛ ما يُشهد لمعين بجنة ولا بنار؛ إلا من شهد له رسول الله صلى الله عليه وسلم؛ ما تجزم إنه مات على الكفر؛ الله أعلم، ولذلك ما تجزم إنه من أهل النار؛ نعم

“Сен уни куфрда ўлганини билмайсан-ку. Жазм билан (яъни, қатъий) айтолмайсан! Уни куфрда ўлган деб қатъий айтолмайсан! Бирортани жаннат ёки дўзахга тушишига гувоҳлик берилмайди, магар у тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳлик берган бўлсалар бундан мустасно. Сен уни куфрда ўлган деб қатъий айтолмайсан! Аллоҳу аълам. Шунинг учун уни дўзах аҳлидан деб қатъий айтолмайсан! Ҳа!”.

favzon_va_rim_papasi

Расмда: Фавзон ва Рим папаси Иоанн Павел иккинчи (ҳаётлик пайти ва ўлгандан сўнг).

Фавзонни ушбу фатвосини, унинг сайтида эшитиш мумкин: http://www.alfawzan.af.org.sa/node/8700

Фавзоннинг Рим папасини қатъий кофир дея олмайсан, қатъий дўзахий дея олмайсан деб қайта-қайта таъкидлаганига эътибор беринг. Маълум бир инсонни жаннатий ёки дўзахий деб ҳукм қилиб бўлмаслиги – аҳли қибла ҳисобланмиш мусулмонларга тааллуқли бўлиб, бу қоида бошқа дин вакилларига нисбатан қўлланилмайди. Фавзоннинг бу фатвосидан чиқадиган хулосага кўра, шу сингари барча мушрик ва кофирларни оқлаш мумкин. Шуни эслатиб ўтамизки, яҳудий ва насронийлар шаксиз кофирлардир ва дўзахда абадий қоладилар. Уларнинг кофир ва дўзахий эканликларини рад этиш Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда (Оли Имрон сураси 85 оят; Баййина сураси 6-оят ва бошқ.) келтирилган, Исломдан бошқа диндагилар ҳақида айтган сўзларини рад қилиш бўлиб, бу куфр келтириш ҳисобланади.

Лекин, гап агар Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари бўлмиш ашъарий-мотурудийлар ва ушбу ақидавий мазҳабларига эргашган, шариатга асосланган тасаввуф аҳли (сўфийлар) ҳақида кетганда, уларга нисбатан ҳам Фавзон томонидан кофир Рим папасига қилгани сингари “хусни зонн” (яхши гумон) қилган бўларди деб ўйлайсизми? Албатта йўқ! Бунинг тасдиғини юқорида кўрдик.

Фавзон томонидан “Қурайш мушриклари изидан борган, куфр эътиқодли” деб таъкидланган Ашъарий мазҳабига эргашган, замонасидаги барча сўфийларнинг раҳномоси (қутби) деб эътироф этилган, Аҳли сунна вал жамоанинг буюк имомларидан бўлмиш Имом Муҳйиддин Нававий раҳимаҳуллоҳнинг бундан 800 йил олдин айтган сўзларини, Фавзоннинг Рим папаси ҳақидаги фатвосига жавоб тариқасида келтирсак жуда ҳам ўринли бўлса керак. (Имом Нававий раҳимаҳуллоҳни ўзбек тилига таржима қилинган “Риёзус-солиҳийн”, “ал-Азкор”, “ал-Арбаъин – Қирқ ҳадис” китоблари орқали китобхонларимиз яхши танийдилар).

Шайхул-ислом имом Нававий раҳимаҳуллоҳ (ҳ. 631-676) айтадилар:

مَنْ لَمْ يُكَفِّرْ مَنْ دَانَ بِغَيْرِ الْإِسْلَامِ كَالنَّصَارَى، أَوْ شَكَّ فِي تَكْفِيرِهِمْ، أَوْ صَحَّحَ مَذْهَبَهُمْ، فَهُوَ كَافِرٌ

“Кимки Исломдан бошқа динда бўлганларни, насронийлар кабиларни кофир деб ҳисобламаса ёки уларни кофир эканлигига шубҳа қилса ёки уларнинг динини тўғри деб ҳисобласа, бас бундай одамнинг ўзи кофирдир”. (Ан-Нававий, «Равзат ат-толибин», Китаб ар-Ридда).

ХУЛОСА

Ҳозирги бемазҳабларининг энг севимли устозларидан бўлмиш Фавзон, замонамиздаги ваҳҳобийларнинг бошқа катта устозлари (Ибн Боз, Усаймин, Албоний ва бошқалари) сингари, ақийдада уларга эргашмаган барча Аҳли сунна мусулмонларини, яъни 4 мўътабар мазҳабга эргашган ашъарий-мотурудийлар, сўфийларни куфр ва ширк эътиқодли тоифалардан деб ҳисоблайди ва бу ҳақида у қайта-қайта фатво беришдан чарчамайди.

Лекин, шу билан бирга, бутун дунёдаги католик насронийларининг раҳнамоси бўлмиш Рим папасини кофир ва дўзахий деб айта олмайсан дейди-ю, ўзи эса  Аҳли сунна вал жамоанинг минглаб имомлари ва миллиардлаб мусулмонларни кофир ва мушрик деб ҳукм қилиб, уларни дўзахийга чиқаради.

Фавзон Рим папасини кофир ва дўзахий эканлигига қарши фатво берганини инобатга олиб, уни қуйидаги ҳадиси шарифда тавсифланган одамларнинг “муфтийси” деб айтсак муболаға бўлмаса керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўрлари бўлмиш уламоларни залолатда айблаган ҳолда, “бут аҳлини” – яъни кофир ва мушрикларни тарк этиб, Ислом аҳлига қарши курашувчиларнинг чиқиши очиқ ойдин башорат қилинган.

Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ بَعَثَ عَلِيٌّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِذُهَيْبَةٍ فَقَسَمَهَا بَيْنَ الْأَرْبَعَةِ الْأَقْرَعِ بْنِ حَابِسٍ الْحَنْظَلِيِّ ثُمَّ الْمُجَاشِعِيِّ وَعُيَيْنَةَ بْنِ بَدْرٍ الْفَزَارِيِّ وَزَيْدٍ الطَّائِيِّ ثُمَّ أَحَدِ بَنِي نَبْهَانَ وَعَلْقَمَةَ بْنِ عُلَاثَةَ الْعَامِرِيِّ ثُمَّ أَحَدِ بَنِي كِلَابٍ فَغَضِبَتْ قُرَيْشٌ وَالْأَنْصَارُ قَالُوا يُعْطِي صَنَادِيدَ أَهْلِ نَجْدٍ وَيَدَعُنَا قَالَ إِنَّمَا أَتَأَلَّفُهُمْ فَأَقْبَلَ رَجُلٌ غَائِرُ الْعَيْنَيْنِ مُشْرِفُ الْوَجْنَتَيْنِ نَاتِئُ الْجَبِينِ كَثُّ اللِّحْيَةِ مَحْلُوقٌ فَقَالَ اتَّقِ اللَّهَ يَا مُحَمَّدُ فَقَالَ مَنْ يُطِعْ اللَّهَ إِذَا عَصَيْتُ أَيَأْمَنُنِي اللَّهُ عَلَى أَهْلِ الْأَرْضِ فَلَا تَأْمَنُونِي فَسَأَلَهُ رَجُلٌ قَتْلَهُ أَحْسِبُهُ خَالِدَ بْنَ الْوَلِيدِ فَمَنَعَهُ فَلَمَّا وَلَّى قَالَ إِنَّ مِنْ ضِئْضِئِ هَذَا أَوْ فِي عَقِبِ هَذَا قَوْمًا يَقْرَءُونَ الْقُرْآنَ لَا يُجَاوِزُ حَنَاجِرَهُمْ يَمْرُقُونَ مِنْ الدِّينِ مُرُوقَ السَّهْمِ مِنْ الرَّمِيَّةِ يَقْتُلُونَ أَهْلَ الْإِسْلَامِ وَيَدَعُونَ أَهْلَ الْأَوْثَانِ لَئِنْ أَنَا أَدْرَكْتُهُمْ لَأَقْتُلَنَّهُمْ قَتْلَ عَاد

“Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига тилло юбордилар. Ул зоти шариф тиллоларни тўртта кимсага – ал-Ақраъ ибн Ҳобис ал-Ҳанзалий, ал-Мужошиъий, Уйайна ибн Бадр ал-Фазорий, Зайд ат-Тоийларга, сўнгра Набаҳон ва Килоб қавмининг биттадан вакилига ва Алқама ибн Алона ал-Омирийга тақсимлаб бердилар. Бундан қурайшликлар ва ансорлар аччиқланиб қолдилар ва “Нажд аҳлининг қаҳрамонларига бердилар-у, бизга ҳеч нарса бермасдан тарк қилдилар”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларни ўзимга улфат қилмоқчиман”, дедилар. Шунда икки кўзи ичига ботиб кетган ва киртайган, икки лунжи осилиб чиққан, пешонаси дўнг, соқоли қалин ўсган, сочи тақир қилиб олинган бир кимса: “Эй, Муҳаммад! Аллоҳдан қўрқ!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен осий бўладиган бўлсам, унда Аллоҳга ким итоат қилар экан?! Аллоҳ мени ер аҳлига ишончли қилиб юборган бўлса-ю, сизлар менга ишонмаяпсизларми?!”, деб марҳамат қилдилар. Бир кимса уни ўлдиришни сўради. Ровий: “Мен уни Холид ибн Валид деб ўйлайман”, деб айтган.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Бу кимсанинг ортидан Қуръон ўқийдиган бир қавм чиқади. Лекин, Қуръон уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди камондан ўқ чиқиб кетгани каби чиқиб кетадилар. Улар бут аҳлини тарк қилиб, ислом аҳлини ўлдирадилар. Агар уларни топсам, Од қавмини ўлдиргандек ўлдирган бўлардим!”.
(Бухорий, 4/3344; Муслим, 2/1064; Абу Довуд, 4/4766; Насоий, 6/11221; Байҳақий, 6/12724; 7/12962; 8/16471).

Қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам, охирзамон фитначиларининг яна бир ўзига хос хусусияти ва аломатлари кўрсатилган бўлиб, улар Фавзон каби бемазҳаблик устозлари ва уларга эргашганларнинг айни тавсифидир:

يَأْتِى فِى آخِرِ الزَّمَانِ قَوْمٌ حُدَثَاءُ الأَسْنَانِ سُفَهَاءُ الأَحْلاَمِ يَقُولُونَ مِنْ قَوْلِ خَيْرِ الْبَرِيَّةِ يَمْرُقُونَ مِنَ الإِسْلاَمِ كَمَا يَمْرُقُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ لاَ يُجَاوِزُ إِيمَانُهُمْ حَنَاجِرَهُمْ

“Охирзамонда бир қавм чиқиб келади, ёши катталари кўп гапирувчи, ёши кичиклари эса аҳмоқ бўлади. Инсониятнинг яхшиси бўлмиш зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини гапирадилар. Лекин, ўзлари Исломдан худди камондан ўқ чиқиб кетгани каби чиқиб кетадилар. Уларнинг иймонлари бўғизларидан нарига ўтмайди”. (Бухорий, 4/3611; 6/5057; 9/6930-6931; Абу Довуд, 4/4769; Аҳмад, 1/616, 912, 1086; Ибн Абу Шайба, 10/30823).

Шундай қилиб, “салафийлик” (ваҳҳобийлик) оқимининг ақийдаси –  ўзларидан бошқа мўмин-мусулмонларни кофир ва мушрик деб эълон қилиш  асосига қурилган хаворижлик ақийдаси бўлиб, бу оқимни икки тоифага, яъни “жиҳодчи салафийлик” ва “мўътадил салафийлик”ка ажратувчиларнинг фикрлари нотўғри эканлигига юқорида ишонч хосил қилдик.

Шу боис, мазкур оқим вакилларини – охирзамон фитналарининг бир кўриниши эканлигини яхши англаган ҳолда, уларнинг гўёки “соф тавҳид даъвати” байроғи остида Ислом умматига қарши амалга ошираётган  фитна-фасодидан эҳтиёт бўлмоғимиз ва бошқаларни ҳам огоҳлантирмоғимиз лозимдир.

Анвар Абдуллоҳ

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 5 та

  1. Ширин:

    Сизни фикрларизга тушунмадим ,нима учун бошка дин вакилларини кофирликда айблаяпсиз?Давлатимиз куп миллатли ва турли дин вакилларидан иборат.Бу фикр билан орага совукчилик тушмайдими?

    • ahlisunna.uz:

      Ассалому алайкум. Ҳар бир эътиқод вакилларини ўз эътиқодига мансуб деб таърифлаш айблашга кирмайди. Мусулмонни мусулмон, насоринийни насроний, бадпарастни будпараст дейилади. Ислом динига эътиқод қилмайдиганларнинг барчасини ягона ном -кофир деб ҳам юритилади. Бунда камситиш, ҳақоратлаш, ерга уриш каби адоват қўзғатувчи маънолар мужассам эмас.

  2. Акмал:

    Ассаламу алайкум. Охирги нотугри таржима килинг. Ёши катталар деган жойи йук. Коман эмас, балки нишон деб маъно берилса максадга мунофиқ булар эди

    • ahlisunna.uz:

      Ассалому алайкум. эътиборингиз учун ташаккур. Ҳадис тўғри таржима қилинган!

  3. Иброхим:

    Ассалому алайкум.
    Охирда келтирилган хадисга далил бўлиб қолишдан Аллох сакласин. Азизлар савол ва эътироз беришдан аввал кўпроқ ўқийлик. Шу мақолани ҳам кўп маротаба ўқиб англашга ҳаракат қилайлик. Ғарб нима учун ривожланган кўп илм олгани учун. Улар асосан дунёсини обод қилиш учун ўқишади. Биз-чи? Ахир биз биринчи навбатда охиратни обод қилиш вазифамизку. Демак оддий математика еки инглиз тилига нисбатан диний билимларни катта иштиёқ ва қунт билан эгаллашлик ҳар биримизнинг шарафли ишимизга айланиши керак. Мана шу маънавий илм иқлим остида дунёимиз учун керакли илмларни олсак нур устига аъло нур бўлади. Ва аждодларимизга ворис бўлишлик бахтига муяссар бўламиз. Биз фақатгина моддий нарсада эмас балким маънавий сохада кўпроқ ворис бўлишга интилишимиз керак. Бўлмасам бутун дунё олдида кулгига қоламиз, энг камида ачинишларига сазовор бўламиз. Дунёга энг кўп устозлар берган юртнинг фарзандалари аҳволини қаранг деган сўз биз учун ор бўлиши керак. Демак ўзимиз учун, динимиз учун, ватанимиз учун миллатимиз учун тезроқ илм олишга шошилайлик…

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *