«Ал-Жавоҳир Ал-Каломия» таржимаси

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

 Тўлиқ номи «ал-Жавоҳир ал-каломия фий ийзоҳ ал-ақидат ал-исломия» («Исломий ақиданинг изоҳида калом жавоҳирлари») деб номланган мазкур асарнинг муаллифи Тоҳир ибн Солиҳ ибн Аҳмад ас-Самъуний ал-Жазоирий ад-Димишқий (1268-1338/1852-1920) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У Шомда моликий мазҳаби бўйича муфтий оиласида туғилиб-ўсган, ўз даврининг тилшунос адибларидан бири. Отаси 1846 йили Жазоирдан Дамашққа келиб ўрнашиб қолган эди, ҳасаний саййидзодалардан бўлган. Алломанинг отаси Солиҳ ҳам ўз даврининг таниқли олимларидан ҳисобланган. У моликийларнинг муфтийси бўлиши билан бирга асосан астрономия, геометрия, математика фанлари билан шуғулланган.

Тоҳир ибн Солиҳ ал-Жазоирий раҳимаҳуллоҳ илк сабоқларни отасида олганидан сўнг «Чақмоқия» мадрасасида таҳсил кўради.  Абдурраҳмон ал-Бўшноқий раҳимаҳуллоҳ унинг устози ҳисобланади. Шундан сўнг, машҳур ҳанафий олими Абдулғани ал-Ғунаймий (ал-Ғанимий) ал-Майдоний (1807-1880) раҳимаҳуллоҳ уни шогирдликка қабул қилган. Бу зот “Радд ал-муҳтор” муаллифи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг асҳобларидан бўлганлар. Абдулғани ал-Майдоний  раҳимаҳуллоҳ “Мухтасар ал-Қудурий”га битган “ал-Либоб шарҳ ал-Китоб” номли шарҳи билан шуҳрат қозонган. Тоҳир ибн Солиҳ ал-Жазоирий раҳимаҳуллоҳ олим сифатида шаклланишига ушбу устози жуда катта ҳисса қўшган. Аллома ушбу устозидан нафақат илм, балки ҳаётий тажриба, одатларни ҳам ўзлаштирганлиги алоҳида қайд қилинади.

Аллома 1875 йилдан бошлаб дарс бериш ишларига киришади. «Зоҳирия» мадрасасида мударрислик қилади, маориф вазирлигида ишлайди ва таниқли ҳанафий фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Алоуддин ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ раиси бўлган хайрия ташкилотида аъзо бўлади. 1907-1918 йилларда Қоҳирада яшаган.

Тоҳир ибн Солиҳ ал-Жазоирий раҳимаҳуллоҳ Дамашқдаги ҳозиргача машҳур «Дор ал-кутуб аз-зоҳирия» кутубхонасига асос солган аҳли суннат ва жамоат олимидир. Шунингдек, у Қуддуси шарифдаги «Холидия» кутубхонасининг ҳам ташкилотчиларидан биридир. Мазкур олим «Дор ал-кутуб аз-зоҳирия»нинг биринчи мудири бўлган. 1916 йилдан бошлаб мамалкатдаги кутубхоналар тафтишчиси вазифасида фаолият юритган.

Тоҳир ибн Солиҳ ал-Жазоирий раҳимаҳуллоҳ ХХ аср бошларидаги энг таниқли маърифатпарлардан бири бўлган. У ҳам бизнинг ўша даврдаги барча маърифатпарвар ота-боболаримиз сингари исломий ва дунёвий фанларни ўқитишга кўпроқ аҳамият бериш, мактаб ва мадрасаларни қайта ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини қайта кўриб чиқиш ғоялари билан оммага танилган эди.

Тоҳир ибн Солиҳ ал-Жазоирий раҳимаҳуллоҳ 20 дан ортиқ асарлар муаллифи, Шарқ ва Ғарб тилларидан беш-олтитасида гаплаша олган. У «Мадхал ат-туллоб ила илм ал-ҳисоб» («Ҳисоб илмига талабаларнинг кириши»), «Рисола фи-н-наҳв» («Грамматика ҳақида рисола»), «Мунйат ал-азкиё фий қисас ал-анбиё» («Пайғамбарларнинг қиссаларидаги зийраклар орзуси»), «ал-Фавоид ал-жассом фий маърифати хавосс ал-ажсом» (Жисмларнинг хусусиятларини танишда каттакон фойдалар»), «Иршод ал-алиббо ила таълими алифбо» («Алифбо таълимига ақллиларни йўллаш») каби асарлар муаллифидир. Унинг энг муҳим асарлари «ал-Жавоҳир ал-каломия фий ийзоҳ ал-ақидат ал-исломия» («Исломий ақиданинг изоҳида калом жавоҳирлари»), «Тавжеҳ ан-назар ила усул ал-асар» («Ҳадис фани асосларига назарни йўналтириш»), «ат-Тибён ли-баъз ал-мабоҳис ал-мутааллиқа би-л-Қуръон» («Қуръонга тааллуқли мавзуларнинг айримларини очиқлаш»), «Асна ал-мақосид фий илм ал-ақоид» («Ақидалар илмида мақсадларнинг энг олийси») ва «Тафсир ал-Қуръон ал-ҳаким» кабилардир.

«ал-Жавоҳир ал-каломия» унинг ақидага бағишланган асаридир. У муаллиф тириклигида 1902 йилда Байрутда 63 саҳифали ва 1910 йили Қозонда 47 саҳифали қилиб нашр этилган. Унинг замонавий нашрлари ҳам жуда кўп. Бироқ, замонавий нашрларида, жумладан, Байрутдаги 1986 йилги нашрида айрим савол-жавоблар олиб ташланган, айримлари эса ўзгартирилган. Биз таржимада икки матн бир хил бўлган, муаллиф ҳаётлигидаги 1902 ва 1910 йиллари чоп қилинган нашрларидан фойдаландик.

«ал-Жавоҳир ал-каломия» савол-жавоб тарзида тузилган, содда ва равон, тушунарли шаклда араб тилидаги рисоладир. Ушбу асар ёзилганидан буён араб диёрларининг айримларида мактабларда ўқитиб келинади. Ундаги ақидавий масалалар қисқа ва лўнда тарзда берилгани боис ёдда қоларли. Аҳли суннат ва жамоатнинг ақидавий масалаларини ўзида акс эттирган ушбу рисола ўзбек китобхонларига ҳам мақбул ва манфаатли бўлади, инша Аллоҳ.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Эй, ҳимматли фазилат эгаси! Ассалому алайкум! Ушбу муборак кечада сизнинг карамли мактубингиз менга етиб келди. Мен уни ўқиб чиқдим ва сизнинг ёрқин диннинг асл китобларини тарқатиш йўлидаги саъй-ҳаракатингиздан хабардор бўлиб шодландим. Ҳаракатларингизга ташаккурлар билдириб қоламан. Сизга бизнинг «ал-Жавоҳир ал-каломия фий ийзоҳ ал-ақидат ал-исломия» («Исломий ақиданинг изоҳида калом жавоҳирлари») деб аталган китобимизни чоп қилишга изн бераман. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сизга улуғ савоб ато қилсин ва хайр-офиятни давомли айласин!

Тоҳир ибн Солиҳ ал-Жазоирий.

1326 йил 16 жумодий ал-уло (16 июнь 1908 йил).

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳ учун ҳамдлар бўлсин! Саййидимиз Муҳаммадга, унинг оилалари ва саҳобаларига Аллоҳ солату салом йўлласин!

Шундан сўнг:

Бу рисола калом илмидаги муҳим масалаларни қамраб олган. Фаҳмларга уни олиш осонроқ. Уни савол-жавоб тарзида қилдим. Талабаларга осонлаштириш учун ибораларда соддаликни танладим.

МУҚАДДИМА

 У тўртта масалани қамраб олган:

1) САВОЛ: Исломий ақиданинг маъноси нима?

ЖАВОБ: Исломий ақида – у ислом аҳли эътиқод қиладиган, яъни тўғрилигига жазм этадиган ишлардир.

2) САВОЛ: Исломнинг маъноси нима?

ЖАВОБ: Ислом – у Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган нарсаларнинг ҳаммасини ҳақ ва тўғри деб тил билан иқрор, қалб билан тасдиқлашдир.

3) САВОЛ: Исломий ақиданинг рукнлари, яъни асослари нима?

ЖАВОБ: Исломий ақиданинг рукнлари бешта. Улар: Аллоҳ таолога имон келтириш; фаришталарига имон келтириш; китобларига имон келтириш; пайғамбарларига имон келтириш; охират кунига (ва ўлгандан кейин қайта тирилишга) имон келтириш; қадар ва қазонинг яхши-ёмонлигини Аллоҳ таолодан деб билишдир.

4) САВОЛ: Нима учун ушбу олти нарса исломнинг аркони ҳисобланади?

ЖАВОБ: Чунки, уларни билмасдан, уларга эътиқод қилмасдан туриб инсоннинг исломи собит бўлмайди. Кимки ушбу олтита арконни ҳақиқатда билса, уларнинг борлигига эътиқод қилса ва ишонса, у мўъминдир. У Аллоҳ таолонинг фазли билан дўзахда абадий қолишдан нажот топади, неъматлар ва сайрлар жойи бўлмиш жаннатда абадий қолишга ҳақли бўлади.

БИРИНЧИ МАБҲАС

 Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога имон келтириш ҳақида. У йигирма олтита масалани ўзида қамраб олган:

1) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога мужмал (қисқача) имон келтириш қандай бўлади?

ЖАВОБ: У Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони жами комил сифатлари ила сифатланган ва жами нуқсон (камчилик) сифатларидан пок бўлган деб эътиқод қилмоғимиздир.

2) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога муфассал имон келтириш қандай бўлади?

ЖАВОБ:  У Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло вужуд (мавжудлик), қидам (қадимийлик), бақо (доимийлик), янги пайдо бўлган нарсаларга тескари, ўзича турувчи, яккаю ягона, ҳаёт (тирик), илм (донолик), қудрат (қодирлик), ирода (хоҳиш-иродали бўлиш), самъ (эшитиш), басар (кўриш), калом (гапириш) билан тавсифланган деб эътиқод қилмоғимиздир. Албатта, Аллоҳ тирик, билувчи, қодир, хоҳловчи, эшитувчи, кўрувчи, гапирувчидир!

3) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг вужуд сифатига бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У Аллоҳ таоло мавжуддир, унинг вужудлиги ўз зоти биландир, бирор нарсанинг воситаси билан эмасдир, унинг вужудлиги вожибдир, яъни унга йўқлик (адам) ёпишиши мумкин бўлмайди, деб эътиқод қилмоғимиздир.

4) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қидам сифатига эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У Аллоҳ таолони қадим деб эътиқод қилмоғимиздир. Бунда биз У зот ҳар бир нарсадан олдин мавжуд бўлган деб биламиз. У ҳеч бир вақтда йўқ бўлмайди. Унинг мавжудлиги ундан аввал йўқ деганидир.

5) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг бақо сифатига эътиқод  қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони боқий деб эътиқод қилмоғимиздир. Унинг боқийлиги унинг ниҳояси йўқлигидир. У асло йўқ бўлмайди. Бирор вақт унга йўқлик (адам) ёпишмайди.

6) САВОЛ: Янги пайдо бўлганларга, яъни яралмишларга Аллоҳнинг ўхшамаслигига бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таоло ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам, феълларида ҳам бирор нарсага ўхшамайди, деб эътиқод қилмоғимиздир.

7) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти янги пайдо бўлганларга ўхшамаслигига бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти яралмишлардан бирор нарсага ўхшамайди, деб эътиқод қилмоғимиздир. Яъни, Аллоҳ таолонинг зоти жавҳар (энг охирги бўлак) ва араз (ҳид, таъм каби ўзича тура олмайдиган нарса) билан сифатланмайди.

8) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти жавҳар билан сифатланмайди, деган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таоло жисм каби ҳажмга эга эмас, деб эътиқод қилмоғимиздир. Зотан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти гўштдан, қондан иборат эмас; бирорта маъдандан ва ўсимликдан ёки сувдан ҳам иборат эмас; бошқа нарсалардан ҳам иборат эмас. Нима нарсаники кўрсанг ва хотирингга келган нарса бўлса, Аллоҳ таолонинг зоти ўшандоқ эмас. Чунки, унга ҳеч нарса ўхшамайди!

9) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти араз билан сифатланмайди, деган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таоло жавҳар сифатлари ила тавсиф қилинмайди, деб эътиқод қилмоғимиздир. Бас, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шакл билан, ранг билан, туриш билан, ўтириш билан, ейиш-ичиш билан, алам ва лаззат тотиш билан сифатланмайди. У бирор нарсада сингиб кетмайди (ҳулул), бирор нарсанинг сингиши ҳам унда содир бўлмайди. У туғувчи ота-она бўлмайди, туғилган фарзанд ҳам бўлмайди. У жавҳарлар, қадимийлиги ва давомийлигига тескари бўладиган ўзгаришларга далолат қилувчи жисмларнинг сифатларидан иборат бирор нарса билан сифатланмайди.

10) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг сифатлари янги пайдо бўлган нарсаларнинг сифатларига ўхшамас, деган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У бундай деб эътиқод қилмоғимиздир: Албатта Аллоҳ таолонинг илми бизнинг илмимизга ўхшамайди; Унинг қудрати бизнинг қудратимизга ўхшамайди; Унинг иродаси бизнинг иродамизга ўхшамайди; Унинг ҳаёти бизнинг ҳаётимизга ўхшамайди; Унинг эшитуви бизнинг эшитишимизга ўхшамайди; Унинг кўруви бизнинг кўришимизга ўхшамайди; Унинг гапируви бизнинг гапиришимизга ўхшамайди!

11) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг феъллари янги пайдо бўлган нарсаларнинг феълларига ўхшамас, деган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У бундай деб эътиқод қилмоғимиздир: Албатта Аллоҳ таолонинг феъллари мавжудотлардан бирор нарсанинг феълларига ўхшамайди. Чунки, Мавло субҳонаҳу нарсаларни воситасиз ва асбобсиз қилади: «Албатта Унинг иши: қачон бирор нарсани хоҳласа, унга «Бўл!» дейишидир, бас, у бўлади!» (Ёсин, 82). У бирор нарсани унга эҳтиёжи бўлгани учун қилмайди. У бирор нарсани бекорга, яъни фойдасиз бажармайди. Чунки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳаким – ўта ҳикматли Зотдир!

12) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўзича қоим бўлиб туради, деган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло нарсалардан бирортасига муҳтож бўлмайди, деб эътиқод қилмоғимиздир. Бас, У маконга муҳтож бўлмайди, ўринга муҳтож бўлмайди, яратганларидан бирортасига асло эҳтиёжи тушмайди. Бас, у ҳар бир нарсадан ғаний – беҳожатдир! Ҳар бир нарса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога муҳтождир!

13) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳаёт деган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таоло тирик деб эътиқод қилмоғимиздир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳаёти бизнинг ҳаётимиз каби эмас. Чунки, бизнинг ҳаётимиз қон ва жоннинг юриши воситалари билан бўлади, Аллоҳнинг ҳаёти эса бирор нарсанинг воситаси билан бўлмайди. У аввали йўқ қадимий, охири йўқ боқийдир, унда йўқлик ва ўзгариш асло содир бўлмайди.

14) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ваҳдонияти – ягоналиги қандай эътиқод?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таолонинг шериги, ўхшаши, тенгдоши, зидди ва қарши чиқувчиси йўқ ягона Зотдир, деб эътиқод қилмоғимиздир.

15) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг илмига бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таоло илм билан сифатланган, у ҳар бир нарсани билувчи, деб эътиқод қилмоғимиздир. У нарсаларнинг ҳаммасини – зоҳирини ҳам, ботинини ҳам билади; У қумларнинг зарраларининг сонини ҳам билади, ёмғир қатраларининг ададини ҳам билади, дарахтларнинг барглари сонини ҳам билади. Сирни ҳам, махфийни ҳам билади. Унга бирорта яширин нарса қолмайди. Унинг илми касбу-кор қилиб топилган эмас. Балки, нарсаларни улар мавжуд бўлмасдан илгариёқ азалдан билади.

16) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг қудратига бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қудрат билан сифатланган, У ҳар бир нарсага қодирдир, деб эътиқод қилмоғимиздир. Унинг олдида чумолини яратиш билан туяни ёки тоғни яратиш орасида фарқ йўқ, бир лаҳзанинг энг озгинасида ҳам еру осмонларни яратишга қудрати етади, бир лаҳзанинг энг озгинасида ҳам еру осмонларни йўқотиб юборишга қудрати етади.

17) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг иродасига бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таоло ирода билан сифатланган, У хоҳловчидир, деб эътиқод қилмоғимиздир. Бирор нарса унинг иродасисиз узилмайди. У нима нарсани хоҳласа, бўлади. У нима нарсани хоҳламаса, ўша нарсанинг бўлиши мумкин эмас.

18) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг эшитиши (самъ)га бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ эшитиш (самъ) билан сифатланган, У ҳар бир нарсани пинҳонини ҳам, ошкорасини ҳам эшитади, деб эътиқод қилмоғимиздир. Демак, У чумолининг мулойим тупроқ устидаги юришининг овозини ҳам эшитади. Лекин, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг эшитуви бизнинг эшитишимиз каби эмас! Чунки, бизнинг эшитувимиз қулоқ всоитаси биландир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг эшитиши эса бирор нарсанинг воситаси билан эмасдир.

19) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг кўруви (басар)га бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло кўриш (басар) билан сифатланган, У ҳар бир нарсани кўрувчидир, деб эътиқод қилмоғимиздир. У зулматли тунда қора чумолини ҳам, ҳатто ундан кичикроқ нарсани ҳам кўради. Ер устида, унинг остида, осмон тепасида ва унинг пастида бирор нарса унинг кўришидан яширин қолмайди. Лекин, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг кўриши бизнинг кўришимиз каби эмас! Чунки, бизнинг кўришимиз кўз ва қовоқ воситаси билан бўлади, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эса булардан пок – муназзаҳдир.

20) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг гапириши (калом)га бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У албатта Аллоҳ таоло гапириш (калом) сифати билан сифатланган, деб эътиқод қилмоғимиздир. Унинг гапириши бизнинг гапиришимизга ўхшамайди! Чунки, бизнинг каломимиз яратилгандир, шунингдек, оғиз, тил, икки лаб каби асбоблар воситаси биландир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг каломи эса асбоб воситаси билан эмас, у яратилган ҳам эмас.

21) САВОЛ: Менга маҳол бўлган сифатлар ҳақида, яъни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони улар билан тавсиф қилиб бўлмайдиган сифатлар ҳақида хабар бергин?

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло ҳаққида маҳол бўладиган сифатлар, яъни улар билан тавсифлаб бўлмайдиган сифатлар – улар: йўқлик (адам), пайдо бўлишлик (ҳудус), фонийлик (фано), пайдо бўлганларга ўхшашлик, Аллоҳнинг ўзидан бошқага муҳтож бўлиши, шеригининг мавжудлиги, ожизлик, ёқтирмаслик, яъни бирор нарсанинг унинг хоҳишисиз вужудга келиши, билмай қолишлик (жаҳолат), ўлим, карлик, кўрлик, сақовлик ва шунга ўхшашлар. Улар билан Аллоҳни сифатлаш маҳолдир. Чунки, булар нуқсон – камчилик сифатлар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эса фақатгина камол (мукаммаллик) сифатлар ила сифатланади.

22) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан унинг содир бўлиши жоиз бўладиган нарсалар ҳақида хабар бергин?

ЖАВОБ: Улар яратган нарсалари (мумкинот) устидан қиладиган феъллари ва уларни тарк қилишидир. Масалан, инсонни бой қилади ёки фақир қилади; улуғ қилади ёки хор қилади; соғлом қилади ёки касал қилади; жоҳил қилади ёки билимдон қилади ва шунга ўхшашлар.

23) САВОЛ: Азиз Китоб (Қуръон)да «ар-Раҳмону ъала Арши-ставо!» («Раҳмон Аршга «истиво» қилди») дейилган (Тоҳо, 5). Бу ерда «истиво»нинг маъноси нима?

ЖАВОБ: Бу ерда «истиво» истило ва мулк (эгаллаб олиш ва эга бўлиш) маъносидадир. Яъни, Раҳмон Аршни истило қилди ва унга молик бўлди. Чунки, у холиқ – яратувчидир. Зикрда бошқа нарсалар бўлса ҳам Аршни хослаб келтирганининг сабаби уларга ҳам молик бўлса ҳам, лекин Арш яратилган нарсаларнинг энг каттасидир. Бас, Аршга молик бўлган экан, демак, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бошқаларига батариқи авло молик бўлади. Бундаги мурод Раҳмон Аршга ўтиради, дегани эмас. Чунки, ўтириш жисмларнинг сифатларидандир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эса ундан муназзаҳ – покдир.

 24) САВОЛ: Китоби азизда Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун хитоб қилиниб, «Васбир ли-ҳукми роббика, фа-иннака би-аъйунино!» («Парвардигоринг ҳукмига сабр қил, бас, албатта сен бизнинг «аъйун»имиз олдидасан!») деган (Тур, 48). Бу ерда «аъйун»нинг маъноси нима?

ЖАВОБ: Албатта бу ерда «аъйун»нинг маъноси «ҳифз»дир. Яъни, «Бас, албатта сен бизнинг ҳифзу ҳимоямиздасан, сени кўриб турамиз, сени сақлаймиз, асраймиз!» дегани бўлади. «Аъйун»нинг маъноси бизнинг кўзларимиз каби эмас. Чунки, Аллоҳ бундан муназзаҳдир!

25) САВОЛ: Қуръони каримда: «Куллу ман ъалайҳа фонин ва йабқо важҳу роббика зу-л-жалоли ва-л-икром!» – («Ҳар бир жонда фонийлик бор, улуғлик ва икром соҳиби раббингнинг «важҳи»гина боқий қолур») дейилган (Раҳмон, 26-27). Бу ерда «важҳ»нинг маъноси нима?

ЖАВОБ: Албатта бу ерда «важҳ»нинг маъноси «муқаддас зот»дир. Яъни, «Аллоҳ таолонинг зотигина боқий қолур» деган маънода. У мутлақо беҳожатлик ва умумий фазл ила сиатланган Зотдир. Бу бизнинг юзларимиз каби Унинг ҳам юзи бор, деган маънода эмас. Зотан, Аллоҳ таоло бундан муназзаҳдир, яралмишларга хос бошқа аъзо ва бўлаклардан ҳам покдир. Унга ҳеч нарса ўхшамайди!

26) САВОЛ: «Истиво», «айн» ва «важҳ» каби мазкур бўлган ояти карималардаги сифатларни кимлар таъвил қилган?

ЖАВОБ: Кейинги давр уламолари уларни таъвил қилганлар. Араб луғатларидаги кўпгина киноя ва мажозларга мувофиқ уни олганлар. Бу борада Қуръонинг ўзида ҳам келтирилган. Олдинги давр уламолари эса халафларга ўхшаб «Аршга истиво», «айн» ва «важҳ» кабиларни Аллоҳ таолода собит сифатлар деб оладилар ва уларнинг маъносини билишни Аллоҳ таолога топширадилар. Қосир ақл яратилганларга ташбеҳ қилиб хаёлга келтирган нарсада поклаган ҳолда: «Аллоҳ таоло унинг маъносини ўзи билади», дейдилар. Аллоҳнинг ҳаққида ташбеҳ муаҳол бўлгани учундир. Демак, ўтганларнинг мазҳаби маҳкамдир, кейинги олимларнинг мазҳаби эса ташбеҳдан қўрқадиганлар учун саломатлироқдир.

ИККИНЧИ МАБҲАС

 Фаришталарга имон келтириш ҳақида. У тўртта масалани қамраб олган:

 1) САВОЛ: Фаришталар нима?

ЖАВОБ: Улар нурдан яратилган латиф жисмлардир. Емайдилар, ичмайдилар, уларни аёл ёки эркак деб ҳам айтилмайди. Улар мукаррам бандалар бўлиб, Аллоҳнинг буюрганларига осий бўлмайдилар, буюрилган нарсаларни қиладилар.

2) САВОЛ: Инсон фаришталарни кўрадими?

ЖАВОБ: Пайғамбарлардан бошқа инсонлар фаришталарни аслий суратларида кўрмайдилар. Чунки, улар латиф жисмлардир. Бу худди фазони тўлдириб турган жисм бўлишига қарамасдан латиф бўлмиш ҳавони кўрмаганлари кабидир. Агар улар қуюқ жисм суратига кирсалар, инсон каби бўлсалар, у ҳолда фаришталарни кўра олиш мумкин. Пайғамбарларнинг уларни аслий суратларида кўрганликлари диний масалалар ва шаръий ҳукмларни олишлари учун уларга хос қилинган хусусиятдир.

Кўз билан кўриб бўлмайдиган жисмларнинг орамизда мавжуд бўлиши ажабланарли эмас. Одатда зеҳнимиз уни тақдиқ қилади, шу билан шак-шубҳа бартараф бўлади. Зотан, қаршимизда тирик ва тирик бўлмаган қанчадан-қанча жисмлар мавжудки, уларни кўз идрок қила олмайди. Агар фаҳм-фаросат бўлмаса, уларни аниқ нарса ва таъсирли нарса эмас деб гумон қилаверамиз. Чунончи, айрим кўзлар шундай нарсаларни кўрадики, бошқа кўзлар уни идрок қила олмайди. Идрок қуввати ва заифлигида кўзларнинг ҳар хил бўлишининг ўзида ҳам ақл соҳиблари учун ибратлар бор.

3) САВОЛ: Фаришталарнинг сифатлари қандай?

ЖАВОБ: Улар Аллоҳ таолонинг аскарлари бўлиб, инсоният ожиз бўлган ишларга уларни тақдир қилиб яратгандир. Кўз очиб юмгунча бўлган тез вақтда узоқ масофаларни босиб ўтиш, тоғ ва шаҳарлар каби оғир нарсаларни кўтариш каби. Фаришталарни машаққат ушлаб қолмайди, дангасалик уларга ўтмайди. Уларнинг умумий сонини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди.

4) САВОЛ: Фаришталарнинг вазифалари нималардан иборат?

ЖАВОБ: Фаришталар орасида Аллоҳ таоло билан набий ва расуллари орасида Жаброил алайҳиссалом каби элчилик қиладиганлари бор. Азроил алайҳиссалом каби улар орасида руҳларни олишга вакил қилинганлари бор. Бандаларни сақлаб турадиган Ҳафаза фаришталари бор. Бандаларнинг яхши ва ёмон амалларини ёзиб турадиганлари бор. Жаннат ва унинг неъматларига вакил бўлганлари бор. Дўзах ва унинг азобларига вакил қилинганлари бор. Аршни кўтариб турадиган фаришталар бор. Бандаларнинг яхши ишлари ва фойдали амалларига қоим бўлганлари бор. Бачадонларда болани тасвирини қиладиганлари бор. Тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбирга ва бошқа анвоъи тоат-ибодатларга масъул бўлганлари бор.

УЧИНЧИ МАБҲАС

 Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг китобларига имон келтириш ҳақида. У тўққизта (нашрларга кўра саккизта) масалани ўзида қамраб олган:

 1) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг китобларига бўлган эътиқод қандай?

ЖАВОБ: Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарларига туширган (нозил қилган) китоблари бор деб эътиқод қиламан. Уларда амрини, наҳийсини, ваъдасини ваъидини баён қилган. Улар Аллоҳ таолонинг ҳақиқий каломидир, унда кайфиятсиз – қандайлик сифатисиз сўз ҳолида кўринади. Ушбу китоблардан ваҳий ҳолида нозил қилинганлари: Таврот, Инжил, Забур ва Қуръон.

2) САВОЛ: Таврот борасида бўлган эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Албатта Таврот Аллоҳ таолонинг китобларидан бир китобдир, деб эътиқод қиламан. Уни ўз Калими Мусо алайҳиссаломга туширган. Бунда шариат аҳкомларини баён қилинган, рози қилинган тўғри ақидалар баён этилган, у Бани Исмоилдан бир пайғамбарнинг чиқишини башорат қилган ҳолда бўлган. У бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. Бу ерда ишора қилинганки, ул зот янги шариатни келтирадилар, дор ас-салом (жаннат)га ҳидоят қиладилар. Бас, унинг таъзими ва эҳтироми вожиб бўлади.

3) САВОЛ: Аҳли китоблар қўлларида ҳозирда мавжуд Тавротлар ҳақида таниқли уламоларнинг эътиқодлари қандай?

ЖАВОБ: Улуғ олимларнинг эътиқодлари шуки, ҳозирда мавжуд Тавротлар ўзгартирилган. Унга далил бўладиган ҳужжат шуки, унда жаннат, дўзах, ўлгандан сўнг қайта тирилиш, маҳшаргоҳга тўпланиш, охиратдаги жазо ва мукофот кабилар тушуриб қолдирилган. Ҳолбуки, бу нарсалар илоҳий китобларда зикр қилинган энг муҳим масалалардир. Тавротнинг ўзгартирилганига яна бир далил шуки, унинг охирги бобида Мусо алайҳиссаломнинг вафотлари зикр қилинган. Ҳолбуки, мазкур китоб Мусо алайҳиссаломнинг ўзларига нозил қилинган-ку?!

4) САВОЛ: Забур китоби ҳақида эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Албатта Забур Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг китобларидан бири бўлиб, уни Довуд алайҳиссаломга нозил қилинган, деб эътиқод қиламан. У дуолар, зикрлар, мавъиза ва ҳикматлардан иборатдир. Унда шаръий ҳукмлар йўқ. Чунки, Довуд алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг шариатларига тобеъ бўлишга буюрилган эди. Бас, унинг таъзими ва эҳтироми вожибдир. Лекин, унинг саҳиҳ – тўғри нусхаси борлигини билмаймиз.

5) САВОЛ: Инжил борасида эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Албатта Инжил Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг китобларидан бири бўлиб, уни Исо алайҳиссаломга нозил қилинган, деб эътиқод қиламан. Унда ҳақиқатлар баён қилинган, халқни Холиқнинг тавҳидига даъват этилган. Тавротдаги айрим ҳукмлар тақозога кўра бунда ҳам зикр қилинган. Инжилда анбиёларнинг охиргиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зуҳур қилишларининг башорати берилган. Демак, ушбу китобни ҳам таъзим ва эҳтиром қилмоқ лозим. (Инжилдаги ҳукмлар мансух – бекор қилинган бўлиб, ушбу муқаддас китоб вақт ўтиши билан бир қанча ўзгартиришларга учраган).

6) САВОЛ: Ҳозирда кўп ишлатиладиган Инжил борасида таниқли уламоларнинг эътиқодлари қандай?

ЖАВОБ: Таниқли уламоларнинг эътиқодлари шуки, ҳозирда кўп истеъмол қилинадиган Инжилнинг тўрт хил нусхаси мавжуддир. Улардан бирида Исо алайҳиссалом умуман тилга олинмайди. Улар Матто, Мирқас, Луқа, Юҳанно Инжилларидир. Булардан ҳар бир Инжил кўпгина масалаларда бир-бирини инкор қилади. Насронийларда ушбу тўртта Инжилдан бошқа ҳам жуда кўплаб Инжиллар бўлган. Исо алайҳиссалом самога кўтарилиб кетганларидан сўнг икки юз йилдан кўпроқ вақт ичида ушбу тўртта Инжилдан бошқа Инжиллардан воз кечишга қарор қилинган, чунки уларда жуда кўплаб бир-бирига қарама-қарши фикрлар, ўзгартиришлар, бир-бирини инкор қилишлар учрайверган.

7) САВОЛ: Қуръон ҳақида эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Қуръон Аллоҳ таоло нозил қилган китоблари ичида энг шарафлиси деб эътиқод қиламан. Уни пайғамбарлари орасида энг шарофатлиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган. У нозил қилинган илоҳий китобларнинг энг охиргисидир. У ўзидан олдинги жами китобларни мансух (бекор) қилган. Унинг ҳукми қиёмат кунигача боқийдир. Унда ўзгариш, ўзгартириш содир бўлиши асло мумкин эмас. У Пайғамбар алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини билдирадиган энг катта мўъжизадир.

8) САВОЛ: Қуръони карим нима сабабдан мўъжизаларнинг энг каттаси ҳисобланади?

ЖАВОБ: Албатта Қуръон мўъжизаларнинг энг улуғидир, замонлар оша ақлий мўъжизаларга йўғрилган оятларни ҳар бир ақли бор одам тафаккур кўзи билан ҳамма вақт мушоҳада қилиши мумкин. Бошқа мўъжизалар эса вақт тугаши билан тўхтайди, у ҳақида хабардан бошқа нарса қолмайди. Унинг мўъжизалигининг яна бир жиҳати шундаки, унда балоғат ва фасоҳат инсоният иқтидоридан ташқаридаги чегарага етиб борди. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом арабларни унга чақирдилар. Араблар инсонларнинг тил жиҳатдан энг фасоҳатлиси, балоғат ва баёнда энг равшанроғи эдилар. У зотнинг даврида балоғат ва мунозара маданияти шундай ҳолатга етган эдики, ақллар ҳайратга, қалблар эса даҳшатга тушарди. Араблар орасида йигирма уч йил қолдилар, уларни Қуръони азим билан тортишувга чақирдилар, бу билан уларнинг қаршиликларига тўсиқ қўя билдилар, унга қарши чиқишга бўлган ҳимматлар қаршисига табиий бир нарсани кўндаланг қилдилар. У ҳам бўлса, уларга Қуръондаги бирорта сурага ўхшаш нарсани олиб келишни талаб қилдилар. Бу борада жами инсониятни ва барча жинларни ёрдамга ва маслаҳатга чақириш мумкинлигига ҳам рухсат этдилар. Уларни бу борада ожизлигини айтиб, бу ишни қила олишга қудрати етмаслигини таъкидлаб, ор-номусли ва асабий халқни қўзғаб ҳам турдилар. Шундай бўлса ҳам улар бундай қилишдан ожиз қолавердилар. Калом билан қарши бўлишга кучлари етмагандан сўнг қилич билан қаршилик кўрсатишга ўтдилар. Тил билан қарши чиқиш ўрнига пичоқ билан қарши чиқишни маъқул кўрдилар. Ўша даврдаги араблар бунга ожиз қолдилар, улардан кейингилар эса улардан ҳам кўра ожизроқдирлар.

Ҳозиргача бир минг уч юз йилдан ошдики, балоғат илмига моҳир инсон, хоҳ у мусулмон бўлсин, хоҳ номусулмон бўлсин Қуръонни башарнинг каломи эмаслигини тан олгандир. Қувват ва қудрат соҳибининг каломи эканини айтгандир. Уни Пайғамбарини тасдиқлаш ва унинг гапларини ҳақиқат эканлигини билдириш мақсадида нозил қилинган. Мана шу нарсанинг ўзиёқ унинг мўъжизакор эканлигини билдиради.

Қуръоннинг мўъжиза эканлигига бошқа ҳам далилларни кўрсатиш мумкин. Жумладан, унда ғойиб ишлар, келажак ҳақидаги ҳодисалардан хабарлар берилганки, улар хабар берилганидек содир бўлди. Иккинчидан, уни қанча эшитилса ҳам, ўқилса ҳам инсон малолланмайди. Учинчидан, унда арабларда ҳам, ажамларда ҳам мавжуд бўлмаган илмлар жамланган. Тўртинчидан, унда ўтмиш воқеалари, ўтган жамиятларнинг аҳволларидан хабарлар келтирилган. Ҳолбуки, Пайғамбар алайҳиссалом ёзишни ҳам, ўқишни ҳам билмайдиган уммий эдилар. Ваҳий сабаблигина ёзиш ва ўқишдан беҳожат бўлганлар.

Шундай қилиб, Қуръоннинг мўъжиза эканлигини қабул қилиш мақбул ишдир!

ТЎРТИНЧИ МАБҲАС

 Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассаломга имон келтириш ҳақида. У ўн саккизта (асли матнда ўн тўққизта) масалани ўзида қамраб олган:

 1) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Албатта Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари бор деб эътиқод қиламан. Уларни раҳмат ва фазл ўлароқ яхшилик қилувчига савобни башорат қилувчилар ва ёмонлик қилувчига азоб билан қўрқитувчилар қилиб юборган. Одамларга дин ва дунёсини обод қилиш йўлида муҳтож бўладиган нарсаларни баён қилиб бериш ҳамда уларни олий даражаларга етказишда фойда бериш учун ҳам юборган. Уларни очиқ аломатлар ва равшан мўъжизалар билан қувватлаган. Уларнинг аввалгиси Одам алайҳиссалом, охиргиси эса пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломдирлир.

2) САВОЛ: Пайғамбарнинг маъноси нима?

ЖАВОБ: Набий инсондир. Унга гарчи етказиш буюрилмаган бўлса-да шариат билан ваҳий қилинган бўлади. Агар шариатни етказиш ҳам буюрилган бўлса, расул дейилади. Демак, ҳар бир расул набийдир, лекин ҳар бир набий расул эмас.

3) САВОЛ: Пайғамбарларнинг адади қанча?

ЖАВОБ: Уларнинг ададалри аниқ билинмаган. Азиз Китоб (Қуръон)да номлари зикр қилинганлари йигирма беш нафардир. Улар Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Яъқуб, Исҳоқ, Юсуф, Айюб, Шуайб, Мусо, Ҳорун, Зулкифл, Довуд, Сулаймон, Илёс, Ал-Ясаъ, Юнус, Закариё, Яҳё, Ийсо, Муҳаммад – уларга солату саломлар бўлсин! Уларнинг номларини ёдлаш вожиб. Улар расуллар ҳамдир.

4) САВОЛ: Мўъжиза нима?

ЖАВОБ: Мўъжиза одатдан ташқари иш бўлиб, пайғамбарлик даъво қилган зотнинг қўлида ўз даъвосига мувофиқ тарзда инкор қилувчиларни ўшандоқ нарсани қилишдан ожиз қолдириш мақсадида кўрсатилади.

5) САВОЛ: Пайғамбарларнинг қўлларида мўъжиза кўрсатилишининг ҳикмати нима?

ЖАВОБ: Пайғамбарларнинг қўлларида мўъжиза кўрсатилишдаги ҳикмат бу уларнинг ўз даъволарида тўғрисўз эканликларига далилдир. Чунки, ҳар бир даъво далил билан исботланмаса, у эшитилмайди. Яна бу улар билан ёлғондан пайғамбарлик даъво қилувчи кимсанинг орасини ажратишдир. Мўъжиза Аллоҳ таолонинг: «Бандам ўз даъвосини тўғри айтди!», деган гапининг ўрнига ўтади.

6) САВОЛ: Мўъжизанинг пайғамбарлар тўғрисўзлигига далолат қилишининг сабаби нима? Улар Аллоҳ таолонинг: «Бандам тўғри гапирди!», деган гапининг ўрнига ўтишининг боиси не?

ЖАВОБ: Пайғамбарларнинг тўғрилигига мўъжизанинг далолат қилиш сабаби ушбу мисолдан равшан бўлади. Аллоҳ таоло мисоллардан олийдир. Агар бир одам катта жамоатга тадбиркор катта подшоҳнинг ҳузурида: «Эй, одамлар! Албатта мен ушбу подшоҳнинг сизларга юборилган элчисиман ва унинг ишончли одамиман. У мени сизларга ўз буйруқларини етказиш учун юборди. Мана ўзи менинг айтганларимни билиб, гапларимни эшитиб, мени кўриб турибди. Менинг тўғрилигимнинг далили шуки, мен ундан одатини ўзгартирмоқлигини, одатининг аксини қилмоқлигини, бу борада менга жавоб бермоқлигини сўрайман». Сўнг у подшоҳга қараб, «Агар мен даъвомда тўғри бўлсам, одатингизни ўзгартириб, туриб, уч марта буларга тўғри сўзлаётганимни айтинг!», дейди. Подшоҳ шу ишни қилади. Шунда одамларда ўша кимса ўз сўзларини тўғри айтаётгани борасида зарурий илм ҳосил бўлади. подшоҳнинг ўз одатини ўзгартириб, туриб гапиргани эса анавининг даъвоси тўғри экани ўрнига ўтади. Ҳеч кимда у подшоҳнинг элчиси эканига шубҳа қолмайди. Пайғамбарлар алайҳимуссалом ўзларини Аллоҳ таоло одамларга элчи қилиб юборганини даъво қилганлар. Аллоҳ таоло эса уларнинг даъволарини билувчи, уларни эшитувчи, уларга назар солувчидир. Агар одамлар башарнинг тоқати етмайдиган мўъжизаларни изҳор қилишни Аллоҳ таолодан талаб қилсалар, унга ўхшашини келтирадилар, Аллоҳ уларга ёрдам беради, шунга қодир қилади. Ана шу эса уларнинг қилганини тасдиқлаш бўлади. У эса сўз билан тасдиқлаш кабидир, балки ундан кўра яхшироқдир. Мўъжиза рисолат даъвоси тўғри эканлигини лозим тутади. Чунки, ҳикматли, қудратли, билгувчи Яратувчининг ёлғончилиги мумкин бўлмаган аниқ ишдир. Шунингдек, мўъжизалар уларнинг тўғрисўзликларига далолат қилиши билан бирга уларнинг сифатлари ва аҳволларининг ғоятда гўзал ва ниҳоятда мукаммал эканлигининг машҳурлигини ҳам кўрсатади.

7) САВОЛ: Мўъжиза билан сеҳрнинг нима фарқи бор?

ЖАВОБ: Сеҳр фикрнинг равшанлиги билан юзага келадиган одатдан ташқари иш бўлиб, унга қарши чиқиш мумкин бўлади. Чунки, у таниган-билган кимса учун сабабларга боғлик ишдир. Уларни келтирилса, шу сеҳр унинг қўлида пайдо бўлади. Ҳақиқатни олиб қараганда, ўша одатдан ташқари иш бўлиб чиқмайди. Сабабларини билмаган кимсанинг назарида у ғаройиб бўлиб кўринади. Мўъжиза эса ҳақиқатдан ҳам одатдан ташқари ишдир, унга қарши чиқиш мумкин бўлмайди. Сеҳргар пайғамбарлар қилганидек ишни қила олмайди. Ўликни тирилтириш, асони илонга айлантириш кабиларни қила олмайди. Шунинг учун ҳам Фиръавннинг сеҳргарлари Мусо алайҳиссаломга ҳассаси илонга айлангани ва ўзларининг асолари ва арқонларини ютиб юборгани ҳақиқат эканини билганлари учун имон келтирган эдилар. Чунки, уни сеҳр билан ҳосил қилиб бўлмасди-да. Сеҳрнинг асоси фасодни юзага чиқарадиган ёмонликка буюрувчи нафсдир. Мўъжизанинг асоси эса ислоҳ ва иршодни зоҳир қиладиган покиза нафсдир.

8) САВОЛ: Мўъжиза билан кароматнинг нима фарқи бор?

ЖАВОБ: Каромат валийнинг қўлида зоҳир бўладиган одатдан ташқари ишдир. У пайғамбарлик даъвосига яқин ҳам келмайди. Мўъжиза эса пайғамбарлик даъвоси билан юзага чиқади. Валий Аллоҳ таолони ва унинг сифатларини имкон қадар танувчи, тоатларга доимий, гуноҳ ва ёмонликлардан узоқ, лаззат ва шаҳватларга муккасидан кетишдан ўзини олиб қочувчи бўлади. кароматнинг унинг қўлида зоҳир бўлиши раббисидан икром, Унга мақбул ва қурбат ҳосил қилганига ишорадир. Каромат мана шу валий ҳам умматлари орасида бўлган пайғамбарнинг мўъжизаси кабидир. Чунки, валий то ўз расулининг рисолатига иқрор бўлмагунча, унинг буйруқларига бажони дил бўйсинмагунча валий бўла олмайди. Агар ўзи мустақиллигини даъво қилса, пайғамбарига бўйсинмаса, унинг қўлида каромат пайдо бўлмайди, у Раҳмоннинг валийси бўла олмайди. Балки у Раҳмоннинг душмани бўлади, шайтоннинг валийси бўлади. Бу борада Аллоҳ тоало Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилганида ишора қилган. У Аллоҳни яхши кўрамиз, деб ўйлайдиган тоифалар ҳақидаги оятдир: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”. Айтинг: “Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз!”. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон, 31-32).

9) САВОЛ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломларга нима вожиб бўлади?

ЖАВОБ: Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассаломга тўрт сифат бўлиши вожиб бўлади. Улар тўғрисўзлик (сидқ), ишончлилик (омонат), етказиш (таблиғ) ва сезгирлик (фаросат). Улар ҳаққида тўғрисўзликнинг маъноси уларнинг хабарлари воқеъликка ва ҳақиқатга мос келсин. Улардан хоҳ диний ишларга ва хоҳ дунёвий ишларга тааллуқли маълумотларда асло ёлғон содир бўлмайди. улар ҳаққида омонатнинг маъноси улар зоҳиридаю ботинларида рисолатни сақлагувчи бўлсин, зотан, Ҳақ рози бўлмаган нарсалардан Аллоҳ таоло уларни мусаффо қилгандир. Улар ҳаққида етказишнинг маъноси улар одамларга Аллоҳ таоло буюрган барча нарсаларни гўзал суратда баён қилиб беришларидир. Улар ана шулардан бирортасини қасддан ҳам, унутган ҳолда ҳам яшириб қолмайдилар. Сезгирликнинг маъноси улар халқининг сезгирликда, фаҳм-фаросатда ва маҳоратда энг комилларидир.

10) САВОЛ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломларга нималар маҳол бўлади?

ЖАВОБ: Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассаломга тўрт сифат бўлиши маҳол бўлади. Улар ёлғон (кизб), гуноҳ (исён), яшириш (китмон), бехабарлик (ғафлат). Шунингдек, гарчи гуноҳ бўлмаса ҳам одамлар наздида айб бўлиб саналадиган барча сифатлар уларда бўлиши мумкин эмас. Энг паст иш-ҳунарлар, насабнинг пастлиги кабилар. Яна пайғамбарликнинг ҳикматига тўғри келмайдиган карлик ва гунглик кабилар ҳам пайғамбарларда бўлиши мумкин эмас.

11) САВОЛ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломлар ҳаққида гуноҳ қилиш маҳол бўладиган бўлса, Одам алайҳиссалом ман қилинган дарахт (меваси)дан қандай қилиб еганлар?

ЖАВОБ: Одам алайҳиссалом ман қилинган дарахт мевасинидан еганлари унутиш сабабидан эди. Аллоҳ таоло: «Биз илгари Одам билан (жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) аҳдлашган эдик, у (аҳдни) унутди ва Биз унда (Одамда) қатъиятни кўрмадик», деган (Тоҳо, 115). Унутувчи осий эмас, тутилувчи ҳам эмас. Аллоҳ таолонинг: «…Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди. Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади» (Тоҳо, 121-122) деган оятида айтилган исённи унга нисбат қилганига келсак, мухолафатнинг сурати амрга тўла хабардор бўлмагани оқибатида унда юз берган унутиш сабабидан содир бўлган. Унутиш сабабидан бўлган мухолафат пайғамбарлар ҳақида исён деб ҳисобланмайди. У Одам алайҳиссаломнинг шарафи- мартабасига қараб у маъсият деб саналган. Даражаси улуғ инсондаги кичкина хатолик ҳам катта бўлиб кўринади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Одам алайҳиссаломни шунинг учун ушлагани ва бу дунёга туширгани, Одам алайҳиссаломнинг гуноҳни эътироф қилиши-ю, шафқат сўраши ва шунга истиғфор қилишга ошиққани унинг даражасининг олий қилиниши, савоби ва ажри улғайиши учун бўлган. Ана шундай нарсани бошқа пайғамбарларга ҳам гуноҳ ва маъсият деб нисбат қилинган. Бу гуноҳ ва маъсиятларнинг уларнинг мансабларига нисбатан, уларнинг тоатларининг камолига нисбатан айтилганидир. Бу бошқаларнинг гуноҳлари ва маъсиятлари каби эмас. Чунки, улардан содир бўлган бу хилдаги ишлар таъвил қилиш йўлига кўра ва ўйламасдан қилинган саҳв тариқасидадир. Уларнинг эътирофлари ва истиғфорлари эса Яратганга нисбатан маърифатлари зиёдалиги, вараъ ва тақволарининг кучлилигидандир. Бу билан уларнинг ажрлари ва қурбатлари зиёда бўлади, даража ва рутбалари олий қилинади.

12) САВОЛ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломларда нималар жоиз бўлади?

ЖАВОБ: Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассаломга олий мартабаларига нуқсон бўлмайдиган башарий эҳтиёжлар бўлиши жоиз бўлади. Еб-ичиш, очлик, чанқоқлик, иссиқ-совуқ таъсири, иситма, роҳатланиш, касал бўлиш, соғломлик, уйқу, ҳаммомда чўмилиш, шунингдек, тижорат қилиш, паст саналмайдиган бирорта касб-ҳунарни касб қилиш кабилар. Чунки, улар башардирлар, башарларда бўлган нарсалар уларда ҳам жоиз бўлади. Лекин, нуқсонга олиб келадиган, башариятнинг ўзи ор қиладиган нарсалар бўлмаслиги керак.

13) САВОЛ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломлар учун касалликлар ва аламлар бўлишининг ҳикмати нима?

ЖАВОБ: Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассалом учун улар одамларнинг яхшиси бўлсалар ҳам, айбу нуқсонлардан холи инсонлар бўлишига қарамай, касалликлар ва аламларнинг ёпишишининг ҳикмати уларнинг ажрлари катта бўлмоғи, Аллоҳ таолонинг тоатидаги саботлари ва сабрлари кўринмоғи учундир. Бу одамлар бало ва тушкунликлар юзланганида уларга қараб ўрнак олишлари учун ҳамдир. Токи одамлар дунё бир синов ва имтиҳон эканини, икром ва эҳсон ҳовлиси эмаслигини билсинлар. Шунингдек, ўз қўллари ила равшан мўъжизалар кўрсатган вақтларида улар борасида ҳеч ким уларни илоҳ экан деб давъо қилмасин. Булар бошқанинг эмас, айнан Аллоҳ таолонинг иродаси ва унинг яратиши билан бўлаётганини, пайғамбарларнинг қадри қанчалик улуғ, ишлари нақадар буюк бўлмасин, улар фойдани жалб қилмоқдан ва зарарни кўтармоқдан ожиз бандалар эканини одамлар билсинлар.

14) САВОЛ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломлар ҳақларида эътиқод қилишимиз вожиб бўладиган нарсаларнинг хулосаси нима?

ЖАВОБ: Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассаломлар барча гўзал сифатлар ила тавсифланган, деб эътиқод қиламиз. Улар зоҳирда ҳам, ботинда ҳам, гап-сўзда ҳам, амалларда ҳам барча ёмон ишлардан холидирлар. Уларда ҳам олий мартабаларига камчилик бўлиб ҳисобланмайдиган (еб-ичиш, ухлаш, касал бўлиш каби) инсоний хислатлар юзага чиқиши жоиз бўлади. Албатта Аллоҳ уларни оламларга танлаб олган, уларга ўз амрлари ва ҳукмларини етказиш учун элчи қилиб юборган. Пайғамбарлар асли бир бўлгани, ҳар хилликни ва ўзгариш қабул қилмайдиган эътиқодга тааллуқли бўлгани учун дин ишида (Худонинг яккаю ягоналиги, қайта тирилиш ҳақлиги, қиёмат бўлиши ростлиги каби ишларда) ихтилофга бормаганлар, балки, шариат ҳукмларининг айримларида улар шахобча бўлгани боис турли хиллик юзага келган. Ҳикматга боғлиқ бўлмиш амалга тааллуқли ишларда эса умматларнинг (одамларнинг) замон, макон ва табълари турлича бўлгани сабабли фарқли ҳолатлар пайдо бўлган.

15) САВОЛ: Бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом бошқа пайғамбарлардан қайси сифатлар билан ажралиб турадилар?

ЖАВОБ: Бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом бошқа пайғамбарлардан қуйидаги 3 (уч) та сифат билан ажралиб турадилар. Биринчиси, у зот барча пайғамбарлардан афзалдирлар. Иккинчиси, у зот барча инсониятга пайғамбар қилиб юборилгандир. Учинчиси, у зот пайғамбарларнинг охиргисидирлар, ундан кейин пайғамбар келмайди.

16) САВОЛ: Нима учун бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом пайғамбарларнинг энг охиргисидирлар?

ЖАВОБ: Шубҳасиз, бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом пайғамбарларнинг энг охиргиси бўлганлар. Чунки, пайғамбарларни юборишнинг ҳикмати халқни Ҳақнинг ибодатига даъват қилмоқ ҳамда дунёвий ва ухровий ишларда уларни тўғри йўлга йўлламоқдир. Яна одамларнинг кўзларидан ғоиб ишларни ва фикрларига етиб бормайдиган ҳолатларни уларга билдирмоқдир. Бу борадаги қатъий далилларни кўрсатиш, ботил шубҳаларни кетказишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг ёрқин шариатлари эса ушбу нарсаларнинг барчасини баён қилиб беришга уларнинг мукаммаллигини инсоннинг ақли тасаввур қила олмайдиган даражада кафолат беради. Ушбу ёрқин шариат барча умматларга, ҳамма замонлар, маконлар ва ҳолатларда мувофиқ келаверади. Ундан кейин бошқа бир пайғамбарга халқнинг эҳтиёжи тушмайди. Зотан, мукаммаллик энг юқори чегарасига эришгандир. Ана шу нарса эса у зотни жами халққа пайғамбар қилиб юборилиш сирини, у зотнинг ўзи хилқатда ҳам, хулқ-атворда ҳам энг мукаммал кимса эканини ошкор қилиб тураверади.

17) САВОЛ: Исо алайҳиссалом охирзамонда тушишларини эътиборга олсак, бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломни пайғамбарларнинг энг охиргиси, деб қандай айтиш мумкин?

ЖАВОБ: Албатта, Исо алайҳиссалом охирзамонда ерга тушадилар ва ўзларининг шариатлари билан эмас, балки, бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг шариатлари билан ҳукм юритадилар. Чунки, ҳикмат тақозосига кўра у зотнинг шариатларига амал қилиш лойиқ бўладиган вақт ўтиб кетгани сабабли бекор бўлиб бўлган. Шунинг учун у зот бу уммат орасида бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг шариатларини ижро қилиш мақсадидаги ўринбосар ва халифадирлар. Бу жиҳатдан олиб қаралганда, бизнинг пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом пайғамбарларнинг энг охирги экани таъкидланади.

18) САВОЛ: Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг мўъжизаларидан менга зикр қилиб бергин?

ЖАВОБ: Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг мўъжизалари жуда кўп. Мўъжизаларидан бири Қуръони каримдир. У мўъжизаларнинг энг улуғи, энг каттаси, энг қимматбаҳоси ва энг порлоғидир. Унинг мўъдизакорлиги сабаби ҳақида айтиб ўтилди. У пайғамбарларнинг энг охиргиси бўлиб келган зот учун ҳамиша боқий, доимий мўъжиза бўлиб ҳисобланади.

Яна мўъжизаларидан бири даъват асносидаги Ойнинг ёрилиш воқеасидир. Кофирлар у зотнинг кўплаб очиқдан-очиқ мўъжизаларини кўриб туриб ҳам уни сеҳргар деб ўйладилар. «Унинг сеҳри фақат ерга таъсир қилади, осмонга таъсир кўрсата олмайди», дедилар-да, у зот олдига келдилар. «Агар сен тўғрисўз бўлсанг, бизга Ойни иккига ёриб кўрсат!», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Агар шу ишни қилсам, имон келтирасизларми?», дедилар. Улар: «Ҳа!», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан улар сўраётган ишни қилиб беришни сўради. Шунда, Ой роппа-роса иккига бўлинди. Бир гуруҳ кофирлар: «Бу ҳам бир сеҳр», дедилар. Бир киши: «Агар у Ойни сеҳрлаган бўлса, унинг сеҳри барча одамларга ўтмайди. Шунинг учун, бошқа шаҳардан келадиган одамлардан суриштиринглар, улар ҳам Ойнинг ёрилганини кўришибдимикин?!», деб ўргатди. Бошқа шаҳардан келган одамлардан сўраб-суриштирдилар. Ҳақиқатдан улар ҳам буларнинг кўрганларини кўришган экан. Ана шу вақтда кофирлар саркашлик қилган ҳолларида: «Бу доимий сеҳр-ку!», дедилар. Яъни, «кучли ва ҳамиша бўладиган сеҳр», дедилар. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди: «Қиёмат яқинлашди. (Мана, илоҳий мўъжиза сифатида) Ой ҳам бўлинди. Агар улар (Қурайш кофирлари бирор мўъжиза кўрсалар) юз ўгирурлар ва “(Бу) давом этаётган сеҳр-ку!” дерлар» (Қамар, 1-2).

Мўъжизалардан яна бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бармоқлари орасидан сувнинг отилиб чиқишидир. Сафар вақтида саҳобаи киромларнинг чанқоқлиги ҳаддан ошиб кетган эди. Сув жуда ози қолганди. Сувга у зот кафтларини қўйдилар, сув кўпая бошлади. Ҳозир бўлганларнинг хоҳиш-истаклари раво бўлди, сув ортиб ҳам қолди. Бу воқеа бир неча марта содир бўлган.

Мўъжизалардан яна бири, озгина таомнинг кўпайишидир. Жуда кўп одамларга таом етган. Бу воқеа ҳам бир неча марта содир бўлган.

Мўъжизалардан яна бири, у зот хутбани минбарга чиқиб давом қилдиргани боис, аввалги хутба ўқийдиган жойлари – хурмо дарахтидан бўлган устун айрилиқдан овоз чиқариб инграганидир.

19) САВОЛ: Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари қандай бўлган?

ЖАВОБ: Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг сийратлари сийратлар ичида энг гўзали эканлигига мутлақ ижмоъ ва иттифоқ қилинган. Унинг гўзаллигига кофирлар ҳам иқрор бўлганлар. Қандай ҳам шундай бўлмасин?! У кундуз кундаги тиккага келган қуёш кабидир.

Сийрат олимлари зикр қилишларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам насаб жиҳатидан одамларнинг энг шарафлироғи ва ҳасаб жиҳатдан уларнинг энг аълосидирлар. Қариндошлари ила борди-келди қилардилар, ҳожатмандга ёрдам берардилар. Озорларга сабр-тоқати ва босиқлиги кўп эди, одатлари афв, кенгчилик, кечиримлилик, шафқат эди. Ҳақ таолонинг ҳаққи ёки одамларнинг ҳаққи бўлсагина интиқом олардилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг илоҳий сир-асрорларга тафаккури кўп бўлгани боис сукутлари кўп бўларди. Қачон гапирсалар, «жавомеъ ал-калим», яъни маънолари тўлиқ сўзлар ила бўларди. У ёрқин ҳикматлардан иборат кўп маъноли оз сўзлардир. У зот одамларнинг энг гўзал сўзловчи фасоҳатлиси эдилар. Айрим ҳолларда ҳазиллашиб турардилар. Ҳазилларида фақат ҳақиқатни гапирардилар. Барча ҳолатларда Аллоҳнинг исматини (Қуръон ҳукмларини) ушлаган эдилар. Ботил юзланган вақтда Аллоҳнинг исматини муқаддам тутардилар. Жами қўрқинчликларда ўз ҳолатларида сабот билан турардилар. Тавозеълари жуда кучли эди. Очиқ юзлилиги ҳеч бир инсонда бўлмаган бир ҳайбат билан бўларди, ҳатто саҳобаларидан бирортаси у зотнинг мукаррам юзларига узоқ тиклиб ўтира олмасди. Улар у зотнинг ҳузурларида худди бошларига қуш қўниб тургандек ғоятда одоб билан ўтирардилар. Ҳеч ким бир-бировининг гапини бўла олмасди, у зотнинг ҳузурларида бирорта айбу нуқсон эсланмасди.

Пайғамбар алайҳиссалом умр бўйи эснамаганлар, кекирмаганлар. Мушриклар у зотни кичиклигидан «Амин» («Ишончли») деган лақаб билан аташган. Пайғамбарлик даъво қилиб чиққанларидан кейин ҳам у зтга нисбатан адоватлари қанчалик кучли бўлишига ва таъна қилишга ўч бўлишларига қарамасдан бирорта арзигулик таъна, ёмонлашга бирорта йўл топа олмаганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом одамларга ҳикматни ва ҳукмларни ўргатардилар, уларни дор ас-салом – жаннатга чақирардилар. У зотга эргашган кимса илмий ва амалий фазилатларда камолга етади! Кимки у зотга эргашмаса, ор-номус ва эргашув йўлига кўра ҳам унга ана шу комил фазилатлардан нималардир оқиб ўтаверади.

Аллоҳ таоло у зотнинг динини бошқа динлардан кўра устун қилди. Замонлар ўтгунча у зотга мувофиқ бўлганлар ҳам, мухолиф бўлганлар ҳам у зотни гўзал тавсифлар ила сифатлайверадилар.

Кимки Пайғамбар алайҳиссаломнинг улуғ, равшан ахлоқларини қамраб олган сийрат китобларни мутолаа қилса, у зотни ботиний ва зоҳирий сифатларда оламларнинг энг шарафлиси эканини билиб олади.

БЕШИНЧИ МАБҲАС

 Охират кунига имон келтириш ҳақида. У йигирма битта (аслида йигирма) масалани ўзида қамраб олган:

 1) САВОЛ: Охират куни нима? Унга имон келтиришнинг маъноси нима?

ЖАВОБ: Охират куни – у қўрқинчли улуғ кундир. Унда ёш болалар қариб қоладилар. У кунда одамлар қабрларидан турадилар, ҳисоб учун бир майдонга тўпланадилар. Сўнгра уларнинг иши неъматга ёки азобга гирифтор қилинади. У борада имон келтирмоқ ва (қиёмат кунининг) келишини аниқ деб ҳамда Қуръонда ва ҳадисларда у ҳақида келтирилган жами нарсалар зоҳир бўлади, деб тасдиқламоқ лозим.

2) САВОЛ: Охират куни ва унга тааллуқли нарсалар ҳақида нима деб эътиқод қиласан?

ЖАВОБ: Аввало қабрда савол-жавоб бўлади, деб эътиқод қиламан. Сўнгра унда неъматланиш ёки азобланиш бор. Кейин эса жасадларнинг (қайта тирилиб) маҳшаргоҳда тўпланиши бор. Одамлар худди йўқдан бор бўлганидек қайта тириладилар. Сўнгра, ҳисоб-китоб, (амалларнинг тортилиши учун) тарози, сўнг номаи аъмолнинг ўнгдан ёки чап томондан берилиши, сўнг сирот кўприги, сўнгра мўъминлар неъмат уйи бўлмиш жаннатга киришлари ва кофирларнинг аламли азоб уйи бўлмиш жаҳаннамга киришлари бор.

3) САВОЛ: Қабрдаги савол-жавобга, сўнг ундаги неъматланиш ёки азобланишга эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Албатта маййит қабрга қўйилгандан кейин хитобни тушунадиган ва унга жавоб берадиган миқдорда унинг руҳи жасадига қайтарилади, деб эътиқод қиламан. Сўнгра, икки фаришта келади, ундан парвардигори, набийси, қайси динда бўлгани, Аллоҳ амр қилган фарзларни адо қилгани ҳақида сўрайдилар. Агар маййит имон келтирган ва яхши амаллар қилган бўлса, Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан икки фариштадан қўрқмасдан ва иккиланмасдан саволларга гўзал жавоблар беради. Аллоҳ унинг кўзини очади, унинг учун жаннатдан бир эшик ҳам очилади. Бас, улуғ неъматлардан баҳраманд бўлиб ётади. Унга: «Бу дунёда тўғри йўлда юрган кимсанинг мукофоти!», дейилади.

Агар маййит кофир ёки мунофиқ бўлса, даҳшатга тушади, жавобга нима дейишини билмайди. Шу вақтда икки фаришта уни жуда қаттиқ азоблайдилар. Унинг кўзи очилади, унга жаҳаннам эшикларидан бир эшик очиб қўйилади. Унга турли-туман азоблар ва аламлар бериб турилади. Икки фаришта унга: «Бу Эгасига кофир бўлган ва ўзининг нафс-у ҳавосига эргашган кимсанинг жазосидир!», дейдилар.

4) САВОЛ: Агар инсонни йиртқич ҳайвон еса, унинг қорнига тушган бўлса ёки денгизга ғарқ бўлиб, уни балиқлар еб қўйган бўлса, у савол-жавоб қилинадими ёки азоб ва неъмат тотадими?

ЖАВОБ: Ҳа, ҳар бир ўлган кимса савол-жавоб қилинади, сўнг азобга ёки неъматга гирифтор бўлади, албатта. Бу борада қабрда дафн қилинган ёки йиртқичнинг қорнига тушган ёки денгиз қаърига ғарқ бўлганнинг фарқи йўқ. Зотан, Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирдир, ҳар бир нарсани билувчи ва ҳар нарсадан хабардордир.

5) САВОЛ: Агар маййитга руҳи қайтариладиган, савол-жавоб қилинадиган, сўнг азоб ва неъматга гирифтор қилинадиган бўлса, нима учун одамлар бундан бирор нарсани кўрмайдилар?

ЖАВОБ: Албатта Аллоҳ таоло одамларнинг кўзларини бундан бекитиб қўйган. Чунки, бу улардан ғайбга имон келтирганларини ва шак-шубҳага тушиб имон келтирмаганларини ошкор қилиш учун бир имтиҳон – синовдир. Агар одамлар буни кўрсалар, ҳаммалари имон келтирган бўларди. Одамлар орасида фарқ қолмасди. Яхшини ёмондан, тозани ифлосдан ажратиб бўлмасди.

6) САВОЛ: Ушбу масалага зеҳнда мустаҳкам қарор топиши учун бирор бир мисол борми?

ЖАВОБ: Ҳа, бор. Бунинг мисоли ухлаётган кимсадир. У тушида кўп нарсаларни кўради, ундан қувонади, лаззат олади. Ёки уни хафа қиладиган нарсаларни кўради ва ундан алам тортади. Ёнбошида ўтирган (ёки ётган) кимса у мушоҳада қилган нарсаларнинг бировини ҳам билмайди, ҳатто уларни сезмайди. Шунга ўхшаш маййит ҳам қабрда савол-жавоб қилинади, неъматланади ёки аламлар тортади. Тириклардан ҳеч ким уни билмайди, англамайди.

Танбеҳ:

Айримлар мушкил савол ўртага ташлашган: қабр азоби ишида машҳур ва бу ҳақида келтирилган савол шуки, бир одам куйиб кетган ва шамоллар учириб кетган кул ҳолда қолган бўлса, унинг азоб бериладиган ёки неъматланадиган қабри ҳам йўқ. Бунга жавоб шуки, бу ерда қабр азоби ва неъматидан мурод барзах азоби ва неъматидир. Барзах эса кичик қиёмат бўлмиш ўлим ва катта қиёматнинг орасидаги ҳолатдир. У руҳнинг зотга боғлиқ ҳолати. У алам ва лаззатларни тотувчидир. Руҳ эса илоҳиётчи ҳакимлар ва тоифаларнинг барчасининг иттифоғига кўра абадий боқий қолувчи нарса. Азоб ёки неъматни қабрга боғлаб кўрсатилиши кўпчилик ўлган кимсалар қабрда бўлиши натижасидандир. Маййитга ҳаётнинг қайтарилишининг зикр этилиши унга қилинган хитобни тушунмоғи ва жавоб қайтармоғи миқдори тушунилади. Унга бирорта эътироз билдирувчининг гапи раддия бўла олмайди. Чунки, унда ҳаётнинг шуур қила оларлик қандайдир бир жиҳати бўлиши дунёдаги одатда кўриладиган ҳаёт тариқасида эмаслигини англатади. Албатта у беҳуш бўлиб қолган одамларнинг кўпчилигида ҳам кузатилади. Айримлар уни ўлган деб ҳисоблаганлар, бошқаларнинг эса дафн қилиб юборган ҳолатлари ҳам бўлган. Ҳолбуки, улар тирик эдилар, унга қараб турганлар эса уни тирик деб ҳисобламаганлари сабабли ҳеч ким унинг ҳаётлигини сезмадилар. Кимки руҳнинг сирларидан озроққина хабардор бўлса, унга барзах масалаларидан кўпроғини билиш осон бўлади. Китоби азизда барзахнинг азобига ишора қилувчи оятлар келтирилган. Аллоҳ жалла жалолуҳу Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми ҳақида бундай деган: “Улар ўз хато (гуноҳ)лари сабабли ғарқ қилиниб, (сув балосидан сўнг) оловга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдам берувчиларни топмадилар” (Нуҳ, 25). Мўътазилийлар орасида кенг тарқалган фикр шуки, улар қабр азобини инкор қиладилар. У ҳақиқатдан узоқ фикр. Чунки, улар бу борада қатъий келтирилган далиллардан воқиф бўлишмаган. Тўғри, улар келтирилган оят ва ҳадисларни ўзларича таъвил қиладилар. Фирқалар орасида иттифоқ қилинган таъвил борасидаги гап шуки, ақлга ва ҳис-туйғуларга тўғри келмайдиган нарса шариатда келтирилган эмас. Бунга зоҳирда мухолиф келадиган нарса келган экан, ақл шунга далолат қиладики, ундан зоҳирнинг акси муроддир. Ўз асрида мўътазилийларнинг имоми бўлган Аллома Маҳмуд аз-Замахшарийнинг «ал-Кашшоф» асарини мутолаа қилар эканмиз, кофирларнинг охиратда дўзахга киритилиш ҳақидаги оят тафсирида улар кейинчалик бўладиган, бўлишида ғаройиблик бўлмаган нарса борасида сўз юритилгани айтиб ўтилган. Ҳеч шак-шубҳасиз улар аввал бўлганидек бўлувчидир. Ёки ундан қабр азоби назарда тутилган. Кимки сувда ёки оловда ўлса ёхуд уни йиртқичлар ва қушлар еб кетса, қабрда етганидек  азоб унга ҳам етиши мумкин. айрим уламолар айтишига қараганда, буни тасдиқ қилмоқ бизга вожиб бўлади. Қандай бўлишини билиш эса вожиб бўлмайди. Балки уни Борий таоло ҳукмига ҳавола қилмоқ даркор.

7) САВОЛ: Жасадларнинг тўпланиши борасида эътиқод қандай? Халқ янгидан пайдо бўлгани каби қайта тириладиларми?

ЖАВОБ: У шундай бир эътиқодки, албатта одамлар ўлганларидан сўнг Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини худди аввалги шаклидагидек қайта тирилтиради. Улар қабрларидан турадилар ва битта жойга – мавқиф (маҳшаргоҳ) деб аталган маконга тўпланадилар.

8) САВОЛ: Ҳисоб-китобга эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Албатта Аллоҳ таоло одамларни маҳшарга жам қилгандан кейин ҳар бирини ҳисоб қилади, деб эътиқод қиламан. Уларни яхши-ю ёмон ишларига иқрор қилдиради. Инкор қилувчиларга эса аъзолари гувоҳлик беради. Ҳар бир одамнинг шармандачиликлари ошкор бўлади. уларнинг зарарига ҳужжатлар келтирилади. Бирорта узрли ҳужжат қолмайди. «Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала, 7-8).

9) САВОЛ: Тарозига ва нома-и аъмоллар берилишига эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Албатта Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло одамларни ҳисоб-китоб қилиб бўлганидан кейин, уларни ўз қилмишларига иқрор қилдирганидан сўнг, уларнинг амаллари тарозида тортилишига эътиқод қиламан. Бу ҳар бир кимсанинг амаллари миқдори маълум бўлиши учундир. Кимнинг яхшилиги ёмонлигидан устун келса, нома-и аъмоли ўнг тарафидан берилади ва у улуғ файз топади. Кимнинг ёмонлиги яхшилигидан кўра оғир келса, нома-и аъмоли чап томонидан берилади ва у очиқдан-очиқ хорлик топади.

11) САВОЛ: Одамларнинг ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинадими?

ЖАВОБ: Ҳа, пайғамбарлар, шаҳидлар ва сиддиқларга бошқа ҳамма одамлар ҳисоб-китоб қилинадилар.

12) САВОЛ: Сиротга эътиқодинг қандай?

ЖАВОБ: Сирот одамлар ўтиши учун жаҳаннам устига қурилган кўприкдир. Итоаткор мўъминларнинг қадамлари унда сабот билан туради ва жаннатга томон ўтиб кетадилар. Улардан айримлари яшин каби (тез) ўтиб кетади. Айримлар эса югирик от каби ўтади. Айримлар эса унинг устидан қадам босиб юрган каби ўтади. Кофирларнинг қадамлари ва мўъминларнинг осийларининг қадамлари сиротда тойиб кетади ва дўзах қаърига тушадилар. Бахтли кимсаларга ушбу ўтишнинг ҳавода қушлар учгани каби осон қилиниши ажабланарли эмас.

13) САВОЛ: Ушбу кунда бирор кимса шафоат қиладими?

ЖАВОБ: Пайғамбарлар, авлиёлар, амал қилувчи уламолар ва шаҳидлар шафоат қиладилар.

14) САВОЛ: Шафоат қилишга изн берилган кимса кимни шафоат қилади?

ЖАВОБ: Гуноҳкор мўъминларнинг баъзисини шафоат қиладилар.

15) САВОЛ: Кофирлардан бирортаси шафоат қилинадими?

ЖАВОБ: Бошқалар бу ёқда турсин, пайғамбарлар ҳам Аллоҳ таолога бирорта кофирни кечиришни сўрашга қодир бўла олмайди. Улар азоб калимаси буларга мустаҳиқ бўлганини биладилар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларга бу борада изн бермаган. Аллоҳ жалла шаънуҳу бундай деган: «Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?!» (Бақара, 255). Яна Аллоҳ бундай деган: «У кунда шафоат (оқлов) фақат Раҳмон изн берган ва сўзидан У рози бўлган кишидан бошқага фойда бермас» (Тоҳо, 109). Аллоҳ таоло куфрга рози бўлмайди!

16) САВОЛ: Кавсар нима? Уни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломга аъто қилганми? Бу борада Аллоҳ азза исмуҳу: «Албатта биз сенга кавсарни ато қилдик!» (Кавсар, 1) деган-ку!

ЖАВОБ: Кавсар жаннатдаги дарёнинг номи. Унинг суви сутдан оқ, асалдан шириндир. Ким унинг сувидан бир қултум ичса, ундан сўнг абадий чанқамайди.

17) САВОЛ: Ҳисоб-китобдан сўнг итоаткор мўъминнинг ҳукми нима бўлади?

ЖАВОБ: Ҳисоб-китобдан кейин тоат қилувчининг ҳукми покиза неъматлари абадий бўлган жаннатга доимий бўлиб киришдир.

18) САВОЛ: Ҳисоб-китобдан сўнг кофирнинг ёки мунофиқнинг ҳукми нима бўлади?

ЖАВОБ: Ҳисоб-китобдан кейин кофир ёки мунофиқнинг ҳукми алам ва азобларига путур етмайдиган дўзахга абадулабад доимий бўлиб киришдир.

19) САВОЛ: Ҳисоб-китобдан сўнг осий гуноҳкор мўъминнинг ҳукми нима бўлади?

ЖАВОБ: Ҳисоб-китобдан кейин осий гуноҳкор мўъминнинг ҳукми агар Аллоҳ уни мағфират қилса, аввалбошданоқ уни абадий-доимий жаннатга киритмоғидир. Агар уни мағфират қилмаса, гуноҳи миқдори дўзахда бир муддат азоб бермоғидир. Сўнг (гуноҳкор мўъмин) дўзахдан чиқиб, доимий бўлиб қоладиган жаннатга киради.

20) САВОЛ: Жаннат нима?

ЖАВОБ: У қарор топадиган ва неъматланадиган жойдир. У нафслар хоҳлайдиган, кўзлар лаззатланадиган неъматлари бор жойдир. У кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг қалбидан ҳам ўтмаган неъматлари бор жойдир.

21) САВОЛ: Жаҳаннам нима?

ЖАВОБ: У ким тушса, унга азоб берадиган жойдир. У зеҳнларга ҳам келмайдиган азоб-аламларнинг ҳамма турлари мавжуд бўлган жойдир.

ОЛТИНЧИ МАБҲАС

 Қазо ва қадарга имон келтириш ҳақида. У саккизта (аслида еттита) масалани ўзида қамраб олган:

 1) САВОЛ: Қазо ва қадарга эътиқод қандай?

ЖАВОБ: У – бандаларнинг жами феъллари хоҳ туриб-ўтириш, еб-ичиш каби ихтиёрий бўлсин, хоҳ йиқилиб тушиш каби изтирорий (мажбурий) бўлсин, хоҳ намоз, рўза, садақа каби хайрли бўлсин, хоҳ ароқ ичиш, одамларга зарар етказиш каби ёмон ишлар бўлсин, буларнинг ҳаммаси – Аллоҳ таолонинг иродаси, ўша содир бўлишидан илгари азалдан белгилаб қўйган тақдири билан амалга ошади.

2) САВОЛ: Агар Аллоҳ таоло банданинг жами феълларининг яратувчиси бўлса, у ҳолда банда жами ишларида мажбур бўлиб қолмайдими? Мажбурий (изтирорий) қилинган ишга эса савоб ҳам, азоб ҳам берилмаслиги керак.

ЖАВОБ: Йўқ, ундай эмас! Банда мажбур бўлиб қолмайди. Чунки, унда жузъий ирода мавжуд. Уни ўзи хайрли ёки ёмон ишлар тарафига сарф қила олади. Бу икковининг орасини ажрата биладиган ақл ҳам унда бор. Демак, агар у ўз иродасини хайр тарафга йўналтирса, бу иш унинг хоҳиши ила амалга ошганини билдиради ва уни ўз қўли ила бажаргани учун савоб олади. Жузъий ирода ана шунга боғлиқ. Агар у ўз иродасини ёмонлик томонга сарф қилса, бу иш содир бўлаверади ва унга ўз қўли билан бажаргани учун азоб берилади. Унинг жузъий иродаси ана шу ёмонликка боғланган бўлади.

3) САВОЛ: Банда ўз қилмишларига мажбур қилинмаганлигига зеҳнимда қоладиган бир мисолни менга эслатгин?

ЖАВОБ: Ҳар бир инсон ўзининг барча ишларида мажбур эмаслигини билиши мумкин. Масалан, бунинг учун ёзиш вақтида қўлини қимирлатиши билан қалтироқ тутганидаги қўлининг ҳаракатланиши орасини фарқлай олса бўлди. Чунки, ёзиш вақтида қўлини қимирлатиши унга нисбат қилинади. Унинг ўзи ҳам: «Ўз ихтиёрим ва хоҳишим билан ёздим!», дейди. Аммо тутқаноқ вақтидаги қўл қалтираши эса унга нисбат қилинмайди. «Мен қўлимни қимирлатдим», демайди, балки «Бу нарса менинг ихтиёримсиз содир бўлди», дейди.

4) САВОЛ: Бу айтилган мисолдан нима фойда олинади?

ЖАВОБ: Ундан шу фойда  олинадики, ҳар бир инсон озгина мулоҳаза билан унинг феъллари икки қисм эканини тушунади. Биринчи қисм, унинг ихтиёри ва хоҳиши билан бўлар экан. Масалан, еб-ичиши, Зайдни уриши ва шунга ўхшашлар. Иккинчи қисм эса йиқилиб тушгани каби ўз ихтиёрисиз бўлар экан.

5) САВОЛ: Агар ихтиёрий бўладиган бўлса, банданинг феълларига нима нарса қилинади?

ЖАВОБ: Банданинг ихтиёрий феъллари яхши бўладиган бўлса, унга савоб берилади. Агар ёмон бўладиган бўлса, унга азоб берилади. Аммо изтирорий (мажбурий) феълларига ҳеч нарса берилмайди.

6) САВОЛ: Агар бир инсон бошқа бировни зулм ва душманлик қилиб урса ёки шунга ўхшаш ёмонлик ва гуноҳларни қилса, сўнгра шу қилмишини тақдирдан экан деб узр айтса, ундан ушбу узрхоҳлиги қабул қилинадими?

ЖАВОБ: Банданинг тақдирдан деб узр айтиши Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг олдида ҳам, бандалар олдида ҳам асло қабул қилинмайди. Бу жузъий ирода, қудрат, ихтиёр ва ақл бор бўлгани сабаблидир.

7) САВОЛ: Бу мавзунинг хулосасини зикр қилгин?

ЖАВОБ: Ҳар бир ақли-ҳуши жойида бўлган ва балоғатга етган инсонга ўзининг жами феъллари, гап-сўзлари, хоҳ у яхши-ёмон бўлсин барча ҳаракатлари Аллоҳнинг иродаси, тақдири ва илми билан юз беришига жазм қилиб эътиқод қилмоғи вожиб бўлади. Лекин, яхшиликлар Аллоҳнинг ризоси билан, ёмонликлар эса Аллоҳнинг ризосисиз амалга ошади. Банда учун ўзининг ихтиёрий феълларида жузъий ихтиёр мавжуд. У яхшиликка савоб олади, ёмонликка эса азобланади. Унга ёмон иши учун узр мавжуд эмас. Албатта Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилувчи эмасдир!

ХОТИМА

Ўтган мавзуларга илова қилинадиган, салафи солиҳлардан нақл қилинган муҳим масалалар ҳақидадир. У ўн тўққизта масалани қамраб олган:

 1) САВОЛ: Аллоҳ таолонинг зоти борасида ақл билан гапириш жоизми?

ЖАВОБ: Аллоҳ таолонинг зоти борасида ақл билан гапириш жоиз бўлмайди. Чунки, яралмишларнинг ақли Яратган субҳонаҳу ва таолонинг зотини идрок қилишдан қосирдир. Хуллас, Аллоҳ тўғрисида хотирангга нимаики келмасин, у бунинг аксидир.

2) САВОЛ: Агар ақл Аллоҳ таолонинг зотини идрок қила олмайдиган бўлса, Аллоҳ таолонинг маърифатига қандай етиш мумкин? Ҳолбуки, Аллоҳни таниш ҳар бир одамга вожибдир.

ЖАВОБ: Аллоҳ таолонинг маърифати унинг сифатларини таниш билан ҳосил бўлади. Улар вужуд (борлик), қидам (қадимийлик), бақо (доимийлик), яратилган нарсаларга ўхшамаслик, ўзича тура олишлик (туғилмаганлик), яккаю ягоналик, тириклик, илм, қудрат, ирода, эшитиш, кўриш, гапириш каби сифатлардир.

3) САВОЛ: Аллоҳ таолони нима нарса билан таниймиз? Ҳолбуки уни биз кўзларимиз билан кўра олмаймиз.

ЖАВОБ: Аллоҳ таолонинг борлигини ва сифатлари боқийлигини бу яралмиш нарсалардаги қудратининг асарларини кўриниб тургани билан таниймиз. У ақлларни ҳайратга солгудек тезда ишонарли яралмишлардир. Улар орасида осмонлар ва ундаги борлиқ – қуёш, ой, юлдуз; ер ва ундаги борлиқ – маъданлар, дарахтлар, ҳайвонлар ва турли-туман тирик мавжудотлар кабилар бор. Инсон эса энг гўзал шаклда яратилган. Кучли ақл билан ажралиб турувчи фазилат ва ҳар хил камолот билан тавсифланган. Худди, бу бирорта иморатни мушоҳада қилган кимса унинг бинокорини қандайлигини таниб олгандек, бирорта китобни кўздан кечирган кимса унинг ёзувчисини уни кўрмаган бўлса ҳам, у ҳақида аввал эшитмаган бўлса ҳам билиб олгандек. Худди шунингдек, бу оламнинг мустаҳкам, гўзал, мутаносиб эканини кўрган кимса, унинг вужудга келтирувчисини, вужудга келтирувчининг қадимлигини, олимлигини, хоҳиш-истаги ўзида эканини, қодирлигини, ҳикматли зот эканини билиб олади.

4) САВОЛ: Яралмишлар орасида бу мисолнинг ўхшаши борми? Яъни, яратилганлар орасида уни биз кўрмасак ҳам борлигига аниқ ишончимиз бўлган бирорта нарса топиладими?

ЖАВОБ: Ҳа, топилади. Бунинг мисоли руҳдир. Албатта биз гарчи унинг ўзини кўзимиз билан кўриб мушоҳада қилмаган бўлсак ҳам, борлигига ҳукм қиламиз. Уни кўзимиз билан кўрмаган, ҳақиқатига фикрларимиз билан идрок қилолмаган бўлсак-да, лекин унинг борлигининг аломатларини кўрганмиз. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳам худди шундайдир. Уни кўзларимиз билан кўрмаймиз, зотининг ҳақиқатини фикрларимиз билан идрок қила олмаймиз, лекин зотининг борлиги ва камол сифатлар ила сифатланганига аниқ ишонаверамиз. Чунки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳол тили билан гувоҳлик қилиб турувчи гўзал санъатининг аломатларини кўрганмиз.

5) САВОЛ: Руҳнинг ҳақиқати борасида чуқур кетиш ва унинг моҳияти борасида баҳс қилиш жоиз бўладими?

ЖАВОБ: Бу жоиз бўлмайди. Чунки, ақл унинг ҳақиқатини идрок қилишдан қосирдир. Ундан баҳс қилиш эса вақтни зойеъ қилмоқдир. Бу инсоннинг ақли ноқислигига энг катта далил. Чунки, у ўзининг руҳининг ҳақиқатини топа олмайди. Ҳолбуки, руҳ ҳам бир яратилган ва ундан ташқаридаги нарса. Демак, ўхшаши бўлмаган Яратувчининг ҳақиқатини идрок қилишдан умид узмоқ керак.

6) САВОЛ: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони кўз билан кўриш мумкинми?

ЖАВОБ: Аллоҳ таолони кўз билан кўриш ақлан олганда мумкиндир. Нақлга кўра, у ҳолат мўъминлар учун жаннатда юз беради. Зотан, Аллоҳ таоло мавжуддир. Ҳар бир мавжудни кўриш мумкин. Аллоҳ таоло айтган: “У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир” (Қиёмат, 22-23). Демак, қиёмат кунида қандайликсиз кўз билан Аллоҳни кўрадилар. Кофирлар эса кўришдан тўсилурлар. Бу ҳам уларга ҳасрат ва надоматни зиёда қилади.

7) САВОЛ: Кўз тегиши ҳақми?

ЖАВОБ: Ҳа, ҳақдир. Чунки, айрим жонларнинг хусусияти шуки, агар бирор нарсага чиройли ва таажжубли назар билан қараса, қаралганга кўз тегиб, зарар етиб қолади. Лекин, бу хилдаги жонлар жуда оз. Инсон ўз фикрини бунга чалғитмаслиги керак. Кўпчилик ўзига етган мусибатни кўз тегишига ёки сеҳр-жодуга боғлайди. Хотинлар кўпроқ шундай қилади. Буниси эса нодонлик ва енгилтакликдир.

8) САВОЛ: Кўз инсоннинг энг латиф аъзоси бўлиши билан бирга у қандай қилиб ёмон таъсир қилади? Қаралган нарсага кўзнинг ўзи етиб бормайди-ку, ундан бирор нарса ажралиб чиқиб ҳам етмайди-ку!

ЖАВОБ: Латиф бир нарсанинг кучли таъсирга эга бўлиши ажабланарли эмас. Таъсир қилишда эса ажралиш шарт қилинмайди. Биз одамлар орасида ҳайбатли ва иқтидорли одамларни кўрамиз. Қачон у бирор кимсага ғазаб билан қарайдиган бўлса, қаралган кимса даҳшатга тушиб, қалтираб қолади. Ҳатто ўлгудек ҳолатга тушади. Зоҳирда эса унга бирорта зуғум қилмади, таъсир қилувчи билан таъсир қилинган орасида етишув ҳам, ушлаш ҳам бўлмади. Магнит ҳам темирни тортади, ҳолбуки, улар орасида бир-бировга тегиб туриш ҳам, ундан бирор нарсанинг чиқиши ҳам кузатилмайди. Таъсири эса содир бўлаверади. Латиф жисмларнинг каттакон жисмларга нисбатан таъсири каттароқ бўлади. зотан, жисмлардаги ҳаракат ирода ва ният билан содир бўлади. Икки кўзда содир бўлган иш эса маънавий ишлардан ҳисобланади. Демак, бу ерда кўзнинг латиф бўлишига, етиб бормаганлигига ва ундан бирор нарса ажралиб чиқмаганига қарамасдан қаралган нарсага таъсир қилиши ажабланарли эмас.

9) САВОЛ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан кейин жами умматлар ичида энг афзали қайси?

ЖАВОБ: Пайғамбарлардан кейин жами умматлар ичида энг афзали бу уммати муҳаммадиядир. Уларнинг орасида энг афзали эса саҳобаи киромлардир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлганлар, у зотга ишонганлар, унга нозил қилинган Нурга (Қуръонга) эргашганлар. Саҳобаларнинг энг афзали эса тўрт нафар халифадирлар. (Улар тартиби билан: Абу Бакр ас-Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳум ажмаъин).

10) САВОЛ: Исро ва меърож нима?

ЖАВОБ: Исро – Пайғамбар алайҳиссаломнинг Макка шаҳридаги масжиддан Қуддусдаги Ақсо масжидига кечаси қилган сайрларидир. Бу Қуръони карим оятлари билан маълумдир. Меърож – у зотнинг ана шу кечада Ақсо масжидидан осмонларга кўтарилганлари ва Мала-и аъло билан учрашувларидир. Бу самодаги (фаришталар) учун шараф ва у зот учун икромдир. Меърож воқеаси саҳиҳ ҳадислар билан маълум бўлган. Бу тўғрисўз зотнинг хабар бергани сабабли мумкин ишдир, уни зоҳири билан тушунуш вожиб бўлади. Ҳавода қуш каби учушлари, ҳаракати сабабли юлдузларнинг узилиб қолиши, одамлар юз йилларда босиб ўта олмайдиган масофани бир дақиқада босиб ўтишлари ажабланарли иш эмас. Аллоҳ таоло одамлар орасидан ўзи танлаган Ҳабибини бир соатда самоларга кўтарган. У ҳар нарсага қодир ва ҳар нарсадан хабардор зотдир!

11) САВОЛ: Дуо уни қилувчига ёки дуо қилинган кимсага фойда берадими? Тирикнинг садақасининг савобини ўлган кимсага бағишласа, унга етиб борадими?

ЖАВОБ: Албатта садақа марғуб ишдир. Аллоҳ таолога қилинадиган дуо ва тазарру матлуб амалдир. Аллоҳ таоло наздида бу иккови тирикка ҳам, ўликка ҳам фойда берувчидир.

12) САВОЛ: Жаннат неъматлари руҳонийми ёки жисмонийми? Шунингдек, дўзах азоблари қандай бўлади? Бу иккови доимий бўладими ёки кесилиб тўхтайдими?

ЖАВОБ: Албатта жаннат руҳоний ва жисмоний неъматларни ўз ичига олади. Тасбеҳ, ибодат, Аллоҳ таолони кўриш, унинг бандаларидан рози бўлганини эълон қилиши кабилар руҳоний неъматлардир. Еб-ичиш ва никоҳ каби жисмнинг лаззатланиши жисмоний неъматдир. Дўзах ҳам жисмоний ва руҳоний азобларни ўз ичига олади. Неъматлар ҳам, азоблар ҳам жаннат ва дўзахда доимий бўлади, ҳеч қачон тўхтатилмайди, кесилмайди. Уларга кирганлар ҳам абадий қолади. Жаннат ва дўзах ҳозирда мавжуддир.

13) САВОЛ: Валий – авлиё одам пайғамбар даражасига ета оладими? Валий кимса таклифлар, яъни шаръий амаллар соқит қилинадиган ҳолатга етадими?

ЖАВОБ: Валий пайғамбарлардан бирортасининг даражасига асло ета олмайди. Валий ақл-ҳуши жойида, балоғатга етган кимса бўлса, амр ва наҳийлар соқит бўладиган ҳамда хоҳлаган иши мубоҳ бўладиган ҳолатга етмайди. Ким шундай ўйласа, кофир бўлади. Шунингдек, кимки шариатнинг зоҳирига тескари ботиний томонлари ҳам бор, деб ўйлайдиган бўлса, кофир бўлади. Улар ботиний томонини шариатнинг ҳақиқий мақсади, деб қатъий далилларни таъвил қиладилар ва зоҳиридан бошқа маъноларга буриб талқин қиладилар. Чунончи, фаришталардан мурод ақлий қувватлар, шайтонлардан мақсад эса хаёлий кучлар деб гумон қиладилар.

14) САВОЛ: Мужтаҳидлар кимлар? Ўзларига эргашганларга фикрларини ўтказа билган мужтаҳидлар кимлар?

ЖАВОБ: Мужтаҳид – шариат қоидаларининг улуғларини ва бажарилиши керак бўлган далиллари тўла эгаллаган, шариатнинг мақсадларини тушунишга ўзида бор қувватини ишга соладиган зотлардир. Мужтаҳидлар жуда кўп. Бироқ, ўзларига эргашганларга фикрларини ўтказа билган мужтаҳидлар тўрт нафардирлар. Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал. Аллоҳ улардан рози бўлсин! Уламолар ушбу тўрт нафар зотга тақлид қилишни – эргашишни ихтиёр қилганлар. Улардан бошқалар эса ижтиҳод даражасига уларчалик ета олмаганлар. Улар ушбу иш учун ўзларини тамоман бағишлаганлари сабабли кўпгина масалаларни истинбот қилиб ишлаб чиққанлар, ҳатто ҳукмлари баён қилинмаган масалалар бўйича ҳам ўзларининг нодир фикрларини айтиб кетганлар. Бизгача уларнинг мазҳаблари тавотур даражасида (мутавотир – жуда кўпчиликнинг ёлғонга чиқариб бўлмайдиган хабарлари орқали) етиб келган. Улардан муайян бир мазҳаббошига эргашмоқ лозим бўлади. Фақат зарурат вақтидагина бошқа мазҳабга ўтиб туриш мумкин. Акс ҳолда, тўғри йўлдан чиқиш ва ёлғондакам ўйин бўлиб қолади.

15) САВОЛ: Нима учун мужтаҳидлар айрим масалаларда ихтилоф қилганлар?

ЖАВОБ: Мужтаҳидлар диннинг асослари (эътиқодий масалалар) борасида ва асосий фуруъ (фиқҳий масалалар)да асло ихтилоф қилмаганлар. Чунки, улар қатъий далиллар билан собит бўлган. Айрим жузъий масалалардагина улар ҳар хил фикрга келганлар, холос. Бу ҳам ана шу масалаларда қатъий далил бўлмагани учун содир бўлган. Чунки, жузъий масалаларни чеклаб бўлмайди, булар борасида ҳар хил фикр билдириш осон. Мужтаҳидларнинг барчалари уларнинг ҳукмларини китобдан (Қуръондан) ва суннатдан (ҳадислардан) зоҳирига қараб ишлаб чиқишга бор имкониятларини сарф қилганлар. Қайси бирлари тўғри топса, унга икки савоб берилади. Хато қилган мужтаҳидга эса бор имконияти билан тўғри масалани топишга ҳаракат қилгани учун бир савоб бўлади. Имомларнинг бу хилдаги ихтилофи уммат учун раҳматдир. Зотан, улар қўшимча ишлардаги ихтилофдир. Булардаги ихтилоф эса одамларга осонликни жалб қилади, уларнинг ҳаражга ва қийинчиликка тушиб қолишининг олдини олади. Инсон мажбур бўлиб қолганда, улардан осонроғига амал қилаверади ёки муносиброғига, қулай ва зоҳирроғига амал қилади.

16) САВОЛ: Қиёмат аломатлари нима?

ЖАВОБ: Қиёмат аломатлари, яъни унинг бўлишига яқин қолганига далолат қилувчи аломатлар кўп. Улардан айримлари қуйидагилар:

Биринчиси, дажжол. У енгилтаклиги учун диндан чиққан, илмдан юз ўгиргар кўзи ғилай кимсадир. У худоликни даъво қилади. Айрим ажойиб ва ғаройиб ишларни кўрсатади. Имони ва ишончи заиф кимсалар унга эргашиб кетишади.

Иккинчиси, ер жонивори (доббат ал-арз) чиқиши. У одамларга ўзича таълим беради. Кимки мўъмин бўлса, у мўъмин эканини билдирадиган белги қўяди. Кимки кофир бўлса, у кофир эканини танитадиган аломат қўяди. Одамлар билан уларнинг ҳолатларига қараб сўзлашади.

Учинчиси, кунлардан бир кун қуёшнинг ўз ботиш томонидан чиқиши. Шундан сўнг тавба эшиклари ёпилади, ҳеч кимдан тавбаси қабул қилинмайди.

Тўртинчиси, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши.  Улар одам наслидан бўлиб, узоқ ўтмишда ерда бузғунчиликни кўпайтирганлар. Зулқарнайн уларнинг ҳудудига етганда, қўшнилари уларнинг қўлидан шикоят ва уларнинг ҳолатларидан дод-фарёд қилганлар. Икки тоғ орасидаги тор дарага етиб келганларида, унга жуда темирдан баланд девор тўғон қурганлар. Унинг устидан эриган қўрғошин қуйганлар. Жуда маҳкам, тешиб бўлмайдиган, ошиб ўта олмайдиган тўғон пайдо бўлган. Уларнинг чиқиш муддати етиб келганда, тўғон бирорта сабаб билан тешилади. Улар ер юзига тарқаладилар, узунасига ва кенгламасига фасод кўпаяди. Одамлар уларнинг ёмонлиги ва зарарларини кўтариш борасида Эгасига (Аллоҳга) ёлворадилар. Шунда, уларни (Яъжуж-Маъжужни) ҳалок қилади ва асоратлари ўчиб йўқолади.

Бешинчиси, Исо алайҳиссаломнинг тушиши. Бу мусулмонлар орасида фитналар кўпайган, уларга фитналар изма-из келадиган вақтда юз беради. Шунда, Исо алайҳиссалом ушбу умматнинг ишига эгалик қиладилар, улардан барча муаммоларни ҳал қиладилар ва Дажжолни ўлдирадилар. Одамларни нафсу ҳаволаридан ва қўрқинчларидан халос қиладилар.

17) САВОЛ: Бахтли инсон ким?

ЖАВОБ: Бахтли инсон бу Ҳақнинг ва халқнинг ҳақларини адо қилувчи солиҳ мўъмин кимсадир. У шариатга зоҳирида ҳам, ботинида ҳам тобеъ бўлувчидир. У бу дунёнинг ялтир-юлтирларидан юз ўгирувчидир. У саодат соҳибидир. Унинг гўзаллиги ва фазилатлари ортиқдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизни мана шу ақидаларга муваффақ қилмоғини ва жами йўлларда бизни сақламоғини сўраймиз!

Яхшиликларни мукаммал қилиб берган Аллоҳ таолога неъматлари учун ҳамдлар бўлсин! Пайғамбарларнинг энг шарофатлисига саломларнинг энг шарафлиси бўлсин!

Тамом.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *