ДЕНГИЗ КЎПИГАЧА КЎП ГУНОҲЛАРНИ ЮВАДИГАН АМАЛЛАР

B966935AE71F452D91A968AE46D26DA5_LБисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Инсон мутлақ маъсум бўла олмайди, у гуноҳ-маъсиятлардан холи бўла олмайди. У гуноҳ устига гуноҳ, хато устига хато қилаверади. Бироқ, унга тавба қилиш имконияти бор. Зотан, Аллоҳ таолонинг Таввоб сифати бор. У зот тавбаларни қабул қилувчи, қайта-қайта қабул қилувчи. Шунинг учун, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслик керак. Ноумид бўлиш шайтоннинг иши. Аллоҳ таоло “Қуръон”да бундай деган:

 قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир (Зумар, 53).

 Аллоҳнинг меҳрбончилиги ва раҳмати шу ердаки, инсоннинг денгиз кўпигича бўлган гуноҳларини ҳам ювадиган амаллар ва зикрлар мавжуд. Бу ерда “денгиз кўпиги” муболаға учун айтилган бўлиб, шунчалик кўп бўлган тақдирда ҳам мўъмин-мусулмоннинг гуноҳлари авф этилишига ишорадир. Бахтимизга денгиз кўпигича бўлган гуноҳларни ювадиган амаллар ва зикрларни севимли ва меҳрбон пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб ўтганлар. Ушбу амаллар ва зикрларни билиб олсак, уларни имкон қадар ихлос ва имон билан бажариб ва айтиб юришни одат қилсак, гуноҳлардан тозаланган ҳолда дунёдан ўтиш имкони бор. Буларнинг бари мўъмин-мусулмонларнинг ихлоси ортиши, ғайрати келиши, ибодатларга нисбатан завқ-шавқлари кўпайишига сабаб бўлади.

Биринчи амал:

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ قَالَ سُبْحَانَ اللَّهِ وَبِحَمْدِهِ فِي يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ حُطَّتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки бир кунда юз (100) маротаба “СУБҲОНАЛЛОҲИ ВА БИ-ҲАМДИҲИ!” (“Аллоҳ таолога ҳамду сано айтган ҳолда унинг барча айбу нуқсонлардан пок эканини айтаман!”) деса, хатоликлари гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам ўчирилади” (Бухорий, 8/6405; Муслим, 4/2691; Термизий, 5/3466; Ибн Можа, 4/3812; Ибн Ҳиббон, 3/829).

Демак, ҳар куни энг ози ақалли юз марта ушбу тасбеҳни айтиб юришга одатланиш керак бўлади. У денгиз кўпигичалик гуноҳларни ҳам ювишга сабаб бўлади.

Иккинчи амал:

Муҳаддислар томонидан қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шариф ривоят қилинган бўлиб, унда кимки эрталаб ва кечқурун юз (100) маротаба “СУБҲОНАЛЛОҲИ ВА БИ-ҲАМДИҲИ!” деса, гуноҳлари денгиз кўпигидан кўпроқ бўлса ҳам мағфират қилиниши айтиб ўтилган:

إِذَا أَصْبَحَ مِائَةَ مَرَّةٍ وَ إِذَا أَمْسَى مِائَةَ مَرَّةٍ سُبْحَانَ اللهِ وَ بِحَمْدِهِ غُفِرَتْ ذُنُوبُهُ وَ إِنْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زُبَدِ الْبَحْرِ

“Агар эрталаб юз (100) марта ва кечқурун юз (100) марта “СУБҲОНАЛЛОҲИ ВА БИ-ҲАМДИҲИ!” (“Аллоҳ таолога ҳамду сано айтган ҳолда унинг барча айбу нуқсонлардан пок эканини айтаман!”) деса, гарчи денгиз кўпигидан кўпроқ бўлса ҳам гуноҳлари мағфират қилинади” (Ибн Ҳиббон, 3/859; Ҳоким, 1/1906).

Демак, масалан, бомдоддан кейин юз (100) маротаба “СУБҲОНАЛЛОҲИ ВА БИ-ҲАМДИҲИ!” дейишга ва асрдан кейин ҳам юз (100) маротаба “СУБҲОНАЛЛОҲИ ВА БИ-ҲАМДИҲИ!” дейишга одатланиш керак. Бу гарчи денгиз кўпигидан кўпроқ бўлса ҳам гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади.

Учинчи амал:

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ سَبَّحَ اللهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَ ثَلَاثِينَ وَ حَمَّدَ اللهَ ثَلَاثًا وَ ثَلَاثِينَ وَ كَبَّرَ اللهَ ثَلَاثًا وَ ثَلَاثِينَ فَتِلْكَ تِسْعَةٌ وَ تِسْعُونَ وَ قَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ وَ هُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَ إِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки ҳар бир намознинг ортида Аллоҳга ўттиз уч (33) маротаба тасбеҳ (“СУБҲОНАЛЛОҲ!” – “Аллоҳни айбу нуқсонлардан пок деб дейман!”) айтса, Аллоҳга ўттиз уч (33) маротаба ҳамд (“АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ!” – “Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!”) айтса, Аллоҳга ўттиз уч (33) маротаба такбир (“АЛЛОҲУ АКБАР!” – “Аллоҳ буюкдир!”) айтса, бу тўқсон тўққиз бўлади. Уни юзга тўлдириб, “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲ, ЛАҲУ-Л-МУЛКУ ВА ЛАҲУ-Л-ҲАМДУ ВА ҲУВА ЪАЛА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚАДИЙР!” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У якка-ю ягона, унинг шериги йўқ. Мулк Уникидир, ҳамду сано Унга хос. У барча нарсага қодир Зот!”) деса, хатоликлари гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Муслим, 1/597; Ибн Ҳиббон, 5/2013-2016; Ибн Хузайма, 1/750).

Абу Зар разийаллоҳу анҳу: “Ё, Расулуллоҳ! Бадавлат кишилар савобда ўтиб кетишди. Биз намоз ўқигандек улар ҳам намоз ўқийдилар, рўза тутганимиздек рўза тутадилар. Лекин, уларнинг ортиқча мол-давлатлари бор. Улар садақа-эҳсон қилиб турадилар, бироқ биз ундай қила олмаймиз”, дебдилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

يَا أَبَا ذَرٍّ أَلاَ أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ تُدْرِكُ بِهِنَّ مَنْ سَبَقَكَ وَلاَ يَلْحَقُكَ مَنْ خَلْفَكَ إِلاَّ مَنْ أَخَذَ بِمِثْلِ عَمَلِكَ

“Эй, Абу Зар! Сенга бир калималарни ўргатмайми?! Сендан ўтиб кетганлар уни қилишади, лекин сен қиладиган бўлсанг орқангдагилар сенга етиша олмайдилар. Фақат сен каби ишни қилишни маҳкам ушласалар, унда сенга етиша олишлари мумкин”.

Абу Зар разийаллоҳу анҳу: “Ҳа, шундай қилинг. Менга ҳам уларни ўргатинг, ё Расулаллоҳ!” дегани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга мана шу калималарни ўргатган эканлар:

تُكَبِّرُ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ دُبُرَ كُلِّ صَلاَةٍ ثَلاَثًا وَثَلاَثِينَ وَتَحْمَدُهُ ثَلاَثًا وَثَلاَثِينَ وَتُسَبِّحُهُ ثَلاَثًا وَثَلاَثِينَ وَتَخْتِمُهَا بِلاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَىْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ لَهُ ذُنُوبُهُ وَلَوْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

 “Ҳар бир намознинг ортидан Аллоҳ азза ва жаллага ўттиз уч (33) маротаба такбир (“АЛЛОҲУ АКБАР!” – “Аллоҳ буюкдир!”) айтасан, ўттиз уч (33) маротаба ҳамд (“АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ!” – “Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!”) айтасан, ўттиз уч (33) маротаба тасбеҳ (“СУБҲОНАЛЛОҲ!” – “Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан покдир!”) айтасан, сўнг уни “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲ, ЛАҲУ-Л-МУЛКУ ВА ЛАҲУ-Л-ҲАМДУ ВА ҲУВА ЪАЛА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚАДИЙР!” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У якка-ю ягона, унинг шериги йўқ. Мулк Уникидир, ҳамду сано Унга хос. У барча нарсага қодир Зот!”) деб (юзга) тўлдирасан. Ким шуни айтса, гуноҳлари гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Абу Довуд, 1/1506).

Тўртинчи амал:

Бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг ҳам алоҳида фазилати бор. “Фавоиди тамом” асарида бундай ҳадис ривоят қилинган:

مَنْ شَهِدَ صَلَاةَ الْفَجْرِ، ثُمَّ صَلَّى فِي الصَّفِّ الْأَوَّلِ، عَنْ يَمِينِ الْإِمَامِ، أَوْ عَنْ يَمِينِ الْمِحْرَابِ غَفَّرَ اللهُ عَزَّ وَ جَلَّ سَيِّئَاتِهِ، وَ لَوْ أَنَّهَا بِعَدَدِ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки бомдод намозига (масжид жамоатида) иштирок қилса, аввалги сафда имомнинг ўнг томонида ёки меҳробнинг ўнг тарафида намоз ўқиса, Аллоҳ азза ва жалла унинг ёмонликларини гарчи улар денгиз кўпиги ададича бўлса ҳам мағфират қилади” (“Фавоиди тамом”, 2/923).

Албатта, жамоатда иштирок қилишнинг ҳам, аввалги сафда намоз ўқишнинг ҳам, имомнинг ўнг томонида савоб кўп бўлиши ҳам бор гап. У саҳиҳ ҳадисларда бир неча марта таъкидланган. Намозхон мазкур ҳадисдаги савобдан умид қилиб, ихлос билан алоҳида эътибор қаратиб бомдод намозида иштирок қилишга одатланиши гуноҳларининг денгиз кўпигичалик бўлса ҳам кечирилишига сабаб бўлар экан.

Бешинчи амал:

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бобомиз ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишларича, кимки “зуҳо” (“чоштгоҳ”) намозини ўқишга одат қилса, гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ حَافَظَ عَلَى شُفْعَةِ الضُّحَى غُفِرَ لَهُ ذُنُوبُهُ وَ إِنْ كَانَتْ مِثْلُ زُبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки “зуҳо” намозининг икки ракъатини сақласа, гуноҳлари гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Термизий, 2/476; Ибн Можа, 1382).

“Зуҳо” (“чоштгоҳ”) намози чоштгоҳ пайтида, яъни кун анча кўтарилиб қолган пайтда, кундузнинг тўртдан бирида: соат 09:00-11.30 ларда ўқиладиган нафл ҳисобланади. Унинг энг ози икки ракъат бўлиб, “Зуҳо намозини ўқишни ният қилдим”, деб ният қилиб ўқилади. “Ширъат ал-ислом”да замсурага “Вашшамси” ва “Ваззуҳо” сураларини ўқиш тавсия қилинган (Саййид Ализода. Шарҳ Ширъат ал-ислом. – Истанбул: Дори Саодат, 1898. – Б. 132).

“ад-Дурр ал-мухтор” ва унинг шарҳи “ар-Радд ал-муҳтор”да айтилишича, “зуҳо” (“чоштгоҳ”) намозининг энг ози икки ракъат, энг кўпи ўн икки ракъат, ўртачаси саккиз ракъатдан иборат. Уни саккиз ракъат қилиб ўқиш энг афзалидир (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 1-жилд. – Миср: Дор ат-Тибоъа, 1856. – Б. 459).

 Гарчи Ибн Умар разийаллоҳу анҳу “зуҳо” намозини ўқишни бидъат деб билган бўлсалар (Бухорий, 3/1775) ҳам, лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳуга “зуҳо” намозини ўлгунча тарк этмасликни тавсия қилганлар:

أَوْصَانِي خَلِيلِي بِثَلَاثٍ لَا أَدَعُهُنَّ حَتَّى أَمُوتَ صَوْمِ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ وَصَلَاةِ الضُّحَى وَنَوْمٍ عَلَى وِتْر

“Менга Халилим уч нарсани: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, “зуҳо” намозини ўқимоқни ва витрни ухлашдан олдин ўқишни то ўлгунимча тарк қилмасликни васият қилганлар” (Бухорий, 2/1178).

Зотан, пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳатто сафарларида ҳам “зуҳо” намозини ўқишга эътибор берганлар. Жумладан, Макка фатҳи куни у зоти шариф Умму Ҳонеъ разийаллоҳу анҳонинг уйларида саккиз ракъат “зуҳо” намозини ўқиганларини “Саҳиҳи Бухорий”да бир неча марта такрор ривоят қилинган (Бухорий, 2/1176; 3/3171; 5/4292; 8/6158).

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ бобомиз ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ صَلَّى الضُّحَى ثِنْتَيْ عَشَرَةَ رَكْعَةً بَنَي اللهُ لَهُ قَصْرًا مِنْ ذَهَبٍ فِي الْجَنَّةِ

“Кимки ўн икки ракъат “зуҳо” намозини ўқиса, Аллоҳ унинг учун жаннатда тиллодан қаср барпо қилади” (Термизий, 2/473; Ибн Можа, 1/1380).

Олтинчи амал:

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда “зуҳо” намози билан боғлиқ янги бир амал ҳақида айтилган:

مَا مِنِ امْرِئٍ يَأْتِي فَضَاءً مِنَ الأَرْضِ فَيُصَلِّي بِهِ الضُّحَى رَكْعَتَيْنِ، ثُمَّ يَقُولُ: اللهمَّ لَكَ الْحَمْدُ، أَصْبَحْتُ عَبْدَكَ عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَلَمْ أَكُ شَيْئًا أَسْتَغْفِرُكَ لِذَنْبِي فَإِنَّهُ قَدْ أَرْهَقَتْنِي ذُنُوبِي وَأَحَاطَتْ بِي إِلاَّ أَنْ تَغْفِرَهَا لِي يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ إِلاَّ غَفَرَ الله لَهُ فِي ذَلِكَ الْمَقْعَدِ ذَنْبَهَ وَإِنْ كَانَ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Қайси бир киши Ернинг (ҳеч ким йўқ) саҳро майдонига келиб, икки ракъат “зуҳо” ўқиса, сўнгра “АЛЛОҲУММА, ЛАКА-Л-ҲАМДУ АСБАҲТА АБДАКА ЪАЛА АҲДИКА ВА ВАЪДИКА, АНТА ХОЛАҚТАНИЙ ВА ЛАМ АКУ ШАЙЪАН, АСТАҒФИРУКА ЛИ-ЗАНБИЙ, ФА-ИННАҲУ ҚОД АРҲАҚАТНИЙ ЗУНУБИЙ ВА АҲАТОТ БИЙ ИЛЛА АН ТАҒФИРАҲА ЛИЙ, Ё АРҲАМ АР-РОҲИМИЙН!” (“Эй, Аллоҳ! Сенга ҳамду санолар бўлсин. Банданг аҳдингга ва ваъдангга содиқ ҳолда тонг ортирди. Сен мени яратгансан, мен эса бирор (тузукроқ) нарса қила олмадим. Гуноҳимга истиғфор айтаман. Чунки, гуноҳларим мени қийнаб ташлади, мени ўраб олди. Лекин, уларни Сен мағфират қиласан. Эй, раҳимлиларнинг раҳмлироғи!”)  деса, шу ўтирган жойидаёқ Аллоҳ унинг гуноҳларини гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилади” (Аҳмад ал-Бусирий, “Иттиҳоф ал-хийарат ал-маҳара”, 2/1757).

Инсон сафарга чиққанида, саҳрода “зуҳо” вақтига тўғри келиб қолса, тўхтаб, икки ракъат намоз ўқиб, юқоридаги дуони ўқиб, истиғфор айтиб, кейин йўл юрса, иншаАллоҳ, гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинишдан умид бор.

Еттинчи амал:

“Ишроқ” намозини ўқиш ҳам денгиз кўпигича гуноҳлар бўлса ҳам ювилишига сабаб бўлади. Уни “шуруқ” намози ҳам дейилади. “Ишроқ” намози қуёш чиққанидан кейин 10-15 дақиқа ўтиб ўқиладиган икки ракъат намоздир. Уни “Ишроқ намозини ўқишни ният қилдим”, деб ўқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ قَعَدَ فِى مُصَلاَّهُ حِينَ يَنْصَرِفُ مِنْ صَلاَةِ الصُّبْحِ حَتَّى يُسَبِّحَ رَكْعَتَىِ الضُّحَى لاَ يَقُولُ إِلاَّ خَيْرًا غُفِرَ لَهُ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки бомдод намозидан қайтиладиган пайтда жойнамозида фақат яхшиликни (зикрни) айтиб то икки ракъат зуҳо намозини ўқигунича ўтириб қолса, хатоликлари гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Абу Довуд, 1/1289; Байҳақий, 2/5104; Табароний, 20/442).

Бу ерда “ишроқ” намозини “зуҳо” деб тилга олинган. Шунинг учун, айрим мутасаввиф уламолар бу иккисини битта намоз деб билганлар. Аслида, улар икки алоҳида-алоҳида намоз ҳисобланади. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат этганлар:

  مَنْ صَلَّى الْغَدَاةَ فِي جَماعَةٍ ثُمَّ قَعَدَ يَذْكُرُ اللَّهَ تَعالى حتَّى تَطْلُعَ الشَمْسُ، ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ كانَتْ كأجْرِ حَجَّةٍ وَعُمْرَةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ

“Кимки бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнг ўтириб то қуёш чиққунча Аллоҳ таолони зикр қилса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унга тўлиқ-тўлиқ-тўлиқ бир ҳаж ва бир умра бўлади” (Термизий, 2/586).

“Муфассирлар султони” деб эътироф қилинган Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу “Сод” сурасининг 18-оятида келтирилган: “Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб (мудом) у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб, бўйин сундириб қўйдик” мазмунидаги ояти каримадаги “эрталаб” (وَالْإِشْرَاق) сўзини бу “ишроқ” намози эканини айтганлар (Ҳоким, 4/6873; Табароний, 24/986).

Демак, “ишроқ” намозининг фазилати “Қуръон”да ҳам тилга олинган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан савоб ваъда қилинган ибодат экан. Уни ўқишга одатланиш денгиз кўпигича бўлган гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлади.

Саккизинчи амал:

Шом намозидан кейин ўқиладиган олти ракъат “аввобийн” деб аталган намознинг савоби ҳам денгиз кўпигича гуноҳларнинг ювилиши билан ўлчанади.

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, саҳоба Аммор ибн Ёсир разийаллоҳу анҳу шомдан кейин олти ракъат нафл ўқишга одат қилган эканлар. Ўғиллари бу ҳақида сўраганларида, у зот: “Шомдан кейинги бу олти ракъат намозни мен учун суюкли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиганларини кўрганман. У ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ҳадисни айтганлар”, деган эканлар:

مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ سِتَّ رَكَعَاتٍ غُفِرَتْ لَهُ ذُنُوبُهُ، وَ إِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْر

“Кимки шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиса, унинг гуноҳлари гарчи денгиз кўпиклари мислича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Табароний, “ал-Мўъжам ас-сағир”, 2/900; “ал-Мўъжам ал-авсат”, 7/7245).

Шомдан кейинги олти ракъат намоз нафл бўлиб, уни “Аввобийн” намозини ўқишни ният қилдим”, деб икки ракъат-икки ракъат қилиб ўқилади. Айрим мутасаввиф тариқат вакиллари унинг биринчи икки ракъати савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадия қилган маънода “Туҳфа-и Расул” деб ўқишади. Ўртадаги икки ракъатни эса имон-эътиқод асралишини мақсад қилиб, “Ҳифз ал-имон” ёки “Бақо-и имон” деб ўқишади. Охирги икки ракъатни эса ота-онасига бағишлаб, “Бирр ал-волидайн” деб ўқишади. Албатта, бу олти ракъатнинг ҳаммаси “Аввобийн” маъносидаги нафл намозлардир. Шунинг учун, ҳаммасини “Аввобийн” деб ўқиса ҳам бўлади.

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ шомдан кейин ўқиладиган олти ракъат намоз ҳақида қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:

مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ سِتَّ رَكَعَاتٍ لَمْ يَتَكَلَّمْ فِيمَا بَيْنَهُنَّ بِسُوءٍ عَدَلْنَ لَهُ بِعِبَادَةِ ثِنْتَيْ عَشَرَةَ سَنَةً

“Кимки шомдан кейин орасида ёмон гап гапирмасдан туриб олти ракъат намоз ўқиса, бу унга ўн икки йиллик ибодат билан тенг бўлади” (Термизий, 1/435; Ибн Можа, 1/1167; Абу Яъло, 10/6022).

Хуллас, имон-эътиқод билан савобдан умид қилиб, шомнинг фарзи ва суннатини ўқигандан кейин олти ракъат нафл ўқишга одатланиш денгиз кўпигича бўлган гуноҳларнинг ҳам ювилишига сабаб бўлади.

Тўққизинчи амал:

“Тасбеҳ” намозини ўқиш ҳам денгиз кўпигича бўлган гуноҳ ва хатоликларнинг йўқолишига сабаб бўлади.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бобомиз ривоят қилишларича, тўрт ракъатли “Тасбеҳ намози”ни пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг амакилари Аббос разийаллоҳу анҳуга махсус ўргатганлар ҳамда бундай деб марҳамат қилганлар:

فلو كانت ذنوبك مثل رمل عالج لغفرها الله لك

“(Агар ушбу “Тасбеҳ намози”ни ўқисангиз, гуноҳларингиз чўлнинг қумлари мислича бўлса ҳам Сиз учун Аллоҳ уни мағфират қилади” (Термизий, 1/482).

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида келишича, шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

فَلَوْ كَانَتْ ذُنُوبُكَ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ غَفَّرَ اللهُ لَكَ

“Агар гуноҳингиз денгиз кўпиги мисоли бўлса ҳам, Аллоҳ сиз учун мағфират қилади” (Табароний, 1/987; 11/11622).

Уни ўқиш тартиби икки хил бўлиб, осони Абдуллоҳ ибн ал-Муборак разийаллоҳу анҳуники ҳисобланади. Уни ҳам Имом Термизий бобомиз келтириб ўтганлар (Термизий, 1/481).

Тасбеҳ намози тўрт ракъат бўлиб, шу тўрт ракъатда ортиқча 300 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” (“Аллоҳ айбу нуқсонлардан покдир! Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳ буюкдир!”) дейилади.

Демак, “Тасбеҳ намозини ўқишни ният қилдим”, деб ният қилинади. Сўнг “Аллоҳу акбар!” деб такбир айтиб намозга киради. Кейин сано ўқийди. Сано: “Субҳанакаллоҳумма, ва би-ҳамдика, ва табарокасмука ва таъала жаддука ва ла илаҳа ғойрука” ҳисобланади.  Бу ҳар бир намозга киришгандаги такбирдан сўнг айтилади.

Сўнгра, 15 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.

Сўнг “Аъузу биллаҳи мин аш-шайтони-р-рожийм”, “Бисмиллаҳи-р-роҳмани-р-роҳийм” деб туриб, “Алҳамду” сураси ва бир ихтиёрий замсура ўқилади.

Кейин эса 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.

Сўнг “Аллоҳу акбар!” билан рукуъга боради. Рукуъда 3 марта “Субҳана роббийа-л-ъазийм”ни 3 марта айтгандан сўнг 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.

Кейин “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ, Роббана лака-л-ҳамд!” деб рукуъдан бош кўтаради. Кейин тик турган ҳолда 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.

Кейин “Аллоҳу акбар!” билан саждага боради. Саждада 3 марта “Субҳана роббийа-л-аъло”ни айтади. Кейин 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.

Сўнг “Аллоҳу акбар” деб саждадан бош кўтариб ўтиради ва 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.

Кейин “Аллоҳу акбар!” деб иккинчи саждага боради. Бу саждада ҳам 3 марта “Субҳана роббийа-л-аъло”ни айтади. Кейин 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади. Сўнг “Аллоҳу акбар!”ни айтиб, кейинги ракъатга туриб кетилади.

Шу тариқа тўрт ракъатни ўқийди. Ҳар бир ракъатда 75 та тасбеҳ бўлади. Ҳар бир ракъат 15 марталик тасбеҳ билан бошланади, кейин қироат қилгандан сўнг 10 мартадан яна тасбеҳ айтилади.

Абдуллоҳ ибн ал-Муборак разийаллоҳу анҳу бизнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди ва унинг мазҳабидан бўлганлари боис, унинг ўргатганлари бизнинг ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ келади.

“Тасбеҳ намози”ни ўқиб туриш керак. Рамазон ойида, қадр кечасида, шунингдек, бароат ва рағоиб кечаларида ўқишни одат қилиш керак. Айниқса, ҳаж ёки умрага борганлар муқаддас маконларни ғанимат билиб, савоб-самаралари кўпайтириб бериладиган “Масжиди набавий” ва “Масжиди ҳаром”да “Тасбеҳ намози”ни албатта ўқишга ҳаракат қилишлари керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни ҳар куни бир марта ўқинг; агар қодир бўлмасангиз, ҳар жумъада бир марта ўқинг; агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, ҳар ойда бир марта ўқинг; агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, бир йилда бир марта ўқинг”, деганлар (Термизий, 1/482).

Ўнинчи амал:

Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ “ал-Мужтабо” асарларида пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини ривоят қилганлар:

مَنْ سَبَّحَ فِي دُبُرِ صَلَاةِ الْغَدَاةِ مِائَةَ تَسْبِيحَةٍ وَ هَلَّلَ مِائَةَ تَهْلِيلَةٍ غُفِرَتْ لَهُ ذُنُوبُهُ وَ لَوْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки бомдод намозидан кейин юз (100) марта тасбеҳ (“СУБҲОНАЛЛОҲ!” – “Аллоҳ айбу нуқсонлардан покдир!”) деса ва юз (100) марта таҳлил (“ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ!” – “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!”) деса, гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса-да мағфират қилинади” (Насоий, 3/1354).

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан бу зикрларни фарздан кейин деб ривоят қилинган:

مَنْ هَلَّلَ بَعْدَ الْمَكْتُوبَةِ مِائَةً، وَ سَبَّحَ مِائَةً، وَ حَمَّدَ مِائَةً، وَ كَبَّرَ مِائَةً، غُفِرَتْ ذُنُوبُهُ، وَ لَوْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

Кимки фарздан кейин юз (100) марта таҳлил (“ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ!” – “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!”) айтса, юз (100) марта тасбеҳ (“СУБҲОНАЛЛОҲ!” – “Аллоҳ айбу нуқсонлардан покдир!”) деса, юз (100) марта ҳамд (“АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ” – “Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!”) деса ва юз (100) марта такбир (“АЛЛОҲУ АКБАР!” – “Аллоҳ буюкдир!”) деса, гуноҳлари гарчи денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Абдурраззоқ, 2/3194).

Демак, бомдод намозидан кейин ёки бошқа фарзлардан кейин юқоридаги калималарни айтиб, тасбеҳ қайтаришга одат қилса, иншаАллоҳ, гуноҳлари денгиз баробар бўлса ҳам мағфират қилинишига сабаб бўлади.

Ўн биринчи амал:

Кечда ухлашга ётаётган пайтда тўшакда ўтириб, Аллоҳ таолога чин дилдан зикр қилишда ҳам инсоннинг денгиз кўпигича гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Ушбу вақтда айтиладиган зикрларга ҳам муслим ва муслималар, мўъмин ва мўъминалар одат қилмоқлари мақбулдир.

Ухлашга ётаётган пайтда уч марта истиғфор айтишга одат қилиш ҳам денгиз кўпигича бўлган гуноҳларнинг ювилиб батамом йўқ бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақида Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ бобомиз ва бошқа муҳаддислар қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

مَنْ قَالَ حِينَ يَأْوِي إِلَى فِرَاشِهِ أَسْتَغْفِرُ اللهَ الْعَظِيمَ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ وَ أَتُوبُ إِلَيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ غَفَّرَ اللهُ ذُنُوبَهُ وَ إِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ وَ إِنْ كَانَتْ عَدَدَ وَرَقِ الشَّجَرِ وَ إِنْ كَانَتْ عَدَدَ رَمْلِ عَالِجٍ وَ إِنْ كَانَتْ عَدَدَ أَيَّامِ الدُّنْيَا

“Кимки тўшагига ётаётган пайти уч маротаба: “АСТАҒФИРУЛЛОҲА-Л-АЗИЙМ-АЛЛАЗИЙ ЛА ИЛАҲА ИЛЛА ҲУВА-Л-ҲАЙЙУ-Л-ҚОЙЙУМУ ВА АТУБУ ИЛАЙҲИ” (“Улуғ Аллоҳдан кечирим сўрайман. У ўзидан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зотдир! У зот абадий барҳаёт ва мангу тирикдир! Унга тавба қиламан!”) деса, Аллоҳ унинг гуноҳини денгиз кўпигича бўлса-да мағфират қилади. Агар дарахт барги сонича, агар биёбон қумлари сонича, агар дунё кунларининг саноғича бўлса ҳам” (Термизий, 5/3397).

Муҳаддис Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ томонидан тўшагига ётаётган пайти қуйидаги зикрни бир маротаба айтиши денгиз кўпигича гуноҳлари бўлса-да ювилишига сабаб бўлади, дейилган ҳадис ривоят қилинган:

مَنْ قَالَ حِينَ يَأْوِي اِلَى فِرَاشِهِ لَا اِلَهَ اِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ وَ هُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ لَا حَوْلَ وَ لَا قُوَّةَ اِلَّا بِاللهِ سُبْحَانَ اللهِ وَ الْحَمْدُ لِلهِ وَ لَا اِلَهَ اِلَّا اللهُ وَ اللهُ أَكْبَرُ غَفّرَ اللهُ ذُنُوبَهُ أَوْ خَطَايَاهُ وَ اِنْ كَانَ مِثْلُ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки тўшагига ётаётган пайти (бир марта): “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲ, ЛАҲУ-Л-МУЛКУ ВА ЛАҲУ-Л-ҲАМДУ ВА ҲУВА ЪАЛА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚАДИЙР! ЛА ҲАВЛА ВА ЛА ҚУВВАТА ИЛЛА БИЛЛАҲ! СУБҲОНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ, ВАЛЛОҲУ АКБАР!” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У якка-ю ягона, унинг шериги йўқ. Мулк Уникидир, ҳамду сано Унга хос. У барча нарсага қодир Зот! Куч-қудрат ва қувват фақат Аллоҳ билан бўлади. Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан пок эканини айтаман. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳ буюкдир!”) деса, унинг гуноҳлари ёки хатоликлари денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Ибн Ҳиббон, 12/5528).

Ўн иккинчи амал:

Эрталаб уйқудан турганда ҳам тўшакда айтиладиган бир зикр борки, уни ихлос билан бир марта айтишнинг ўзиёқ денгиз кўпигича гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлади. Муҳаддислар ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

ما منْ عَبْدٍ يَقُولُ عِنْدَ رَدّ اللَّهِ تَعالى رُوحَهُ: لا إلهَ إلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ المُلْكُ وَلَهُ الحَمْدُ وَهُوَ على كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، إلاَّ غَفَرَ اللَّهُ تَعالى لَهُ ذُنُوبَهُ وَلَوْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ البَحْرِ

“Агар Аллоҳ таоло руҳини қайтарган (яъни, уйқудан уйғотган) пайтда банда: “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲ, ЛАҲУ-Л-МУЛКУ ВА ЛАҲУ-Л-ҲАМДУ ВА ҲУВА ЪАЛА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚАДИЙР!” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У якка-ю ягона, унинг шериги йўқ. Мулк Уникидир, ҳамду сано Унга хос. У барча нарсага қодир Зот!”) деса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам мағфират қилади” (Ибн ас-Сунний, “Амал ал-явм вал-лайла”, 1/10; “Иттиҳоф ал-хийарат ал-маҳара”, 6/6102).

Ўн учинчи амал:

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда айтилишича, ҳар намоздан кейин қуйидаги тасбеҳни юз (100) маротаба айтса, хатоликлари денгиз кўпигича бўлса ҳам ўчирилади:

كَلِمَاتٌ مَنْ ذَكَرَهُنَّ مِائَةَ مَرَّةٍ دُبْرَ كُلِّ صَلَاةٍ اَللهُ أَكْبَرُ سُبْحَانَ اللهِ وَ الْحَمْدُ لِلهِ وَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ لَا حَوْلَ وَ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ لَوْ كَانَتْ خَطَايَاهُ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ لَمَحَتْهُنَّ

“Шундай калималар борки, ким уларни ҳар намознинг ортидан юз (100) маротаба “АЛЛОҲУ АКБАР, СУБҲОНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛОҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲУ, ВА ЛА ҲАВЛА ВА ЛА ҚУВВАТА ИЛЛА БИЛЛОҲ!” (“Аллоҳ буюкдир! Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан пок эканини айтаман. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! У якка-ю ягона, унинг шериги йўқ. Куч-қудрат ва қувват фақат Аллоҳ билан бўлади”) деса, гарчи хатоликлари денгиз кўпиги каби бўлса ҳам, улар албатта ўчиб кетади” (Аҳмад, 5/21551).

Ўн тўртинчи амал:

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ бобомиз ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَا عَلَى الْأَرْضِ أَحَدٌ يَقُولُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَ اللهُ أَكْبَرُ وَ لَا حَوْلَ وَ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ إِلَّا كُفِّرَتْ عَنْهُ خَطَايَاهُ وَ لَوْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Ер юзидаги кимки (бир марта) “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАЛЛОҲУ АКБАР, ВА ЛА ҲАВЛА ВА ЛА ҚУВВАТА ИЛЛА БИЛЛОҲ!” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳ буюкдир! Куч-қудрат ва қувват фақат Аллоҳ билан бўлади”) деса, гарчи денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам ундан хатоликлари каффорат қилинади” (Термизий, 5/3460).

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Мустадрак” асарида ушбу ривоятдаги зикр: “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАЛЛОҲУ АКБАР, ВА СУБҲОНАЛЛОҲ, ВАЛҲАМДУЛИЛЛОҲ, ВА ЛА ҲАВЛА ВА ЛА ҚУВВАТА ИЛЛА БИЛЛОҲ!” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳ буюкдир! Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан пок дейман! Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Куч-қудрат ва қувват фақат Аллоҳ билан бўлади”) шаклида келтирилган (Ҳоким, 1/1853-1854).

Демак, кимки ушбу зикрни кунда ақалли бир бора ихлос ва имон-эътиқод билан айтишга одат қилса, гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилиниш бахтига муяссар бўлади.

Ўн бешинчи амал:

Жумъа куни тонгда уч марта ихлос билан истиғфор айтиш ҳам денгиз мисолича гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлади. Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ قَالَ صَبِيحَةَ الْجُمْعَةِ قَبْلَ صَلَاةِ الْغَدَاةِ أَسْتَغْفِرُ اللهَ الَّذِى لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَىُّ الْقَيُّومُ وَ أَتُوبُ إِلَيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ غَفَّرَ لَهُ ذُنُوبُهُ وَ لَوْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки жумъа куни бомдод намозидан олдин уч маротаба: “АСТАҒФИРУЛЛОҲА-Л-АЗИЙМ-АЛЛАЗИЙ ЛА ИЛАҲА ИЛЛА ҲУВА-Л-ҲАЙЙУ-Л-ҚОЙЙУМУ ВА АТУБУ ИЛАЙҲИ” (“Улуғ Аллоҳдан кечирим сўрайман. У ўзидан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зотдир! У зот абадий барҳаёт ва мангу тирикдир! Унга тавба қиламан!”) деса, Аллоҳ унинг гуноҳларини денгиз кўпигидан кўпроқ бўлса ҳам мағфират қилади” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 7/7717; Ибн ас-Сунний, “Амал ал-явм вал-лайла”, 1/83).

Ўн олтинчи амал:

Ҳар куни эрталаб ва кечқурун ихлос билан уч (3) марта истиғфор айтиб қўйиш денгиз кўпигича бўлган гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлади.

مَنْ قَالَ بَعْدَ الْفَجْرِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، وَ بَعْدَ الْعَصْرِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ: أَسْتَغْفِرُ اللهَ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ وَ أَتُوبُ إِلَيْهِ، كُفِّرَتْ عَنْهُ ذُنُوبُهُ، وَ إِنْ كَانَتْ مِثْلُ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки (ҳар куни) бомдоддан кейин уч (уз) марта ва асрдан кейин уч (3) марта “АСТАҒФИРУЛЛОҲА-Л-АЗИЙМ-АЛЛАЗИЙ ЛА ИЛАҲА ИЛЛА ҲУВА-Л-ҲАЙЙУ-Л-ҚОЙЙУМУ ВА АТУБУ ИЛАЙҲИ” (“Улуғ Аллоҳдан кечирим сўрайман. У ўзидан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зотдир! У зот абадий барҳаёт ва мангу тирикдир! Унга тавба қиламан!”) деса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам каффорат қилинади” (Ибн ас-Сунний, “Амал ал-явм вал-лайла”, 1/126).

Юқорида мазкур истиғфорни жумъа куни бомдоддан кейин уч марта айтилса, гуноҳлар денгиз кўпигидан кўпроқ бўлса ҳам мағфират қилиниши айтилган эди. Уни ҳар куни бомдоддан кейин ва асрдан сўнг такрорлаб туриш эса гуноҳлар денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам каффорат қилинишига сабаб бўлар экан.

Муҳаддис Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ эса мазкур истиғфорни беш (5) марта такрорлашнинг ўзиёқ денгиз кўпиги мислича гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлади, деган ҳадиси шарифни ривоят қилганлар (Ибн Абу Шайба, 10/30060; 13/36227).

Муҳаддис ал-Ҳаннод ал-Кўфий раҳимаҳуллоҳнинг “аз-Зуҳд” асарида эса мазкур истиғфорни ўн (10) мартаба такрорлаш денгиз кўпиги мислича гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлади, деган ҳадиси шариф ривоят қилинган (“Китоб аз-Зуҳд”, 2/924).

Ўн еттинчи амал:

Имом ад-Дайламий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таолонинг нурдан яралган денгизи бор экан. Ўша денгиз атрофида фаришталар тасбеҳ айтиб туришар экан. Кимки ана шу тасбеҳни кунда ақалли бир марта айтиб қўйса, денгиз кўпигича гуноҳлар мағфират қилинади. У бизнинг таровеҳларда айтиладиган тасбеҳимиз ҳисобланади:

“СУБҲОНА ЗИ-Л-МУЛКИ ВА-Л-МАЛАКУТ! СУБҲОНА ЗИ-Л-АРШИ ВА-Л-ЖАБАРУТ! СУБҲОНА-Л-ҲАЙЙИЛЛАЗИЙ ЛА ЙАМУТ! СУББУҲУН ҚУДДУСУН РОББУ-Л-МАЛАИКАТИ ВА-Р-РУҲ!” (“Кўзга кўринар-кўринмас мулклар эгаси барча айбу нуқсонлардан покдир! Арш ва бошқа жами мавжудотлар эгаси барча айбу нуқсонлардан покдир! Ўлмайдиган мангу ҳаёт зот покдир! У бенуқсон муқаддас бўлиб, Жаброил алайҳисслаом ва фаришталарнинг парвардигоридир!”).

فَمَنْ قَالَهَا فِى يَوْمٍ أَوْ شَهْرٍ أَوْ سَنَةٍ مَرَّةً أَوْ فِى عُمْرِهِ غَفَّرَ اللهُ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَ مَا تَأَخَّرَ وَ لَوْ كَانَتْ ذُنُوبُهُ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ أَوْ مِثْلَ رَمْلِ عَالِجٍ أَوْ فَرٍ مِنَ الزَّحْفِ

“Кимки уни кунда ёки ойда ёки йилда ёки умрида бир марта айтиб қўйса, Аллоҳ унинг ўтган ва келаси гуноҳларини гарчи денгиз кўпиги мислича ёки саҳро қумларича ёки издиҳомдаги оломон каби бўлса ҳам мағфират қилади” (Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 9/8238).

Ўн саккизинчи амал:

Ҳар куни уч марта Одам Ато алайҳиссаломга саловат айтиб қўйса, денгиз кўпигидан ҳам кўпроқ гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлади:

مَنْ قَالَ فِى كُلِّ يَوْمٍ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ صَلَوَاتُ اللهِ عَلَى آدَمَ غَفَّرَ اللهُ لَهَ الذُّنُوبَ وَ إِنْ كَانَتْ أَكْثَرُ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ وَ كَانَ فِى الْجَنَّةِ رَفِيقُ آدَمَ

“Кимки ҳар куни уч (3) марта “САЛАВАТУЛЛОҲИ ЪАЛА ОДАМА!” (“Одам алайҳиссаломга Аллоҳнинг саловат-саломи бўлсин!”) деб қўйса, Аллоҳ унинг гуноҳларини гарчи денгиз кўпигидан кўпроқ бўлса ҳам мағфират қилади. Жаннатда эса у Одам алайҳиссалом билан бирга йўлдош бўлади” (Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 21/23219).

Ўн тўққизинчи амал:

Кимки қуйидаги зикрни бир марта айтиб қўйса, гуноҳлари денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам мағфират қилинади:

مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ عَمِلْتُ سُوءًا وَ ظَلَمْتُ نَفْسِى فَاغْفِرْ لِى إِنَّكَ أَنْتَ خَيْرُ الْغَافِرِينَ غُفِرَتْ ذُنُوبُهُ وَ لَوْ كَانَتْ مِثْلُ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки “ЛА ИЛАҲА ИЛЛА АНТА, СУБҲОНАКА, ЪАМИЛТУ СУАН ВА ЗОЛАМТУ НАФСИЙ, ФАҒФИР ЛИЙ, ИННАКА АНТА ХАЙРУ-Л-ҒОФИРИЙН!” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен бенуқсонсан! Мен ёмон иш қилиб қўйдим, жонимга зулм қилдим, мени кечир! Сен кечирувчиларнинг энг яхшисисан!”) деса, гуноҳлари гарчи денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Дайламий, 3/5471).

Йигирманчи амал:

Ҳаким ат-Термизий қуддиса сирруҳу ўзларининг “Наводир ал-усул” номли асарларида ривоят қилишларича, фаришта Жаброил алайҳиссалом пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганида, саҳоба Абу Зар разийаллоҳу анҳуга кўзи тушиб қолибди ва “Бу Абу Зар-ку!” дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар уни танийсизларми?”, дебдилар. Аллоҳнинг ишончли фариштаси: “Ҳа, Аллоҳ ҳаққи, ерликларнинг орасида самодагиларга энг таниқлиси шу Абу Зар бўлади. Чунки, у ҳар куни бир дуони икки марта такрорлайди. Шунга, фаришталар ҳайрон қолишади. Ундан шу дуоларни сўраб олишингиз мумкин”, дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Абу Зар! Сен ҳар куни икки марта бир дуони айтасанми?” деб сўрадилар. Абу Зар разийаллоҳу анҳу бундай деб жавоб берган эканлар:

“Ҳа,ота-онам Сизга фидо бўлсин. Мен буни ҳеч кимга айтмаан эдим ва уни ҳеч кимдан ўрганмаган эдим. У ўзи ўн (10) калимадан иборат. Уни Аллоҳ менинг қалбимга илҳом қилган эди. Шуни такрор айтиб юраман.Қиблага қараб узоқ вақт тасбеҳ, таҳлил ва такбир айтиб ўтиргандан кейин буларни айтаман:

“АЛЛОҲУММА, ИННИЙ АСЪАЛУКА ИЙМАНАН ДАИМАН, ВА АСЪАЛУКА ҚОЛБАН ХОШИЪАН, ВА АСЪАЛУКА ИЛМАН НАФИЪАН, ВА АСЪАЛУКА ЙАҚИНАН СОДИҚАН, ВА АСЪАЛУКА ДИЙНАН ҚОЙЙИМАН, ВА АСЪАЛУКА-Л-ОФИЯТА МИН КУЛЛИ БАЛИЙАТИН, ВА АСЪАЛУКА ТАМОМА-Л-ОФИЯТИ, ВА АСЪАЛУКА ДАВОМА-Л-ОФИЯТИ ВА АСЪАЛУКА-Ш-ШУКРО ЪАЛА-Л-ОФИЯТИ, ВА АСЪАЛУКА-Л-ҒИНА ЪАЛА-Н-НАСИ!”

(“Эй, Аллоҳ! Мен Сендан доимий имон сўрайман. Сендан қўрқадиган қалб сўрайман. Сендан фойдали илм сўрайман. Сендан тўғри ишонч сўрайман. Сендан мустаҳкам дин сўрайман. Сендан тўлиқ соғлик сўрайман. Сендан ҳамиша соғ-саломатлик сўрайман. Сендан соғлик-саломатликка шукр қилишимни сўрайман. Сендан одамларга муҳтож бўлмаслигимни сўрайман!”).

Шунда, Жаброил алайҳиссалом бундай деган эканлар:

يَا مُحَمَّدُ وَ الَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ نَبِيًّا، لَا يَدْعُو أَحَدٌ مِنْ أُمَّتِكَ بِهَذَا الدُّعَاءِ إِلَّا غُفِرَتْ لَهُ ذُنُوبُهُ، وَ إِنْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ وَ عَدَدِ تُرَابِ الْأَرْضِ وَ لَا يَلْقَى أَحَدٌ مِنْ أُمَّتِكَ وَ فِي قَلْبِهِ هَذَا الدُّعَاءِ إِلَّا اِشْتَاقَتْ لَهُ الْجِنَانُ، وَ اسْتَغْفَرَ لَهُ الْمَلَكَانِ، وَ فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَ نَادَتِ الْمَلَائِكَةُ: يَا وَلِيَّ اللهِ اُدْخُلْ أَيِّ بَابٍ شِئْتَ

“Эй, Муҳаммад! Сизни барҳақ пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, Сизнинг умматингиздан кимки ушбу дуони қилса, унинг гуноҳлари гарчи денгиз кўпигидан ҳам, Ернинг тупроқларидан ҳам кўпроқ бўлса-да мағфират қилинади. Умматингиздан қай бири ушбу дуони қалбида сақлаб юрса, жаннатлар унга муштоқ ҳолда йўлиқади, икки фаришта унинг учун истиғфор айтиб туради, жаннат эшиклари унга очилади. Фаришталар: “Эй, Аллоҳнинг валийси! Хоҳлаган эшигингдан киргин!”, дея нидо қилишади” (“Наводир ал-усул”, 3/22; “Канз ал-уммол”, 35/5055).

Йигирма биринчи амал:

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтиб юришга одат қилган, “Роҳат-фароғат калималари” (“Калимот ал-фараж”) деб аталган тасбеҳ мавжуд. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўргатганлар:

لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْعَلِيُّ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبُّ السَّمَوَاتِ السَّبْعِ وَ رَبُّ الْعَرْشِ الْكَرِيمِ، وَ الْحَمْدُ لِلهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ

“ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ-Л-ЪАЛИЙЙУ-Л-ҲАЛИМУ-Л-КАРИЙМ! ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ-Л-ЪАЛИЙЙУ-Л-ЪАЗИЙМ! СУБҲОНАЛЛОҲИ РОББУ-С-САМАВАТИ-С-САБЪИ ВА РОББУ-Л-АРШИ-Л-КАРИЙМ! ВАЛҲАМДУЛИЛЛАҲИ РОББИ-Л-ОЛАМИЙН!”

(“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! У буюк, юмшоқ муомала қилувчи ва ўта карамлидир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! У буюк, жуда улуғдир. Етти қат осмоннинг парвардигори ва юксак Аршнинг рабби бўлмиш Аллоҳнинг барча айбу нуқсонлардан пок эканлигини айтаман! Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!”).

Севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур калималарни айтгани учун қуйидагича савоб бўлишини таъкидлаганлар:

أَلَا أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ إِذَا قُلْتَهُنَّ غَفَّرَ لَكَ. وَ فِي لَفْظٍ: غُفِّرَتْ ذُنُوبُكَ، وَ إِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ. أَوْ مِثْلَ عَدَدَ الذُّرِّ، مَعَ أَنَّهُ مَغْفُورٌ لَكَ:

“Сенга Бир неча калималарни ўргатмайинми? Уларни агар айтадиган бўлсанг, Аллоҳ сени мағират қилади. Агар денгиз кўпиги мислича ёки чумолилар сони каби гуноҳларинг бўлса ҳам мағфират қилади. Сен мағфират қилинган ҳолда бўласан” (“Канз ал-уммол”, 35/4994).

Йигирма иккинчи амал:

Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Мушкил ал-асор” асарида нақл қилишларича, машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу сонсиз-саноқсиз марта қуйидаги ҳадисни айтиб берган эканлар:

مَنْ قَالَ بَعْدَ الصُّبْحِ سُبْحَانَ اللهِ الْعَظِيمِ وَ بِحَمْدِهِ مِائَةَ مَرَّةٍ، وَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ مِائَةَ مَرَّةٍ، وَ بَعْدَ الْعَصْرِ مِثْلَ ذَلِكَ، غُفِرَتْ لَهُ ذُنُوبُهُ وَ إِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Кимки бомдод намозидан кейин “СУБҲОНАЛЛОҲИ-Л-ЪАЗИЙМ ВА БИ-ҲАМДИҲИ!” (“Аллоҳ таолога ҳамду сано айтган ҳолда унинг барча айбу нуқсонлардан пок эканини айтаман!”) деб юз (100) маротаба айтса ва “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲУ” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! У якка-ю ягонадир, Унинг шериги йўқ!”) деб ҳам юз (100) маротаба айтса ҳамда шуни асрдан кейин ҳам такрорласа, гуноҳлари гарчи денгиз кўпиги мислича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Таҳовий, “Мушкил ал-асор”, 8/3310).

Йигирма учинчи амал:

Саломлашиш исломнинг буюк шиорларидан биридир. Саломлашув ва унга алик олиш суннат ва фарз амал ҳисобланади. Мусулмон бировга оддий салом бергани ва унга алик олгани билан ҳам савоб олаверади. Мусулмонлар ўзаро ихлос ва саводан умид қилиб кўришсалар, иншаАллоҳ, уларнинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади:

إِنَّ الْمُسْلِمَ إِذَا لَقِيَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ فَأَخَذَ بِيَدِهِ تَحَاتَّتْ عَنْهُمَا ذُنُوبُهُمَا كَمَا تَتَحَاتَّ الْوَرَقُ مِنَ الشَّجَرَةِ الْيَابِسَةِ فِي يَوْمِ رِيحٍ عَاصِفٍ وَ إِلَّا غُفِّرَ لَهُمَا وَ لَوْ كَانَتْ ذُنُوبُهُمَا مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

“Мусулмон бошқа бир мусулмон биродарига йўлиққанида, унинг қўлини тутса (у билан кўришадиган бўлса), худди кучли шамолли кунда қуриган дарахтнинг баргларитўкилгандек унинг гуноҳлари тўкилади. Ўзаро кўришган икки мусулмоннинг ҳам гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади” (Табароний, 6/6150; Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 11/8549).

Хулоса

Инсон доим яхши-ёмон орасида, шайтон ва раҳмон кураши ўртасида яшашга маҳкум. Иблис алайҳиллаъна ва унинг гапига кирувчи одамлар Сизни ибодатлардан чалғитиши мумкин. “Ҳадеб ибодат қилаверасанми?!” дейишлари мумкин. Лекин, дунё авлиёлари, валий зотлар, тақводор бандалар ва ихлосманд кишилар юқорида келтирилган йигирмадан ортиқ амаллар, зикр, тасбеҳ ва дуоларни бирма-бир ҳаётларида мунтазам равишда татбиқ қилиб, амалга ошириб келадилар. Сиз ҳам уларни қилишга ҳаракат қилган чоғда эса имон-эътиқоддан ва ихлос-ибодатдан маҳрум айрим кишилар, айниқса, бемазҳаб “билоғон”лар ва замонавий “муҳаддис”лар юқоридаги амаллар ва зикрларнинг қайсидир бирини, балки кўпчилигини сизга “заиф”лигини ёки ҳатто сохта-тўқималигини айтиб, сизни амалдан тўсиши, зикрдан қолдириши, ихлосингизни сўндириши, шавқ ва завқингизни сусайтириши ҳам мумкин. Бироқ, билингки, кунма-кун гуноҳи ортиб бораётган инсон мисоли сувга ғарқ бўлаётган кишидир. Унинг ғарқ бўлишдан қутилиб кетишига битта хас ҳам фойда бериб қолиши мумкин. Хасга ёпишган сувдаги кимса каби юқорида биз бирма-бир келтирган амаллар, зикр, тасбеҳ ва дуоларга сиз ҳам бирма-бир ёпишинг. Зотан, Парвардигори олам кимнинг ибодатини қабул қилиши, кимнинг амалини мақбул санаши, кимдан рози бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди. Чунки, Аллоҳ таоло мутлақ ихтиёр соҳибидир. У дилларга ва қалбларга қарайди, зоҳирга ва амалларга эмас. Шундай экан, дилингиз ва қалбингизни Аллоҳга йўналтириб, юқорида келтирилган амалларни, зикр, тасбеҳ ва дуоларни ихлос билан, имон-эътиқод билан, завқ-шавқ билан, Аллоҳнинг ўзигагина ишонч билдириб амалга оширишга ҳаракат ва одат қилинг. Шояд, Аллоҳ таоло Сизнинг денгиздан ҳам кўп гуноҳларингизни мағфират қилиб, ўзининг маъсум бандалари қаторида тирилтириб, баланд даражаларга нойил айласа!

Юқорида инсоннинг гуноҳлари денгиз кўпигичалик кўп бўлса ҳам кечирилишига сабаб бўладиган йигирмадан ортиқ амаллар, зикр, тасбеҳ ва дуолар баён этилди. Одатда мўъмин-мусулмонлар денгиз кўпигича гуноҳ қилмайдилар. Кофир ва мушрикларнинг эса имонсизлигининг ўзи етарли. Уларнинг гуноҳлари фақат азоб-уқубатлари ортишига сабаб бўлади. Кофир ва мушрикларнинг гуноҳларини ҳеч қандай хайрли ва савобли амал юва олмайди. Зотан, имон йўқ экан, хайр ва савобларнинг фойдаси ҳам йўқ! Мўъмин-мусулмонларда эса хайр ва савоблар имонларининг шарофати билан гуноҳларига каффорат бўлади, уларнинг ювилишига сабаб бўлади. Юқорида зикр қилинган йигирмадан ортиқ амаллар, зикр, тасбеҳ ва дуолар эса мўъмин-мусулмонлар қанчалик гуноҳкор бўлмасин, уларни ювиб йўқотишга имкон борлигини англатади. Зотан, тавба ва пушаймон қилувчи кимса гуноҳни қилмаган одам билан баробардир.

Аллоҳ таоло қилаётган хайрли амалларингизни қабул айласин! Уларни хатоликларингизга каффорат қилиб, денгиз кўпиги мислича гуноҳларингизнинг батамом ювилиб йўқ бўлишига сабаб қилсин! Аллоҳ таолонинг ўзи ҳамиша Сизни қўлласин, бу амалларни бизга ўргатган севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатларига нойил қилсин! Омин!

Аллоҳумма солли ъала саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва ъала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин!

Осий ва гуноҳкор, лекин раҳмон ва раҳим Парвардигорининг раҳмати ва суюклиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатларидан денгиз кўпигича гуноҳлари ҳам йўқ бўлиб ювилиб кетишидан умидвор ҲАМИДУЛЛОҲ БЕРУНИЙ.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *