Бемазҳаблар ақидаси: «Ер доирасимон эмас ва у айланмайди!»

Lotin alifbosida

space_real_earth_075903_Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Замонавий фандан яхши маълумки, Аллоҳ таоло биз яшаётган Ерни доирасимон шаклда яратгандир ва у ўз ўқи атрофида айланиб, ҳаракатланиб туради. Ер шарининг айланиши замонавий фан томонидан тўлиқ исботланган бўлиб, бу ҳақиқатнинг Қуръон, Суннат ва Ислом ақидасига хилофлиги йўқдир.

Бироқ, замонамизда шундай гуруҳ одамлар ҳам борки, улар ўтмишдаги ҳашавийлар ва машаббиҳалар (Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларни сифатига ўхшатувчилар)нинг ақидасини қайта жонлантириб, «Аллоҳ бизнинг моддий дунёмизда қарор топганлиги ва У осмон жисмлари сингари дунёнинг маълум бир тарафида жойлашган», деган ҳаёлий тушунчаларига ҳақиқат деб ишонадилар. Улар нафақат бунга ишонадилар, балки буни инкор этган мусулмонларни диндан чиққан кофир деб ҳисоблайдилар. Ушбу фирқага мансуб одамларни биз бемазҳаб «салафий» (ваҳҳобий) номи билан яхши таниймиз.

Бу тоифанинг етакчилари Ер шарининг думалоқ шаклини фан томонидан тан олинишини ўзларининг ботил ақидаларига катта хавф деб билишиб, Ер шакли ҳақидаги ҳақиқатни инкор этишга ўтишган. Улар одамларни бу масалани ўрганишдан қайтариб, уни гўё худосизликка олиб бориши ва Аллоҳнинг сифатларини рад этилишига сабаб бўлади деб жар солишни бошладилар. Бу билан улар аввало ўзларини қолаверса, барча мусулмонларни дунё аҳолиси олдида кулгига қолдирдилар. Чунки Ернинг думалоқлиги ва ўз ўқи атрофида ҳаракатланиб айланиши ҳозирда исбот талаб қилмайдиган, ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам биладиган ҳақиқат сифатида маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатни тан олиниши эса — ҳашавийлар ақидасини, яъни «Аллоҳ Таолони моддий оламимизнинг қайсидир тарафи ва чегаралари ичида жойлашганлиги»ни рад этувчи далиллардан биридир.

ҒАРОЙИБ ФАТВОЛАР

Бемазҳаб тоифаларнинг энг катта шайхлари — Ибн Боз, Усаймин, Фавзон ва бошқалари, Ер доира шаклида эмас, у ҳаракатланмайди, Ер Қуёшнинг атрофида айланмайди, аксинча Қуёш Ернинг атрофида айланади деб фатволар беришган.

Ҳаттоки, бунда шу даражага етиб борганларки, Саудиянинг яқин ўтмишдаги муфтийси бўлган Ибн Боз ўзининг الادلة العقلية والحسية على جريان الشمس وسكون الأرض («Қуёшнинг ҳаракатланиши ва Ернинг ҳаракатланмаслигига ақлий ва ҳиссий далиллар) номли китобида, «Ерни айланади деган одам кофир бўлади, уни жони ва моли (яъни ўзини ўлдириб молини мусодара этиш) ҳалол бўлади» деб фатво берган. Жумладан, ибн Боз ўша китобида шундай ёзади:

إنَّ القول بأن الشمس ثابتة وأن الأرض دائرة هو قولٌ شنيعٌ ومنكر ، ومن قال بدوران الأرض وعدم جريان الشمس فقد كفروضل ، ويجب أن يستتاب فإن تاب وإلا قتل كافراً مرتداً ، ويكون ماله فيئاً لبيت مال المسلمين

«Қуёш бир жойда туради ва ер юмалоқдир, деган ҳукм қабиҳ ва қабул қилиб бўлмас даражадаги ҳукмдир! Кимда ким Ерни айланади, Қуёшни эса ҳаракатланмайди деса, у батаҳқиқ кофир бўлибди ва залолатга кетибди. Бундай одамни тавбага чақириш вожиб бўлади. Агарда тавба қилишдан бош тортса кофир ва муртад сингари ўлдирилади. Унинг мол-мулки мусодара қилиниб, мусулмонларнинг байтул молига топширилади».

Ибн Боз яна қуйидагиларни айтган:

أما ما يقوله الناس اليوم وينسبونه إلى الرياضيين أو الفلكيين من دوران الأرض فهذا قول لا أصل له، ولا دليل عليه، وإنما هي خرافة وظنون ليس لها دليل من الواقع ولا من الحس، ولا دليل من نقل، وإن زعموا وجود ذلك، فالأرض ثابتة ومستقرة في الهواء بإذن الله عزَّ وجلَّ، والشمس والقمر والكواكب دائرات من حولها في جوها وفي فلكها

«Бугунги кунда одамлар айтаётган, математик ёки фалакиётшуносларга мансуб дейиладиган Ернинг айланиши ҳақида сўзларнинг асоси йўқдир ва бунга далил ҳам йўқдир. Булар фақатгина хурофот ва гумондир. Бунга воқеъликдан ҳам, ҳиссиётдан ҳам, нақлдан ҳам далил йўқ. Улар бунинг мавжуд экани тўғрисида гумон қиладилар. Бас, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила Ер ҳавода собит ва ҳаракатсиз ўрнатилгандир. Қуёш, ой ва юлдузлар унинг атрофида, унинг ҳавосида ва фалакида айланадилар».

Ваҳҳобийларнинг энг катта олимларидан ҳисобланмиш Усаймин эса, ўз фатволаридан бирида айтади:

أما مسألة دوران الأرض فإننا كما قلنا أولاً ينبغي أن يعرض عنها لأنها من فضول العلم . يجب علينا في هذه المسألة أن نؤمن بأن الشمس تدور على الأرض وأن اختلاف الليل والنهار ليس بسبب دوران الأرض ولكنه بسبب دوران الشمس حول الأرض

«Бу масалада бундан олдин айтганимиздек, Ерни айланиши назариясидан воз кечишимиз керак, чунки у кераксиз ортиқча илмдир. Бизга бу масалада қуйидагича фикрда бўлишимиз вожиб: «Албатта Қуёш Ер атрофида айланади. Ва албатта, тун билан кундузни алмашиб туришлиги, Ернинг Қуёш атрофида айланиши сабабидан эмас, балки Қуёш ернинг атрофида айланиши сабаблидир.

(Мазкур фатвонинг тўлиқ арабий матнини  ҳамда бошқа ваҳҳобий шайхларининг ушбу мавзудаги ғаройиб фатволарини қуйида ҳаволада ўқиш мумкин:  https://www.sahab.net/forums/index.php?showtopic=136562 ).

Шунингдек, Усаймин «Мажмуъату фатава ва расаил фазилат аш-шайх Муҳаммад бин Салиҳ ал-Усаймин» китобининг 3-жилди, 153-бетидаги 428-сонли фатвосида география ўқитувчилари ўз дарсларида Ернинг айланиши назариясини умуман эсга олмасликларини тавсия қилган.

Саудияликларнинг яна бир олими Абдул-Карим ибн Солиҳ ал-Ҳамиднинг «Ҳидаятул хайран фи масаалити-ддаваран» («Ернинг айланиши ҳақида хайрон бўлиб турганга ҳидоят». Ар-Риёздаги «Ас-Сафир» нашриётида чоп этилган) китобида қуйидагиларни ўқишингиз мумкин:

13-бетдаги бобга: «Ернинг айланишини тан олиш албатта худосизликка (ёки Аллоҳнинг сифатларини рад этишга) олиб боради» деб ном берган.

Сўнгра, 25-бетда геология фани тўғрисида айтади:

«Шунинг сабабли (яъни геологияни ўрганганлари ва уни тарқатганлари учун) ушбу гуруҳ одамлар адашдилар ва бошқаларни ҳам адаштирдилар».

32-бетда эса айтади:

«Ерни ҳақиқатдан ҳам айланади деб ишониш, одамни маймундан пайдо бўлган деб ишонишдан ҳам каттароқ адашувдир».

33-бетда ёзади:

«Ерни айланишини тасдиқлаш Қуръон ва Суннатдан келтирилган ҳар қандай далилни ёлғон таъвил қилишдир».

36 бетда, «Ерни айланишига ишониш нимани билдиради?» номли бобда айтади:

«Ерни ўз ўқи атрофида айланиши, унинг тарафдорларининг мақсади эмас, балки бу орқали улар бошқа мақсадни кўзлайдилар. Бу худосизлик (ёки Аллоҳнинг сифатларини рад этиш)дан бошланиб, динсизлик билан тугайди. Бу ақида тарафдори Ерни айланишидан келиб чиқадиган нарсага ҳам ишониши керак бўлади, яъни Ерни ҳар тарафдан чегараси бўлмаган бўшлиқ ўраб туришига ишонишлари ҳам керак». («Ҳидаятул хайран фи масъалитид-даваран»).

Шундай қилиб, юқоридаги фатволарнинг барчасини синчиклаб ўрганиб чиқадиган бўлсак, ваҳҳобийларнинг айтишича, замонавий фан гўёки қуёш қимирламай туради, ер эса уни атрофида айланади деб таъкидлар эмиш. Бу таъкид билан, ўзларининг замонавий фанлардаги билим савияларининг қанчалик паст эканлигини яна бир бор тасдиқлайдилар ёки масалани моҳиятини билиб туриб, ўз ақидаларини нима қилиб бўлса ҳам ҳимоя қилиш учун бу ёлғон даъвони ишлатадилар. Бундан ташқари, Ерни айланмайди, у жойида собит туради деган ғояни ҳам исботлашга уринадилар.

УШБУ ФАТВОЛАРНИНГ АСЛ САБАБЛАРИ

Бугунги кундаги бемазҳаб ваҳҳобийлар, худди аввалги даврдаги хаворижлар сингари, ўз ақийдаларига эргашувчиларни билиб олиш учун одамларни имтиҳон қилишни ўйлаб топганлар. Саҳобалар давридаги дастлабки хаворижлар ўзларига йўлиққан одамларга, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақида савол бериб: “Алий тўғрисида нима дейсан?”, деб сўрардилар. Агар сўралувчи, у зот ҳақида ижобий фикр билдирса ва у зотни кофир демаса, унинг ўзини кофир деб эълон қилиб, қатл этардилар.

Худди шу сингари, уларнинг меросхўрлари, замонамиз хаворижлари бўлмиш ваҳҳобийлар ҳам, одамларни мусулмон деб ҳисоблаш учун “Аллоҳ қаерда?” деган бидъат талабни ўйлаб чиқарганлар. Агар сиз уларнинг бу саволига: “Аллоҳ осмонда” деб жавоб бермасангиз, сизни кофир деб ҳисоблайдилар! Улар кимнидир мусулмон деб ҳисоблаш учун, унинг: “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ” калимасини айтишининг ўзи етарли эмас!

Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Шундай қилиб, “Аллоҳ қаерда?” деб имтиҳон қилиш барча турдаги ваҳҳобий тоифаларга мансубдир. Айнан шундай имтиҳон қилиш, ҳозирги ИШИД, Ал-қоида сингари ваҳҳобий ақийдасидаги хаворижлар томонидан мусулмонларнинг жонини ҳалол ҳисоблаш учун асосий сабаблардан бири сифатида фойдаланилмоқда. Уларга ушбу таълимотнинг асосларини, юқорида кўрсатилган саудиялик ваҳҳобий шайхлар ғоявий қурол сифатида яратиб берганлар. Лекин бу ақийданинг ботил эканлигини уларнинг Ер шарини доирасимон эканлиги, унинг айланишини рад этишга ўтиб кетганлари ҳам кўрсатиб турибди. Улар нима учун буни рад этадилар?

Бунинг сабаби, Ер шарининг бир тарафида турган одам, ваҳҳобийлар кўрсатгани сингари, осмонга ишора қилиб, Аллоҳ юқори тарафда деб кўрсатса, ҳудди шу вақтда Ер шарининг нариги томонида турган одам учун бу пастки тараф бўлади, яъни унинг наздида Ернинг ич тарафига кўрсатилган бўлади. Ёки, бир вақтнинг ўзида ернинг турли тўрт тарафида турган кишилар ўз тепасини кўрсатган тарафи, бутунлай бошқа-бошқа тарафлар бўлади.

Ваҳҳобийларнинг ақидасига кўра, Ерни думалоқ деб тушунган одам осмонга ишора қилиб: «Аллоҳ осмонда» деса, мантиқан олиб қаралганда бу сўзнинг маъноси «Аллоҳ мен турган ерга нисбатан осмонда, аммо ернинг нариги томонда турган одамга нисбатан Аллоҳ ернинг тагида», деган хулоса чиқади. Бу эса Аллоҳга ҳурматсизлик бўлиб, инсонни иймонидан ажратадиган даражада қабиҳ ақидадир. Шу сабабли улар «Ер думалоқ шаклдадир», деган ҳақиқатни рад этадилар ва «Аллоҳ осмондадир», деган пуч ақидаларини ҳимоя қилиш мақсадида турли-туман мантиқсиз фатволар ҳам эълон қилиб келишади.

Аслида, Қуёш ҳам, Ер ҳам, бошқа осмон жисмлари сингари ўз орбиталарида сузиб юрадилар. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда айтади:

وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ

«У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар». (Анбиё сураси, 33 оят).

Мазкур оятда кўрсатилганларни замонавий фан тўлиқ исботлайди ва бу шубҳасиз, бундан 14 аср олдин бизга хабар қилинган Қуръон мўжизаларидан биридир.

Аҳли сунна вал жамоанинг буюк имомларидан бўлмиш Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ (ҳ.229-321/ м.844-933) “Ақида ат-Таҳовия”да:

  لا تَحْوِيه الجهاتُ الستُّ كسائر المُبتدَعات

«У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди», деб, Аҳли сунна вал жамоанинг асл ақийдасини тушунтирганлар ва бу сўзлар ваҳҳобийларнинг ботил ақийдасига қарши далилдир.

Аҳли сунна вал жамоанинг яна бир буюк олими, Имом Абу Мансур ал-Мотурудий (ваф. ҳ. 333 й.) раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

وأما رفع الأيدي إلى السماء فعلى العبادة، ولله أن يَتَعَبَّد عباده بما شاء، ويوجههم إلى حيث شاء، وإن ظن من يظن أن رفع الأبصار إلى السماء لأن الله من ذلك الوجه إنما هو كظن من يزعم أنه إلى جهة أسفل الأرض بما يضع عليها وجهه متوجهاً في الصلاة ونحوها، وكظن من يزعم أنه في شرق الأرض وغربها بما يتوجه إلى ذلك في الصلاة، أو نحو مكة لخروجه إلى الحج

«Қўлларни осмонга кўтаришга келсак, бу ибодат учундир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган тарзда бандалари учун ибодатни белгилайди ва уларни Ўзи хоҳлаган нарсасига йўллаб қўяди. Албатта, кимдир кўзларини осмонга қаратиб, Аллоҳни осмонда деб ўйлайдиган бўлса, бу худди намозда юзини ерга қаратган одам, Аллоҳни ернинг тагида деб ўйлагани кабидир. Ва бу худди, намозда маълум тарафга юзланганлиги сабабли, Аллоҳни ернинг шарқ ёки ғарб тарафида деб ёки ҳаж қилиш учун Макка тарафга йўлга чиққани учун, Уни ўша тарафда деб ўйлаган кабидир (яъни, бундай фикрлар Аллоҳ таолога нисбатан ножоиздир)». (Имом Мотурудий, «Китаб ат-Тавҳид», 75-76-бетлар).

Шайхул Ислом Муҳйиддин ан-Нававий (ҳ.631-676/м.1233-1277)  раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

اذا دعاه الداعي استقبل السماء كما اذا صلى المصلي استقبل الكعبة وليس ذلك لأنه منحصر في السماء كما أنه ليس منحصرا في جهة الكعبة بل ذلك لأن السماء قبلة الداعين كما أن الكعبة قبلة المصلين

«Дуо қилаётган киши осмонга юзланганда, бу худди намоз ўқувчи киши Каъбага юзлангани кабидир. Бу, Аллоҳ осмонда чегараланганлиги учун эмасдир, худди, У Каъба тарафда ҳам чегараланмаганидек. Балки, буларнинг боиси – Каъба намоз ўқувчиларнинг қибласи бўлгани каби, осмон дуо қилувчиларнинг қибласидир”. (Имом Нававий, «Шарҳ Саҳиҳ Муслим», 5-ж., 24-бет).

 ЕРНИНГ ДОИРАСИМОНЛИГИНИ РАД ЭТИШНИНГ БОШҚА БИР САБАБИ

Бундан ташқари, ваҳҳобийлар айрим муташобеҳ маъноли ҳадисларнинг зоҳирий маъносидан келиб чиқиб, Аллоҳ Таоло кечанинг охирги учдан бир қисми қолганида дунё осмонига Зоти билан тушишига эътиқод қиладилар. Бу ҳадисларнинг зоҳирий маъносида қабул қилмайдиган Аҳли сунна вал жамоа мусулмонларини ҳам улар куфр ва адашувда айблайдилар. 1Лекин, агар улар эътиқод қилганидек, Аллоҳ Таоло, ўз махлуқоти бўлмиш осмоннинг ичида ҳаракатланиб юрадиган бўлса ва ҳар туни биринчи осмонга Зоти билан тушиб турганда – Ернинг думалоқ шаклидан ва унинг айланиб туришидан келиб чиқиб, У ҳар доим биринчи осмонда бўлишлиги келиб чиққан бўларди. СубҳанАллоҳ! Яъни, 24 соат давомида, дунёнинг барча тарафларида туну кун алмашиб турганлиги сабабли, дунёнинг қайсидир қисмида ҳар доим тун бўлади. Мисол учун, айни дамда Ўзбекистонда туннинг охирги учдан бир қисмининг вақти бўлса, Ернинг айланиши сабабли, ушбу вақт сурилиб, 12 соатдан кейин Америкада ҳам туннинг охирги учдан бир қисмининг вақти киради. Бу ҳолат эса, ўша муташобеҳ маъноли ҳадисларни зоҳирий маънода қабул қилинганда, Аллоҳ Таолонинг Зотига нисбатан бўҳтон бўлмиш ақийдани, яъни Унинг ҳар доим биринчи осмонда бўлишлигини англатади. Шу сабабли, бу ҳолат ҳам ваҳҳобийларнинг мушаббиҳа ботил ақийдасини рад этувчи ҳақиқатдир.

Юқорида кўрсатилган ваҳҳобийларнинг олимлари, ўзларини Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга мансуб эканликларини таъкидлайдилар. У зот ҳам, Аллоҳ таолонинг “келиши”, “нузул” қилиши (тушиши) каби муташобеҳ маъноли оят ва ҳадисларни ҳозирги ваҳҳобийлар сингари зоҳирий маънода тушунганларми? Асло йўқ!

Имом  Имодуддин Ибн Касийр (ҳ.701-774/ м.1302-1373) раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

روى البيهقي عن الحاكم عن أبي عمرو بن السماك عن حنبل عن أحمد بن حنبل تأول قول الله تعالى {وجاء ربك} أنه جاء ثوابه , ثم قال البيهقي : وهذا إسناد لا غبار عليه

«Байҳақий – Ҳокимдан, у Абу Амр ас-Симмокдан, у Ҳанбалдан (у Ибн Исҳоқ аш-Шайбоний бўлиб, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қариндоши), у Аҳмад Ибн Ҳанбалдан ривоят қилишича, у киши Аллоҳ таолонинг «Ва Роббинг келса» (Фажр сураси, 22-оят) сўзларини, «Унинг савоби келса», деб таъвил қилганлар. Сўнгра Байҳақий айтади: «Ушбу иснодда ғубор йўқдир». (Ибн Касийр, «Ал-Бидая ва-н-Ниҳая». Мактабат аш-шомила, 10/327).

Ҳанбалий мазҳаби олими Абул-Фараж Ибн Жавзий (ҳ.508-597/ м.1114-1201)  раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Зод ул-Масир» номли тафсирларида, Бақара сурасининг 210-оятидаги «Аллоҳнинг келиши» сўзини тафсир қилиб айтадилар:

 كان جماعةٌ مِن السّلف يُمسِكون عن الكلام في مثلِ هذا , وقد ذكَر القاضي أبو يعلى عن أحمدَ أنّه قال : «المُراد به قدرتُه وأمره» قال وقد بيّنَه في قولِه تعالى : أو يأتي أمر ربك

«Салафлар жамоаси бунга ўхшаш масалаларда сўзлашишдан тийилар эдилар. Дарҳақиқат, Қози Абу Яъло, (Имом) Аҳмаддан зикр қилишича, у киши: «Бундан мурод – Унинг қудрати ва амридир», деди. Ва у (Имом Аҳмад): «Албатта, бу Аллоҳ таолонинг: «Ёки Роббингнинг амри келишига…» деган сўзларида (Наҳл сураси, 33-оят) баён қилингандир», деди». (Абул-Фараж Ибн Жавзий, «Задул Масир», 1-ж, 225-б.)

Ҳанбалий мазҳабининг олими Имом Абдур-Раззоқ ар-Расъаний ал-Ҳанбалий (ҳ.589-661/ м.1193-1263) раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг сифатлари хусусида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг эътиқодлари ҳақида айтадилар:

وقاعدة مذهب إمامنا في هذا الباب : اتباع السلف الصالح ، فما تأولوه تأولناه ، وما سكتوا عنه سكتنا عنه ، مفوضين علمه إلى قائله ، منزهين الله عما لا يليق بجلاله .وذهب جماعة من علماء السنة إلى إلحاق هذا بنظائره من آيات الصفات وأخبار الصفات

«Бизнинг имомимиз (Аҳмад ибн Ҳанбал) мазҳабининг ушбу бобдаги қоидасига кўра: Салафи-солиҳларга эргашиш, улар нимани таъвил қилган бўлсалар, биз ҳам шуни таъвил қиламиз, нима ҳақида сукут қилган бўлсалар, биз ҳам шундан сукут қиламиз, унинг илмини (маъносини) уни айтганга қолдирамиз (тафвиз). Аллоҳнинг буюклигига мос бўлмаган нарсалардан Уни поклаймиз. Суннат уламолари жамоасининг фикрига кўра, ушбу қоидалар сифатлар ҳақидаги барча оятлар ва ҳадисларга нисбатан қўлланилади». («Рамузул кануз фи тафсири Китабил Азиз», 8-ж. 239-бет).

Шундай қилиб, Аҳли сунна вал жамоаси ақийдасига мувофиқ ижмо қилинганки, Аллоҳ таолога макон, тараф, ҳаракат, жисм сифатини бериш мумкин эмас (чунки, айнан шу нарсалар сабабли яҳудий, насроний ва бошқа динлар Аллоҳни махлуқотларга ўхшатиб, бузуқ эътиқод қилиб, куфрга кетганлар). Яъни, биз суннийлар Аллоҳ таоло макон ва замонни яратишдан аввал қандай бўлса, уларни яратгандан кейин ҳам ўзгаришсиз ўшандайдир деймиз ҳамда Аллоҳ таолони бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, дунёнинг олти тарафи (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмаслиги, У Зотни Аршга ва бошқа ҳар қандай Ўзининг махлуқотига эҳтиёжи йўқ эканлигига эътиқод қиламиз (“Фиқҳул акбар”, “Ал-васия”, “Ақидатут-Таҳовия”, “Ақидатун-Насафия”).

ЎРТА АСРДАГИ НАСРОНИЙ ИНКВИЗИТОРЛАРИНИНГ АМАЛИ

Шундай қилиб, Ерни айланмайди деган сўзлари билан замонамиз ҳашавийлари ўзларининг ақидалари ва қарашларининг қанчалик қолоқ ва ботил эканликларини ўзлари исботлайдилар. Чунки Ернинг доирасимон эканлиги ва уни ўз ўқи атрофида айланиши ҳозирда тўлиқ исботланган илмий ҳақиқатдир.

Замонамиз ваҳҳобийларига ўхшаб Ерни айланмайди деган иддао, ўрта асрларда Европада ҳукмрон бўлган Насронийларнинг черков Инквизицияси томондан ҳам илгари сурилган. Черков инквизаторлари томонидан Ерни доирасимон ва айланиб туради деган олимлар қатл этилган ва инквизия орқали илм фанга қарши курашганлар (ерни айланишига ишонадиганларни қатл этиш кераклиги тўғрисидаги ибн Бознинг юқоридаги фатвосини эсланг). Чунки насронийлар томонидан ҳам Ерни ясси текислик деб тушуниб, Худони осмонда жойлашган деган пуч ақидага ишонилар эди. Ерни доирасимон эканлиги ва уни айланишини тан олиш эса насронийларга қарши мафкура эди. Шу туфайли улар ҳам Ернинг шакли хусусида илм фанга қаттиқ қаршилик кўрсатиб келганлар. Бунинг оқибатида эса, Европада кейинчалик черков ҳокимиятини ағдарилгандан сўнг, насронийларнинг ботил ақидаси туфайли худосизлик ривожланиб кетди. Илм-фан билан динни бошқа-бошқа, бир-бирига қарама-қарши нарсалар эканлиги ҳақидаги тушунчалар ҳосил бўлди.

Бугунги кунда ҳам, ваҳҳобийларнинг Ер шакли ва ҳаракати ҳақидаги мантиқсиз фатволарини Ғарб ва бошқа давлатларда қанчалик калака қилиб, интернет тармоғи ва бошқа усуллар билан уларни Исломга қарши ишлатиб, Исломни илм-фанга қарши дин деб кўрсатмоқчи бўлганларнинг сон-саноғи йўқ десак хато қилмаган бўламиз.

ХУЛОСА

Ҳозирда бутун дунёда Ислом душманлари томонидан, мусулмонларни нафрат ва адоват ила барчага ёмонлик истовчи шиддаткор экстремистлар, шафқатсиз қотиллар, бузғунчилар қилиб тақдим қилиш бўйича барча турдаги ахборот воситалари орқали ташвиқот қилинишида айнан ваҳҳобийлик ҳавориж ақийдасига эргашган адашган тоифларнинг бузғунчи ҳаракатларини мисол қилиб кўрсатишдан фойдаланилаётгани барчага яхши маълум бўлган ҳолатдир. Бунинг устига, мусулмонларни нафақат бундай шафқатсиз  экстремистлар эканлиги, балки, ҳатто Ернинг думалоқлиги ва унинг айланишини, яъни замонавий илм-фанни рад этувчи қолоқ фикрли адашганлар қилиб кўрсатиш бўйича ҳам, айнан ушбу ваҳҳобий хаворижлар ўз хизматларини бажариб келаётганларини юқорида тасдиғини кўрдик. Яъни бу ҳолатларнинг барчасини, Ислом душманларининг маккор режалари орқали ташқаридан бошқарилиб турилганлигига шубҳа бўлиши мумкинми?!

Минг афсуслар бўлсинки, хозирда айрим ёшларга бемазҳаблик, ваҳҳобийлик ҳақида танқидий фикр билдирсангиз юзини буриштириб, сизни ғийбатчига чиқариши мумкин. Уларнинг назарида ўша хаворижлар гўёки Китоб  ва суннатга эргашувчи аҳли тавҳидлар ҳисобланадилар. Аслида улар юқоридаги каби, ваҳҳобийларга мансуб кўплаб ҳақиқатларни билишмайди.

Сўзимизнинг сўнггида қисқа қилиб айтамизки: ваҳҳобийлар (“салафий”лар) – илмсизлик, жоҳиллик ва ҳар тарафлама қолоқ фикрларга асосланган, ўз тарафдорларидан бошқаларни мусулмон деб ҳисобламайдиган такфирчи хавориж тоифалардир! Улардан ҳушёр бўлинг ва асло ишонманг! Ҳаргиз эргашманг!

Анвар Абдуллоҳ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *